islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Сиз буюк аллома Аҳмад ал-Фарғоний ҳақида нималарни биласиз?

Ўрта асрларда яшаган Марказий Осиёлик олимлар орасида буюк астроном, математик ва географ Аҳмад Фарғоний салмоқли ўрин эгаллайди. Алломанинг тўлиқ исми Абул Аббос Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Касир Фарғонийдир. Шарқда “Ҳосиб” (математик) деган лақаб олган. Фарғоний 798 йилда Фарғона водийсининг Қубо (Қува) қишлоғида туғилган. Илм йўлида Бағдодга боради ва ўша ерда яшайди. У ерда Марказий Осиёлик ватандошлари Муҳаммад Хоразмий, Аббос ибн Саид Жавҳарий ва Аҳмад ибн Абдуллоҳ Марвазийлар билан биргаликда мураккаб чет тил тушунчаларини айнан ифодалайдиган араб терминологиясини яратади.

Халифа ал-Маъмун (813–833) даврида Бағдодда Шаммосия деган жойда ва Дамашққа яқин Касиюн тоғидаги расадхоналар, буюк аллома Аҳмад Фарғоний раҳбарлигида қурилган Бағдод расадхонасида кўпгина кашфиётлар қилди, 812 йилги қуёш тутилишини олдиндан ҳисоблади, ернинг думалоқлигини исботлади. У халифа Мутаваккил замонида (846–862) Нил дарёси суви сатхини ўлчайдиган янги асбоб “миқёс ан-Нил” нилометрни яратди. Унинг “аз-Зиж ал-Маъмун ал-мумтаҳана” (ал-Маъмуннинг синалган астрономик жадваллари) араб тилидаги дастлабки астрономик асарлардан бири бўлиб, ўрта асрда Европага тарқалган эди.

Аббосий ҳукмдор Маъмун даврида иккита расадхона фаолият олиб борарди, бири Бағдоднинг Шаммосия маҳалласида ва иккинчиси Дамашқ яқинидаги Касиюн тепалигида эди. Бу расадхоналарнинг ҳар бирида олимларнинг иккита доимий гуруҳлари ишлар эди. Бағдод расадхонасининг ишида Яҳё ибн Абу Мансур, Хоразмий ва бошқа олимлар, Дамашқ расадхонасида эса Холид ибн Абдумалик ва Фарғоний билан бирга иккинчи гуруҳ олимлар ишлаганлар. Аҳмад Фарғоний Сурия шимолида, Синжор саҳросида 832–833 йиллар Тадмур ва ар-Раққа оралиғида ер меридиани бир даражасининг узунлигини ўлчашда иштирок этган.

Буюк аллома Аҳмад ал-Фарғонийнинг асосий астрономик асари “Китоб ал-ҳаракат ас-самовия ва жавомиъ илм ан-нужум”(“Самовий ҳаракатлар ва умумий илми нужум китоби”) ХII асрда Европада лотин тилига икки марта ва ХIII асрда бошқа Европа тилларига ҳам таржима қилинганидан сўнг, унинг лотинлаштирилган номи “Алфраганус” шаклида Ғарбда бир неча аср давомида кенг тарқалади. Унинг бу китоби шу асрлар давомида Европа университетларида астрономиядан асосий дарслик вазифасини ўтади.

Буюк аллома Аҳмад ал-Фарғоний асарининг лотинча таржимаси биринчи марта 1493 йилда нашр этилган бўлиб, у энг қадимги нашр қилинган китоблардан ҳисобланади. 1669 йили машҳур голланд математиги ва арабшуноси Якоб Голиус Фарғоний асарининг арабча матнини янги лотинча таржимаси билан нашр этганидан сўнг, аллома Аҳмад ал-Фарғоний ва унинг асарининг Европадаги шуҳрати янада ортди. Европа Уйғониш даврининг буюк намояндаларидан бири бўлган машҳур олим Региомонтан ХV асрда Австрия ва Италия университетларида астрономиядан маърузаларни Фарғоний китобларидан ўқиган.

Ҳозирги кунда буюк аллома Аҳмад Фарғонийнинг саккиз асари маълум бўлиб, уларнинг ҳаммаси астрономияга алоқадор. Улар қуйидагилардир: юқорида зикр этилган асар, одатда, уни “Астрономия асослари ҳақида китоб” номи билан ҳам аташади – қўлёзмалари дунё кутубхоналарининг деярли барчасида бор. “Астурлоб ясаш ҳақида китоб” – қўлёзмалари Берлин, Лондон, Машҳад, Париж ва Теҳрон кутубхоналарида, “Астурлоб билан амал қилиш хақида китоб” – биргина қўлёзмаси Рампурда (Ҳиндистон), “Фарғоний жадваллари” – қўлёзмаси Патнада (Ҳиндистон), “Ойнинг Ер остида ва устида бўлиш вақтларини аниқлаш ҳақида рисола” –қўлёзмаси Қоҳирада, “Етти иқлимни ҳисоблаш ҳақида” – қўлёзмалари Готада ва Қоҳирада, “Қуёш соатини ясаш ҳақида китоб” – қўлёзмалари Ҳалаб ва Қоҳирада сақланади.

Шундай қилиб, буюк аждодимизнинг бу асари Европа Уйғониш давридаги ва ундан анча кейинги даврдаги маданият ривожида сезиларли рол ўйнади.

Буюк аллома Аҳмад ал- Фарғонийнинг номи Хоразмий каби бутун Шарқ ва Ғарбда машҳурдир. Ўрта асрда табиий-илмий билимларнинг ривожига улкан ҳисса қўшган олим сифатида манбаларда, сўнгги Ғарб ва Шарқ муаллифлари асарларида ғурур ва ифтихор билан тилга олинади ва ўрганилади.

1998 йилда алломанинг 1200 йиллик таваллуд санаси катта тантаналар билан нишонланди.

   1998 йил  – Аҳмад ал-Фарғонийнинг 1200 йиллик юбилейи тантанали равишда нишонланди. Фарғона шаҳрида Аҳмад ал-Фарғоний номи билан аталадиган истироҳат боғи очилди. Қува шаҳрида Аҳмад ал-Фарғонийга ҳайкал ўрнатилди.

      Европада Алфраганус (Alfraganus) номи билан танилган Абул Аббос Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Касир ал-Фарғоний ўрта асрларнинг энг кўзга кўринган алломаларидан бири эди. Олимнинг исми фан тарихида машҳур бўлишига қарамасдан, унинг ҳаёти ва илмий фаолияти ҳақидаги маълумотлар жуда оз. Унинг туғилган йили мантиқий ҳисоблар натижасида 798 йил (баъзи адабиётларга кўра 797 йил) деб топилган.

     Фарғонада туғилган олим кейинчалик Бағдод шаҳрига кўчиб ўтиб, Бағдод илмий мактаби – “Байт ул-ҳикма” (“Донишмандлар уйи”)да ижод қилади. У 832–833 йиллари Сурия шимолидаги Синжор саҳросида ер меридианининг бир даражаси узунлигини ўлчашда қатнашади. Бундан ташқари, олим 861 йили Қоҳира атрофидаги Равдо оролига ўрнатилган ниломерни таъмирлаган.

    Тарихчи олим Абдулаҳад Муҳаммаджоновнинг маълумот беришича, мусулмон мамлакатлари бўйлаб сафарга чиққан Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги экспедиция аъзолари 1997 йил 5 декабрда Миср Араб Республикасида бўлишиб, Аҳмад ал-Фарғоний ҳаётини ўрганишлари натижасида у Мисрнинг Фустат шаҳрида вафот этганлиги, Мунаттам тоғининг шарқий қисмидан сал нарида жойлашган Имом аш-Шофе қабристонига дафн этилганлигини аниқлашди. Вақт ўтиши билан унинг қабри йўқолиб кетган. У ердан олиб келинган тупроқ Фарғона водийсининг Қува шаҳрида 1998 йил барпо этилган рамзий қабрга қўйилди.

“Тиллар“ кафедраси катта ўқитувчиси

Ерназаров Фахриддин томонидан тайёрланди

273971cookie-checkСиз буюк аллома Аҳмад ал-Фарғоний ҳақида нималарни биласиз?
1 та фикр мавжуд

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: