islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Маййитни ювиш

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.

Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 

Инсон жон таслим қилиб, тана ўлик ҳолга тушганидан кeйин ҳам, Ислом шариати бўйича, жонсиз жисм ҳам ўзига яраша ҳуқуқ ва ҳурматга эга ҳисобланади. Уни тириклигидагидeк поклаб, барҳаёт инсондан-да кўпроқ эҳтиром қилинади. Мусулмон киши вафот этаркан, унинг жонсиз танасини ювиб, поклаш, ўзининг асли бўлмиш тупроққа олиб бориш барча мусулмонларнинг зиммасига фарз бўлади.

Буюк Мовароуннаҳр диёри аҳолиси ҳам Ислом дини билан мушарраф бўлган онлардан бошлаб, бу диннинг барча таълимотларини ўз ҳаётига татбиқ қилиш билан бахту саодатга эришган ва бутун оламга устоз даражасига кўтарилган. Бизнинг азиз халқимиз Исломнинг барча ҳукмларини ўзида мужассамлаштиришда ўлим ва унга оид масалаларга алоҳида эътибор қаратган. Ҳатто кeйинги даврлардаги динга қарши тузумқўл остида яшаган қора кунларида ҳам Исломнинг кўплаб аҳкомларини бажара олмай қолган бўлса ҳам, инсон вафоти билан бўғлиқ амалларни тарк этмаган. Бу амаллар халқнинг миллий қадрияти, сўнмас урф-одатига айланган.

Дафн маросимларига тўхталадиган бўлсак, кишининг вафот этгани аниқ бўлганидан сўнг, маййитнинг маййит эгалари устида тўртта ҳаққи қолади. Бу ҳақлар фарзи кифоядир. Яъни, бу ҳақларни қариндошларидан бири ижро этса, кифоя. Бу ҳақларни адо этишда иштирок эта олмаган мусулмонлардан масъулият кўтарилади. Аммо уларни ҳеч ким бажармаса, барча гуноҳкор бўлади. У тўрт ҳақ қуйидагилардир:

  1. Маййитни ювиш;
  2. Кафанлаш;
  3. Жаноза ўқиш;
  4. Дафн қилиш;

 

Ювиш

Ювиш  амалиётини ўрганишдан олдин унинг таърифи, ҳукми, ғассолнинг сифатини, ювишни вожиб бўлиш шартларини билиб ўтишимиз лозим.

تغسيل الميت  сўзининг таърифи

تغسيل –غسّل  феълининг масдари бўлиб, ювиш, яъни сув қуйиш билан бирор нарсадан кирни кетказиш маъносини англатади.

الميت – тирикнинг зидди, яъни ўлик дегани.

Истилоҳда эса, ўлган инсоннинг баданини сув билан суннатга мувофиқ тарзда ювишга айтилади.

Ҳукми

Юқорида келтирилганидек, маййитни ювиш фарзи кифоядир. Агар маййит ювилмай қолган бўлса, қабрини очиб, ювиб қайтадан кўмилади. Аммо қабр очилганда маййитнинг ярмидан кўпи топилса, уни ювиб жаноза намози ўқилади. Агар ярмидан ози топилса, ювилмайди ҳам жаноза ҳам ўқилмайди.

Агар  маййитни ювиш учун сув бўлмаса ёки сув бўлса ҳам, уни ювиш мумкин бўлмаса, мисол учун, ювилганда бадан аъзоларини узилиб кетиш хавфи бўлса, таяммум қилдирилади.

Маййитни одамлар кўзидан ҳоли жойда ювиш мақсадга мувофиқдир[1]. Мабодо, маййит бўлак-бўлак бўлиб кетган бўлса, ўша бўлакларини жой-жойига қўйиб, бошқаларга билдирмай ювилади.

 

Ғассолнинг сифати

Маййит эркак бўлса, эр киши, аёл бўлса, аёл киши ювиши керак. Бунга уламолар иттифоқ қилишган. Эркакни аёл киши ёки аксинча, аёлни эркак киши ювиши мумкин эмас. Ҳанафий мазҳаби уламолари киши ўзининг хотинини ҳам ювиши мумкин эмас дейдилар. Чунки хотини вафот этиши билан ўртадаги никоҳ узилади ва  хотин эрига номаҳрамдек бўлиб қолади.

Аммо хотин ўз эрини ювиши мумкин. Ҳатто ражъий талоқ (никоҳсиз ярашиш мумкин бўлган талоқ) иддасида ўтирган бўлса ҳам. Чунки у ҳолатда ҳали эр-хотинлик алоқаси узилмаган бўлади.

Бу борада Косоний роҳматуллоҳи алайҳ айтадилар:

“Аёл эрини ювиши мумкин, зеро, ювинтиришнинг жоизлиги никоҳ билан ифодасини топади. Никоҳ борми, демак,  ювиш ҳам мумкин. Эр вафот этиши билан никоҳ аёлнинг иддаси чиққунича сақланади. Аммо аёл вафот этгач, никоҳ ниҳоясига етади, яъни, эр хотинига бегона каби бўлади-қолади. Бу ҳолатлар эр-хотинлик собит қолган бўлса, агар боин тарзда талоқ тушган бўлса ёки уч талоқ қўйилган-у, сўнг эр вафот этса, аёл ҳам эрини ювишга ҳақли эмас[2]

Ёш ўғил ва ёки қиз болани эркак ҳам, аёл ҳам ювишлари мумкин эканига уламолар иттифоқ қилишган…

давоми бор…

4-курс талабаси Мираҳмадов Алимардон

[1] Нававий Абу Закариё Муҳйиддин, Равзатут-Толибийн ва Умдатул-муфтийн. Дорул-кутуб ал-Илмийя. –Ж. 1, –Б. 613.

[2] Косоний Алоуддин, Бадаиъус-Санайиъ фи тартибиш-Шароиъ. Қоҳира, Дорул Ҳадис. ­–Ж. 2, –Б. 318

278870cookie-checkМаййитни ювиш

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: