Тошкент ислом институти талабалари учун “Ёш авлодда ижтимоий тармоқлардан оқилона фойдаланиш маданиятини шакллантириш йўллари” мавзусида давра суҳбати тишкил этилди. Тадбирга Дин ишлари бўйича қўмитанинг Диншунослик экспертизаси бўлими ходими Жамшид Алиев ва Ҳазрати Имом даҳасидаги “Истиқлол” маҳалласи профилактика инспектори Н.Зиядуллаев таклиф этилди.
ТИИ ректори У.Ғафуров, проректор У.Ходжаев, профессор-ўқитувчилар ва талабалар иштирок этдилар.
Тошкент ислом институти талабалари таълим муассасасини битиргач диний кадрлар сифатида масжидларда имом-хатиб ва диний таълим муассасасида ўқитувчиси вазифасида фаолият юритадилар.
Ўз-ўзидан аёнки, улар диний-маърифий маъруза тайёрлайдилар, талабаларга диний таълим берадилар. Бундай фаолият диний мазмундаги материаллар воситасида амалга оширилади.
Диний мазмундаги материаллар – дунёдаги турли динларнинг асослари, тарихи, мафкураси, таълимоти ва шарҳлари ҳамда маросимларини ўтказиш амалиётини акс эттирувчи китоблар, рисолалар, журналлар, газеталар, варақалар ва бошқа босма нашрлар, аудиовизуал асарлар (теле-, кино- ва видеофильмлар, клиплар, концерт дастурларининг ёзмалари, мультфильмлар, аниме, хэнтай ва шу кабилар), ахборот ташувчи электрон жисмлар (дискетлар, CD, DVD дисклари, Интернет тармоғида жойлаштирилган материаллар ва шу кабилар).
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида диний мазмундаги материалларни тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатиш фақат давлат диншунослик экспертизаси ўтказилганидан кейин амалга оширилади.
Диншунослик экспертизаси бўлими
Диншунослик экспертизаси бўлими Дин ишлари бўйича қўмита аппаратининг таркибий бўлинмаси ҳисобланади. Бўлим ўз фаолиятини Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 23 апрелдаги 196-сон қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита тўғрисида” низом, Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 20 январдаги “Диний мазмундаги материалларни тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатиш соҳасидаги фаолиятни амалга ошириш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 10-сон қарор ва бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширади.
Бўлимнинг асосий мақсади давлат органларининг диний ташкилотлар билан ўзаро муносабатларини мувофиқлаштиради ҳамда виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг ижроси устидан назоратни амалга оширишни, республикада чиқариладиган ёки чет эллардан келтириладиган диний тусдаги маҳсулотларни (матбуот ва электрон нашрларни, аудио, видео кассеталарни, СD, DVD ва бошқа дискларни) экспертизадан ўтказиши ташкил қилиш.
- диний ташкилотларнинг ибодат маросимларида ўқиладиган маърузалар Ўзбекистон ҳукуматининг ички ва ташқи сиёсати, жамият тараққиётининг долзарб масалалари билан мувофиқ бўлишини назорат қилиш;
- ўрнатилган тартибда республикага олиб келинаётган адабиёт, видео ва аудиокассеталарни назорат қилиш;
- ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва бошқа ваколатли ташкилот, идоралар томонидан тақдим этилган материаллар юзасидан экспертлик хулосаларини тайёрлаш;
- республикада нашрга тайёрланган диний адабиёт, асар, матбуотда ёритиладиган диний мавзуга доир мақолалар, телевидение орқали намойиш этиладиган кўрсатувлар мазмун-моҳиятини ўрганиш ва улар ҳақида экспертлик хулосаларини бериш кабилар бўлимнинг вазифаси ҳисобланади.
Экспертиза хулосаси – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита томонидан бажариладиган диний мазмундаги материалларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тайёрлаш, олиб кириш, тарқатишга рухсат бериш (рухсат бермаслик) масаласини ҳал этиш учун кўрсатилган материалларда диний қонун-қоидалардан оғишганлик ёки бузиб кўрсатишнинг борлигига оид илоҳиётшунослик тадқиқотлари ўтказилганлигини расман тасдиқловчи ёзма ҳужжат.
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида диний мазмундаги материалларни тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатиш фаолиятини амалга ошириш Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 20 январдаги “Диний мазмундаги материалларни тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатиш соҳасидаги фаолиятни амалга ошириш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 10-сон қарор билан тартибга солинади.
Ижтимоий тармоқларда ким билан дўст тутинаётганига жиддий аҳамиятли бўлиш керак
Реал ҳаётимиздагидан кўра, виртуал ҳаётда кўпроқ одамлар билан дўст тутинамиз. Уларнинг аслида кимлиги, дўстлик таклиф қилишдан мақсади нелиги билан эса қизиқиш ҳаёлимизга ҳам келмайди. Бу эса бизнинг энг катта камчиликларимиздан биридир. Қаранг, салафи солиҳларимиз ким билан дўст бўлиш ҳақида муайян дастур тузиб қўйган эканлар.
Алқама ибн Лабид раҳматуллоҳи алайҳ ўғлига насиҳат қилиб деди:
Эй ўғлим! Вақтики келиб дўст тутишга эҳтиёж сезганингда, тўғри келган одам билан дўст тутиниб кетавермагин! Балки, дўстинг сенга маънавий зийнат берувчи фозил бўлсин! Енгилтаклик қилганингда сени тартибга солувчи носиҳ бўлсин! Бошингга мусибат тушганда сенга далда бўлувчи мард бўлсин! Ҳақ гапни айтганингда сени тасдиқлаб, қўллагувчи содиқ бўлсин! Ёрдамига муҳтож бўлганингда ёрдамини аямайдиган саҳий бўлсин! Унга дўстона қўл чўзганингда у ҳам сенга қўл чўзувчи самимий бўлсин! Сенинг яхши ишларингга муносиб баҳо берувчи одил бўлсин! Камчиликларингни яширувчи олийжаноб бўлсин! Унинг ортидан сенга кулфат келмайдиган бўлсин! У туфайли ҳаётинг остин-устин бўлиб кетмайдиган бўлсин! Омма олдида сени хўрламайдиган бўлсин!
Бу насиҳат ўз даври одамларига нисбатан бугунги замон одамлари учун зарурроқ, десак тўғри бўлади. Чунки илгарги одамларнинг минглаб-минглаб дўстлари, гуруҳдошлари, каналдошлари бўлмаган. Улар ўз маҳалласи, нари борса қўшни маҳалладаги танишлари билангина дўстлик риштасини боғлай олганлар холос. Биз эса бугун уйда ўтириб, сайёрамизнинг нариги нуқтасидаги одамга ўз сирларимизни очяпмиз, дардимизни айтиб ҳолимиздан шикоятлар қиляпмиз. Салафи солиҳлар ўгитларига кўра, ижтимоий тармоқлардаги «дўстларимиз»нинг кимлиги билан жидий қизиқиб қўйсак, сирларимиз айниқса, шахсий маълумотларимизни кимлар билан бўлишаётганимизга аҳамият берсак фойдадан ҳоли бўлмас экан!
“Диний мазмундаги материалларни тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатиш соҳасидаги фаолиятни амалга ошириш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 10-сон қарорига кўра, материалларни қуйидаги мақсадларда тарқатишга йўл қўйилмайди:
- жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ёки ижтимоий мавқеига қараб ёки бошқа ҳолатларга кўра камситиш ёхуд ўзга шахслар маҳсулотларини обрўсизлантириш;
- Ўзбекистон Республикасининг мавжуд конституциявий тузуми, ҳудудий яхлитлигини зўрлик билан ўзгартиришга даъват қилиш;
- уруш, зўравонлик, терроризм, шунингдек диний экстремизм, сепаратизм ва ақидапарастлик ғояларини тарғиб этиш;
- миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатувчи ахборотни тарқатиш;
- диний эътиқодни ўзгартиришга даъват қилиш;
- диндорларнинг диний туйғуларини ҳақорат қилиш ёки камситиш;
- фуқароларни ўз конституциявий мажбуриятларини бажармасликка чақириш;
- давлат, жамоат ёки диний ташкилотларнинг ҳуқуқлари ва мол-мулкига тажовуз қилишга ундаш;
- гиёҳванд воситалар, уларнинг аналоглари, психотроп моддалар ва прекурсорларни тарғиб қилиш;
- қонунга мувофиқ жиноий ва бошқа жавобгарликни келтириб чиқарувчи хатти-ҳаракатларни амалга оширишга ундаш.
Маърузачилар талабаларни қизиқтирган саволларга тўлиқ жавоб бердилар.
ТИИ Матбуот хизмати