“Яхши кўрган нарсаларингиздан инфоқ қилгунингизгача ҳаргиз яхшилик(Жаннат)га ета олмайсиз. Нимани инфоқ қилсансиз, Албатта Аллоҳ уни билгувчидир“.
“Оли Имрон” сураси, 92-оят.
Имом Насафий раҳимаҳуллоҳ бу оят тасфсирида бундай деганлар: “Оятдаги “Яхши кўрган нарсаларингиздан инфоқ-эҳсон қилгунингизгача” деган жумланинг маъноси “Муҳтожларга қилоятган инфоқ-эҳсонингиз ўзингиз яхши кўриб, уни бошқа нарсалардан афзал деб билган мол-мулкингиздан бўлгунича, деганиганидир”.
“Яхшиликка ета олмайсиз” жумласининг маъноси “Яхшиликнинг хақиқатига ета олмайсиз ёки яхши бандалардан бўла олмайсиз ёҳуд Аллонинг яхшилиги-савобига ета олмайсиз, деганидир”.
Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ: “Аллоҳнинг розилигини кўзлаган холда ўзи яхши кўрган нарсасини – гарчи у бир дона хурмо бўлса ҳам – садақа қилган киши ушбу оятга амал қилганлар қаторига киради”, деганлар.
Воситий раҳматуллоҳи алайҳ эса: “Яхшилик(Жаннат)га етишиш- яхши кўрган нарсаларнинг маълум қисмини инфоқ-эҳсон қилиш билан бўлади”, деганлар.
Абу Бакр Варроқ раҳматуллоҳи алайҳ эса “Яхшиликка ета олмайсиз” нинг маъноси “Эй бандаларим, Менинг сизларга қиладиган яхшилигимга фақат ва фақат ўз ёру-биродарларингизга яхшилик қилибгина етиша оласиз”, деганлар.
Хулоса шуки, талаб қилинган нарса-яхшиликка етишиш учун яхши кўрган нарсаларингиздан муҳтожларга бериш лозим экан.
Умар ибн Абдул Азиз шакар сотиб олиб, уни садақа қилар эди. У зотга “Нега шу шакарни пулини садақа қилиб қўя қолмайсиз?”- дейилди. У зот “Мен ўзим яхши кўрган нарсани инфоқ қилишни хохладим”- деган эканлар.
“Нимани инфоқ қилсангиз, Албатта Аллоҳ уни билгувчидир” яъни Аллоҳ сизлар инфоқ қилаётган ҳар бир нарсани билиб турибди ва унга кўра мукофатлайди ҳам.
Имом Табарийнинг тафсирларида бу оят қуйидагича тафсир қилнади:
Аллоҳ таолонинг “Яхши кўрган нарсаларингиздан инфоқ қилгунингизгача яхшиликка эриша олмассиз. Нимани инфоқ қилсангиз, Албатта Аллоҳ уни билгувчидир” оятининг маъноси борасида Абу Жаъфар бундай деган: “Эй мўминлар Аллоҳга итоат этиб ва Унга ибодат қилиб, Ундан умид қилинаётган яхшилик бу Аллоҳнинг сизларга фазл қилиб жаннатга киритишидир ва сизлардан азобини буриб юборишидир. Аксар олимлар оятдаги “яхшилик” сўзининг маъносини жаннат дейишган. Чунки охиратда Аллоҳ таолонинг бандаларига қиладиган яхшилиги уларни жаннатга киритишидир.
Абу Курайб роҳматуллоҳи алайҳ Амр ибн Маймундан ривоят қиладилар: Оятдаги “яхшилик”дан мурод жаннатдир.
Муҳаммад ибн Ҳусайн роҳматуллоҳи алайҳ Суддийдан ривоят қиладилар: Оятдаги “яхшилик”дан мурод жаннатдир.
Яна Абу Жаъфар айтадилар: бу оятнинг маъноси “Эй мўминлар Роббингизни жаннатига ета олмайсизлар токи яхши кўрган нарсаларингиздан инфоқ қилгунингизгача яъни яхши кўриб, ўзларингизда бўлишини хохлаган нафис молларингиздан инфоқ-эҳсон қилгунингизгача…
Башир роҳматуллоҳи алайҳ Қатодадан ривоят қилиб айтадилар: Токи ўзингизга ёққан ва қўлингизда бўлишини орзу қилган нарсаларингиздан инфоқ қилгунингизгача Роббингизнинг яхшилигига ета олмайсизлар.
Ибн Касийр роҳматуллоҳи алайҳ тафсирларида Вакийънинг Амр ибн Маймундан ривоятини келтириб оятдаги “Яхшилик”дан кўзланган маъно Жаннат эканини айтганлар. Имом Аҳмад роҳматуллоҳи алайҳ Имом Молик роҳматуллоҳи алайҳдан ривоят қилиб айтадилар: Абу Толҳа розияллоҳу анҳу Мадийнадаги Ансорийларнинг энг моли кўпларидан эди ва уни энг яхши кўрган нарсаси Масжиди Набавий рўпарасидаги Байраҳо номли боғи эди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳам унга кириб, ундаги булоқининг ширин сувларидан ичар эдилар. Анас розияллоҳу анҳу айтадилар “Яхши кўрган нарсаларингиздан инфоқ- эҳсон қилгунингизгача яхшиликка ета олмайсиз” ояти нозил бўлган пайтда, Абу Толҳа айтдиларки “Эй Росулаллоҳ, Аллоҳ таоло “Яхши кўрган нарсаларингиздан инфоқ- эҳсон қилгунингизгача яхшиликка ета олмайсиз” дебди, мени энг яхши кўрган нарсам Байраҳодир. У Аллоҳ йўлида садақа бўлсин. Мен унинг яхшилигини ва(охиратга) захира бўлишини умид қиламан. Уни олинг-да, Аллоҳ сизга бурган жойга ишлатаверинг, дедилар. Шунда Пайғамбаримиз алайҳиссалом “Бах”[1] бу жуда фойдали мол бўлди, жуда фойдали мол бўлди”, дедилар ва “Эй, Абу Талҳа, сўзингни эшитдим ва мен уни ўзингнинг муҳтож бўлган яқинларинга сарфлашингни маъқул кўряпман” дедилар. Абу Толҳа: “Бош устига, албатта, Сиз айтганингиздек қиламан”, деди ва уни аммаларини ўгилларига ва яқинларига тақсимлаб берди. (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Умар розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз алайҳиссаломга “Эй Аллоҳнинг Росули мени Хайбар ғазотидан сўнги тақсимотда теккан ҳиссам(ерим)дан кўра қимматлироқ бирор нарсам йўқ. Шуни нима қилшимга буюрасиз?” дедилар. Шунда Пайғамбаримиз алайҳиссалом “Ерингни аслини ушлаб қол ва мевасини Аллоҳ йўлида эҳсон қил”,– дедилар. (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
«Тафсири Самарқандий»да ушбу оят шундай тафсир қилинади:
Абу Солиҳ қилган ривоятда Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ушбу оятни тафсир қилиб шундай дейдилар: “Ўзларингиз яхши кўрган нарсалардан инфоқ қилгунингизча яъни ўзларингиз хохлаган ҳолда молларингиздан бергунингизча Аллоҳнинг Ўз ҳузуридаги – бандаларига Жаннатда берадиган – савобига ета олмасиз”. Муқотил эса бунинг маъноси қуйидагич: “Токи ўзларингиз яхши кўрган нарсадан сақадага қилмагунингизча яъни яхши кўрган нарсаларингиздан бир оз эҳсон қилгунингизча тақвога ета олмайсизлар”. “Нимани инфоқ қилсансиз” яъни садақа қиласизми ёки яқин қариндошларингиз билан силаи раҳм-қариндошлик ришталарини мустаҳкам боғлайсизми, “Албатта Аллоҳ уни билгувчидир” яъни унга бирор нарса махфий эмас ва албатта унга яраша савоб беради.
Ривоят қилинишича, Оиша разияллоҳу анҳо тилла суви юритилган Мусҳафни ўқиб, тиловат қилаётган эдилар. Шу оятга етиб келганларида тўхтаб, ўқиб турган – тилла суви юритилган Мусҳафларини сотиб, пулини садақа қилиб юборган эканлар.
Аллома Муҳаммад Мутаваллий Шаъровий бу оятни эшитган Абу Зар разияллоҳу анҳунинг ибратли ҳикояларини қуйидагича келтирган: “Абу Зар разияллоҳу анҳунинг битта эркак туяси бўлиб, урғочи туяларга қўшиб, ундан насл олар эди. Бу туя Абу Зар разияллоҳу анҳунинг мол-мулки ичида ўзига энг севимлиси эди. Бир куни Абу Зарнинг уйига меҳмон келиб қолди. У меҳмонга: “Мен ҳозир бандман. Сиз ўзингиз туяларим турадиган жойга бориб, энг яхшисини танлаб, олиб келинг, сўйиб, сизга зиёфат қиламиз”, деди. Меҳмон уйдан чиқиб кетди ва бир муддатдан сўнг бир ориқ туяни олиб келди. Буни кўрган Абу Зар меҳмонга: “Сиз менга хиёнат қилдингиз. Мен сизга “Туяларнинг энг яхшисини олиб келинг, деган эдим-ку!”, деди. Шунда меҳмон: “Эй Абу Зар, мен туяларнинг энг яхшиси бир эркак туянгиз эканини кўрдим. Лекин унга сизнинг бирор кун эҳтиёжингиз тушиб қолишини ўйлаб, уни қолдирдим”, деди. Унга жавобан Абу Зар разияллоҳу анҳу бундай деди: “Менинг унга муҳтож бўладиган куним – чуқурим(қабрим)га қўйиладиган кунимдир!”.
Дарҳақиқат, бу буюк саҳоба қабрга қўйиладиган кун энг буюк(хатарли) кун бўлиб, инсон бутун ҳаёти давомида унга тайёргарлик кўришига энг ҳақли кун эканини жуда яхши англаб етган зотдир.
Бу билан Саййидимиз Абу Зар разияллоҳу анҳу бизларга инофқ-эҳсон борасида ўзларининг ички малакаларига тўла гўзал бир амалий дарс бермоқдалар. Бу ишлари билан бизга бундай демоқчилар:
“Инсоннинг қўлидаги мол-давлати учта шерикнинг орасида бўлади. Биринчи шерик қадар-тақдирдир. У инсон билан маслаҳатлашиб ўтирмайди. Унинг мол-мулкини ўзи ирода қилганидек тасарруф қилиши борасида ундан бирор марта ҳам изн сўраб ўтирмайди. Хоҳлаган вақтида, хоҳлаган мусибати ёки балосини бошига юбориб, мол-мулкини кўкка совураверади.
Иккинчи шерик эса меросхўрлардир. Улар ҳам бошингни қўйишингни, қачон оёғинги узатишингга интиқтирлар. Ўлим билан руҳинг тўқнаш келиб, бошингни ерга қўйиб, дунёни тарк этиб, дунё аҳли қаторидан чиқишинг билан, молингни олиб, боши оққан томонга йўл олади. Айтадики, энди мен отам қолдирган нарсадан маза қилиб, фойдаланаман…
Учинчи шерик эса ўзинг бўласан! Агар учала шериклар орасида энг заиф ва нотавони бўлмаслик қўлингдан келса, ҳаракатингни қил, энг уларнинг энг ожизи бўлиб қолмагин, тағин! Пешона теринг билан топганинг, ҳозирда ўз қўлингда турган молингга эгалик қилишда тақдир ва меросхўрлар сендан ғолиб келишидан сақлан, кўзингни оч, ҳазир бўл! Сен мол-давлатни Аллоҳ йўлида инфоқ-эҳсон қилиш орқали улардан ғолиб бўлгин! Бўлмаса, қолган шериклар ғолиб бўлиб, олиб қўйишлари шубҳасиздир, эй ақлли зот!..”.
Дарҳақиқат бу оят тушгач, барча саҳобалар амалиётга шошилдилар. Ҳатто ўз қўлларидаги марғуб-маҳбуб нарсалари бошқаларнинг қўлига ўтиб кетди ва уларга бу ишларининг мукофоти Жаннат бўладиган бўлди. Улар аллоҳнинг бу оятини ҳақиқий маънода қалбан англаб етган эдилар…
Шунинг учун Ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло бундай дейди: “Дунёда бандалар бир-бирларини ўзаро маъруф-яхшиликлар билан тақдирлар эдилар. Бугун эса мен Жаннат билан тақдирлайман”.
Жанобимиз Абдуллоҳ ибн Умарнинг Форс миллатига мансуб бир гўзал жорияси бўлиб, уни жуда яхши кўрар эди. У зот бу оятни эшитгач, ўзига ўзи: “Аллоҳ менга берган нарсаларни орасида бу жориядан кўра менга севимлироқ бирор нарса йўқ”, деди ва уни озод қилди. У зот шу жориясини озод қилгач, унга уйланишлари ҳам мумкин эди. Лекин у зот айтдиларки: “Агар уйланишим унинг озод қилиш савобига путур етказмаганида эди, албатта, унга уйланган бўлар эди!”. Яъни у зот ояти каримада яхши кўрган нарсани инфоқ-эҳсон қилишга тарғиб қилинмоқда. Мен уни чиндан яхши кўрар эдим. Агар уни озод қилганимдан сўнг унга яна ўзим уйлансам, яхши кўрган нарсасини инфоқ қилганлар қаторидан чиқиб қолишим мумкин. Шунинг учун энди унга уйланмайман, демоқчилар.
(Буни Ҳофиз Абу Бакр Баззор роҳматуллоҳи алайҳ Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳунинг ўзларидан ривоят қилганлар).
Кейинги қаҳрамонимиз Зайд ибн Ҳориса разияллоҳу анҳу бу ояти каримани эшитгач, у ҳам шу каби реакцияга киришдилар. Унинг Сабал исмли оти бўлиб, уни қаттиқ яхши кўрар эди. У айтадики, “Эй Аллоҳнинг Расули, Сиз менинг бу отимга бўлган муҳаббатим қанчалик кучли эканини биласиз. Мен уни Аллоҳ йўлида садақа қиламан”. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ундан отини олиб, Зайднинг ўғли Усомани олиб келиб, отга миндириб қўйдилар. Зайд айтадики, “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бу ишларидан қалбимда бироз ранж туйдим ва “Эй Аллоҳнинг Расули, мен отни Аллоҳ йўлида садақа қилишни ирода қилдим. Сиз эса, уни ўғлимга миниб юриши учун бериб қўймоқдасиз”, дедим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Билиб қўй. Уни албатта, Аллоҳ сендан қабул қилди”, деб жавоб бердилар.
Албатта, Аллоҳ Ҳақ субҳанаҳу ва таоло “Яхшилик-Жаннат”ни сизнинг яхши кўрган нарсангизни инфоқ қилганингиз учун пул ва бадал сифатида беради. У зот сиз ҳақиқатда яхши кўрган нарсангизни инфоқ қилганмисиз ёки яроқсиз нарсани эҳсон қилганмисиз, буни ҳам яхши билади. Эй мўмин зот, бу борада ўзингизни алдашга уринманг! Зеро, Аллоҳ қалбнинг тубида ҳаммадан яширин бўлган сирларни ҳам билур. Шунинг учун оятнинг сўнгида “Нимани инфоқ қилсансиз, Албатта Аллоҳ уни билгувчидир“, деб огоҳ этмоқда!
Бу ояти каримада инсон нафл-ихтиёрий эҳсон-қадақа қилишида нимага эътибор бериши кераклиги меъёри баён қилинмоқда. Унга кўра, инсон инфоқ қилишда қўлидаги энг арзимас, яроқсиз нарсани эмас, балки ўзига энг маҳбуб бўлган сифатли, яроқли нарсаларидан бошқа биродарларига маълум қисмини чин кўнгилдан илиниши ва бериши лозим экани айтилмоқда. (Фарз эҳсонлар: закот, ушр каби садақаларни беришда энг афзал ва яхши кўрганини бериш эмас, балки ўртачасини бериш лозим экани ҳадиси шарифда айтилган). Зеро, оятнинг сўнгида “Нимани инфоқ қилсангиз, албатта, Аллоҳ уни билувчидир” – деб, яна бир бор энг яхши, сифатли нарсани инфоқ қилишга тарғиб этилиб, арзимас, сифатсиз нарсани инфоқ қилишнинг оқибатидан огоҳлантирилмоқда!
Инсон бировга бераётган нарсаси фаразан, ўзига берилса, шу нарсани қабул қилишда ўзини камситилгандек ҳис қилмай, хурсандлик, очиқ юзлик билан қабул қила оладиган нарса-буюм бўлиши лозим экани оят ва ҳадисларда очиқ баён қилинган:
Эй, имон келтирганлар! Ўз қўл меҳнатингиз ва Биз сизлар учун ердан чиқарган нарсаларнинг яхшиларидан эҳсон қилингиз! Ўзингиз фақат кўзингизни чирт юмибгина оладиган даражадаги ёмон нарсаларни (эҳсон қилишга) танламангиз! Шунингдек, билингизки, албатта, Аллоҳ ғаний ва мақтовга лойиқ зотдир. (Бақара. 267-оят).
Бу оятнинг тафсирида Шайх Абдулазиз мансур бундай ёзганлар:
Баъзи кишилар закот ёки садақа берадиган бўлсалар, сифатли ва марғуб молларидан эмас, балки нуқсонли ва паст навли нарсаларидан берадилар. Ваҳоланки, ўша нарсалар ўзларига берилса олмаган ёки ноиложликдан олган бўлур эдилар. Бу ояти кариманинг нозил бўлишига сабаб баъзи мусулмонларнинг ўша даврда закотга бериш учун энг паст навли хурмоларни ажратганликлари бўлган.
Аллоҳнинг ғанийлиги, яъни бой ва беҳожат экани тўғрисида қайд этилишининг сабаби Унинг бутун борлиқ ва мулкка эга экани ҳамда одамларнинг берадиган эҳсон ва садақаларига мутлақо муҳтож эмаслиги, балки қилинадиган хайр-эҳсонлар ва закоту ушрлар бандалардан олиниб яна уларнинг муҳтожларига берилишидир. Шунга кўра, халқ орасида “Берган Аллоҳга ёқибти” деган нақл ноўриндир.
Билимдон эканини эслатишидан мурод бандаларига буюрган ёки уларга тақиқлаган ишларини У билим ва ҳикмат асосида қилишини, бирор ишни беҳуда ёки бесабаб қилмаслигини эслатишдан иборатдир (Мд.).
Ўзида бўлишини яхши кўрган нарсасини биродарига илиниб туриш кишининг иймони комил эканига далолат қилиши борасида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизларнинг бирортангиз то ўзига яхши кўрган нарсасини биродарига ҳам илиниб, унда ҳам шу нарса бўлишини яхши кўргунича (комил) мўмин бўла олмайди”, деганлар.
(Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
“Тафсири Ҳаққий”да бундай дейилган: “Инсон бу дунёда яхши кўрган нарсасини ўзидан-ўзи сарфлаб юбормайди. Балки унинг ортидан унданда яхши нарсага эришишига аниқ ишонсагина сарфлайди. Демак, яхши кўрган нарсасини сарфлаб юборган киши Албатта, ҳар нарсага қодир ва ҳар ишни билувчи Яратувчининг ҳамда қайта тирилиш, ҳисоб-китоб, ажр-мукофот олиш, яхшилик қилган ҳам, ёмонлик қилган ҳам, бу ишининг натижасини албатта, бир кун кўриши борлигига ишонганидан бу ишни қилади. Бу инсон динда мақталган барча гўзал хислатларни ўзида мужассам қилган киши бўлади. Лекин бу оят яхши кўрган нарсасини инфоқ-эҳсон қилган киши гарчи бошқа буюрилган тоат-ибодатларни қилмаса ҳам буюк ажр-савобни олаверади, деган маънони билдирмайди…”.
Манбалар асосида “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси мудири Баҳодиржон Баҳромжон ўғли тайёрлади.
[1]. Бу сўз баракалла, балли, яша, отангга раҳмат каби маъноларда ишлатилади.