islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Шайх Саййид Раҳматуллоҳ Термизий ҳафизаҳуллоҳ Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида

Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Шайх Саййид Раҳматуллоҳ Термизий Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтига ташриф буюрдилар. Дастлаб, Олий маъҳад ректори У. Ғафуров таълим даргоҳида янги барпо этилган талабалар турар жойи ҳамда ўқув бинолари ва уларда яратилган қулайликлар, институт тарихи, муфтийлар, ректорлар ва устозлар ҳақида қисқача маълумот берди.

Ташриф давомида таълим муассасасининг мажлислар залида Шайх Саййид Раҳматуллоҳ Термизий “Ислом шариъатида молия масалалари” мавзусида суҳбат қилиб бердилар.

Талабаларнинг қизиқишларидан келиб чиқиб қуйидаги 3 та  масала юзасидан маърузада маълумот берилди:

1. Рибога оид оятлар тафсири:

Қуръони каримнинг бир нечта оятларида рибодан очиқ-ойдин қайтарилган. Макка даврида рибодан тийилиш маъносидаги бир нечта оят нозил бўлган бўлсада, унинг очиқ тақиқланиши Уҳуд жангидан олдинги давр – ҳижрий 3 йилга тўғри келади. Якуний ва такрорий огоҳлантириш Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан бир неча ҳафта олдин ҳижрий 10 йилда нозил бўлган дейилади. Қуйида рибога доир оятларнинг Қуръони каримда нозил бўлиш кетма-кетлиги келтирилган:

  • “Одамлар моллари ичида зиёда бўлсин, деб рибо учун (яъни кўпайсин деб рибо сифатида) берган молингиз Аллоҳ ҳузурида зиёда бўлмас. Аллоҳнинг юзини (яъни розилигини) кўзлаб  берган закотингиз эса, бас, ана ўшалар, бир неча баробар қилиб олгувчилардир (яъни шундай закот берувчининг савоблари кўпайтириб берилади)” (Рум,39);
  • “Ва қайтарилган бўлсалар ҳам, рибо олганликлари ва одамларнинг молларини ботил йўл билан еганлари учун. Ва уларнинг кофирлари учун аламли азобни таёрлаб қўйдик” (Нисо, 161);
  • “Эй иймон келтирганлар! Рибони бир неча баробар қилиб еманг. Аллоҳга тақво қилинг, шоядки нажот топсангиз” (Оли Имрон, 130);
  • “Рибони ейдиганлар (қабрларидан) фақат шайтон уриб жинни бўлган (яъни “жин чалиб кетган”) кишидек довдираб турарлар. Бундай бўлиши уларнинг, тижорат ҳам рибога ўхшаш-да, деганлари учундир. Ва ҳолбуки, Аллоҳ тижоратни ҳалол, рибони ҳаром қилган. Кимки Роббидан мавъиза келганда тўхтаса, аввал ўтгани ўзига ва унинг иши Аллоҳнинг Ўзига ҳавола. Кимки яна (рибога) қайтса, ана ўшалар дўзах эгаларидир. Улар унда абадий қолурлар” (Бақара, 275);
  • “Аллоҳ рибони доимо нуқсонга учратади ва садақаларни зиёда қилади. Ва Аллоҳ ҳар бир кофир, гуноҳкорни хуш кўрмас” (Бақара, 276);
  • “Эй иймон келтирганлар! Агар мўмин бўлсангиз, Аллоҳга тақво қилинг ва рибонинг сарқитини ҳам тарк қилинг” (Бақара, 278);
  • “Агар ундоқ қилмасангиз, Аллоҳ ва Унинг Расули томонидан бўладиган урушга ишонаверинг. Агар тавба қилсангиз, сармоянгиз ўзингизга, зулм қилмассиз ва сизга ҳам зулм қилинмас” (Бақара, 279);
  • “Агар ночор бўлса, бойигунча интизор бўлинг (яъни кутинг). Садақа қилмоғингиз, гар билсангиз, ўзингиз учун яхшидир” (Бақара, 280).

2. Муробаҳа битимининг шартлари;

  • Муробаҳа – бу махсус савдо-сотиқ тури бўлиб бунда сотувчи маҳсулотнинг харид нархини, қилинган харажатларни ва унинг устига ўзи қўйган устамани (фойдани) харидорга маълум қилади(агар сотувчи маҳсулотнинг таннархини ва устамани маълум қилмаса, унда бу муробаҳа эмас, балки ислом молиясида «мусавама» деб аталувчи оддий савдо битими бўлади);
  • Сотувчи маҳсулотни харидорга етказиши билан боғлиқ барча харажатлар маҳсулотнинг таннархига қўшилади ва ҳосил бўлган нархга устама белгиланади (аммо сотувчининг маҳсулотни харидорга етказишига бевосита алоқаси бўлмаган жорий харажатлари маҳсулотга нарх белгилашда инобатга олинмайди);
  • Томонлар маҳсулот нархини бирданига тўланишига ҳам, кейинроқ (яъни маълум бир муддат ичида) тўланишига ҳам келишишлари мумкин. Демак, муробаҳани фақатгина тўлов муддати узайтирилган савдо битими деб аташ тўғри эмас (ислом ҳуқуқидан унчалик хабари бўлмаган, фақатгина замонавий ислом молия муассасалари фаолияти билан таниш бўлган одамларгина шундай деб ҳисоблашади).
  • Муробаҳа битими маҳсулотнинг нархи аниқ бўлсагина ҳуқуқий кучга эга бўлади. Акс ҳолда маҳсулот муробаҳа шартномаси орқали сотилиши мумкин эмас (у ҳолда бу муробаҳа эмас, балки оддий савдо битими бўлган мусавама битими бўлади).

3. Ижара шартномасида томонларнинг мажбуриятлари.

«Ижара» – бу ислом фиқҳига оид атама бўлиб, луғавий маъноси «бирор нимани ижарага бериш»дир. Ислом ҳуқуқшунослигида «ижара» атамаси иккита ҳолатда қўлланади. Биринчиси, «иш ҳақи эвазига ёлланган шахснинг хизматидан фойдаланиш» маъносини беради. Бунда иш берувчи «мустажир», ёлланган хизматчи шахс эса «ажир» деб аталади. Яъни, агар А томон В томонни иш бошқарувчи ёки оддий ходим сифатида ёлласа А мустажир, В эса ажир бўлади.

Ушбу ижара тури, бир томон иккинчи томонни (яъни унинг хизматини) ёллаган ҳар қандай битимни ўз ичига олади. Ёлланган шахс табиб бўладими, ўқитувчи бўладими, ҳаммол бўладими фарқи йўқ, уларнинг барчаси ажир деб, ёлловчи (иш берувчи) мустажир деб, ажирга бериладиган иш ҳақи эса «ужра» деб аталади.

Ижаранинг иккинчи тури инсонларнинг хизматларига эмас, балки мол-мулкка тааллуқлидир. «Ижара» бу маънода «бирор мулкни ижара ҳақи эвазига бошқа бир шахсга бериб туриш» деган маънони англатади. Бу ерда, «ижара» атамаси инглизча «лизинг» атамаси билан бир хил маънога эга. Бунда, ижара берувчи (яъни ижарага мулк тақдим қилувчи) “мужир”, ижарачи “мустажир”, ижара ҳақи эса “ужра” дейилади.

Ижаранинг ушбу икки тури ҳам Ислом фиқҳига оид китобларда батафсил муҳокама қилинган ва уларнинг ҳар бири ўз қоидаларига эга. Ушбу мақолада асосан ижаранинг иккинчи тури ҳақида сўз боради, чунки ижаранинг бу тури кўпроқ сармоя киритиш ва молиялаштириш билан боғлиқ.

Ижара қоидалари, лизинг маъносида, савдо қоидаларига жуда ўхшайди, чунки ҳар икки ҳолатда ҳам бирор нима, бошқа бир шахсга маълум бир қиймат эвазига берилади. Ижара ва савдо-сотиқ ўртасидаги энг асосий фарқ шундаки, савдо-сотиқда мол-мулкнинг эгалик ҳуқуқи харидорга ўтади, ижарада эса фақатгина мулкдан фойдаланиш ҳуқуқи ижарачига ўтади (мулкка эгалик ҳуқуқи ижара берувчида қолади).

Кўриб турганимиздек, “ижара” аслида молиялаштириш маҳсулоти/усули эмас, балки савдо-сотиқ каби оддий тадбиркорлик фаолиятидир. Бироқ, баъзи солиқ имтиёзлари туфайли, кўп мамлакатларида ушбу битимдан молиялаштириш мақсадида фойдаланиш жуда оммалашиб кетган. Молия муассасалари ўз мижозларига фоизга асосланган анъанавий кредит беришнинг ўрнига ҳам ускуна ва жиҳозларни лизингга беришни бошлашди. Ушбу ускуналар учун ижара ҳақи белгилашда улар бу мулкни сотиб олишда ўзлари сарф қилган умумий харажатларнинг устига ижара муддати давомида бундай миқдордаги пулдан олишлари мумкин бўлган фоизларини қўшиб, ҳосил бўлган йиғиндини (суммани) ижара муддатининг умумий ойлари сонига бўлишади ва ойлик ижара ҳақини шу асосда белгилашади.

Суҳбат сўнгида, Қирғизистон Республикасининг Бишкек шаҳрида “Қуръон баҳори” шиори остида бўлиб ўтаётган қорилар мусобақасида Олий Маъҳад талабаси Ҳабибуллоҳ қори Олимжоновнинг юқори натижа кўрсатишини учун хайрли дуолар қилиб беришларини ректор У.Ғафуров Шайх Саййид Раҳматуллоҳ Термизийдан сўрадилар.

Шайх Саййид Раҳматуллоҳ Термизий Ҳабибуллоҳ қори ҳамда институт талабаларининг ҳақига дуо қилдилар. ТИИ ректори У.Ғафуров меҳмонга илмий суҳбат учун миннатдорчилик билдириб, китоблар тўплами ва ташаккурнома топширди.

ТИИ Матбуот хизмати

252940cookie-checkШайх Саййид Раҳматуллоҳ Термизий ҳафизаҳуллоҳ Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: