islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Буюклардан бўлмасанг, уларга ўхшашга интилгин

“Албатта, уламолар Пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Анбиёлар динор ё дирҳам мерос қолдирмайдилар, улар илм мерос қолдирадилар. Ким ундан олса, бас кенг насиба олибди”.

(Абу Довуд ривояти)

Бандаларини илм билан азиз қилиб қўйган Аллоҳ таолога беҳисоб ҳамду саноларимиз бўлсин!

Олимларни “Пайғамбарлар меросхўрларидир” деб айтган Ҳабибимиз соллаллоҳу алайҳи васалламга саловату саломларимиз бўлсин!

Дарҳақиқат, Аллоҳ Ҳақ субҳанаҳу ва таоло энг буюк мавжудоти – илк инсон Одам алайҳи саломни олим қилиб яратди. Сўнг энг суюкли охирзамон Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга биринчи нозил қилган ояти билан “Ўқи!”, дея амр қилди. Сўнг эса Аллоҳ таоло илмли, олим бандаларини даражотини: «Аллоҳ сизлардан иймон келтирганларни ва илм берилганларнинг даражаларини кўтарур» («Мужодала» сураси, 11 – оят), дея бошқа бандаларининг даражаларидан устун қилиб, уларни Ўзи азиз қилиб қўйди.

Маълумингизки, она юртимиз асрлар оша буюк олиму мутафаккирларни ўз бағрида тарбия қилиб келган муборак заминдир. Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, бу шарафли силсила ҳали ҳам давом этиб келмоқда. Ана шундай силсилада муносиб ўрнини қолдирган, яқин тарихимизда яшаб ўтган буюкларимиздан бирлари Зиёвуддин ибн Эшон Бобохон хазратлари ва у зотнинг оилаларидир.

Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон хазратлари оғир даврларда ўз зиммасидаги машаққатли вазифани муносиб адо қилган, эртаю кечини мусулмонлар ғамида ўтказган буюклардан бири эдилар. У зот Совет тузуми даврида Ўрта Осиё ва Қозоғистон Мусулмонлар Идорасининг Муфтийи бўлиб хизмат қилидлар. Ҳамда Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти очилишига ҳам у зот сабабчи бўлган эдилар. Бу машаққатли хизматда у зотнинг ўғиллари Шамсиддинхон ибн Зиёвуддинхон Эшон Бобохон ҳазратлари елкама-елка туриб, кўмак бердилар. Отасининг 25 йил муфтийлик хизматидан сўнг 1982 йил декабр ойида беш мамлакат ваакиллари йиғилган қурултойда Шамсиддинхон ҳазрат Ўрта Осиё ва Қозоғистон Мусулмонлари Идорасининг Раиси лавозимига сайландилар ва 1989 йилга қадар муфтийлик лавозимида шараф ила хизматини адо қилдилар. Ҳаммамизга маълум, у қийин даврда хизмат қилишни ўзи бўлмаган, айниқса диний соҳада хизмат қилиш, ҳаётини қил учида ушлаш билан баробар бўлган. Бироқ шундай бўлсада, бу буюкларимиз ҳеч ҳам ўйланмасдан, дин олдида, халқ олдида, Аллоҳнинг олдидаги бурчларини муносиб адо қилганлари шубҳасиздир. 1994 йилдан бошлаб 2003 йил 66 ёшларида вафот этгунларига қадар эса Ўзбекистоннинг аввал Миср, сўнг, Саудия Арабистони, Иордания, Қувайт, Баҳрайн ва Жазоирдаги фавқулодда ва мухтор элчиси бўлиб хизмат қилганлар.

Буюкларнинг қолдирган бебаҳо маънавий мероси, уларнинг муборак хотирларидан баҳраманд бўлиш учун Тошкент Ислом институти талабалари ҳазратнинг меросхўрлари томонидан ташкил қилинган уй музейига ташриф буюрдилар. У ерда уларни Амир Саид ака кутиб олдилар. Бир муддат Шамсиддинхон Эшон Бобохон ҳазратнинг динимиз тикланиши ва унинг ривожига, ҳамда Ўрта Осиё мусулмонларини бирлаштирдаги саъй ҳаракатларида у зотнинг чеккан заҳмату машаққатлари ҳақидаги воқеа – ҳодисалар ва бебаҳо хотирларини улашдилар.

Талабалар у зотнинг қилган ишлари, оилалари ҳафидаги суратларни томоша қилиб, улкан маънавий мерос олдилар. Сўнг ташриф дафтарига ўз таассурот ва тилакларини қайд этиб қўйдилар.

Зиёрат якунида талабалар томонидан етказилган Хатм Қуръон бахшида қилиниб, у зотнинг ва оила аҳлларининг ҳақларига дуои хайрлар қилинди.

Аллоҳ у зотларга Фирдавс жаннатидан маконлар ато этиб, Ўзиниг маҳбублари қаторида қилсин! Биз уларга муносиб ворис бўлишимизни насиб айласин!

3-курс талабаси

Нажмиддинов Бахтиёр

28080cookie-checkБуюклардан бўлмасанг, уларга ўхшашга интилгин

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: