Тошкент ислом институтида “Октябрь – Сийрат ва ислом тарихи фан ойлиги” деб эълон қилинган. Шу муносабати билан “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси томонидан “ZOOM” платформасида 1-2 курс талабалари учун “Расулуллоҳнинг ахлоқлари” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Давра суҳбатига Ҳадис илми мактаби устозлари, Азҳари шариф шайхларидан Муҳаммад Жамолиддин Ҳошим ва Ҳадис илми фанлари доктори, профессор Маҳмуд Абдуллоҳ Абдурраҳмон таклиф этилди.
Икки шайх ҳазратлари Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳулқлари, ахлоқлари ҳақида ажойиб маълумотларни айтиб, жумладан шундай дедилар:
Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламда барча яхши сифат ва гўзал ахлоқлар жамланган эди. Шунинг учун у зот саллоллоҳу алайҳи ва салламинсонлар учун намуна бўлишга энг ҳақли эдилар. Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи ва салламни барча мусулмонларга намуна қилиб юборган. Бу ҳақида Аллоҳ таоло ўзининг каломи Қуръони каримнинг “Аҳзоб” сураси 21-оятида бундай эълон қилган:
“(Эй, иймон келтирганлар) сизлар учун Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун Аллоҳнинг пайғамбарида гўзал намуна бордир”.
Ҳар бир мусулмон бажараётган ишида Пайғамбари саллоллоҳу алайҳи ва салламдан ибрат олиши лозим. Ибрат олиш эса у зотнинг хулқларига, сўзларига итоат қилишдир. Бу ҳақида Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Кимда ким пайғамбарга итоат этса, демак у Аллоҳга итоат этибди”.
Итоат қилишда у зотни кўриш ёки ҳамсуҳбат бўлиш шарт эмас.
Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётдан риҳлат қилиб саҳобалардан оз сонлилари қолган эди. Шулардан Миқдод ибни Асвад розияллоҳу анҳуни олдиларига бир киши келиб, кўзларига термилиб туриб:
“Қандай ҳам бахтли кўзларки, бу иккала кўз Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламни кўрганда, кошкийди биз ҳам сиз кўрган нарсани кўрганимизда” деб Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламни ирода қилди.
Шунда Миқдод ибни Асвад розияллоҳу анҳу бу кишини гапига таажжубланиб айтдилар:
“Биласизми, Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам шунақанги бир замонда дунёга келдиларки, жоҳилият авжига чиққан пайтда Аллоҳ таоло у зот алайҳиссаломни Қуръон билан юборди, у пайтда ибодатнинг энг афзали бут-санамларга чўқиниш эди. Баъзи бир хонадонларда ўғил иймонга келган, аммо ота мушрик, баъзиларида эса аёл мусулмон, аммо фарзандлари мушрик ёки аксинча. Гап кўзда эмас, Аллоҳга шукр қилинг, чунки у зотни кўрмасдан туриб иймон келтириб турибсиз. Биласизми, пайғамбарни кўрган кўпгина кўзларни Аллоҳ таоло юз тубан жаҳаннамга мустаҳиқ қилди. Шунинг учун гап кўзда эмас, балки иймонда”, дедилар.
Увайс Қороний ҳақларида ҳам Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи ва саллам жаннатийликни башорат беришларига сабаб, у зотни кўриб иймон келтиргандан кўра кўрмасдан туриб иймон келтириш афзал эканини билганларидан эди. Бироқ бир замонда яшаган эдилар, бориб кўришсалар бўларди, аммо кўришмасаларда у зотга муҳаббатлари чексиз эди.
Шу ерда муҳаббат қилиш бўйича маълумот бериб ўтсак: муҳаббат икки хил бўлади:
- Ишқий муҳаббат.
- Ақлий муҳаббат.
- Ишқий муҳаббат шуки: қалбни бир томонга мойил бўлишлиги. Бу қалбни мойил бўлишлиги инсоннинг қўлида эмас. Ким кимни яхши кўриши, кимга нима ёқиб қолиши инсон қўли билан бажара олмайдиган амал. Ҳатто Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи ва салламдек зот ҳам аёлларининг ичида Ҳазрати Оиша розияллоҳу анҳуни кўпроқ яхши кўрардилар ва айтардилар: “Эй Роббим, ихтиёрим тасарруфидаги ишда адолат қилмоқни истайман. Аммо кўнглим ихтиёри менда эмаски, Ўзинг ҳикмат соҳибисан”.
Лекин қалбни бирор нарса ёки зотга моил бўлишлиги бу неъмат, аслида у дунёвий бўлганда ҳам, чунки мўътабар китобларда қайд этилишича, бир кишини ишқи бошқа бир аёлга тушсаю, лекин уни номаҳрамлигини эътибори билан ўз муҳаббатини изҳор қилмай сабр билан дунёдан ўтса, шаҳидлик мақомида бўлади. Шу каби бир аёлнинг ҳам ишқи номаҳрам бир эрга тушсаю, бирор сўз айтмаса, севгисини изҳор қилмай у ҳам сабр билан ўтса гўё шаҳидлик мақомидадир” дейилади.
Ишқий муҳаббат икки дунё саодатига олиб борувчи ҳам бўлади. Мана шу муҳаббатнинг энг заррача учқуни, инсон қалбида, бандани Аллоҳга нисбатан иймон, ишончини куфрдан устун кўришликдир.
Кейинги ўринда эса иймони тақозо қилган ишларни, буйруқларни бошқаларнинг буйруғидан устун кўришлик. Масалан: Намоз вақти бўлди, бошқаларни эътиборидан ажраб, Аллоҳни буйруғини адо қилиш.
Шу каби буйруқларни адо этишда банда давом этиб бора, бора Аллоҳнинг буйруғини ўзини одатига айлантиради ва бу йўлда бировларнинг маломатидан қўрқмайди.
Бу ҳақида Аллоҳ таоло Моида сурасининг 54-оятида Аллоҳни севадиган қавмни сифатини баёнида шундай дейди:
“…(улар) маломатчининг маломатидан қўрқмаслар”.
Мана шундай сифатга саҳобалар эга эдилар. Аллоҳни севиш йўлида биров томонидан қандай маломат бўлса, уларга қизиғи йўқ эди.
Демак, ишқий муҳаббатни Аллоҳ банданинг қалбига солганидан кейин уни рўёбга чиқариш, уни аланга олдиришда банданинг ақли, илми, ҳаракати ила мустаҳкам бўлади.
- Ақлий муҳаббат.
Ақлий муҳаббат тақозо этган нарса бу Аллоҳга муҳаббатига сазовор бўлишда Унинг махлуқларига муҳаббат қўйиш ила эришилади. Масалан: кишининг ўз фарзанди, ота-онасига муҳаббати, ёки етим, йўқсилларга раҳм шафқат қилиш ва ҳакозолар.
Мана шу муҳаббатни қозониш йўлини Аллоҳ таоло ўзининг Қуръонида кўрсатиб ўтган. Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасининг 31-оятида:
“Сиз, агар Аллоҳга муҳаббат қилсангиз, бас менга эргашинг шунда Аллоҳ сизга муҳаббат қилади ва сизнинг гуноҳларингизни мағфират қилади”, деб айтинг. Аллоҳ кечирувчи ва раҳимлидир”.
Мўмин банданинг Аллоҳга бўлган муҳаббатининг исботи унинг Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи ва салламга эргашиши билан ўлчанади. Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи ва салламга эргашиш мўмин бандага битмас туганмас бахту саодат олиб келади. Оятда:
“…шунда Аллоҳ сизга муҳаббат қилади ва сизнинг гуноҳларингизни мағфират қилади”, мўмин банда учун Аллоҳнинг муҳаббатидан ҳам яхшироқ бахт-саодат борми? Бунинг устига унинг гуноҳларини ҳам мағфират қилиб турса!
Ҳазрати Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи ва салламшундай марҳамат қилдилар:
“Сизлардан бирортангиз, ҳаттоки мен у киши учун ўз отасидан, боласидан ва барча инсонлардан кўра севимлироқ бўлмагунимча, ҳақиқий мўмин бўла олмайди”, дедилар.
Ҳадисда ота ва фарзанд хоссатан зикр этилиши нафсга азизроқ ва нафс истакларидан кўра Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи ва салламни кўпроқ севишлик талабини таъкидловчи нарса бўлиб келди.
Бунда кишида солиҳ амалларга, солиҳ зотларга нисбатан муҳаббат пайдо бўлса, билсинки, бу Аллоҳнинг у бандага берган неъмати. Чунки бу инсон ўзи касб қилиб етишиши қийин иш эдида.
Энди бу муҳаббатдан бандага нима фойда бор? Бунда маҳбубининг розилиги ҳамманинг розилигидан устун туриши бор. У нимани гапирса, у томонидан қандай ҳолат содир бўлса унга ёқади, кўнгли тўлади. Уни қандай бўлмасин ишончини оқлаш, унинг ишқига етишиш йўлида ҳар қандай машаққатни енгишга ҳаракат қилади. Бошқаларни эътибори ушбу ишқнинг олдида сариқ чақалик эътибори йўқ деган фикр туради. Қандай бўлса ҳам маҳбубим мендан рози бўлса бўлди, дейди.
Умуман олганда киши ўзга бир кимсага муҳаббат қўйиши учун маҳбубига нисбатан унга 4 нарса сабаб бўлади.
- Насабининг олийлиги.
- Ҳасаб яъни хулқи атвори.
- Жамолининг гўзаллиги.
- Камолотга етганлиги.
Биз эътибор берадиган нарса шуки, Аллоҳ таоло мазкур 4 сифатни барчасини Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи ва салламда жамлаб қўйган.
- Насабларини олий қилиб, ўша замондаги Макканинг энг мансабдорларидан бўлган Бани Ҳошим қабиласидан чиқарган.
- Хулқларини олий қилиб, ҳатто Ўзи Қуръони каримда: “(Эй, Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи ва саллам) Сиз буюк хулқ узрадирсиз”, деб таъриф берган.
- Жамолларини ҳам ҳуснларини ҳам чиройли қилган. Аслида ҳусн билан жамолнинг ўртасида фарқ бор. Ҳусн шундай нарсаки, инсон бир қарашда ақлини олиб ўзига ром қилишликдир. Кейинчалик кўп қарайвериш билан кўникиб охири билинмай қолади. Масалан, Юсуф алайҳиссаломнинг ҳуснлари. Жамол эса, киши аввал кўришда ҳайратланади, кейин унга яқин юрган сари муҳаббати ошиб, охири қараб тўймайдиган холатга етиб бораверади. Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи ва салламда ҳусн ҳам жамол ҳам мужассам эди. Кунларинг бирида Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг аёллари Юсуф алайҳиссалом ҳақларида гаплашиб: “Юсуф алайҳиссалом жуда ҳам чиройли бўлганларидан ҳатто маҳлиё бўлиб аёллар тўғраётган сабзилари қолиб қўлларини ҳам кесиб юборганларини сезмай қолган эканлара” деб айтиб ҳавасманд бўлишибди. Шунда Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи ва салламу мажлисдан ташқарига чиқиб Аллоҳга “Эй Роббим, юзимдаги пардани мендан кўтаргин!” деб сўраганларида Аллоҳ таоло Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи ва салламюзларидаги 40 пардадан бирини кўтарди. У зот саллоллоҳу алайҳи ва салламқайтиб ичкарига киришлари билан Ҳадича розияллоҳу анҳунинг кўзлари тушибоқ ҳушларидан кетиб йиқилдилар, чунки Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг чиройлари ақлини олиб қўйган эди. Кейин Аллоҳ яна пардани қайтариб юзларидаги чиройни тўсиб қўйди. Жамол ҳам берилган эди. Ҳар қандай одам аввал у зотга йўлиққанда ҳайбатларидан қўрқардилар, кейин бўлса Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг юзларига қараб тўймайдиган бўлишган.
- Камолотлари ҳар жиҳатдан берилган эди. Илм-маърифатда, тақвода, ибодатда етук эдилар.
Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи ва саллампурмаъно ва гўзал ҳикматлар билан хосланган эдилар. Араб лаҳжаларини яхши билар ва ҳар бир қабила аҳолисига улар лаҳжасида хитоб қилар, уларнинг тилларида сўзлар эдилар.
У зотни Аллоҳ таолонинг Ўзи ҳалимлик, чидамлилик, ўч олишга қодир бўлатуриб, кечириб юбориш, азиятга сабр қилиш сифатлари билан одоблантирган эди. Ҳар қандай ҳалим одамнинг ҳам гоҳо сабр косаси тўлиб, чидаёлмай кетиш ҳоллари учраб туради. Бироқ, Росулуллоҳга озор кучайгани сари у зотнинг сабрлари зиёда бўлиб борди, жоҳиллар жаҳолати кучайгани сари у зотнинг ҳалимликлари ошаверди.
Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи ва салламбу дунёга келишлари биз умматлари учун бир намуна, андоза сифатидадирлар.
Ҳазрати Оиша розияллоҳу анҳу айтадилар: “Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг хулқлари Қуръон эди”. (Имом Муслим ривояти).
Гўёки Аллоҳ таоло: “Эй Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи ва салламуммати, сиз ҳам мана пайғамбарингиз каби бўлсангиз нажотга эришасизлар, Қуръонга мана бундай амал қилишингиз керак. Қуръондаги хулқларни яхшисига амал қилмоқчи бўлсангиз, мана Қуръондаги одобларни амалга оширган зотни сийрати сиз учун катта дастур, амалий бажарувчиси”, деган маънода Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи ва салламни Қуръоний хулқ билан юборди.
Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи ва салламтомонларидан шунақанги ишлар содир бўлдики, токи қиёматга қадар умматларга ҳақиқий ўрнак бўлсин. Улардаги гўзал гулқларидан бири бу кечиримлиликдир.
Кечиримлилик ҳақида қисқача маълумот:
Аввало инсон бирор кишини кечириши учун, кечиришликка лойиқ иш ёки ходиса содир бўлиш керак. Яъни, бирор кишидан кўнгилни хира қиладиган, ғашни келтирадиган, ранжитадиган, ғазабни қўзғайдиган, нафсониятига тегадиган, дарду алам келтириб чиқарадиган ҳодиса юз бергандан кейингина инсон ўзини босиб, сабр қилиб, ғазабини ичига ютсагина кечириш мумкин. Чунки, бир одам халойиққа қарата: “Хой халойиқ! Мен ҳаммаларингизни кечирдим”, деса, ваҳоланки халойиқ унга бирор зарар етказмаган бўлса, зулм қилмаган бўлса уларни қайси айби учун кечириш мумкин?
Киши ўзгалардан қачон ранжиши мумкин? Агар киши ўзгалардан ўзи кутган жавобни, ишни, ҳаракатни, ҳолатни топмаса ундан кейин улардан ранжиш содир бўлади. Зеро бундай ҳолатлар инсонни ҳар қадамида содир бўлади. Чунки, инсон ҳеч қачон ўзи ҳақида ёмон гумонда бўлмайди, ҳамиша ўзини тўғри қиляпман деб ўйлайди. Лекин ўзим уларга ижобий жавоб беришларига лойиқ иш қилдимми, ёки гапирдимми? деб камдан кам ўйлайди. Балки умид қилган нарсаси амалга ошмаса, аччиғи чиқади, беҳузур бўлади, ранжийди. Аммо инсонда аччиғи чиқишлик бу унинг хилқатида мавжуд бўлган ҳусусиятдир. Зеро Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи ва салламбу ҳақида шундай деганлар: “Бир тоғ жойидан силжибди, дейилинса тасдиқланглар, лекин бир одамни фитрати ўзгарибди дейилинса тасдиқламанглар”, деганлар.
Агар одамнинг аччиғи тез бўлса бу одати умрининг охиригача ўзгармай туради.
Агар бириникининг аччиғи чиқмас, ҳалим бўлса уни қанчалар туртиб суртилса ҳам аччиғи чмқмайди.
Бироқ, Аллоҳ таоло инсонни шундай хилқатда яратган бўлса, унда инсондан нима талаб қилинади?
Инсон ўзидаги фитрий хулқларини бошқариши талаб этилади.
Чунки, катта кишиларда мавжуд бўлган аччиқ, ёш болаларда ҳам борда. Гўёки катталар машинани ҳайдаганидек ёш болалар ҳам ҳайдайверади. Лекин ҳайдашнинг ўртасидаги фарқ, машинани яхши бошқаришда. Ғазаб ҳам худди шундек, ғазаб қилувчилар ўртасидаги фарқ ҳам ғазабини бошқара олишида. Уни тўғри бошқара олишлик ўз эгасининг инсонийлик хулқи ҳисобланади ва шу билан улкан даражаларга эришади.
Ғазаб Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи ва салламда ҳам бор эди. У зот ҳам ғазабланар эдилар. Саҳобалар айтадиларки: “Агар Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламғазаблансалар, юзларида гўё анор донасининг суви сиқилгандек қизариб кетар эди”, деб сифат берадилар.
Қалби ниҳоятда қаттиқ бўлган Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу дек зот: “ أعوذ بالله من غضب الله ومن غضب رسول الله яъни: “Аллоҳнинг ғазаби ва Росулуллоҳнинг ғазабидан паноҳ тилайман”, дер эканлар.
Шу даражадаги ғазабга эга бўлатуриб, у зот ўзларини бошқариб, тутиб тураолардилар. Бунга доир у зотнинг ҳаётларида жуда кўп намуналар келтиришимиз мумкин. Зеро у зотнинг ҳаётлари биз умматлари учун ахлоқ мактабидир.