islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Президент маслаҳатчиси: аълочи талабалар ҳаж ва умра зиёратига боради

Президентнинг жамоат ва диний ташкилотлар билан ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Музаффар Комилов Тошкент ислом институтига ташриф буюрди.

Президент администрацияси масъул ходими Эргаш Даминов, Дин ишлар бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Даврон Мақсудов, Диний таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот марказлари билан ишлаш бўлими ходими Элёр Алимқулов, Ўзбекистон муслмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков, Таълим ва илмий-тадқиқот бўлими мудири Салоҳиддин Шерхонов ҳамроҳлигида Музаффар Комилов ўқув жараёни, таълим сифати ва талабаларга яратилган шароитлар билан танишди.

Дастлаб меҳмонлар Сийрат фанидан дарс ўтаётган Ҳадис ва ислом тарихи фанлари кафедраси катта ўқитувчиси Абдулазим домла Зиёуддин, Фиқҳ фанидан таҳсил бераётган Ақоид ва фиҳқий фанлар кафедраси ўқитувчиси Илҳом домла Ғофуров ҳамда талаба қизларга Фиқҳ фанидан сабоқ бераётган Нигора Усмонованинг дарсини кузатиб, ўқитувчи ва талабалар билан мулоқот қилдилар.

Мулоқот чоғида талабалар етук олим бўлиб етишишлари лозимлиги таъкидланди. Ўз соҳасини яхши билган, нотиқ, шу билан бирга дунёдаги вазиятни теран англаган диний кадрлар айни пайтда ҳар қачонгидан зарурдир. Президент маслаҳатчиси яхши ўқиган, шижоатли талабаларни ҳаж ва умра зиёратларига боришини йўлга қўйиш таклифини илгари сурди.

22 мингдан зиёд ўқув дарсликлари, қўлланмалар ва манбаларга эга Ахборот-ресурс марказидаги шароитлар билан ТИИ ректори Уйғун домла Ғафуров таништирди, ўз навбатида Музаффар Комилов китоблар ва Битирув диплом ишларини кўздан кечириб, масъулларга зарур кўрсатмалар берди.

2021 йил сентябрда, янги ўқув йили бошланишида фойдаланишга топширилган институт асоси биноси 3-қаватида АРМ билан бир қаторда катта мажлислар зали, ўқув аудиториялари ва компьютер хонаси қуриб жиҳозланди. Компьютер хонасида бўлган меҳмонлар институт моддий-техник базасини яхшилаш, диний таълимда компьютер техникасини кенг қўллаш, аудиторияларни ахборот технологиялари билан таъминлаш бўйича зарур масалаларни муҳокама қилдилар.

Аввал хабар берганимиздек, мазкур 2021-2022 ўқув йили бошланиши арафасида 110 ўринли талабалар турар жойи, 50 кишига мўлжалланган таҳоратхона ва кичик спорт залини ўз ичига олган 4 қаватли бино фойдаланишга топширилган эди.

Меҳмонлар ана шу талабалар турар жойида ҳам бўлиб шароитлар билан танишди. Шундан сўнг, Намозгоҳ масжиди биносидаги талабалар ошхонасига ҳам ташриф буюриб, қулайликларни бунданда яшилаш бўйича тавсиялар берилди.

Ўзбекистонда олиб борилаётган диний соҳага оид сиёсатга масуъллар, давлат ташкилотлари раҳбарлари, хусусан Президент маслаҳатчиси даражасидаги мулозимлар Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги нодавлат таълим муассасаси ҳисобланган Тошкент ислом институтидаги таълим сифати, ўқитувчилар ва талабаларнинг шароити, ойлик ва стипендияларининг миқдори билан қизиқиб, таълим муассасасига доимий равишда ташриф буюрадилар.

Ушбу ташриф ҳам олдингиларидек самарали бўлиб, 50 йилдан буён диний соҳага асосий кадрларни тайёрлаб бераётган Олий маъҳад ўқитувчи ва талабалари шароитини бундан яхшилаш борасида ташриф давомида айтилган ва белгиланган режалар ўз амалий натижасини кўрсатади, иншааллоҳ.

ТИИ Матбуот хизмати

279090cookie-checkПрезидент маслаҳатчиси: аълочи талабалар ҳаж ва умра зиёратига боради

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: