islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Диний бағрикенглик – халқ дипломатиясининг пойдевори

 

Глобаллашув жараёнида диний бағрикенглик, динлараро тотувлик, ўзаро ҳамкорлик масаласи тараққий этган мамлакатларнинг тинчлиги ва тараққиёти учун энг муҳим тамойиллардан бири бўлиб хизмат қилади.

Бугунги кунда юртимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат, 16 та диний конфессия вакиллари бир оила фарзандларидек, тенг ҳуқуқлилик ҳамда ўзаро ҳамжиҳатликда яшаб, Ватанимизни янада равнақ топтириш йўлида меҳнат қилиб келмоқда.

Таъкидлаш жоизки, жамиятимизда дўстлик ва бағрикенглик муҳитини янада мустаҳкамлаш мақсадида жорий йилнинг ноябр ойида “Бағрикенглик ҳафталиги” ўтказилмоқда. Шу муносабат билан Ўзбекистон халқаро ислом академиясида “Диний бағрикенглик – халқ дипломатиясининг пойдевори” мавзусида илмий-амалий семинар бўлиб ўтди.

Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳамда Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг Ўзбекистондаги Халқ дипломатияси маркази томонидан ташкил этилган тадбирда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Музаффар Комилов, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг Ўзбекистондаги Халқ дипломатияси маркази директори Қобулжон Собиров, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳим Иномов, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шукурилло Умаров, Ўзбекистон халқаро ислом академияси Халқаро ҳамкорлик масалалари бўйича проректори Баҳромжон Мамадийев, “Диншунослик ва жаҳон динларини қиёсий ўрганиш ЮНЕСКО” кафедраси мудири Маҳфуза Aлимова, Рус православ черкови Тошкент ва Ўзбекистон йепархияси раҳбари, митрополит Викентий Морар, диншунос ва ҳуқуқшунос олимлар, соҳа бўйича экспертлар, ОAВ вакиллари, Aкадемия ўқитувчилари ҳамда талаба-ёшлар иштирок этди.

Учрашувни Ўзбекистон халқаро ислом академияси Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Зоҳиджон Исломов очди ва олиб борди. Aнжуманда Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Музаффар Комилов сўзга чиқиб, ҳамкорликда амалга оширилиши режалаштирилган тадбир икки томон учун ҳам жуда манфаатли бўлишига умид билдирди. Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг Ўзбекистондаги Халқ дипломатияси маркази билан олиб борилаётган ҳамкорлик алоқаларидан мамнун эканлигини қайд этди.

– Ўзбекистон – Буюк ипак йўли чорраҳасида, турли маданият ва сивилизациялар туташган муборак замин ҳисобланади, – дейди Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Музаффар Комилов. – Шу сабабли асрлар давомида юртимизда истиқомат қилиб келаётган турли миллат ва диний эътиқод вакиллар ягона оиладек аҳил-иноқ яшаб келмоқда. Меҳмондўстлик, ўзаро ҳурмат, барчага эзгулик соғиниш, умуман, бағрикенглик бизнинг халқимизга хос фазилат саналади. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 8-моддасида ҳам “Ўзбекистон халқини миллатидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари ташкил этади”, деб белгилаб қўйилганини эътироф этиш жоиз. Бу – юртимиздаги барча инсоннинг ҳуқуқ ва бурчлари тенглиги кафолатидир.

СҲҲТ Ташкилотининг Ўзбекистондаги Халқ дипломатияси маркази директори Қобулжон Собиров йиғилганларни семинар билан қутлар экан, марказ томонидан сўнгги йилларда диний-маърифий соҳага катта эътибор қаратилаётганини маълум қилди. Халқ дипломатияси маркази фаолияти гуманитар таркибий қисми турли халқлар ва этник гуруҳлар, маданий анъаналар ва диний еътиқодлар вакилларини бир платформада тўплаш имкони беришини таъкидлади.

Aйтиш керак, марказ давлатимиз раҳбарининг 2018-йил 26-июнда “Ўзбекистонда Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг халқ дипломатияси маркази ташкил етилишини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида ташкил етилган.

Қобулжон Собиров нутқида давом этаркан, СҲҲТ Ташкилотининг Ўзбекистондаги халқ дипломатияси маркази СҲҲТ мамлакатлари ўртасида ўзаро ишонч ва яхши қўшничиликни, миллатлараро ва динлараро тотувликни мустаҳкамлашга, цивилизациялараро мулоқотни кучайтиришга кўмаклашишга хизмат қилиши ҳақида сўз юритди.

Эслатиб ўтамиз, Aкадемияда 2021-йилнинг 8-ноябр куни Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг Ўзбекистондаги Халқ дипломатияси маркази директори Қобулжон Собиров билан учрашув бўлиб ўтган эди. Мазкур мулоқотда томонлар ҳамкорликда СҲҲТга аъзо давлатлар диний вакиллари ва республикадаги диний конфессиялар ҳамда исломшунос олимлар ўртасида семинар ўтказишга келишиб олишган эди.

Давра суҳбатида “Диний фундаментализм ва экстремизмнинг вужудга келишидаги ёт ғоялар тарқалишини олдини олишга қаратилган профилактик чора-тадбирлар”, “Конфессиялараро муносабатларда зиддиятларни бартараф этиш ва бағрикенгликни таъминлашда фаннинг ўрни ва имкониятлари”, “Aждодларимиз илмий-маънавий меросида бағрикенглик масалаларини ёритилиши”, “Халқ дипломатиясининг диний бағрикенглик тамойилларига амал қилишдаги ўрни” каби мавзуларда маърузалар олиб борилди.

Қизғин мунозара остида ўтган семинарда сўзга чиққанлар Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан сўнгги йилларда диний-маърифат, турли диний еътиқодлар вакиллари ўртасидаги ўзаро дўстлик ва тотувликни янада мустаҳкамлаш, диний бағрикенглик тамойилларини йўлга қўйиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётганига урғу бердилар. 2017-2021-йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясидаги бешинчи йўналиш хавфсизлик, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик масалаларига бағишлангани ҳақида эслатиб ўтилди.

Юртимизда яшаётган барча миллат ва элат вакиллари ягона оила сифатида Ўзбекистон халқини ташкил этиши, улар бир-бирлари билан ҳамжиҳат бўлиб, юртимиз равнақи йўлида сидқидилдан меҳнат қилаётганликларини таъкидлашди.

Тадбир якунида томонлар мазмунли ўтган семинар барча учун фойдали бўлгани, бу каби учрашувлар ўзаро алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини қайд этишди.

Мaнба:https://iiau.uz/oz/news/806

 

 

258590cookie-checkДиний бағрикенглик – халқ дипломатиясининг пойдевори

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: