islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Ижтимоий масалаларга оид фиқҳий терминларнинг лексик-морфологик таҳлили (2-қисм)

Қонунда белгиланган тартибда фақатгина ФҲДЁ (фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш) органларида, шунингдек айрим ҳолатларда ФҲДЁ вазифасини ўтовчи идоралар (элчихоналар, консулхоналар)да қайд этилган никоҳ қонуний никоҳ ҳисобланади. “Қонуний никоҳ” термини билан бир маънода “ҳақиқий никоҳ” термини  ҳам ишлатилади.

Хулоса қилсак, бошқа ҳар қандай турли урф-одатларга кўра ёки айрим ғаразли ниятларда амалга оширилган никоҳ ҳуқуқий кучга эга бўлмаган “сохта никоҳ” дейилади. Никоҳга оид терминлар баҳси кетганда ўзбек тилида “Маҳрам” сўзи билан бериладиган қуйидаги атамани таҳлил этиш даркор. Негаки, никоҳник лексик маъноси таҳлилида айтиб ўтилган “Никоҳида шаръан монелик бўлмаган”, деган қайдни тушунишда “Маҳрам” термини асос ҳисобланади.

محرمات –сўзи ҳам якка сўз шаклидаги термин бўлиб, حرم ўзагидан олингандир. Луғатда “қариндошлик алоқаси”, “никоҳи ножоиз аёллар” каби маъноларда келади.

Фиқҳий истилоҳда ҳам айрим эркаклар учун никоҳи ҳаром қилинган айрим тоифа аёллар назарда тутилади [2/651-б].

Бизнингча “… никоҳи ҳаром қилинган айрим тоифа аёллар” тушунчасини “никоҳи тақиқланган айрим аёллар”, деб таржима қилинса яхшироқ бўларди. Никоҳи абадий ҳаром қилинган аёллар уч тоифага бўлинади.

1.эмизиш билан.

2.қудачилик асосида.

3.насл-насаб йўли билан.

Ижтимоий масалаларга оид фиқҳий терминлар туркумида долзарб аҳамиятга эга бўлганлари бу – савдо-сотиқ, тижорий битимларга доир истилоҳлардир.

Аввало, савдо сотиқ сўзи фиқҳ истилоҳида “тижорат” –  تِجَارَةٌ  термини ишлатилади. Доктор Аҳмад Шарбосий тижоратга қуйидагича таъриф бериб: “Тижорат – фойда топиш учун молни тасарруф қилишдир. Бир таърифда бай каби, “молни молга айри бошлашдир”, дея таърифланган” дейди [4/69-70]. Бу сўз ўзбек тилига ҳам айни шу мазмунда ўзлашган бўлиб, турли манба ва дабиётларда кенг қўлланилади.

Савдо-сотиқнинг яна бир муҳим предметларидан бири бу пулдир. Пул тушунчаси араб тили фиқҳ истилоҳида “Саман”, деб берилади.

Саман – луғатда, агар масдарини “ ثَمَنٌ ” “фаълун” вазнида қилиб “ ثَمَنَ الشَّيْءَ ” деб олсак,  “қийматини олди”, ёки “фаъалатун”  вазнида “ ثَمَنَ الشَّيءَ – ثَمَانَةً ”, деган ўзакка боғласак, “қадри баланд бўлди”, – деган маъноларни касб қилади.

Саман сўзи бирлик шаклдаги жинс сўз бўлиб, бирлиги  ثَمَنَةٌ шаклида ифодаланади. Кўплик шаклида эса, أَثْمَانٌ дея синиқ жам, яъни нотўғри кўплик шаклида ифода қилинади. Саман сўзининг лексик жиҳатига тўхталсак, биз кўзлаган маънога унинг айнан иккинчи ўзак маъноси мос тушади. Яъни саман сўзи иккинчи кўринишда келадиган феълдан олинган “сифати мушаббаҳа”  бўлади.

Фиқҳ истилоҳида: “саман савдолашиш орқали розичилик билан олди-берди қилинадиган эваздир”[6/52-б]. Бу Имом Лайс Самарқандий ва Имом Ҳаровийнинг ҳам гапларидир. Содда қилиб айтганда томонларнинг айрибошлаш учун таклиф қилган нарса, буюми саман ҳисобланади. Фиқҳий мазҳабларнинг ўз манбаларида белгиланган қоидаларига момананд бирор нарсанинг пуллик хусуиятини белгилаш учун бир қанча шартлар қўйилган. Асосийси шариат таъқиқлаган тўнғиз, ўлимтик, хамр каби нарсалардан иборат бўлмаслиги керак. Одатда, тилла, кумушлар нақд пул бирлиги сифатида қаралади ва тўлақонли “саман” тушунчаси остига киради. Бироқ тилла кумушдан ташқари нарса, буюумлар шартли равишда саман ҳисобланиши мумкин.

Нақд пул бирлиги тушунчаси кенг мазмунга эга бўлиб, бу ўринда тилла ва кумушнинг зарб қилинган ёки қилинмагани аҳамият касиб этмайди. Тилла ва кумушнинг зарб қилинмаган шаклини фиқҳ манбаларида “тибр” термини билан берилади.

تِبْرٌ сўзи бирлик ноаниқ шаклдаги сўз бўлиб, луғатда зарб қилинмаган тилла маъносини билдиради.

Баъзан кумушнинг ҳам зарб қилинмагани шундай аталади. Агарда бирор кумуш ёки тилла зарб қилинса, “пул” дейилади, “тибр” дейилмайди. Бу сўзни ҳақиқатан тиллага ишлатилинса, кумушга мажозан қўлланилади.

Юқоридаги маълумотлардан кўриниб турибдики ислом ҳуқуқшунослигига оид терминлар ҳудди тубсиз денгизга ўхшайди. Атама, терминлар бири бирига лексик жиҳатдан қанчалик боғлиқ бўлса мантиқий бир бирини тўлдириши ундан кам эмас.

 

Қурбонов Салоҳиддин Ўрмонбек ўғли

Тошкент Давлат Шарқшунослик

университети 2-курс магистранти

 

ФОЙДАЛАНИЛГАН МАНБА ВА АДАБИЁТЛАР РЎЙХАТИ

  1. Саломав Ғ. Таржима ташвишлари. –Т.: Ғ. Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашрёти, 1983.
  2. Бурҳониддин Ал-Марғиноний. Ҳидоя. I жилд. (Салоҳиддин Муҳиддин раҳ.даги таржимонлар гуруҳи). –Т.: Адолат, 2000.
  3. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Тафсири ҳилол. 1-жуз. –Т., 2008.
  4. Саъдий Абу Жийб. “Ал-Қомус ал-фиқҳий луғатан ва истилаҳан”.
  5. “Қуръон карим ва ўзбек тилидаги маънолар таржимаси” Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Тошкент: “Шарқ” нашриёти: 2009-йил.
  6. Доктор Аҳмад ал-шарбосий. Ал-мўжамул иқтисодий ал-исламий. Дорул жийл: 1981-йилги босма.
  7. Мансурхўжа ибн Мақсудхўжа. “Мажмаъ ул-Мақсуд”. Нашрга тайёрловчи: Маҳмуд Ҳасаний, Абдусамад, Убайдуллоҳ Ҳасаний. Тошкент: “Мовароуннаҳр” 2005. 2-жуз. 648 бет.
  8. Алий ибн Султон Муҳаммад ал-Қори. “Фатҳул боби иноя би шарҳ ан-ниқоя”. Ливан: Байрут: “Дорул Арқам ибн Абул Арқам” 1997. 2-жилд. – 577 бет.
  9. Саййид Аҳмад ал-Боланбурий. “Мабодиул усул”. Покистон: Мактабатул бушро; Биринчи босма 2010-йил. – 56 бет.
281960cookie-checkИжтимоий масалаларга оид фиқҳий терминларнинг лексик-морфологик таҳлили (2-қисм)

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: