Насафдан етишиб чиққан забардаст олимлардан бири Абул Баракот Насафий бўлиб, у ислом илмларининг деярли барча соҳаларида сермаҳсул ва барча томонидан ижобий қабул этилган ижоди билан машҳур бўлган.
Абул Баракот Насафийнинг тўлиқ исми Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Маҳмуддир ан-Насафийдир. Унинг ҳаёти ҳақида маълумот берувчи барча китобларда фақат бобосигача зикр қилиш билан чекланилган. Олимнинг халқ расида қадрлаб юритилган лақаби эса “Ҳофизиддин” – “динни ҳимоя қилувчи”дир. Бу борада аксар тарожим уламолари ихтилоф қилишмаган. Абул Баракот Насафийнинг бундай ном билан аталишининг сабаби мўғуллар босқини даврида диний илмларни ривожлантиргани, турли соҳаларда ижод қилиб, илм-маърифат тарқатганлигидир. Бундай номга муҳаққиқ олим Абдулҳай Лакнавийнинг гувоҳлик беришича фақат икки киши лойиқ кўрилган бўлиб, уларнинг иккаласи ҳам Бухорода мўғуллар босқини даврида илм тарқатган. Улар Шамсул-аимма Муҳаммад ибн Абдуссаттор Кардарий (ваф. 642/1244) изидан борган шогирдлари Абул Баракот Насафий ва Абул-Фазл Муҳаммад Кабир Бухорийлар бўлишган22. Насафийнинг туғилган йили тўғрисида манбаларда аниқ маълумот йўқ. Аммо вафот этган йили борасида кўплаб манбаларда (710/1310) йил этиб кўрсатилади.
Абул Баракот Насафий ҳақида кўплаб араб биографик манбаларида қисқа ва бир-бирини такрорлайдиган маълумотлар берилган. У адабиётларда қуйидагича тавсифланган:
«Шайх, улуғ имом, пешқадам аллома, Ер аҳлининг устози, суннат ва фарзни жонлантирувчи, Қуръон маъноларини кашф қилувчи, таъвилнинг нозик жиҳатларини билувчи, илоҳий калом таржимони, маъоний ва баён илмлари соҳиби, фиқҳ ва усул ал-фиқҳнинг билимдони, ақлий ва нақлий масалаларнинг таянчи, дин ва миллат ҳимоячиси, ислом ва мусулмонлар етакчиси, пайғамбарлар илмларининг меросхўри, етук мужтаҳид, муҳаққиқ олимларнинг машҳури»23.
У Насафда туғилган бўлса-да, Бухорода таълим олган, ёшлик даври диний-илмий муҳитда ўтган, илм талабида кўплаб мамлакатларга борган ва катта обрў-эътибор топган. Илмга берилиб, сиёсий жараёнлардан узоқда бўлган ва илмий доираларда катта шуҳрат қозонган. Унинг номи жуда кўп жойларга тарқалган. Тахминан 1280-йилларда Кирмон шаҳридаги «ал- Қутбийа ас-султония» мадрасасида мударрислик қилган. Сўнг, Бағдодга келиб, у ерда талабаларга Мотуридий, Бурҳониддин Марғиноний ва ўз асарларидан таълим берган. Бу даврда у дарс бериш билан бирга кўплаб машҳур олимларнинг асарларига шарҳлар ёзган.
Насафий жуда тақводор ва диёнатли бўлган. Араб ва форс тилларини мукаммал билган. Абдулҳай Лакнавий уни «замонасида тенги йўқ комил имом, фиқҳ ва усул ал-фиқҳ олимларининг етакчиси, ҳадис ва унинг маъноларида ўткир олим бўлган»24, Ибн Ҳажар Асқалоний (773/1372- 852/1449) эса «алломаи дунё», деб таърифлаган.
Манбаларда Абул-Баракотнинг устозларидан бир нечтаси санаб ўтилган бўлиб, улардан бири, ўз даврининг етук олими Шамсул-аимма Абул-Вужд Муҳаммад ибн Абдуссаттор ибн Муҳаммад Имодий Кардарийбўлиб, у 599/1202-3 йилда Хоразмда таваллуд топган. Кардарий ёшлик давридан илмга қизиқиб, дастлаб Хоразмнинг ўзида, кейинчалик Самарқанд ва Бухорода Фахриддин Қозихон (ваф. 592/1195 й.) ва Бурҳониддин Марғиноний (512/1118-593/1197) каби буюк устозлардан таълим олган25. Кардарий 642/1244 йилда вафот этган ва Бухородаги Субазмуний қабри олдида дафн қилинган.
Шамсул-аимма Кардарий калом илмига бағишланган «Таъсисул-қаваид» (Қоидаларни жорий этиш) номли китоб ёзган. Маълумотларга қараганда, Кардарий илмда катта шуҳрат қозонган, кўп китоб ёзмаган бўлса-да, нодир китобларнинг бизгача етиб келиши ва ўнлаб шогирдларни тарбияланишида катта саъй-ҳаракат қилган. У Абу Зайд Дабусий26дан кейин фиқҳ илмини
қайта тирилтирган зот деб эътироф этилган 27 ва беназир олим сифатида «Шамсул-аимма»яъни «имомлар қуёши» номига сазовор бўлган. Тарихда бундай номга мушарраф бўлган олимлар жуда кам бўлиб, улар Шамсул- аимма Ҳалвоний, Шамсул-аимма Сарахсий, Шамсул-аимма Заранжарийлардир. Уларнинг ҳаммаси ҳанафийлик мазҳаби бўйича мусулмон оламида мўътабар алломалар сифатида эътироф этилганлар.
Абу Аъло Фардий: “Кардарий мутлақ имомлар устози бўлиб, унинг бир неча таълиф қилган китоблари бор. Шогирдлари ичида Абул Баракот Насафий, Сайфуддин Бохарзий, аллома Ҳофизуддин Муҳаммад ибн Насрул- Бухорий машҳурдир”28, дейди.
Абул Баракот Насафий Шамсул-аимма Кардарийдан ташқари Бадриддин Хоҳарзода Муҳаммад ибн Маҳмуд ибн Абдулкарим (ваф. 751/1253 й.) ва Ҳамидиддин Зарир Али ибн Муҳаммад ибн Али Ромиший Бухорийдан (ваф. 666/1267-8 й.) ҳам сабоқ олган.
Бадриддин Хоҳарзода Муҳаммад ибн Маҳмуд ибн Абдулкарим Шамсул- аимма Кардарийнинг жияни бўлиб, у тоғасидан яхши тарбия ва таълим олган. Кейинчалик уни етук илми сабаб кўпчилик олимлар “аллома” деб номлашга одатланишган.
Ҳамидуддин Аш ибн Муҳаммад ибн Али Ҳамидуддин Зарир Ромуший фақиҳ, усул олими, муҳаддис, муфассир бўлган. Бу олим ҳам Шамсул-аимма Кардарийдан таълим олган.
Олим бир нечта шогирдлар етиштириб чиқарган. Улар ичида Абул Баракот Насафий муҳим ўрин тутади. Айтишларича, имом Абул Баракот Насафий бу олимга жаноза намозини ўзлари ўқиб, ўзлари қабрларига қўйганлар. Жаноза намозига тахминан 50 000 киши қатнашган. Ушбу олимлар Абул Баракот Насафийнинг табақот китобларида зикр
этилган устозлари бўлиб, улардан бошқа олимлардан ҳам илм олганлиги қайд этилади.
Абул Баракот Насафий Кирмон шаҳри толибларига дарс берган ва айни шу даврда ўзининг машҳур “Канзуд-дақоиқ”, “ал-Кофий фил-Вофий” деган китобларини ёзиб, улардан ҳам дарс ҳалқаларини ташкил қилган.
Шу ўринда у кишининг шогирдлари ичида энг машҳурларини айтиб ўтамиз.
1) Муҳаммад ибн Муҳаммад Аҳмад Санжарий. “Қивомуддин” номи билан танилган Абул Баракот Насафийнинг бу шогирди олимнинг машҳур “ал-Манор” асарига шарҳ ёзган ва уни “Жомиъул-асрор” деб номланган. Бу олим Қоҳира шаҳрига келиб “Моридин” жомеъсида умрининг охиригача дарс берган. Олим 749/1348 йилда вафот этган.
2) Ҳасан ибн Али ибн Ҳажжож Сиғноқий Туркистондаги Сиғноқ деган жойга нисбат берилган. Машҳур фақиҳ бўлиб, Ҳофизуддин Кабир Бухорий, Абул Баракот Насафий ва устозининг устози бўлмиш Шамсул-аимма Кардарийдан илм олган. Бу олимнинг ҳаёти ва илмий мероси ҳақида маълумотлар жуда кам бўлиб, фақатгина вафот этган санасигина маълум. Бу 711/1311 йилга тўғри келади.
3) Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Жабалий “ал-Манор” ва “Жомиъ ал- асрор” китобларига шарҳ ёзган бўлиб, Абдулазиз Бухорий ва Абул Баракот Насафийнинг шогирдларидан ҳисобланади. Абул Баракот Насафий тафсир, ақоид, фиқҳ ва усул ал-фиқҳ соҳаларида асарлар ёзган. Эҳтимол, олимнинг ўз асарларида динга оид бу илмларни қамраб олишига асосий сабаб муғуллар даврида ушбу илмларни қайта жонлаштиришга эҳтиёжнинг пайдо бўлганидадир.