Буйруқ майлидаги «Иқроъ»–«Ўқи!», «Қироат қил!» маъносидаги сўз билан бошланган бу илоҳий дастурнинг номи «ўқимоқ», «қироат қилмоқ» маъносини англатувчи масдар–«Қуръон» бўлиб қолди.
Луғат илми мутахассислари «Қуръон» лафзининг «ўқимоқ», «қироат қилмоқ»дан бошқа, «жамлаш» маъноси ҳам борлигини таъкидлайдилар. Бунда Аллоҳ таолонинг охирги каломи ўзидан олдин нозил бўлган барча илоҳий китобларнинг маъно, ҳикмат ва аҳкомларини ўзида жамлаганига ишорат бордир.
Мана, ўн беш асрдан буён кўпчилик «Қуръон» лафзининг луғавий маъносини билмаса ҳам, уни мусулмонларнинг муқаддас китоби эканини тан олиб келишмоқда.
Лекин Қуръони Каримни таниш унинг исмининг луғавий маъносини ёки кимларнинг муқаддас китоби эканини билиш билангина бўлмайди. Фақатгина у муқаддас китобни қандоқ китоб эканини билиш учун ҳам, махсус илм эгалари таърифига мурожаат қилишга тўғри келади.
«Улумул Қуръон» илми соҳиблари Қуръони Каримни қуйидагича таърифлайдилар:
«Қуръон Аллоҳ таолонинг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий орқали нозил қилган, тавотир ила нақл қилинган, ибодатда ўқиладиган ожиз қолдирувчи каломидир»[1].
Ушбу таърифни яхши тушуниб етишимиз учун бир оз шарҳлашга тўғри келади.
«Аллоҳ таолонинг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий орқали нозил қилган», деган жумладан Аллоҳ таолонинг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилмаган Забур, Таврот ва Инжилга ўхшаш ваҳийлари Қуръони Карим бўлмаслиги келиб чиқади.
Ҳақиқий Забур, Таврот ва Инжил ҳам Аллоҳ таолонинг каломи, аммо Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил бўлмагани учун Қуръони Карим бўла олмайди.
«Тавотир ила нақл қилинган»[2] деган иборадан тавотир ила нақл қилинмаган калом Қуръони Карим бўла олмаслиги келиб чиқади. Тавотир ила нақл қилинган, дегани эса, каломни ёлғончига чиқариб бўлмайдиган даражада кўп сонли кишилар томонидан нақл қилинишига айтилади. Уларнинг ҳаммалари ишончли одамлар бўлиб, бирор оғиз ёлғонга яқинлашмаган, кўпликлари жиҳатидан ёлғонга келишиб олиш имконлари ҳам йўқ бўлади.
Қуръони Каримнинг биринчи калимасидан бошлаб, охирги калимасигача айнан ана шу тариқада нақл қилинган. Қуръони Каримни Аллоҳ таолодан ваҳийнинг амийни–ишончли соҳиби бўлмиш Жаброил алайҳиссалом Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нақл қилганлар.
Ушбу нақл қандоқ кечишини, яъни, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръони Карим оятлари Жаброил алайҳиссалом томонларидан қандоқ етказилишини кўпчилик саҳобалар ўз кўзлари ила кўриб, қулоқлари ила эшитиб турганлар.
Бунинг устига ҳар сафар ваҳий нозил бўлгандан сўнг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам менга мирзаларни чақиринглар, деганлар ва ваҳийни ёзувчи саҳобалар келганларидан сўнг Жаброил алайҳиссаломдан ояти карималарни қандоқ қабул қилиб олган бўлсалар, шундоқ қилиб ўқиб берганлар. Мирзалик қилувчи саҳобалар оятларнинг ҳар бир ҳарфини улкан эҳтимом ила ёзганлар, бошқа саҳобалар эса, ана шундоқ эҳтимом ила ёд олганлар.
Қуръони Каримнинг ҳар бир оятини, ҳар бир калимаси ва ҳарфини мисли кўрилмаган эътибор ила қабул қилиб олиниши, ёдланиши ва ёзилиши ҳамда амал қилинишига Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам васфига сўз ожиз қоладиган даражада катта аҳамият берганлар.
Аллоҳ таоло эса, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръони Каримнинг ўзида Жаброил алайҳиссаломнинг қироатига диққат билан қулоқ солишни амр этган.
Ўз навбатида Пайғамбар алайҳиссаломдан Қуръони Карим оятларини қабул қилиб олган саҳобаи киромлар шогирдларига юқорида зикр қилинган муомалани қилганлар. Шу тарзда ҳозиргача Қуръони Карим сон-саноқсиз одамлар томонидан ишончли тариқада нақл қилиниб келинмоқда.
«Ибодатда ўқиладиган» деган қайддан, намозда ўқиладиган, маъно келиб чиқади.
Қуръони Карим тиловатисиз намоз бўлмайди. Аллоҳ таолонинг бошқа ваҳийлари, мисол учун, ҳадиси қудусийларни намозда ўқиб бўлмайди. Намозда ўқишга фақатгина Қуръони Карим хос қилинган. Бу ҳам илоҳий китобнинг ажратиб турувчи сифатларидан биридир.
«Ожиз қолдирувчи калом» деган сифат ҳам фақатгина Қуръони Каримнинг ўзига хос сифатлардан биридир[3].
Қуръони Каримнинг ҳар бир ояти, ҳар бир сураси ҳам лафз жиҳатидан, ҳам маъно жиҳатидан, ҳам аҳкому ахбор жиҳатидан кишиларни ожиз қолдирувчидир. Яъни, инсонлар ҳар қанча уринсалар ҳам унга ўхшаш нарсани ижод қила олмайдилар.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг ўзида одамларни, агар қодир бўлсалар, Қуръони Каримга ўхшаш нарса келтиришга чақирган. Одамлар ҳар қанча уринмасинлар, бу ишнинг уддасидан чиқа олмаганлар ва чиқа олмаяптилар ҳам.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримни Ўзининг энг афзал ва энг сўнгги Пайғамбари бўлмиш Муҳаммад алайҳиссаломнинг асосий мўъжизаси қилди. Аввал ўтган Пайғамбарларнинг мўъжизалари моддий мўъжизалар бўлиб, ҳар бир Пайғамбарнинг бу дунёда туришига боғлиқ қилинган эди.
Ўша Пайғамбар алайҳиссаломлар бу дунёдан ўтишлари билан, у зотларга берилган мўъжиза ҳам ўз кучини йўқотар эди. Чунки Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламгача бўлган барча Пайғамбарларнинг шариатлари вақтинчалик эди. Шунинг учун уларнинг мўъжизалари ҳам вақтинчалик бўлган.
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шариатлари қиёматгача боқий бўлганидан, у зотнинг асосий мўъжизалари ҳам қиёматгача боқий қоладиган, у зотнинг ҳаётларига боғлиқ бўлмаган маънавий мўъжиза – Қуръони Карим қилинди.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг самовийлигини, муқаддаслигини, бузулмаслигини, мўъжизалигини ўз ҳузурида етти осмоннинг устида собит қилиб қўйди.
Аммо, шу билан бирга, уни ерга нозил қилиб, ер юзида яшайдиган бандаларига омонат шаклида топшириб ҳам қўйди. Аллоҳ таоло мусулмон умматига ўзининг охирги ва қиёматгача турадиган китоби бўлмиш Қуръони Каримни бериш билан бирга, уни ўқиш-ўрганиш ва сақлашни ҳам топширди.
Зотан, Қуръони Каримнинг мўъжизакорлиги ҳам унинг ерда, одамлар ичида туриб, бошқалардан устун бўлишидадир.
Зотан, Қуръони Каримнинг мўъжизакорлиги унинг ерда, одамлар ичида туриб, бошқа китоблар сингари бузулиб кетмаганидадир.
Оятларда қуръони карим фазилати: Қуръони каримнинг фазилати хусусида сўз бошлар эканмиз аввало бундаги келтирилган ҳар бир оят ўзида бир фазилатни мужассамлаштирган, модомики қўлга олиб ўқий бошласангиз беихтиёр ўзига инсонни мафтун этади.Инсон бутун умрига Қуръони Каримни хужжат қилиб олмоғи даркор . ундай экан унинг фазилатига баъзи оятларни далил қилиб келтирамиз. Аллоҳ таоло айтади:
يَا أَيُّهَا النَّاسُ قَدْ جَاءكُم بُرْهَانٌ مِّن رَّبِّكُمْ وَأَنزَلْنَا إِلَيْكُمْ نُورًا مُّبِينً
Маъноси: «Эй одамлар! Сизга Роббингиздан бурҳон келди ва сизга аниқ нурни нозил қилдик», деган.[4] (.Нисо сураси 174 оят)
Ушбу бурҳон (далил, ҳужжат) Қуръони Каримдир.
Ушбу бурҳон Аллоҳнинг ягоналигининг бурҳонидир.
Ушбу бурҳон Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳақликлари бурҳонидир.
Ушбу бурҳон Исломнинг икки дунё саодатига элтувчи дин эканлигининг бурҳонидир.
Аллоҳ таоло Ўз бандаларига раҳм этиб, уларга икки дунё бахтига эришиш дастури қилиб нозил этган бу Қуръон аниқ нурдир.
ذَلِكَ الْكِتَابُ لاَ رَيْبَ فِيهِ هُدًى لِّلْمُتَّقِين
Аллоҳ таоло яна: «Бу китобда шак-шубҳа йўқ, у тақводорларга ҳидоятдир»,деган.[5](Бақара сураси 2-оят)
Яъни, Қуръони Карим шундай китобки, унинг ҳақлигига ҳеч шак-шубҳа йўқ. Унда ҳамма нарса очиқ-ойдин, аниқ-равшандир. Қуръони Каримнинг яна бир сифати «тақводорларга ҳидоятдир».
Ҳидоят-лутф билан мақсадга эриштиргувчи йўлни кўрсатишдир. Тақводорлар эса, уқубатга элтгувчи нарсалардан сақланадиган шахслардир. Демак, Қуръони Карим ҳидоятидан баҳраманд бўлиш учун тақводор бўлиш керак экан. Тақвосиз қалбга Қуръони Карим ҳидоят солмайди. Кимки Қуръони Каримдан ҳидоят олибдими, демак унда тақво бор экан.
Аллоҳ таоло яна:
وَلَقَدْ أَنزَلْنَآ إِلَيْكَ آيَاتٍ بَيِّنَاتٍ وَمَا يَكْفُرُ بِهَا إِلاَّ الْفَاسِقُونَ
Маъноси: «Батаҳқиқ, сенга равшан оятларни туширдик, уларга фақат фосиқларгина куфр келтирур», деган.[6] ( Бақара сураси 99 -оят)
Қуръони Карим оятларини Аллоҳ таоло очиқ–ойдин, равшан қилиб туширган, уларни инсоф билан ўрганган ҳар бир инсон, албатта, иймон келтиради. Фақат, фосиқ ва табиати бузуқларгина куфр келтиришади. Ушбу ояти карималарда Аллоҳ таоло ўз китоби Қуръони Каримни кўплаб оятларида Ўзи васф қилган. Албатта, бу васфлар Қуръони Каримга берилган васфлар ичида энг олийси ҳисобланади.
Каломлар ичида улуғи бўлган Аллоҳ таолонинг каломидан кейинги мартабада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзлари-ҳадиси шарифлар туради. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларида ҳам Қуръони Карим фазли ҳақида зикрлар келган. Ана ўшалар Қуръони Каримнинг фазли ҳақида келган маъноларнинг Қуръони Каримнинг ўзида келганларидан кейинги ўриндагиси ҳисобланади.
Ҳадисларда қуръони карим фазилати; қуръонни фазилати кўплаб ҳадисларда баён қилинган. Шулардан баъзиларини келтириб ўтамиз.
عن أبي سعيد الخدري، قال: قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: ” يقول الرب عز وجل: من شغله القرآن عن ذكري وعن مسألتي أعطيته أفضل ما أعطي السائلين، وفضل كلام الله على سائر الكلام كفضل الله على خلقه
Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло кимни Қуръон ва Менинг зикрим Мендан (нарсаларни) сўрашдан тўсган бўлса, унга сўровчиларга берган нарсамдан афзалини берурман. Аллоҳнинг каломининг бошқа каломлардан фазли ҳудди Аллоҳнинг ўз махлуқотларидан фазлига ўхшайди, дейди», дедилар».[7]
Бу ҳадиси қудсий ҳисобланади. Чунки унда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз иборалари билан Аллоҳ таолонинг қавлини нақл қилмоқдалар.
Бир одам Қуръони Карим қироати билан ва Аллоҳ таолонинг зикри билан бўлиб, ўз ҳожатларини сўраб дуо қила олмай қолди. Унинг ҳожати бор эди. Аммо Қуръони Карим тиловат қилиш билан овора бўлиб, ёки бўлмаса, зикруллоҳ билан овора бўлиб ўша ҳожатини Аллоҳ таолодан сўрай олмади. Ана ўша одамга Аллоҳ таоло ўзидан ҳожатини ёлбориб сўраб илтижо қилганларга бергандан кўра афзал нарсаларни берар экан.
«Аллоҳ таоло кимни Қуръон ва менинг зикрим мендан (нарсаларни) сўрашдан тўсган бўлса, унга сўровчиларга берган нарсамдан афзалини берурман», дейди.
Бундай афзалликнинг сабаби бор. Чунки:«Аллоҳнинг каломининг бошқа каломлардан фазли ҳудди Аллоҳнинг ўз махлуқотларидан афзаллигига ўхшайди».
عن الْبَرَاءَ بْنَ عَازِبٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ : قَرَأَ رَجُلٌ الْكَهْفَ وَفِي الدَّارِ الدَّابَّةُ، فَجَعَلَتْ تَنْفِرُ، فَسَلَّمَ فَإِذَا ضَبَابَةٌ أَوْ سَحَابَةٌ غَشِيَتْهُ، فَذَكَرَهُ لِلنَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، فَقَالَ : ” اقْرَأْ فُلَانُ ؛ فَإِنَّهَا السَّكِينَةُ”
Ал-Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир киши Каҳф сурасини ўқир эди. олдида иккита арқонга боғланган от бор эди. Уни булут ўраб олди ва айланиб яқинлаша бошлади. Оти ундан чўчиб қочди. Эрталаб бориб бўлган ҳодисани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга айтиб берди. Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: « Фалончи ўқи. У Қуръон тиловати учун тушган сакийнадир», дедилар[8]. Икки шайх ва Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Бу ривоятнинг тафсилоти бошқа бир ҳадиси шарифда келади.
Имом Бухорий ривоят қиладилар: «Усайд ибн Ҳузайр розияллоҳу анҳу кечаси Бақара сурасини ўқиётган эди. Яқинида оти боғлиқ турар эди. Бирдан от типирчилаб қолди. Қироатдан тўхтаган эди, от ҳам тўхтади. Яна ўқиган эди, от ҳам типирчилади. Ўғли Яҳъё яқинида ухлаб ётарди. От босиб олмасин, деб бориб уни қўлига олди ва бошини осмонга кўтарди. Тонг отгандан сўнг ҳодисани Пайғамбар алайҳиссаломга сўзлаб берди.
У зот алайҳиссалом: «Ўқи, эй Ибн Ҳузайр», дедилар.
У бўлса: «Эй Аллоҳнинг Расули, Яҳъёни босиб олмасин, деб қўрқдим, уни яқинида эди. Бошимни кўтариб, унинг олдига бордим. Осмонга қарасам, булутга ўхшаш нарса, ичида чироққа ўхшаган нарсалар ҳам бор. Уларни кўрмай деб чиқиб кетдим», деди.
Пайғамбар алайҳиссалом: «У нималигини биласанми?» дедилар.
«Йўқ»,деди. У зоти бобаракот алайҳиссалом: «Улар сенинг овозингга келган фаришталар, агар тонг отгунча ўқийверганингда, одамлар уларга назар солса бўларди.Улар беркинмасдилар»,дедилар»[9].
Бундан Қуръони Каримнинг қироати бўлаётган жойга фаришталар булут шаклида сакийна бўлиб тушар экан. Қуръони Каримни тиловат қилаётган, Қуръони Каримни тинглаётган кишилар доимо ўзларининг бошлари устидан сакийна-фаришталар нозил бўлиб туришини унутмасликлари керак. Улардан ўша улуғ мақомга муносиб бўлмоқлик матлубдир.
وعن ابن عباس قال : قال رسول الله صلى الله عليه وسلم : ” إن الذي ليس في جوفه شيء من القرآن كالبيت الخرب ” . رواه الترمذي والدارمي . وقال الترمذي : هذا حديث صحيح
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:«Набий соллаллоҳу алайҳивасаллам:«Ичида Қуръондан бирор нарса бўлмаган одам хароба уйга ўхшайди» дедилар»[10].
Шарҳ: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръондан ҳеч нарсани ёдламай юрган одамни ажойиб ўхшатиш ила сифатлабдилар. Хароба уйга ўхшатибдилар.
У ҳам сиртидан уйга ўхшаб кўринади. Девори бор яна уйда бўладиган баъзи нарсалари ҳам бор. Аммо аслида у тўлақонли уй эмас. Хароба. Ичига назар солган одам ундан ҳазар қилади. Унинг ичи ифлос, қаралмаган, турли ахлатлар билан тўлган. Қуръондан бирор нарса ёдламаган одам ҳам сиртидан одамга ўхшайди.
Аммо ичи хароба уйга ўхшаб қолмаслик учун Қуръони Каримдан ёд олишимиз керак. Ундан қанча кўп ёд олсак, ичимиз шунча обод ва гўзал бўлиб бораверади.
وعن ابن مسعود قال : قال رسول الله صلى الله عليه وسلم : ” من قرأ حرفا من كتاب الله فله به حسنة والحسنة بعشر أمثالها لا أقول : آ لم حرف . ألف حرف ولام حرف وميم حرف ” . رواه الترمذي والدارمي وقال الترمذي هذا حديث حسن صحيح غريب إسنادا
Абдуллоҳ ибни Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Аллоҳнинг китобидан бир ҳарф ўқиса, унга бир савоб бўлур. Ҳар бир савоб эса ўн мислига кўпайтирилур. Алиф лаам миийм бир ҳарф демайман. Лекин алиф бир ҳарф. Лаам бир ҳарф. Мийм бир ҳарф», дедилар»[11].
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда Қуръони Каримнинг қироати битмас-туганмас савоб манбаси экани баён қилинмоқда. Қуръони Карим ўқиган одамга ҳар бир ҳарф учун алоҳида савоб берилар экан. Умумий қоидага биноан ҳар бир савоб ўнга кўпайтирилиб бериларди. Бундан Қуръони Каримнинг ўқиган одам учун ҳар бир ҳарф ўқиганига ўн савоб берилиши келиб чиқади. Бунинг ҳаммаси Қуръони Каримнинг чексиз фазлга эга бўлганидандир.
Қуръони карим қиёмат куни Қуръонни ёд олиб кўтарган қорини шафоат қилади.Суннати Набавияда Қуръони карим қиёмат куни соҳибини шафоат қилиб, қорийни “Иллийюн”даражасига кўтаришини таъкидлайди.
عن أبي أمامة الباهلي رضي الله عنه قال سمعت رسول الله صلى الله عليه وسلم يقول: “اقرءوا القرآن، فإنه يأتي يوم القيامة شفيعا لأصحابه”
Абу Умома ал- Боҳилий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:”Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Қуръон ўқинглар, чунки у қиёмат куни соҳибига шафоатчи бўлиб келади” деганларини эшитдим деди[12]. (Муслим ривояти).
Ҳеч қанақа ёрдам бўлмаган кунда Аллоҳ таоло бир нечта шафоатга имкон беради. Ўша шафоатлардан бири Қуръоннинг ўз соҳибини шафоат қилишидир. Бу Қуръоннинг нақадар фазилатли эканлигига далолат қилади.
Аллоҳ Таоло барчамизни “Қуръони карим”ни ўрганиб, унга амал қиладиган ва қиёмат кунида унинг шафоатига ноил бўладиган бандаларидан қилсин.
“Ҳадис ва ислом тарихи фанлари”
кафедраси ходими Қодиров Абдулвали.
[1] Шайх Муҳаммад СодиқМуҳаммад Юсуф Ҳадис ва Ҳаёт ( Қуръон фазилатлари) .Т.: Шарқ нашр. 2007. –Б.23.
[2] Шайх Муҳаммад СодиқМуҳаммад Юсуф Ҳадис ва Ҳаёт ( Қуръон фазилатлари) .Т.: Шарқ нашр. 2007. –Б.23.
[3] Шайх Муҳаммад СодиқМуҳаммад Юсуф Ҳадис ва Ҳаёт ( Қуръон фазилатлари) .Т.: Шарқ нашр. 2007. –Б.24.
[5] . Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф Тафсири ҳилол 1-жуз .-Т.: Ҳилол-нашр 2018 . –Б.15.
[6] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф Тафсири ҳилол 1-жуз .-Т.: Ҳилол-нашр 2018 . –Б.81.
العرف الشذي شرح جامع الترمذي.المجلد الثاني كراتشي باكستان ٢٠١٠ ٣٣٠صحيفة.. أنورشاه الكشميري [7]
[8] فتح الباري شرح صحيح البخاري المجلد السادس ٩١٣ قاهرة دار الغد الجديد ٢٠١٢ م١٣ ٩صحيفة. م ابن حجر العسقلاني.
[9] فتح الباري شرح صحيح البخاري المجلد التاسع قاهرة دار الغد الجديد ٢٠١٢-٩٤ صحيفة. م ابن حجر العسقلاني.
[10] العرف الشذي شرح جامع الترمذي.المجلد الثاني ٣٢٧ صحيفة. كراتشي باكستان ٢٠١٠ أنورشاه الكشميري.
[11] العرف الشذي شرح جامع الترمذي.المجلد الثاني ٣٢٦ صحيفة. كراتشي باكستان ٢٠١٠ أنورشاه الكشميري.
[12] فتح الملهم بشرح صحيح الإمام مسلم. المجلد الرابع ٢٣٤ صحيفة. دمشق دار القلم ٢٠٠٦ م شبّر أحمد العثماني