Фиръавн Рамзес II ўзининг узоқ йиллик ҳукмронлиги даврига қараб, энг кўп тилга олинган машҳур фиръавндир. Милоддан аввалги 1303 йилда туғилган, милоддан аввалги 1213 йил июл ёки августда вафот этган. Милоддан аввалги 1279-1213 йилларда ҳукмронлик қилган. Рамзес номи билан танилган фиръавн Мисрнинг ўн тўққизинчи сулоласига мансуб учинчи фиръавни эди. У Миср империясининг энг машҳур ва энг қудратли фиръавни сифатида тарихга кирган.
Қуръон ва Инжилда қайд этилганидек, олимлар фикрича, Рамзес II сувга чўкиш орқали ўлим топган. Бундан ташқари тарихчилар, Рамзес II Мусо алайҳиссаломни таъқиб қилган, аммо 90 ёшида табиий ўлим билан артрит ва томирларга қуюқ қон тиқилиши орқали вафот этган деган тахминни илгари сурадилар.
Қоҳира музейидаги Рамзес II мўмиёсига қараб унинг артрит билан касалланган ва умрининг сўнгги ўн йиллигида белини букиб юрган деб ишонадилар. Фиръавн мўмиёсида унинг бургутсимон бурни ва ҳайвонларникига ўхшаш катта жағ суягини кўриш мумкин. Мўмиё узунлиги тахминан 1,7 метр. Рамзес II дастлаб Шоҳлар водийсидаги қабрга дафн этилган, аммо талончиларнинг хуружларидан асраш мақсадида масъуллар кейинчалик жасадни сақлаш жойига ўтказиб, уни қайта ўрашган ва малика Аҳмос Инҳафи даҳмасига қўйишган. Рамзес II мақбарасига Аҳмос Инҳафи даҳмасининг тўртинчи йўлак кириш эшиги орқали вестибюл ва дафн хонаси томон пастга тушилади.
Рамзес II мўмиёси
Кўпгина тарихчилар Мисрнинг энг қудратли фиръавни деб ҳисоблаган Рамзес II олтмиш йил (милоддан аввалги 1279-1213 йиллар) ҳукмронлик қилган, 90 ёшдан ошган ва 100 дан ортиқ боланинг отаси бўлганлиги айтилади. Дайрул Баҳрийдаги махфий қироллик қабристонида топилган Рамзес II мўмиёси бугун Қоҳирадаги Миср музейида сақланмоқда. Тахминан 90 ёшида вафот этган Рамзес оғир тиш касалликларидан, шунингдек, артрит ва артерияларнинг қотиб қолишидан азоб чеккани айтилади.
Аммо, Ислом уламоларига кўра, Нил дарёси иккига ажралиб Мусо алайҳисслом ва Бани Исроил сувдан ўтиб бўлгач, уни таъқиб қилаётиб, чўкиб кетган фиръавн айнан Рамзес II ҳисобланади.
“Ва Бани Исроилни денгиздан ўтказдик. Бас, Фиръавн ва унинг аскарлари ҳаддан ошган ва туғён қилган ҳолда уларни таъқиб этдилар. Токи унга ғарқ бўлиш етганида: “Бани Исроил иймон келтирган зотдан ўзга илоҳ йўқлигига иймон келтирдим ва мен мусулмонларданман”, деди. Эндими! Олдин исён қилган ва бузғунчилардан бўлган эдинг-ку?! Бугун сенинг баданингни қутқарамиз. Токи ўзингдан кейингиларга ибрат бўлгин. Албатта, кўп одамлар Бизнинг оятларимиздан ғофилдирлар.” (Юнус, 90-92).
Сажда ҳолатида сақланган жасад кимга тегишли?
Шунингдек, Британия музейининг «Қадимги Миср» бўлимида ЕА32751 инвентар рақами остида мўмиёланмаган, ёши 3000 йилларга тенг дея тахмин қилинган сажда ҳолатидаги қадимий жасад сақланади.
Қадимги Мисрда фиръавнлар вафот этгач, уларнинг ички аъзолари алоҳида оғзи ёпиқ идишларга солинган, жасаднинг устки қисмлари мўмиёланиб, махсус тобут – саркофагларда дафн қилинган. Бу жасад эса мўмиёланмаган, дориланмаган, барча аъзолари ўз ҳолича сақланган. Ҳатто жасаднинг сарғайган сочлари ва соқолларини ҳам кўриш мумкин.
Жасадларнинг бир неча ҳафтадаёқ батамом бузилиши маълум ҳақиқат, бироқ орадан уч ярим минг йил ўтган бўлишига қарамай бу жасад нега чиримаган, бузилмаган? Ҳатто мўмиёланган жасадлар ҳам маълум вақт ўтгач бузила бошлайди — буни фан исботлаган. Унда бу жасаднинг бузилмагани сири нимада?
Албатта, кўпгина мутахассислар Британия музейидаги бу жасад айнан Қуръонда тилга олинган жасад эканига шубҳа қилмайдилар.
Айрим манбаларга кўра бу жасад Рамзес Иккинчининг ўғли Мернептахга (эр. ав. 1212—1202-й.) тегишли деб қаралади. Чунки тарихий маълумотлар Қуръонда тилга олинганидек яҳудийларнинг Мисрдан қувғин қилиниши айнан ушбу Фиръавн даврига тўғри келишини тасдиқлайди.
Аммо, муаммо шундаки, Мернептах денгизга ғарқ бўлгани ҳақида маълумотлар йўқ. Аксинча, у ўз ажали билан вафот этгани айтилади. Унинг мўмиёланган жасади эса 1898 йилда Қоҳира яқинидаги Шоҳлар водийсида археолог Виктор Лоре томонидан топилган бўлиб, айни пайтда у Қоҳира музейида сақланмоқда. Қолаверса, айрим манбалар Мернептах яҳудийлар Мисрдан қувғин қилинганидан кейин яна беш йил яшагани ҳақида маълумот беради.
Археолог, Британия музейининг «Қадимги Миср» бўлими мутахассиси Дерек Уэлсбининг айтишича, бу экспонат айнан Фиръавн жасади эканига оид далил-исботлар йўқ. Аммо жасад чиндан ҳам табиий усулда (мўмиёсиз), деярли чиримаган ҳолатда сақланиб қолган.
Кўпгина ғарб мутахассислари бу жасад оддий инсонга тегишли деб иддао қиладилар. Зотан, табиий шарт-шароитлар юзага келганда (иқлим, намлик, ҳарорат, босим ва ҳоказо) ҳам жасад қўшимча ишловсиз ҳам мўмиё ҳолига келиши мумкин. Дейлик, жасад иссиқ қумга кўмилганда юқори ҳароратда бадандаги сув қисқа муддатда буғланиб кетади, тана эса табиий мўмиёга айланиб қолади. Бундай жасадлар Мисрда, шунингдек Перунинг Наска саҳросида ҳам топилган. Бу сингари «табиий мўмиё»лар дунёнинг бошқа музейларида ҳам учрайди.
Бу жасад Қадимги Мисрнинг Янги подшолик даври(эр.ав. 3500—3250-й.)га тегишли бўлиб, Қизил денгиз қирғоқларидан 300 чақирим узоқликдан топилганига ишонадиган бўлсак, уни ўша Фиръавнга тегишли деб ўйлашимиз мантиққа зид бўлур эди. Бундан ташқари, жасад атрофида лойдан ясалган оддий рўзғор буюмлари топилган. Бу эса қадимги мисрликлар учун хос одатлардан саналади. Фиръавнлар қанчалик дабдаба, беҳисоб бойликлар билан дафн этилгани тарихдан яхши маълум.
Рамзес II тобути
Рамзес II мўмиёсини биринчи бўлиб очган Гастон Масперо шундай ёзади: “Қабрда бир нечта сийрак, қалин туклар топилди, узунлиги тахминан беш сантиметрга тенг силлиқ, текис бурмали тук эди. Аввал оқ рангда бўлиб, ўлимидан кейин, эҳтимол, ҳаёт пайтида қора рангга бўялган. Бўяш учун балзамлашда ишлатиладиган зираворлар, яъни хина суртилгач туклар оч қизил рангга кирган. Мўйлови ва соқоли юпқа, сочлари қошлардаги каби оқ рангда, юз териси тупроқдек жигарранг, қора доғлар билан қопланган. Мўмиё юзи фиръавннинг тириклигидаги юз тузилиши ҳақида ҳаққоний тасаввур беради”.
Рамзеснинг мўмиёси бошқа фиръавнларда бўлгани каби оддий ёғоч тобутда топилган. Дайрул Баҳрий водийсидан 19-сулолага мансуб Рамзес IIнинг ёғоч тобут қопқоғи топилган. Тарихчиларнинг фикрига кўра, Рамзес жуда кўп олтин ва қимматбаҳо тошлар билан бирга кўмилган. Аммо ўн тўққизинчи асрда унинг қабри очилганда, у бўш эканлиги аниқланди. Рамзес II нинг асл саркофаги, яъни дафн қутиси, унга мос мўмиё шаклида бўлиб, ичи ва ташқариси қадимги Миср ёдгорликлари акс этган “Дарвоза китоби”да мавжуд ўйма шакллар ва матнлар билан безатилган ва қиролнинг тик турган қиёфаси қопқоқ юзасида бўртиб турибди.
1974 йилда унинг қабрини тадқиқ қилган мисршунослар мўмиёнинг аҳволи тоборо ёмонлашаётганини пайқади ва 1975 йилда уни савлаш ва текшириш учун Парижга олиб кетишди. Рамзес II га Миср паспорти берилди, ҳужжатда унинг касби “Марҳум Қирол” деб кўрсатилган. Мўмиёни Париж Ле Бурж аэропортида қиролларга хос ҳарбий маросимлар билан кутиб олишди. Мўмиё, шунингдек, Париждаги жиноятчиларни аниқлаш лабораториясининг бош суд-тиббиёт олими, профессор Пер Фернанд Чеккалди томонидан суд-тиббий экспертизадан ўтказилди.
Фиръавн Рамзес II ўзи учун Шоҳлар водийсида дабдабали мақбара қурдирди, бу ўзини машҳур отаси Сети I билан тенг кўрганидан далолат қилади. Бу маълумотларнинг барчаси Рамзес II тобути юзасини қоплаган иероглифларда ёзилган.
ТИИ Ҳадис ва ислом тарихи фанлари кафедраси
катта ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев