islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

“Ўзбек тили камбағал тил эмас, балки ўзбек тилини камбағал дегувчиларнинг ўзи камбағал”

Ҳар тилни билув эмди бани одама жондур,

Тил воситаи робитаи оламиёндур.

Ғайри тилини саъй қилинг билгани,ёшлар,

Ким илм-у ҳунарлар билонки ондин аёндур.

Лозим сиза ҳар тилни билув она тилидек,

Билмакка они ғайрат этинг фоида кондур.

Илм-у фан уйиға юборинглар болангизни,

Онда ўқуғонлар бори яктойи замондур.

Зор ўлмасун онлар доғи тил билмай Аваздек,

Тил билмаганидан они бағри тўла қондур.

Миллатни миллат қилиб дунёга танитадиган муҳим белгиларнинг энг асосийси тилдир. Ер юзида жуда кўплаб миллат, элатлар мавжуд. Улар бир-бирлари билан ўз тилларида сўзлашганликлари боис миллат, элат, деган номга эгадирлар. Тилсиз халқ бўлмайди, халқсиз эса тилнинг мавжуд бўлиши мумкин эмас.

Дарҳақиқат, она тили – миллатнинг руҳи, маънавий қиёфаси, ор-номуси, орзу-умидидир. Инсон дунёга келибдики, Ватани, Онаси, Оиласи қанчалик муқаддас бўлса, она тили ҳам шунчалик азиздир. Ҳаттоки, гўдак ҳам дунёни она тили орқали англайди. Усиз жамият ривожланмайди, тараққий топмайди. Она тили – миллатнинг бирлиги ва бирдамлигининг тимсолидир.

Дунё тиллари ичида энг гўзал ва жозибадор тиллардан бири – бу ўзбек тилидир. Бироқ тарихга назар ташларканмиз, бу тилга бошқаларнинг доимо паст назар билан қараши, уни менсимаслик кайфияти устувор бўлган. ХV асрга қадар туркий тилга беписандлик билан қараб, “Бу тил авом тили, ундан фойдаланиб ижод қилиб бўлмайди”, деган даъволарни илгари сурган. Аммо ғазал мулкининг султони Алишер Навоий ҳазратлари туркий тилда “Хамса”, яъни беш достонни ва бошқа йирик, бадиий жиҳатдан ўта мукаммал асарларни яратди.

Буюк бобокалонимиз Алишер Навоий “Тилга эътиборсиз – элга эътиборсиз”, деб она тилимизни улуғлади. Ҳазрат Навоий замонида адабиёт тили сифатида форс тилининг мавқеи баланд эди. Низомий Ганжавий ва Хусрав Деҳлавий “Хамса”ни форсийда яратган, адабиёт аҳли ўртасида туркий тилда бундай улкан бадиий асар яратиб бўлмайди, туркий тилнинг ифода имконияти бунга етмайди, деган қарашлар ҳукмрон эди. Улуғ мутафаккир “Муҳокамат ул-луғатайн” асарида туркий тилнинг форсийдан кам эмаслигини, аксинча, баландроқ эканини аниқ далиллар билан исботлаб беради.

Абдулла Қодирий она тилимиз борасида куюниб шундай деган эди: “Ўзбек тили камбағал тил эмас, балки ўзбек тилини камбағал дегувчиларнинг ўзи камбағал. Улар ўз нодонликларини ўзбек тилига тўнкамасинлар”.

Турк дунёсининг буюк маърифатпарвар ижодкори Исмоилбек Гаспирали ўз битикларида “Миллатнинг икки асоси бордур. Бу уларнинг тили ва динидур. Агар миллат ҳаётидан шу иккисидан бири суғуриб олинса, бу миллат таназзулга юз тутур”, дея ёзиб қолдирган эди.

Ўтган асрнинг 80 йиллари охирларига келиб миллий уйғониш даври тарих саҳнасига чиқди. Бу деярли барча соҳаларда, шу жумладан, тил билан боғлиқ масалалардаги муаммоларга бўлган муносабатда яққолга кўзга ташланди. Халқимизнинг асл намояндалари ўзбек тилига давлат мақомини беришни талаб қила бошлади, бу борадаги оммавий норозиликлар сони тобора кўпайди.

1989 йилнинг 21 октябр куни “Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ҳақида”ги қонуни эълон қилинди ва бир ярим асрлик қарамликдан сўнг ўзбек тили яна давлат тили мақомини олди. 1992 йилнинг 8 декабрида қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституциясида Давлат тилининг мақоми ҳуқуқий жиҳатдан аниқ белгиланиб, мустаҳкамланди. 1995 йил 21декабрдаги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 4-сессиясида қабул қилинган янги таҳрирдаги “Давлат тили ҳақида”ги қонун ўзбек тилининг жаҳон миқёсидаги расмий Давлат тили сифатида эътироф этилиши ва нуфузининг юксалишини таъминлаши керак эди.

2019-йилнинг октябр ойида Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёйев она тилимиз тақдири билан боғлик икки буюк тарихий ҳужжатни имзолади: 4-октябр куни “Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги қонуни қабул қилинганининг ўттиз йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарор ҳамда 21 октябр куни “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон эълон қилинди. Бу икки ҳужжат ўзбек тили ҳаёти ва ривожида янги бир даврни бошлаб берди.

Қувончли муждалар давом этиб, кўп ўтмай жорий йилнинг 10 апрелида бутун мамлакат бўйлаб Президентимиз “Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунини имзолади.

Биз она тилимизни асраб-авайлашимиз, унинг нуфузини оширишимиз, гўзал ва софлигини авлодларга мерос сифатида қолдиришимиз, дунёга танитишда ўз ҳиссамизни қўшишимиз керак

Биринчи Президентимизнинг таъбри билан айтганда “Ўзликни англаш, миллий онг ва тафаккурнинг ифодаси, авлодлар ўртасидаги руҳий-миллий боғлиқлик тил орқали вужудга келади”. Бу фикрларни доимо ёдимизда тутишимиз керак. Дарҳақиқат, тилсиз миллат ривожланмайди, тараққий этмайди.

1989 йил 21 октабрда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилди. Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ўзбек тили мақоми ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилди. Ўзбек тили ҳақидаги қонун қабул қилинганидан сўнг барча давлат ҳужжатлари ўзбек тилида юритилади, газета ва журналлар ўзбек тилида чоп этила бошланди. 1993 йил 2 сентабрда “Лотин тилига асосланган ўзбек алифбосини тузиш тоғрисида”ги қонун қабул қилингандан сўнг, мамлакатимиз ҳар томонлама ривожланди ва жаҳон коммуникация тизимидан муносиб ўрин эгаллаш муҳим аҳамиятга эга бўлди. Шу сабабли чет эллерда ҳам ўзбек тилига қизиқувчилар, уни ўрганувчилар сони ортиб борди. Дунёда 5600 дан ортиқ тиллар мавжуд бўлиб, бундан 200 тасигина давлат тили сифатида қабул қилинган. Уларнинг орасида ўзбек тилининг  борлиги унинг нақадар соф, мукаммал, пурмаъно ва жозибадорлигидан дарак беради. Россиялик тилшунос олима, профессор А. М. Козлянина “Ўзбек тили нафис ва мусиқа оҳангидек жозибадор” деб бежиз таъкидламаган. Шундай экан она тилимизнинг шундайин гўзаллигини, софлигини кейинг авлодларга етказиш бизнинг вазифамиздир. Негаки, она тилни улуғлаш, асраб-авайлаш ўша тилда сўзлашадиган ҳар бир инсоннинг бурчидир.

Тил мулоқот вазифаси ҳам ҳисобланади. Ҳаммамизга маълумки, машҳур бўлган А.Навоий бобомизга тегишли “Кўнгил қулфи махранинг қулфи тил ва гулфин калитин сўз бил”. Инсон қалбининг хазинаси тил, бу қалб хазинасининг калити сўздир. Ўзбек тилининг сўзлари шу қадар маъноли, кўпки битта маънога эга бўлган тушунчаси бир нечта сўзлар орқали ифодалаш бўлади. Масалан, биргина кўз сўзининг бир неча маънолари бор. Биламизки бир тушунчага тегишли сўз, бир неча сўзлар билан ифодаланса, яъни синоним сўзлари қанчалик кўп бўлса, айни шу тил бой тил ҳисобланади. Кўплаб адибларимиз тил ҳақида кўплаб ҳикматли сўзларни айтганлар ва тилни турлича таърифлаганлар. Масалан, “Тил-миллат кўзгуси”, “Тил-маънавият кўзгуси”, “Тил-миллатнинг бебаҳо бойлиги” ва шу кабилардир. Шуни таъкидлаш керакки, ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши халқимизнинг миллий мустақилликка эришиш йўлидаги муҳим қадамларидан бири бўлган эди. Истиқлол йилларида мамлакатимизда барча соҳаларда бўлгани каби тилимиз тараққиётида ҳам муҳим ўзгаришлар юз берди. Ўзбек тилининг халқаро миқёсда обрўси ошди. “Давлат тили ҳақида”ги қонун она тилимизнинг бор гўзаллиги ва жозибасини тўла намоён этиш билан бирга, уни илмий асосда ривожлантириш борасида ҳам кенг имкониятлар яратди.Муҳаммад Юсуф ушбу шерида шиндай дейди.

Гарчи зуғум қилганларни ёқтирмадим,

Шеър ёздиму бўлак ишни қотирмадим.

Тилим туриб ўз тилимда гапирмадим,

Бир эсласам эзилади бағри-дилим,

Она тилим, кечир мени, она тилим.

Онам «еркам» деб қучганда тунлар ярим,

Эрким йўқ деб зирқирарди бир жойларим,

Паровозни ҳансиратган буғдойларим,

Олтинларим, маъданларим, ипакларим,

Она тилим, кечир мени, она тилим.

Кимлар учун биз эдик бир бадавийлар,

Ўзбекни қон қақшатганни узбек сийлар,

Ҳолимизни қон кузатди Яссавийлар,

Топганимиз ҳандалакдек тилим-тилим,

Она тилим, кечир мени, она тилим.

Кимдир майда миллат бўлди, кимдир катта,

Катта миллат — Афандиси йўкдир ҳатто,

Биз пиёда, биз боққанлар юрди отда,

Зулм ўтса фақат сендан ўтди зулм,

Она тилим, кечир мени, она тилим.

Сен бўлмасанг нима бизга силлик шеърлар,

Бу дунёда тили йўкда дил йўқ дерлар,

Баҳоинг-ку бериб кетган Алишерлар,

Юрагимнинг тўридаги сўлмас гулим,

Она тилим, кечир мени, она тилим.

Бир қарасам ҳар шевангда минг жилолар

Ҳар новдангда, ҳар мевангда минг жилолар.

Қодирийлар, Чўлпонлар-у, Абдуллолар,

Сенинг қайтган кунинг мен туғилган йилим,

Она тилим, эй муқаддас Она тилим.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, тилни севиш, уни ардоқлаш, миллатни севиш ва уни қадрлаш билан тенг ҳисобланади. Ҳар қайси халқнинг турмуш тарзи, урф-одатлари, маданияти унинг тилида ўз ифодасини топади. Тил – миллат кўзгуси, деб бежиз айтилмаган. Халқимизнинг неча асрлик бой тарихи, кўҳна ва серқирра маданияти ўзбек тили таъсирида шаклланган. Улуғ шоиримиз Алишер Навоий шу тилда бебаҳо асарлар яратиб, дунёни лол қолдирган. Бугунги кунда жаҳоннинг барча мамлакатларида давлатимиз делегациялари ташрифи, ёшларимиз ютуқлари, спортчиларимиз ғалабалари шарафига ўзбек тилида мадҳиямиз куйланаётир.

Биз ўз она-тилимизни асраб-авайлашимиз, унинг нуфузини оширишимиз, гўзал ва софлигини авлодларга мерос сифатида қолдиришимиз, дунёга танитишда ўз ҳиссамизни қўшишимиз керак. “Тил яшаса, миллат яшайди”. Агар биз ўз тилимизнинг кўркамлиги, бойлигини дунёга тараннум этсак, миллатимиз янада чароғон бўлади ва бирлигимиз мустаҳкам бўлади.

249650cookie-check“Ўзбек тили камбағал тил эмас, балки ўзбек тилини камбағал дегувчиларнинг ўзи камбағал”

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: