islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Қуръони Каримнинг васфи.

عَنِ الْحَارِثِ الأَعْوَرِ قَالَ: مَرَرْتُ فِي الْمَسْجِدِ فَإِذَا النَّاسُ يَخُوضُونَ فِي الأَحَادِيثِ فَدَخَلْتُ عَلَى عَلِيٍّ فَقُلْتُ: يَا أَمِيرَ الْمُؤْمِنِينَ أَلاَ تَرَى أَنَّ النَّاسَ قَدْ خَاضُوا فِي الأَحَادِيثِ قَالَ: وَقَدْ فَعَلُوهَا؟ قُلْتُ: نَعَمْ قَالَ: أَمَا إِنِّي قَدْ سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ يَقُولُ: أَلاَ إِنَّهَا سَتَكُونُ فِتْنَةٌ فَقُلْتُ: مَا الْمَخْرَجُ مِنْهَا يَا رَسُولَ اللهِ؟ قَالَ: كِتَابُ اللهِ فِيهِ نَبَأُ مَا كَانَ قَبْلَكُمْ وَخَبَرُ مَا بَعْدَكُمْ وَحُكْمُ مَا بَيْنَكُمْ هُوَ الْفَصْلُ لَيْسَ بِالْهَزْلِ مَنْ تَرَكَهُ مِنْ جَبَّارٍ قَصَمَهُ اللهُ وَمَنِ ابْتَغَى الْهُدَى فِي غَيْرِهِ أَضَلَّهُ اللهُ وَهُوَ حَبْلُ اللهِ الْمَتِينُ وَهُوَ الذِّكْرُ الْحَكِيمُ وَهُوَ الصِّرَاطُ الْمُسْتَقِيمُ هُوَ الَّذِي لاَ تَزِيغُ بِهِ الأَهْوَاءُ وَلاَ تَلْتَبِسُ بِهِ الأَلْسِنَةُ وَلاَ يَشْبَعُ مِنْهُ الْعُلَمَاءُ وَلاَ يَخْلَقُ عَلَى كَثْرَةِ الرَّدِّ وَلاَ تَنْقَضِي عَجَائِبُهُ هُوَ الَّذِي لَمْ تَنْتَهِ الْجِنُّ إِذْ سَمِعَتْهُ حَتَّى قَالُوا (إِنَّا سَمِعْنَا قُرْآنًا عَجَبًا يَهْدِي إِلَى الرُّشْدِ( مَنْ قَالَ بِهِ صَدَقَ وَمَنْ عَمِلَ بِهِ أُجِرَ وَمَنْ حَكَمَ بِهِ عَدَلَ وَمَنْ دَعَا إِلَيْهِ هُدِى إِلَى صِرَاطٍ مُسْتَقِيمٍ خُذْهَا إِلَيْكَ يَا أَعْوَرُ.
Ҳорис ал-Аъвар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Масжиддан ўтдим. Қарасам, одамлар турли гапларга шўнғишмоқда. Шунда Али розияллоҳу анҳунинг олдиларига кириб:
«Эй амирал муъминин, кўрмайсизми, одамлар турли гапларга шўнғибдилар», дедим.
«Дарҳақиқат, шуни қилибдиларми?» дедилар у киши.
«Ҳа», дедим. У киши қуйидагиларни айтдилар:
«Аммо мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:
«Огоҳ бўлингизким, албатта, фитна бўлур!» деганларини эшитдим.
Шунда:
«Ундан чиқиш нима билан бўлур, эй Аллоҳнинг Расули?» дедим.
«Аллоҳнинг китоби ила. Унда сиздан олдин бўлган нарсаларнинг ахбори ва сиздан кейинги нарсаларнинг хабари ва сизнинг орангиздаги нарсаларнинг ҳукми бор.
У фосил қилувчидир, ҳазл эмасдир.
Ким бир жаббордан қўрқиб, уни тарк қилса, Аллоҳ унинг умуртқасини синдирур.
Ким ундан бошқадан ҳидоят изласа, Аллоҳ уни залолатга кетказур.
У Аллоҳнинг метин арқонидир.
У ҳикматли зикрдир.
У сиротул мустақиймдир.
У – унинг ила ҳавои нафслар тоймайдиган,
У – унинг ила тиллар тутилмайдиган,
У – уламолар ундан тўймайдиган,
У – кўп тарқалиш билан эскирмайдиган ва ажойиблари тугамайдиган нарса.
У – жинлар Уни эшитишлари билан дарҳол «Албатта, биз ажиб Қуръонни эшитдик, у рушдга ҳидоят қилур», деган нарса.
Ким у билан гапирса, содиқ бўлур.
Ким унга амал қилса, ажр олур.
Ким унинг ила ҳукм қилса, адолат қилур.
Ким унинг ила даъват қилса, сиротул мустақиймга ҳидоят қилинур.
Мана буларни олгин, эй Аъвар», дедилар».
Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу айтиб берган бу ҳадиси шарифда Қуръони Каримнинг васфи батафсил баён қилинмоқда.
Ушбу ҳадисда севикли Пайғамбаримиз, йўлбошчимиз ва шафоатчимиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз замонларидан кейинги даврларда фитна чиқишидан умматларини огоҳлантирмоқдалар.
Ҳазрати Алидек улуғ зот ва олим саҳобий эса, одамларнинг масжидда ўтириб олиб турли гапларга шўнғишларини ўша, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам огоҳлантирган фитна, деб тушунтирмоқдалар.
Энди ўша ҳолат билан бизнинг ҳолатимизни солиштириб кўрайлик. Биздаги фитна ҳазрати Али розияллоҳу анҳу хавф қилган фитнадан юз миллион марта ортиқ эмасми?!
Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан фитна ҳақидаги огоҳлантиришни эшитишлари билан ўша фитнадан чиқиш йўлини сўрадилар. У киши бир марта муҳтож бўлсалар, бугунги кунда сиз билан биз бу йўлга юз миллион марта муҳтожмиз .
Келажакда мусулмонлар фитнага учрашидан огоҳлантирган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша фитнадан чиқиш йўлини ҳам кўрсатиб бердилар. Ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг:
«Ундан чиқиш нима билан бўлур, эй Аллоҳнинг Расули?» деган саволига

«Аллоҳнинг китоби ила», деб жавоб бердилар.
Бугунги кунда мусулмонлар фитнага учраганлари шубҳасиз. Ҳа, бугун мусулмонлар ўзларининг узоқ тарихларида ҳеч учрамаган фитнага учраб турибдилар. Бугунги кун мусулмонлари иймону эътиқод, дину диёнат, Қуръону шариатдан мисли кўрилмаган даража узоқлашиб турибдилар.
Улар ададлари кўп бўлишларига қарамай, ер юзининг бирор нуқтасида Аллоҳ уларга ишониб топширган омонатни уддалай олмаяптилар. Заминнинг бирор парчасида Аллоҳнинг шариатини Аллоҳ айтганидек қоим қила олмаяптилар.
Дунёнинг ҳаммасини ҳидоятга бошлаб, етакчилик қилиши лозим бўлган мусулмонлар хору зор бўлиб, ҳаммадан кейин қолиб, бировларнинг етовида юрибдилар.
Гапнинг қисқаси, мусулмонлар ҳар томонлама фитнага учраганлар. Улар ушбу фитнадан қутулиб чиқмоқлари лозим. Фитнадан чиқиш эса, Аллоҳнинг севикли Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадиси шарифларида таъкидлаганларидек, фақатгина Аллоҳнинг китоби ила бўлади.
Ҳа, бу улкан фитнадан чиқиш учун барча мусулмонлар биргаликда Аллоҳнинг китоби Қуръони Каримга қайтишлари, уни маҳкам тутишлари лозим.
Бунинг учун эса Қуръони Каримга бўлган иймонни мустаҳкамлаш, унинг ҳар бир ҳарфини қунт билан ўрганиш, энг муҳими, Қуръонга тўлалигича оғишмай амал қилиш лозим. Ана шундагина фитнадан чиқиб, саодат йўлини топиш ва олий мақсадга эришиш мумкин.
Ҳа, мусулмонлар Қуръони Каримга тўлалигича оғишмай амал қилсаларгина ўзларининг олий мақсадларига эришишлари, бугунги фитнадан чиқишлари мумкин.
Мусулмонларнинг Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уларга қилган тавсиялари шу. У зот нима учун Қуръони Карим фитнадан чиқиш йўли бўлишини ҳам батафсил баён қилиб, шарҳлаб тушунтириб бермоқдалар. У зот ўз умматларига бу ҳақда қуйидагиларни айтмоқдалар:
1. «Унда сиздан олдин бўлган нарсаларнинг ахбори» бор.
Ҳа, Қуръони Каримда мусулмон уммати, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам умматидан олдинги ўтган нарсаларнинг хабарлари бор. Бўлганда ҳам энг ишончли, энг тўғри, энг ибратли хабарлар бор.
Мусулмонлар Қуръони Каримдаги ўша ўзларидан олдин бўлган нарсаларнинг ахборини ўқиб, ўрганиб, улардан ибрат олишлари матлуб.
Мазкур ахборларда ким кофир, фосиқ, мушрик, осий, мунофиқ, саркаш бўлса, ҳалокатга учраши ҳақида сўз юритилади. Мусулмонлар улардан ибрат олиб, ўша ҳалокатга учраганларнинг қилмишларидан бирортасининг ҳам яқинига йўламасликлари лозим.
Мазкур ахборларда Аллоҳга, У зот юборган Пайғамбарларга, У зот нозил қилган китобларга иймон келтириб, У зот жорий қилган шариатларга амал қилганлар икки дунё бахту саодатига эришганлари таъкидланади.
Мўмин-мусулмонлар бу ҳақиқатлардан ибрат олиб, Аллоҳга, У зотнинг охирги Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга, Роббил оламийннинг охирги ва абадий китоби Қуръонга бўлган иймонларини мустаҳкамлашлари ва сўнгги, мукаммал, баркамол илоҳий шариат Исломга тўла-тўкис амал қилмоқлари лозим.
Қуръони Каримдаги биздан олдин бўлган нарсаларнинг ахборида иймон йўли осон эмаслиги, у йўлга поёндоз тўшалиб, гуллар сочилиб қўйилмаганлиги, балки бу йўл ҳавойи нафснинг, бу дунё муҳаббатининг, кофир, мушрик, мунофиқ ва бошқа дину диёнат душманларининг қаршилигини, турли тўсиқ ва машаққатларини енгиб ўтиш йўли эканлиги таъкидланади.
Сиз билан биз мазкур ахборлардан ҳам ибрат олишимиз лозим. Иймон-эътиқод, дину диёнат ва шариат татбиқи йўлидаги учрашимиз лозим бўлган ҳар бир қийинчиликларга ҳам тайёр бўлмоғимиз лозим.
Биз ибрат оладиган ўтмиш қиссаларини ўтмишнинг, ҳозирнинг ҳамда келажакнинг эгаси Аллоҳ таолонинг Ўзи айтиб берган. Биздан бошқалар ўтмиш қиссаларидан ибрат оламан деса, ёлғон-яшиқ, бидъат-хурофот, турли афсона ва дийдиёларга дучор бўладилар.
Ҳозирги кунда Инжил ва Таврот номли илоҳий китобга эга эканликларини, уларда ҳам олдин бўлган нарсаларнинг ахбори борлигини даъво қилаётганлар бор.
Аммо, ҳозирги Инжил ва Тавротлар Аллоҳдан қандоқ нозил бўлган бўлса, ўшандоқ ҳолида эмас, уларда кўплаб бузилишлар бўлиб, асли илоҳийлик ҳоллари қолмаган.

Айниқса, айнан ўтмишда бўлиб ўтган ҳодисаларга тааллуқли жойларида кўп бузилишлар бор.
Шунинг учун ҳам ўтмишдаги тарихий ҳодисаларни илмий асосда ўрганиб, Таврот, Инжил ва Қуръонга солиштириб чиққан ғарблик олимлар Таврот ва Инжилнинг бузилганини тушуниб етиб, улардан юз ўгириб, Қуръонга иймон келтирмоқдалар.
Маълумки, Қуръони Каримдаги бор нарсалар фақат олдин ўтган Пайғамбарлар ва уларнинг қавмлари қиссасидан иборат эмас.
Мазкур ахборлар ичида Аллоҳ таоло бутун борлиқни, бутун мавжудотларни яратгани, Одамни Ўз қўли билан яратиб, уни Ўзининг ер юзидаги халифаси қилиб қўйгани, Одамдан унинг жуфтини яратгани, Одам алайҳиссалом билан Шайтон алайҳилаъна орасида бўлиб ўтган можаролар ва яна бошқа кўпгина нарсалар ҳам бор.
2. «Унда сиздан кейинги нарсаларнинг хабари» бор.
Қуръони Каримдаги биздан–уммати Муҳаммадиядан кейинги нарсалар хабари қиёмат қоим бўлиши, ҳамма ўлганлар қайта тирилиши, маҳшарга тўпланиши, бу дунёда қилган ишлари заррача ҳам қолдирилмай, ҳисоб-китоб қилиниши, иймон келтириб, солиҳ амаллар қилганлар хурсанд, куфр келтирган ва фисқу фужур қилганлар хафа бўлиши, мезон, кўприк, жаннат ва
дўзах ҳамда шунга ўхшаш бошқа хабарлардир.
Бу хабарларга иймон келтириш мўмин-мусулмон учун иймоннинг арконларидан бир рукндир. Мазкур хабарларни Қуръони Каримда зикр қилиниши, уларни иймон рукнларидан бирига айлантирилишидан мақсад кишиларни Исломга чақиришдир.
Аллоҳнинг каломидан қиёмат ва унга тегишли нарсалар ҳақида маълумот олган, унга иймон келтирган киши ўша кунга тайёргарлик кўриб яшашга ўтади. Мўмин ҳолида Аллоҳ буюрган ҳамма нарсаларга оғишмай амал қилади ва Аллоҳ қайтарган ҳамма нарсалардан қайтади.
3. «ва сизнинг орангиздаги нарсаларнинг ҳукми бор».
Ҳа, Қуръони Каримда барча нарсаларнинг ҳукми бордир. Ўша нарсалар ҳақида ҳукмнинг йўл-йўриқлари, қонун-қоидалари бордир.
Мўмин-мусулмон ўз ҳаётининг ҳар бир соҳасида, каттаю кичик ҳар бир ишида фақатгина Ислом шариати ҳукми билан иш тутмоғи ҳам фарз, ҳам қарз.
Мўмин-мусулмонлик даъвосини қилиб туриб ўз ҳаётидаги бирор нарсада Исломнинг ҳукмидан бошқанинг ҳукми билан иш тутмоқ мутлақо мумкин эмас. Бу нафақат шариатга, Қуръонга ва Суннатга, балки соғлом ақлга ҳам тўғри келмайди.
Хўш, айтинг-чи, ҳар бир мўмин-мусулмон ўзининг ҳар бир ишини муқаддас динимиз ҳукмига мос қилиши лозиму лобуд экан, бу мақсадга эришиш учун энг аввал нима қилиш керак? Албатта, аввало ўша ҳукмларни ўрганиш керак.
4. «У фосил қилувчидир, ҳазл эмасдир».
Ҳа, содиқул масдуқ сифати соҳиби бўлмиш, Муҳаммад ал-Содиқ лақабини олмиш ростгўй Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бу қавлларида ҳам содиқ-ростгўйдирлар.
Зотан, Роббул оламийннинг Ўзи ҳам Ториқ сурасида Каломи Шарифни васф қила туриб:
«Иннаҳу лақовлун фасл ва маа ҳува билҳазл», яъни «Албатта, у фосил қилувчи қавлдир, У ҳазл эмасдир», деб марҳамат қилган.
Қуръони Каримнинг фосил қилувчилиги–ажратувчилиги ҳақиқийдир. У ҳар бир нарсани ажратиб-ажратиб кўрсатиб берган. Жумладан, ҳақни ботилдан, яхшини ёмондан, фойдани зарардан, ҳалолни ҳаромдан, савобни гуноҳдан, мўминни кофирдан, мухлисни мунофиқдан ажратиб қўйган. Ана ўша ажримларни, оддий ажрим эмас, илоҳий–Қуръоний ажримларни билиб олишимиз учун Қуръони Каримни яхшилаб, зеҳн ва ихлос ила ўрганмоғимиз зарурдир.
Ҳа, Қуръон ҳазил эмас, Унда бирорта ҳам бефойда, каммаъно, ҳикматсиз сўз йўқ. Қуръони Каримдаги ҳар бир сўз ўта жиддий, ўта фойдали, ўта пурмаъно ва ўта ҳикматлидир. Биз Аллоҳнинг каломини ўрганар эканмиз, ушбу ҳақиқатларни ҳам доимо ёдимизда тутмоғимиз лозимдир. Ана шунда ўрганаётган нарсамизнинг қадр-қийматини ўз жойига қўйган бўламиз.
5. «Ким бир жаббордан қўрқиб, уни тарк қилса, Аллоҳ унинг умуртқасини синдиради».
Яъни, ким бирор томоннинг жабру зулмидан қўрқиб Қуръони Каримни тарк қилса, Аллоҳ таоло ўша Қуръонни тарк қилувчининг умуртқа поғонасини синдириб, ҳеч нарсага ярамай, қимирлай олмасдан ётадиган қилиб қўяди.

Бу гап албатта, мажозий маънодаги гапдир. Бирор жаббордан қўрқиб Қуръонни тарк қилганларнинг белларидаги умуртқа суяклари синиб ётиб қолмайдилар. Балки улар бу дунёю у дунё ишларида уларни тўғри йўлга бошлаб, белларига қувват бўладиган омилдан ажраган бўладилар.
Майда-чуйда нарсаларни гапириб ўтирмасдан, кўз ўнгимиздаги оламшумул миқёсдаги ҳолатни олайлик. Қуръони Каримга амал қилиб бутун дунёга раҳбарлик қилаётган мусулмон уммати аста-секин Қуръон таълимотларидан узоқлашиш оқибатида ўз мавқеини йўқотди. Кейин эса турли жабборлардан, хусусан, ғарблик мустамлакачи жабборлардан қўрқиб, Қуръонни тарк этди.
Шунинг учун Аллоҳ таоло бу умматни жиноятига муносиб равишда жазолаб, умуртқа поғонасини синдирди. Шундан буён бу уммат осмонга қараганича кўзини мўлтиратиб қимирлай олмай ётибди.
Бу умматнинг сони кўп, бойликлари кўп, дунёнинг энг қулай ва энг бой ерларига жойлашган, лекин бойликларини бошқалар ташиб кетмоқда. У эса ҳеч нарса қила олмай ётибди. Хўш, бу оғир дарднинг давоси борми?
Ислом уммати қандоқ қилиб ўз умуртқа поғонасини қайта ишга тушира олади?
Жавоб битта. Буларнинг ҳаммаси Қуръон билан тузалади. Шунинг учун, азиз ўқувчи, Қуръонни яхшироқ ўрганмоғимиз лозим.
6. «Ким ундан бошқадан ҳидоят изласа, Аллоҳ уни залолатга кетказади».
Қуръони Карим бандаларни икки дунё сао-датига бошловчи илоҳий ҳидоятдир. Аллоҳ тао-лонинг Ўзи бир қанча оятларда Қуръон барча оламлар учун ҳидоят эканлигини қайта-қайта таъкидлаб айтган. Буни бошқалар билмаса ҳам мусулмонлар яхши билади.
7. «У Аллоҳнинг метин арқонидир».
Инсон ҳаётнинг асов дарёсидан нажот қирғоғига эсон-омон чиқиб олмоғи учун бирор арқонга осилмоғи лозим. Ана ўша нажот арқони Аллоҳ таолонинг метин арқонидир. Бу метин арқон ҳеч қачон узилмайди, ҳеч қачон панд бермайди.
Ким унга осилса, ҳаёт дарёсининг ҳар қандай асовлигидан, хавф-хатаридан ўтиб, нажот қирғоғига эсон-омон чиқиши турган гап. Аллоҳнинг метин арқонидан бошқа ҳеч бир арқон ҳеч кимни нажот қирғоғига олиб чиқа олмаслиги ҳам турган гап.
Модомики, нажот қирғоғига эсон-омон чиқиб олиш ниятимиз бор экан, Аллоҳнинг метин арқони–Қуръони Каримни маҳкам тутайлик. Уни маҳкам тутишлик учун эса яхшилаб ўрганайлик.
8. «У ҳикматли зикрдир».
«Ҳикмат»нинг маъноси, ҳар бир нарсани ўз жойига қўйиш, баён қилишдир. «Зикр» эса эслатма маъносидадир.
Қуръони Карим Аллоҳ таоло томонидан жорий қилинган «ҳикматли зикр»дир.
Ундаги зикрнинг ҳаммаси ўта ҳикматлидир. Одамлар бу дунёда ҳикматга эҳтиёжли бўлиб юрадилар. Ҳикматли сўзларни ўрганиб, ёдлаб, яна бошқа ишлар ҳам қилиб юрадилар. Улар ана ўша ҳикматларни ўзларига, ўзгаларга эслатма бўлишини, ҳаётдаги ишларида йўл кўрсатувчи, танбеҳ берувчи бўлишини хоҳлайдилар.
Биз мусулмонлар нақадар бахтлимиз, ана ўша юқорида зикр қилинган ҳолатлар учун бизга Роббил оламийннинг Ўзи ҳикматли зикрни тушириб қўйибди.
Албатта, Аллоҳ таолонинг ҳикмати ила бандаларнинг ҳикмати орасида Аллоҳ билан бандачалик фарқ бор.
Қани Қуръоний ҳикматлар билан танишишга муштоқлар?
Қуръондаги ҳикматлар мисли йўқ ҳикматлардир.
Қуръондаги ҳикматлар илоҳий ҳикматлардир.
Қуръони Карим бошдан-оёқ ҳикматли зикрга тўладир.
Зотан Қуръони Каримнинг номларидан бири Қуръони Ҳакиймдир.
Қуръони Каримнинг номларидан яна бири Зикрдир.
Маҳбуб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадиси шарифларида Қуръони Каримни «Ҳикматли зикр» деб номлабдилар.
Дунёдаги энг яхши ҳикматларни ўрганай, улардан ўрнак олай, уларга амал қилай, деган одам бўлса, Қуръони Каримни яхшилаб ўргансин.
Дунёдаги энг яхши эслатмани ўрганай, ундан ўрнак олай, унга амал қилай, деган одам бўлса, Қуръони Каримни ўргансин.
9. «У сиротул мустақиймдир».
Ҳа, Қуръони Карим–сиротул мустақийм–энг тўғри йўл.
У Аллоҳ таолонинг тўғри йўлидир.
Ҳар бир банда мақсадга эришиш учун сиротул мустақиймга муҳтождир.
Сиротул мустақиймсиз ҳеч ким мақсадга эриша олмайди.

Сиротул мустақиймда юрмаган одам нотўғри йўлдан юриб адашади, кўзлаган манзилга ета олмай, ҳалокатга учрайди.
Сиротул мустақиймга юрмаган одам нотекис йўлдан юриб, қоқилади, йиқилади, бурни қонайди, бўйни синади, кўзлаган манзилига ета олмай, сарсон-саргардон бўлиб ҳалок бўлади.
Шунинг учун ҳам ҳар бир банда ўзи учун сиротул мустақиймни излайди. Биз мусулмонлар нақадар бахтлимиз, Роббимиз Ўзи бизга сиротул мустақиймни бериб қўйибди. Икки дунёда кўзланган саодат манзилига элтадиган сиротул мустақиймни шундоқ хизматимизга тайёр қилиб қўйибди. Биздан бўладигани ўша илоҳий сиротул мустақиймдан юриб кетиш холос. У эса бизларни икки дунёдаги саодатли муқсадларимизга элтади. Ана ўша сиротул мустақиймда юришни амалга ошириш учун уни ўрганиш лозим.
10. «У – унинг ила ҳавойи нафслар тоймайдиган…».
Ҳа, Қуръони Каримга алоқадор бўлган ҳавойи нафс ҳеч қачон ҳақ йўлдан тоймайди. Чунки Қуръони Карим барча ҳавойи нафсларни халқ қилган Холиқ томонидан уларни жиловлаб, тойиб кетмайдиган қилиб ушлаб турувчи қўлланмадир.
Дунёдаги барча бандаларнинг бу дунёдаги асосий муаммоларидан бири ҳавойи нафслари билан бўладиган муаммоларидир. Кишиларни ёмонликка бошлаётган нарса ҳам асосан ҳавойи нафсдир.
Қачонки банданинг ҳавойи нафсига шайтон кўрсатма берса, банданинг ўзи кўрсатма берса ёки ўша бандага ўхшаш бошқа бандалар кўрсатма берса, албатта, у ҳавойи нафс ҳақ йўлдан тояди ва ўз эгасини ҳалокатга бошлайди. Ҳар замон, ҳар маконда бандалар якка-якка ҳолларида ҳам, тўп ҳолларида ҳам ҳавойи нафсни тойдирмайдиган қўлланмани қўллаганда нажот топадилар.
Ҳавойи нафсни тойдирмаслик учун илоҳий қўлланмани қўлламаганлар эса, ҳавойи нафсларига қул бўладилар ва ҳалокатга учрайдилар.
Аллоҳ таоло бандаларга раҳм қилиб, уларга ҳавойи нафсларини тойдирмай ушлаб турадиган Қуръони Каримни бериб қўйган. Ана ўша илоҳий қўлланмани яхшилаб ўрганиб, унга оғишмай амал қилган кишининг ҳавойи нафси тоймайди.
11. «У – унинг ила тиллар илтибосга тушмайдиган…».
Ҳа, Қуръони Карим ила бўлган тиллар ҳеч қачон илтибосга тушмас. Яъни, бошқа нарсалар билан аралашиб кетиб, қайси бири ҳақ, қайси бири ноҳақ бўлиб қолиб, илтибосга тушилмайди. Қуръони Карим билан бўлган тил ҳеч иккиланмасдан ҳақни гапираяпман, деяверади. Қуръондан бошқа нарса аралашдими, дарҳол илтибос тушади. У ҳолда банда қайси бири ҳақ, қайси бири ноҳақ эканинни ажрата олмай сарсон бўлади.
12. «У – уламолар ундан тўймайдиган…».
Ҳа, Қуръони Каримдан уламолар тўймаган, тўймаяптилар ва тўймайдилар ҳам. Модомики, Қуръони Каримни Роббил оламийндан қабул қилиб олган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундоқ деганларидан кейин уламолар Қуръондан тўймасликлари ҳақиқатдир.
Бу улкан ҳақиқатни воқеълик ҳам тасдиқлайди. Илмлар кўп, уламолар ундан ҳам кўп. Чунки ҳар бир илм бўйича қанчадан-қанча олим бўлади. Ана ўша турли илмлар бўйича қайси бир олим Қуръони Каримга мурожаат қилса, ундан ўзига керак нарсани олади.
Лекин бари бир тўймайди. Яна янги нарса олгиси келаверади. Қуръон нозил бўлгандан буён уламолар ундан олишган нарсани ўзлаштириб, улардан баҳраманд бўлган бугунги олим ҳам тўймай яна ўзи бир нарса олишга уринади. Дунёда бир хил мавзуда ёзилган китоблар ичида Қуръони Каримга боғлаб ёзилган китобларчалик кўп китоб бўлмаса керак. Тафсир китобларини ёзиш бир минг тўрт юз йилдан буён давом этмоқда. Ҳар бир тафсир билан танишсангиз, ўзига хослиги, озгина бўлса ҳам, бошқалардан ажралиб туриши билан фарқ қилади.
Демак, уламолар Қуръондан тўймаганлари учун шундоқ қиладилар. Ҳозирги кунимизда ҳам янги-янги тафсирлар чиқиб турибди. Улар ҳам ўзига хослиги билан ажралиб туради. Демак, уламолар Қуръонга тўймаяптилар.
Агар Қуръонга тўймайдиган уламолар тафсирчи уламолар, десак катта хато қилган бўламиз. Балки бошқа уламолар ҳам Қуръонга тўймайдилар. Мисол учун, муҳаддис уламоларни олиб кўрайлик. Улар ҳам Қуръонга тўймайдилар. Чунки уларнинг мутахассислиги бўлмиш ҳадис илми Қуръони Карим ила чамбарчас боғлиқдир. Зотан, ҳадиси шарифлар Қуръони Каримнинг тафсири ва ҳаётга татбиғидир.

Фиқҳ уламоларини олиб кўрайлик. Қуръони Каримга тўймайдиган уламолар айнан фуқаҳолардир, десак муболаға бўлмайди. Чунки, Қуръони Карим фуқаҳоларнинг биринчи навли ва энг асосий озуқаларидир. Улар Ислом шариатининг аҳкомларини асосан Қуръони Каримдан оладилар. Бунинг учун улар ҳар бир оят, ҳар бир Қуръоний ҳарфни синчиклаб, қайта-қайта, атрофлича ва чуқур ўрганадилар. Бу ҳолатда уларнинг Қуръондан тўймасликлари турган гап.
Араб тили уламолари ҳам худди шундоқ. Улар хоҳ илми наҳв, хоҳ илми сарф, хоҳ илми баён, хоҳ илми бадийъ бўйича мутахассис бўлсинлар, ким бўлишларидан қатъи назар, Қуръони Каримдан тўймайдилар.
Чунки Қуръони Карим араб тилининг мўъжизасидир. Бу тил усталари Қуръони Карим ҳузурида ожиздирлар.
Шунинг учун ҳам араб тили олимлари Қуръони Каримга доимий равишда тил жиҳатидан ҳам муҳтожлар, доимо унга мурожаат қиладилар ва доимо унга тўймайдилар.
Хулоса шуки, қайси бир илмни олсак ҳам, илми ақоидми, илми фароизми илми мантиқми, илми тасаввуфми ёки бошқа илмларми, бари бир уларнинг уламолари Қуръони Каримга тўймасликлари Қуръони Каримнинг ўзига хос бир неча илмларни пайдо бўлишига олиб келди.

“Ҳадис ва ислом тарихи фанлари”
Кафедраси ходими Қодиров Абдулвали

273700cookie-checkҚуръони Каримнинг васфи.

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: