islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

1200 йил аввал мусулмон олими томонидан ёзилган Давлат бюджети тўғрисидаги қонун

Абу Убайд ал-Қосим ибн Салом милодий 770 йилда туғилган. Ҳирот шаҳрида ислом илмлари бўйича бошланғич таълимни олган. Кейин Куфа, Басра ва Бағдодда ўқишни давом эттирди.

Ўқишни якунлагандан сўнг ҳадис, фиқҳ, араб тили, араб грамматикаси ва адабиёти каби ислом илмларидан чуқур билим олди. Ватанига қайтгач, ҳозирги Туркиянинг Тарсус шаҳрида қози лавозимига тайинланади ва бу лавозимда 18 йил хизмат қилди.

 828 йилда у Мисрга сафар қилиб, кейин Бағдодга қайтиб ўз китобларидан талабаларга дарс беради. Умрининг охирида ҳажга боради ва 839 йилда Маккада вафот этади.

Абу Убайд фиқҳ ва ҳадис илмида етук олим эди. Қолаверса, араб тили грамматикаси бўйича ҳам чуқур билимга эга эди. Олим ўз билимларини 20 дан ортиқ турли асарларда ёзиб баён қилди.

Абу Убайднинг араб тилига оид асарлари ал-Жоҳиздек буюк олимнинг юксак мақтовига сазовор бўлиб, у ҳақида: “Ҳеч ким Абу Убайддан кўра ишончли ва фойдалироқ асар ёзмаган”, деган эди. Унинг “ал-Ғариб ал-мусаннаф” номли муфассал асари ҳадис илми ривожини янги босқич олиб чиқди.

Ислом иқтисодига оид энг қадимги асарлар ичида Абу Убайднинг асарлари хронологик жиҳатдан Абу Юсуф ва Яҳё ибн Адам асарларидан кейин учинчи ўринда туради.

Ундан олдин ўтган олимлар ислом ҳуқуқи билан боғлиқ масалаларни ёритган бўлса, Абу Убайд эса, давлатлараро муносабатларни тартибга солувчи халқаро ҳуқуқ билан шуғулланди. Абу Убайднинг иши кўпроқ мусулмон давлатининг иқтисодига боғлиқ эди.

У давлат ва халқнинг ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳамда Ислом иқтисодиёти доирасидаги мажбуриятларига урғу беради. У Байтул мол, давлат ғазнаси муассасаси ва унда тўпланган даромадларни қандай тақсимлаш кераклиги ҳақида сўз юритади.

Абу Убайд ўз асарида Давлат бюджети, унинг асослари ва тартиб-қоидалари ҳақидаги қонун ва ҳукмларни баён қилди. Байтулмол ягона жамғариладиган омбор бўлиб, ундаги асосий молиявий манбаларни бошқариш ҳуқуқи даромад ва харажат нуқтаи назаридан давлатнинг зиммасидаги вазифа эканлигини таъкидлайди.

У ўзининг “Китобул амвал” асарида ўлжалар, хумс – ҳар хил турдаги ўлжалардан олинадиган даромаднинг бешдан бир қисми, жизя (ғайримусулмонлардан олинадиган жон солиғи) ва хирож – мусулмон юртларидан олинадиган ер солиқ масалаларини кўриб чиқади. Шунингдек, асарда ушр ва хирож ўртасидаги фарқни, шунингдек мусулмонлар қачон ва қанча тўлаши кераклигини тушунтиради. Охирги қисмда закот ва садақани тўлаш ва тақсимлаш усуллари ҳақида сўз боради. “Садақа” бобида етимларнинг мол-мулки ва бошқа тегишли масалалар муҳокама қилинади.

Тошкент ислом институти Ҳадис ва ислом тарихи фанлари

кафедраси катта ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев

273380cookie-check1200 йил аввал мусулмон олими томонидан ёзилган Давлат бюджети тўғрисидаги қонун

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: