2022 йил мавзуси: “Кўп тилли таълим учун технологиялардан фойдаланиш: Муаммо ва имкониятлар”
Маданиятлар ва тиллар турфа хиллиги сақланишига кўмаклашиш ва ҳамкорлик қилиш мақсадида 21 феврал- Юнеско Бош конференцияси томонидан Халқаро она тили куни сифатида белгиланган. У 1999 йил 17 ноябрда эълон қилинган ва 2000 йилдан бери дунёда нишонлаб келинади.
ЮНЕСКОга кўра, ҳозирги кунда дунёда 6 мингдан зиёд тил мавжуд бўлиб, уларнинг 90 фоизи йўқолиб кетиш арафасида. Бу асосан цивилизация туфайли маданиятидан айрилаётган кам сонли миллатлар тилларидир. Бу тилларда сўзловчи аҳолининг айримлари ёзувга эга бўлса, айримлари бундан ҳам бебаҳра.
Ҳар йили халқаро она тили куни муносабати билан турли мамлакатларда барча дунё тилларини ҳимоя қилиш, рағбатлантириш ва эҳтиром кўрсатишга бағишланган тадбирлар мунтазам ўтказиб келинади.
Дунёда энг кўп аҳоли сўзлашадиган тил сифатида хитой, инглиз ва испан тиллари эътироф этилади. Биринчи ўнталикка ҳинди, бенгал, араб, португал, немис, рус ва япон тиллари киради.
Ушбу муносабат билан БМТ Бош Ассамблеяси ўз резолюцияси билан 2008 йилни Халқаро тиллар йили- (International Year of Languages), 2010 йилни эса Халқаро маданиятлар яқинлашуви, уйғунлиги йили -(International Year for the Rapprochement of Cultures) деб эълон қилган эди.
Она тилимиз моддий ва маънавий меросимизни сақлаш ва ривожлантиришнинг энг кучли воситаси саналади. Тилларни тарқалиши ва сақланиши йўлидаги қўйиладиган қадамлар бутун олам бўйлаб тиллар турфа хиллиги билан, маданиятлар, анъаналар билан ўзаро яқиндан танишувга сабаб бўлади.
Айнан она тили туфайли инсон бирор миллатга мансублигидан фахрланиб яшайди. Барча тилларни тан олиш ва ҳурмат қилиш тинчликнинг кафолатидир. Шу сабабли ҳар бир халқ ўз тилини сақлаб қолишга интилади.
Шунингдек, бу ҳолат дунё халқлари ўртасида бағрикенглик, ўзаро мулоқот ва бир-бирига ҳурмат каби олий тушунчаларни яхшиланишига хизмат қилади.
Шу сабабдан ҳам чет тилларни ўрганиш- дунёни ўзгача нигоҳ, ўзгача ёндошув ила кўриш воситаси ва йўли ҳисобланади.
Бобур Аҳмад