Маълумки, Мустақиллигимизнинг илк йиллариданоқ мамлакатимиз мудофаасини кучайтириш масаласи давлатимиз сиёсатининг энг муҳим устувор йўналишларидан бири сифатида белгилаб олинди. 1991 йил 6 сентябрдаги Мудофаа ишлари вазирлигини ташкил этиш тўғрисидаги Фармон билан бу борадаги ишларга тамал тоши қўйилди. Кейинчалик Мудофаа ишлари вазирлигига айлантирилди.
1992 йил 14 январь куни эса мустақил давлатимиз тарихида яна бир муҳим тадбирга қўл урилди. Республика Олий Кенгашининг “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган ҳарбий қисмлар ва ҳарбий ўқув муассасалари тўғрисида”ги қонуни билан мамлакатимиз ҳудудидаги барча ҳарбий тузилмалар мустақил Ўзбекистон тасарруфига ўтказилди. Давлатимиз раҳбари ташаббусига асосан қабул қилинган мазкур ҳужжат армиямизни ислоҳ қилишнинг узоқ муддатли дастури ишлаб чиқилишига йўл очди.
1993 йилнинг 29 декабрида Ўзбекистон Республикаси Қонунига биноан “14 январь — Ватан ҳимоячилари куни” деб эълон қилинди.
Албатта, Ватанни ҳимоя қилиш барча учун муқаддас бурч ҳисобланади. Бу бурчни адо этишда юртимизнинг ҳимоячилари бўлган миллий армиямиз ва барча ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари томонидан ҳалқимизнинг тинч ва осойишта ҳаётини таъминлашда олиб бораётган хизматини муносиб баҳолаш ҳамда уларга зарур шарт-шароит яратиш масалалари ҳам давлатимиз сиёсатининг муҳим йўналишларидан ҳисобланади.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Армия ва халқ – бир тану бир жон!” деган олижаноб ғоя ва амалий ҳаракат барча бўғиндаги ҳокимият ва бошқарув идоралари, маҳалла, ёшлар, хотин-қизлар, нуронийлар ташкилотлари, таълим-тарбия муассасалари фаолиятини, кенг жамоатчилик ҳаётини қамраб олмоқда. Бу эса Ватан ҳимояси чиндан ҳам барчамизнинг нафақат вазифамиз, балки шарафли бурчимизга айланиб бораётганидан яққол далолат беради”, деб айтган гапларида ҳам Қуролли Кучларимизнинг халқ билан ҳар қачонгидан ҳам яқинлигини англашимиз мумкин.
Бугунги кунда дунёнинг турли жойларида кескин тус олаётган вазиятда, халқаро терроризм, экстремизм ва радикализм хавф-хатарлари барчамизни огоҳ бўлишга чақиради ва Қуролли Кучларимиздан эса юқори даражадаги жанговар қобилиятни мустаҳкамлашни талаб этади. Сўнгги йилларда давлатимизда ҳарбий-сиёсий масалаларда ҳам тубдан ислоҳотлар амалга оширилиб, миллий армиямиз ҳар қандай таҳдидларга муносиб зарба берадиган жанговор қудрати йилдан йилга ошиб бормоқда.
Бундан ташқари, ҳар бир ҳарбий хизматчининг билими, малакаси ҳамда руҳий тайёргарлиги оширилиб борилмоқда. Уларнинг оилаларига муносиб шароитлар яратиш мақсадида имтиёзли кредитлар асосида кўп қаватли уйлар, фарзандларини олий таълим муассасаларига давлат гранди асосида ўқишга қабул қилиш, ҳарбий шаҳарчаларни обод қилиш ҳамда замонавий инфратузилма барпо этиш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
14 январь куни эса мамлакатимизда фақатгина ҳарбийларимизгина эмас, балки барча юртдошларимиз ҳам тинчлик ва осойишталик байрами куни сифатида кенг нишонлашмоқда.
Бугунги кунда ҳаётнинг ўзи Қуролли Кучларни бошқариш, режалаштириш ва қўллаш тизимида замонавий ахборот-коммуникация технологиялардан кенг фойдаланиш, бошқарувнинг информацион воситалари ва ҳарбий алоқа тизимларини уйғунлаштиришни, Қуролли Кучларимиз ахборот-коммуникацияларининг рақамли ягона тармоғини яратишни тақозо этмоқда. Миллий армиямизни босқичма-босқич ва тизимли равишда шакллантиришда, аввало, Ўзбекистон Республикасининг минтақамизда ва ҳозирги дунёда тутган геостратегик ва геосиёсий ўрнини, мамлакатимиз ҳавфсизлигига қарши қаратилган жиддий ички ва ташқи таҳдид ва хатарларни, айниқса, кучайиб ва фаоллашиб бораётган халқаро террорчилик, экстремизм, тобора кўлами кенгайиб бораётган наркоагрессия, оммавий қирғин қуролларининг тарқалиши каби бало-қазоларни ҳисобга олган ҳолда иш тутдик. Армиямиз жаҳон ҳарбий қурилишининг энг илғор тажрибаларини ўзида мужассам этган бўлиб, айни пайтда миллий жанговар анъаналаримизни юксак садоқат билан давом эттирмоқда, шу билан бирга, минтақамизда рўй бериш эҳтимоли мавжуд бўлган ҳарбий ҳаракатлар ва жанговар амалиётлар ҳам ҳар томонлама эътиборга олинмоқда. Ҳарбий ўқув юртларимиздаги таълим тизими тубдан ўзгармоқда, уларда бўлғуси офицерларни тайёрлаш ва тарбиялаш ҳозирги замон талабларига тўла мос келадиган, принципиал жиҳатдан мутлақо янги бўлган ўқув-техник ва маънавий-аҳлоқий асосда йўлга қўйилган. Армия сафларига, авваломбор, мустақил ва суверен Ўзбекистонимизга хизмат қилиш, унинг манфаатлари ва сарҳадларини, халқимизнинг тинч ва осуда ҳаётини ҳимоя этишга азму қарор қилган мард ва фидойи, интеллектуал жиҳатдан тарбия топган етук кадрлар келади.
Ўтган давр мобайнида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳатлар туфайли юртимиз хавфсизлигини, сарҳадларимиз даҳлсизлигини ишончли ҳимоя қилишга, аҳолимизнинг тинч ва осуда ҳаётига қарши қаратилган ҳар қандай ғаразли уринишларнинг олдини олишга қодир бўлган, ихчам, тезкор, ташкилий жиҳатдан мукаммал, замонавий қурол-яроғ ва ҳарбий техника билан таъминланган миллий армиямиз шакллантирилди.
Ватан остонадан, инсон яшаб нафас олиб турган гўшадан, инсоннинг киндик қони тўкилган хонадон тупроғидан бошланади. Шу боис, инсон илк бор нафас олиб, улғайиб вояга етган она заминга меҳр-муҳаббат ва садоқатда бўлиши, унинг ҳар бир ҳовуч муқаддас тупроғини кўзига тўтиёдек суртиши, унга нисбатан бир умр фарзандлик ҳисси билан яшаши унинг учун ҳам фарз, ҳам қарздир. Ватанимиз тупроғидаги ҳар бир қарич ер муқаддас ҳисобланади. Шунинг учун аждодларимиз юрт тупроғини кўзларига тўтиё этганлар, қаерга борса ҳам ватан ёди билан нафас олганлар. Юртимиз инсонлари Ватанимиздан ташқарида бахт-саодатга эриша олмайдилар. Ҳар бир инсоннинг ўз Ватани унинг учун дунёдаги энг гўзал ва муқаддас макондир. Ватанга меҳр-муҳабати бўлмаган инсонни ота-онасига меҳри бор десалар бунга ишониб бўлмайди. Она Ватанимизга садоқатли бўлиш, аждодлар меросига қизиқиш, миллий маънавиятдан бахрамандлик, ўзига ишонч, келажак олдида маъсуллик туйғуларини тарбиялайди. Таълим муассасаларида “Ватан ҳимоячилари куни” тадбирларини ўтказишнинг мазмун-моҳияти шундан иборатки, ўқувчилардан Республикамиз Қуролли Кучларининг салоҳияти ва обрўси, мамлакатимиз мустақиллиги ҳамда худудий яхлитлиги, халқимизнинг тинч ҳаётини ва мустақилликни мустаҳкамлаш йўлидаги бунёдкорлик меҳнатини ҳимоя қилиш, ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялашдаги аҳамиятини кенг ёритиб бериш, уларни ўз Ватанига содиқ ва фидоий инсонлар этиб тарбиялаш барча таълим муассасаларининг педагогик жамоасининг энг муҳим вазифаларидан бирига айланган. Бугунги кунда ўқувчи ёшларда Ватан равнақи, юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги, комил инсон, ижтимиой ҳамкорлик каби миллий ғояларнинг асосий йўналишларини шакллантириш, бу таълим муассасаларидаги маънавий-маърифий ишларни янада такомиллаштириш анъанага айланиб бормоқда. Ёшларни ҳарбий хизматга кузатиш маросимларини тантанали ўтказиш ҳам ватанпарварлик тизимига киради. Ватанимиз, халқимиз тинчлиги ва осойишталигини ишончли ҳимоя қилиш, бугунги кунда ҳар бир йигит қизнинг орзуси ва бурчига айланиб бормоқда.
Бугунги ёшларимиз мустақил Ватанимизнинг посбонларидир. Биз навқирон авлод вакилларини баркамол, етук кишилар қилиб вояга етказсак, уларнинг ҳар бирида ор-номус, миллий ғурурни изчил шакллантириб борсак, Ватанимиз шунчалик қудратли давлатга айланади.Она Ватанни, халқимиз тинчлиги ва осойишталигини ишончли ҳимоя қилиш, ватанпарвар бўлиш, содиқлик, фидойилик туйғуларини хис этиб яшаётган ёшларимиз мустақил юртимизнинг келажагидир. Биз қўлга киритган бундай ютуқлар билан муқаддас юртимизда яшаётган, миллати, дини ва эътиқодидан қатъи назар, ҳар бир инсон ҳақли равишда фахрланса арзийди.
Юртимиз Ўзбекистонда Ватан ҳимояси каби улуғвор ишга ўзини бағишлаган ҳарбийларимиз катта ҳурмат ва эъзоз билан қадрланиб, ҳар йили “14 январь – Ватан ҳимоячилари куни” катта байрам ва шодиёна билан ўтказилади.
Бу каби эътибор ва эътироф масъулиятли касб эгаларининг Ватан олдидаги хизматларини юқори баҳоланишини намоён этиб, уларнинг келгусидаги фаолиятига ҳам куч-қувват, шижоат ва албатта садоқат бағишлайди.
“Тиллар” кафедраси катта ўқитувчиси
Ерназаров Фахриддин