islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Бир ҳадис шарҳи

Ибн Умар разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бир киши Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳузурларига келиб:”Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳга энг севимли киши ким?, Аллоҳ азза ва жаллага энг севимли амал қайси(амал)?”, деб сўради. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам):“Аллоҳга энг севимли киши – одамларга кўпроқ манфаати тегадиган киши. Аллоҳга энг севимли амал – мусулмоннинг қалбига хурсандчилик киритмоғинг. Ёки унинг ташвишини аритмоғинг. Ёки ундан очликни кетказишинг. Ёки унинг қарзини ўтаб қўймоғинг. Қасамки, мен учун бир биродаримнинг эҳтиёжини қондириш учун юришим, ушбу масжид – Мадина масжиди – да бир ой эътикоф ўтиришимдан севимлироқдир…”, дедилар. (Табароний ва Ибн Абуд Дунё ривояти).

Пайғамбарлар ҳаётидан мисоллар:

Иброҳим алайҳиссалом одамларга яхшилик ва манфаат етказишни яхши кўргани учун улуғ мартабага эришиб, “Халилуллоҳ” яъни “Аллоҳнинг дўсти” деган буюк ном ва унвон олганлар. Абдуллоҳ ибн Амр разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй Жаброил, нега Аллоҳ Ўзига Иброҳимни дўст тутган?”, деб сўрадилар. У зот: “Очларни таомлантиргани учун эй Муҳаммад!”, деб жавоб берди.

(Имом Байҳақий “Шуабул иймон”да, Қуртубий ҳам ўз тафсирида ривоят қилган. Буни заиф деган гаплар ҳам бору, лекин бу ривоятнинг маъноси бир неча ҳадисларда ва қолаверса, биз ўрганатган ҳадисимизда ҳам айнан шу итъомут таом маъноси бор).

Мусо алайҳиссалом ҳам заифҳол-муҳтож кишиларга доимо кўмакчи бўлганлар. Бунга Қуръони каримнинг ўзи шоҳид ўлароқ, Мусо алайҳиссалом ўзлари умуман танимаган юртдаги, нотаниш икки заифа қизлар – Шуайб алайҳиссаломнинг икки қизлари – нинг қийналиб турганини кўриб, уларнинг қўйларини беминнат суғориб берганларини бизга намуна қилиб баён қилган: “Қачонки, (Мусо) Мадяннинг суви (қудуғи)га етиб келгач, у жойда бир тўп одамлар (чорваларини) суғораётганларини кўрди ва улардан берироқда икки аёл (ўз қўйларини) қўриқлаб турганларини кўриб: «Сизларга не бўлди?» – деди. Улар: «Биз, то подачилар (молларини) қайтармагунча, суғора олмаймиз*. Отамиз эса қари чол», – дедилар“. (“Қосос” сураси, 23-оят).

Бу икки қиз кўзлари ожиз бўлиб қолган пайғамбар Шуайб (алайҳиссалом)нинг қизлари эди. Иккиси қўйларини қудуққа суғоргани олиб келиб, эркаклар кўп бўлгани учун улардан ҳаё қилиб, яқинлаша олмай турганларида, Мусо (алайҳиссалом) уларга ёрдам бергач, улар бориб оталарига бу ҳақда хабар берадилар. (Шайх Абдулазиз Мансур).

Исо алайҳиссалом касалмандларнинг эҳтиёжини қондириш-даволаш, камбағал, бева-бечораларга ёрдам бериш учун саъй-ҳаракат қилар, қаерда бўлсалар ҳам одамларга манфаат етказиш пайида бўлар эдилар. Буни эса Аллоҳ таолонинг Ўзи Қуръони каримда Исо алайҳиссаломнинг тилидан қуйидагича баён қилган: “Яна мени қаерда бўлсам (ҳам одамларга таълим-тарбия бериш ва бошқа кўп манфаат етказувчи) баракотли қилди ва модомики, ҳаёт эканман, менга намозни ва закотни (адо этишни) буюрди“. (“Марям” сураси, 31-оят).

Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом одамларнинг эҳтиёжларини қондириш борасида бизга буюк амалий намуна бўлганлар: бева-бечоралар билан бирга юришдан ҳеч ҳам ор қилмас, уларнинг ишларини бажаришга маҳкам бел боғлар эдилар:

Анас разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хутба-маърузаларини якунлаб, минбар тушар эдилар ва (энди меҳроб сари юрмоқчи бўлиб турганларида) У зотга бир киши кўндаланг чиқиб, эҳтиёжини айтар эди. Шунда У зот ҳалиги одам билан то уни ишини бажариб бергунларича малолланмай бирга тураверар эдилар. Ишини битириб берганларидан сўнгина намозгоҳ(меҳроб)ларига ўтиб, намоз ўқир эдилар”, деганлар. (Имом Насаий ривояти).

…Ёки унинг қарзини ўтаб қўймоғинг…

Бу борада Аллоҳ таоло бундай кўрсатма берур: “Агар (қарздор) қийналса, бойигунга қадар кутиш лозим. Агар билсангиз, (берган қарзингизни қарздорга) садақа қилиб юборишингиз ўзингиз учун яхшироқдир“. (“Бақара” сураси, 280-оят).

Абу Саид Худрий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида бир киши (қарзга) сотиб олган хўл мевалари(га табиий офат етиб: айниб қолибми, яроқсиз ҳолга келиб, сота олмагани учун уни пулини тўлолмай қолиб) қарзлари кўпайиб кетди(ва унга насияга мева сотган киши ва бошқа ҳақдорлар ундан пулларини талаб қила бошлади). Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларга: “Унга садақа қил(иб, ёрдам бер)инглар!”, дедилар. Одамлар унга садақа қилдилар-у, барибир бу садақалар унинг қарзини адо этишга етмади. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг ҳақдорларига:(Ҳозирча) Топганингиз (бор пулини барча ҳақдорларга тақсимланганда борича ўзингизга теккани)ни олиб туринглар! (Бу одам то ўзини тиклаб, оёққа туриб, пул топиб, қарзини тўлай оладиган даражага етгунича) Сизларга шу(теккан улуш)дан бошқа ҳеч нарса йўқ(бу кишидан қолган ҳақингизни талаб қилмай туринг)!”, дедилар. (Имом Муслим ривояти).

Ёки ундан очликни кетказишинг

Ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ён қўшниси оч-наҳор бўла туриб, ўз қорнини тўйғазадиган киши (ҳақиқий комил) мўмин эмасдир”, деганлар. (Байҳақий ва Табароний ривояти).

Қасамки, мен учун бир биродаримнинг эҳтиёжини қондириш учун юришим, ушбу масжид – Мадина масжиди – да бир ой эътикоф ўтиришимдан севимлироқдир…”

“Эътикоф” бу махсус ибодат бўлиб, унда дунёвий алоқалардан тўлиқ узилиб, ҳатто дунёвий гап-сўзларни ҳам тарк қилиб, рўзадор ҳолатда энг камида бомдод намозининг вақти киришидан илгари беш вақт намоз ўқиладиган жоме масжидга кириб олиб, то шом намозининг вақти киргунича ихтиёрий ибодатлар: зикр-тасбиҳ, Қуръон тиловати, саловот айтиш, илм ўрганиш каби амаллар билан кунни ўтказишдир. Агар икки кун ва ундан кўпроқ “Эътикоф”ни ният қилса, у одам ҳатто ўша кунларнинг тунларида аёли билан жинсий алоқа қилмай, масжидда ибодат билан машғул бўлиши шартдир. Рамазон ойининг охирги ўн кунлигини бу ибодат билан ўтказиш суннати муаккададир! Пайғамбаримиз ўзлари шундай қилиб, аҳли-оиларини ҳам бу ишга тарғиб қилганлар! Бир ой бу ибодатни қилишнинг машаққати ва савоби ўта улкандир! Лекин бир мусулмоннинг эҳтиёжини қондириш эса, бунданда афзал ва савоби ортиқлиги айтилмоқда бу ҳадиси шарифда!

Одамларнинг эҳтиёжини қондирувчиларга хушхабар

Ибн Умар разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:“Аллоҳнинг шундай бандалари борки, уларни одамларнинг эҳтиёжларига хослаб қўйган. Одамлар эҳтиёжларини қондириш учун уларнинг ҳузурларига талпинадилар. Ана ўшалар, Қиёмат куни Аллоҳнинг азобида омонда бўлувчилардир!”, деганлар. (Табароний ривояти).

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам):“Ким бир мўмин киши бошидан бир ташвишни аритса, Аллоҳ унинг бошидан Қиёмат кун ташвишларидан бир ташвишни аритади. Ким бир қийналган-бечораҳол кишига енгиллик яратиб берса, Аллоҳ унга дунё ва Охиратда енгиллик беради. (Қайси бир) Банда биродарининг эҳтиёжи учун юрар экан, Аллоҳ(мудом ўша) банданинг ёрдамида(қоим) бўлур”, дедилар. (Имом Муслим ривояти).

Саҳоба ва тобеинлар ҳаётидан намуналар

Мўминлар онаси, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аёли, Зайнаб хоним разияллоҳу анҳо “Мискинлар онаси”, “Бевалар паноҳи” деб аталганлар. У хоним мискинларга хайр-садақа қилиш учун қўл меҳнати билан шуғулланиб, маблағ топар эдилар. У ҳақда Оиша хоним разияллоҳу анҳо онамиз бундай деганлар: “Биз(яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хотинлари)нинг энг қўли узун(саховатпеша)миз Зайнаб эди. Чунки у қўл меҳнати билан шуғулланар ва садақа қилар эди”. (Имом Муслим ривояти).

Умар разияллоҳу анҳу доим беваларнинг ҳолидан хабар олиб турар, кечалари уларга сув олиб келиб берар эди. Бир кеча Талҳа разияллоҳу анҳу уни бир бева хотиннинг уйига кирганини кўриб қолди (ва қалбида унга нисбатан ёмон-гумон, шубҳа уйғонди. Умар кетгач), ўша уйга кириб, қараса, бир нафақахўр, кўзи ожиз кампир яшар экан. Ундан “Бу киши(Умар) сизни ҳузурингизга келиб, нима қилади”, деб сўради. Кампир: “Фалон-фалон муддатдан бери бу одам бизни холимиздан хабар олади: менга керак нарсаларни олиб келади ва зарарли ахлату-чиқиндиларни олиб кетади”, деб жавоб берди. Шунда Талҳа ўзига ўзи: “Онанг бўзлагур Талҳа! Ҳали сен Умарнинг хато-камчиликларини қидирмоқдамисан?”, деди.

Абу Воил ҳар куни маҳалла айланиб юрар ва кўмакчиси йўқ аёл ва кампирларни эҳтиёжига керакли нарсаларни ўрганиб, бозордан сотиб олиб, уларга етказиб берар эди.

Саҳоба ва тобеинларнинг бу борадаги сўзлари    

Ибн Аббос разияллоҳу анҳу: “Яхшилик қилувчи дунёда ҳаргиз тойилмас, тойилса ҳам, албатта, суянчиқ топа олур”, деган.

Ибн Мункадирга “Амалларнинг қайси бир энг афзалидир?”, дейилди.

“Мўминнинг қалбига хурсандлик киритиш”, деб жавоб берди у. “Дунёда энг севимли ишингиз нима?”, деб сўралди. У яна: “Ёру-дўстларга фазл қилиш:

уларга ҳам моддий, ҳам жисмоний кўмакчи бўлиш”, дея жавоб берди.

Ваҳб ибн Мунаббиҳ: “Дунёда энг яхши ҳаёт кечирувчи киши – ўз яшаш шароитини яхшилаш билан бир қаторда бошқаларнинг турмуш аҳволини ҳам яхшилаш пайида бўлувчи кишидир. Дунёнинг энг лаззатли нарсаси – ёру-дўстларга фазл қилмоқдир”, деган.

Абдуллоҳ ибн Усмон – Бухорийнинг шайхи – бундай деган: “Мен бирор киши ўз эҳтиёжини қондиришимни сўраган бўлса, албатта, ўзим қондирдим. Уддалай олмасам, султондан кўмак сўраб бўлса ҳам, албатта, уни ҳожатини раво қилдим”.

Юқорида айтилган ояти карима ва ҳадиси шарифларнинг мағзини теран англаган буюк бобомиз Мир Алишер Навоий ҳазратлари ўзларининг нақадар гўзал сўнгсўз ва ибратли илмий хулосаларини баён қилганлар:

Одамий эрсанг, демағил, одамий,
Ониким, йўқ халқ ғамидин ғами!

Манбалар асосида Тошкент ислом инсититути

“Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси мудири

Баҳодиржон Баҳромжон ўғли тайёрлади.

 

26690cookie-checkБир ҳадис шарҳи

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: