Қозиқ тишли барча йиртқич жониворларнинг гўшти ҳаром. Чунки имом Муслим “Саҳиҳ” асарининг “Барча қозиқ тишлик йиртқичларнинг гўшти ҳаром қилиниши” бобида ривоят қилган ҳадисда “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам барча қозиқ тишли йиртқичлар ва барча (ов қиладиган) тирноқли қушлардан қайтардилар”, дейилган. Бундаги сир сундаки, мазкур ҳайвонларнинг озуқалари шаръан қораланган. Шу сабаб уларнинг гўштидан уларнинг табиатига хос бирор салбий нарса юзага келишидан қўрқилади. Натижада одам боласини икром этиш мақсадида бу ҳайвонлар ҳаром қилинган.
“Ал-Кифоя” асарида жонлиқларнинг гўшти ҳаром бўлишидаги асосий таъсир кучи –азият бериш экани, у эса қозиқ тиш, тирноқ ёки жирканчлик сифатида юзага келиши айтилган. Жирканчлик гоҳида хилқатан бўлса, гоҳида бошқа сабаб туфайли юзага келади. Хилқатан жирканч нарсалар ҳашарот ва шу кабилар бўлса, бошқа сабаб туфайли жирканчлик юзага келгани жалолада бўлади. (Жалола ҳақида қуйида маълумот берамиз).
Аллоҳ таоло Ўз каломида қуйидагича марҳамат қилади:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا أَوْفُوا بِالْعُقُودِ ۚ أُحِلَّتْ لَكُم بَهِيمَةُ الْأَنْعَامِ إِلَّا مَا يُتْلَىٰ عَلَيْكُمْ
“Эй имон келтирганлар! Битимлар (аҳдлар)га вафо қилингиз! Сизлар учун чорва (хонаки) ҳайвонлар (гўшти) ҳалол қилинди. Сизларга (номлари) ўқилажак (ҳайвонлар) бундан мустасно”[1].
Ояти каримадаги “битимлар” сўзидан икки томон ўзаро келишиб тузадиган ва имзолаб тасдиқлайдиган ҳозирги урфдаги аҳдномалар эмас, ундан анча кенг маънодаги аҳдлар назарда тутилган. Аввало, бу аҳдномалар инсоннинг банда сифатида Аллоҳ таоло ҳузуридаги аҳдномаларидир. Аллоҳга берилган иймон аҳдида ҳалол ва ҳаромнинг ҳукмини фақат Аллоҳ таолонинг Ўзидан олиш шарти ҳам мавжуд. Ўша аҳдга мувофиқ, Аллоҳ таоло нима ҳалол-у нима ҳаромлигини Ўзи белгиламоқда.
“Сизга, кейин тиловат қилинадиганлардан бошқа чорва ҳайвонлари ҳалол қилинди”.
Биз “чорва ҳайвонлари” деб таржима қилган сўз Қуръони карим матнида “ал-Анъом” дейилган. Бу сўз араб тилида туя, қорамол ва қўй-эчкиларга нисбатан ишлатилади. Бунда хонакилари ҳам, ёввойилари ҳам баробар.
Демак, мазкур ҳайвонлар аслида ҳалол. Аммо баъзи мустасно ҳолларда улар ҳам ҳаром бўлиши мумкин. Истисно ҳолатлари оз бўлгани учун уларни алоҳида, бошқа оятларда кўрсатилган.
Моида сурасининг учинчи оятида аслида гўшти ҳалол жонворларнинг гўштлари харомга айланиб қоладиган ўринлар баён қилинган. Унда қуйдаги ҳолатлар айтилади:
– Ўлимтик;
– Қон. (Қоннинг жонлиқни бўғизлаган пайт отилиб чиққани ҳаром. Аммо жонворни шаръий қоидалар асосида сўйгандан кейин гўшт ичида қолган қоннинг зарари йўқ).
– Чўчқа гўшти;
– Аллоҳдан ўзганинг номи айтиб сўйилган;
– Бўғиб ўлдирилган;
– Уриб ўлдирилган;
– Йиқилиб ўлган; (яъни, баландликдан йиқилиш натижасида ўлган).
– Бошқа жонворларнинг сузиши натижасида ўлган;
– Йиртқич ҳайвонлар қисман эган жонивор.
Ояти каримада зикир қилинган бу холатдаги барча ҳайвонларнинг гўшти ҳаромлигига улмолар иттифоқ қилишган. Аммо юқоридаги ҳолларда жонворнинг ҳали жони чиқмаган бўлса-ю, уни шаръий йўл билан сўйишга улгурилса, ҳалол бўади. Аллома Муҳаммад Али Собуний ўзининг “Роваиул баян тафсиру аятил аҳкам минал Қуран” номли тафсирида мазкур ҳолатлар ҳақида уламоларнинг фикирини баён қилиб, ҳанафий ва шофеъий мазҳабларига кўра жонвор (юқоридаги холларда) тирик ҳолда топилса, яъни унинг думи ҳаракатланиб ёки депсиниб турган ва шу каби гарчи заъиф бўлсада ҳаёт аломатлари бор ҳолатда сўйилса, у ҳалол бўлишини айтган[2].
Моида сурасида зикр қилинган ҳолдаги жонлиқларнинг гўшти ҳаромлик сабабларини шариъат ва тибб уламолари қуйидагича изоҳлашади:
- Ўлимтик. У ташқи таъсирсиз ўзи ўлиб қолган жонивордир. Соф инсоний табиат ўлимтикни ҳоҳламаслиги ҳаммага маълум. Ўлимтикни ўлимтик эканини билиб туриб эйиш учун киши инсонлик табиатидан чиқиш керак. Бунинг устига ҳайвон бирор жиддий касаллик билан ҳасталанмаса, ўзидан-ўзи ўлиб қолмайди. Касаллик сабабли ўлган ҳайвондаги турли иллат ва микроблар унинг бутун гўштига тарқалиб кетади. Тиб илми бунга ўхшаш кўплаб ҳикматларни кашф этган. Биз билмаган яна қанча ҳикматлари бор.
- Қон. Яъни, ҳйвонни сўйганда бўғизланган еридан отилиб чиқадиган қонни тўплаб олиб, истемол қилиш ҳам ҳаром. Сўйилган ҳайвоннинг томирларида қолган қон ҳаром эмас. Сўйилган ҳайвонларнинг бўғзидан оққан қонни ҳам соф инсоний табиат инкор этади. Тиббий нуқтаи назардан қараганда ҳам, ҳайвон сўйилганда ундаги мавжуд барча микроблар, касалликлар ва бошқа зарарли иллатлар қон билан чиқиб кетади, уларни тановвул қилиш кони зиён. Аллоҳ таоло инсонларга зарар келтирадиган нарсаларнинг барчасини ҳаром қилади.[3]
- Чўчқа гўшти. Оятда фақатгина гўшти зикр қилинан бўлсада, унинг барча аъзолари ҳаромдир. У мусулмонлар учун қийматга эга мол ҳам ҳисобиланмайди. Уни сотиш ёки сотиб олиш мусулмон кишига мутлақ жоиз эмас. Унинг ҳаромлик ҳикматларига келсак, “Тафсирул мунир” ва “Роваиул баян фи тафси аятил аҳкам” асарларида қуйдаги илларлар баё қилинади:
– Унинг гўшти зарарли. Соғлом табиат ундан нафратланади. Чунки чўчқа ифлос ҳайвон. Одатда чиқинди ва нажосатлар билан озуқланади. Шу сабабли ўзи ҳам нажосатдир;
– У ўзида ўлимга сабаб бўлувчи кучи бактеря ва микробларни олиб юради. Шу сабабли унда катта зарарлар мавжуд;
– Унда даюсликка ўхшаш кўплаб ифлос табиатлар мавжуд. У ҳеч қачон ўзининг ургóчисини қизғанмайди. Уни гўшти билан озуқланган шахс булардан тасирланади. (Зеро, инсон танаси барча озуқалардан шу озуқанинг таркибида мавжуд моддалардан тасирланади. Баъзи таомлар инсонни иссиғини оширса, баъзилари совуғини оширади)[4].
– Унинг гўштини истемол қилган кишига, қанчалик тоза жойда боқилса ҳам, чўчқанинг мушаклари орасида яшайдиган сипиралсимон гижжа туҳумлари кўчиб ўтади[5],[6].
- Аллоҳ таолодан ўзганинг номи айтиб сўйилган жонлиқнинг гўшти. Унинг ҳаромлиги бирор нажосат ва моддий зарар туфайли эмас, балки маънавий зарар туфайлидир. Инсонларни яратиб, уларга жон ато қилган Аллоҳ таоло ҳайвонларни ҳам яратиб, уларга ҳам жон ато этди. Инсонларга, хусусан мусулмонларга гўшт маҳсулотларидан бошқа озуқаларда уни тайёрлаётган кишининг эътиқоди аҳамиатсиз. Аммо юқорида айтилганидек, жон ва руҳ эгаси бўлган озуқалар бундан мустасно. Зеро, руҳи бўлгани туфайли асл қоидага кўра уларнинг гўштини тановвул қилишимиз жоиз эмас эди. Лекин Аллоҳ азза ва жалла бизга махсус шартларга риоя қилган ҳолда улардан озуқа сифатида фойдаланишга руҳсат берди. Агар Унинг кўрсатмаларига амал қилмасак, жонворларнинг гўштидан тановвул қилишимиз ҳам дурус бўлмайди. У шартлардан бири жонлиқнинг руҳни чиқараётган пайтда шу руҳни яратган Зотни эслаб, Уни зикр қилишдир. Агар бу шарт қолиб кетиб, бошқа барча шартлар шаръий асосда амалга оширилса ҳам ҳайвоннинг гўшти ҳалол бўлмайди[7].
Юқорида айтилганлардан ташқари Моида сурасининг учинчи ояти ва ҳадисларда зикр қилинган жонворларнинг барчасини яхши синчиклаб ўрганган уламолар қуйдаги тўхтамга келишган:
Ҳанафий, шофеий ва ҳанбалий уламолари фикрича қозиқ тиши бўлиб, у орқали башқаларга ҳужум қиладиган жонворларнинг гўшти ҳаром. Бу умумий қоида бўлиб, қозиқтишсиз баъзи жонворларнинг ҳам гўшти ҳаром саналади. Бу борадаги биринчи қоида юқоридаги бўлса, иккинчиси уларнинг озуқасидир. Одатда ўлимтиқ ва нажосат билан озиқланадиган жониворлар биринчи қоидага тушмаса ҳам ҳалол саналмайди.[8]
Тошкент ислом институти Ҳадис
ва ислом тарихи кафедраси
стажор–ўқитувчиси ва Халқаро
ислом академияси исломшунослик
йўналиши 1 курс магистранти
Юсуф Хушвақтов
[1] Моида сураси, 1-оят.
[2] Муҳаммад Алий Собуний. Роваиул баён. Лубнон.Дорул қалам.– 1990. – Жуз 1. б 496-497.
[3] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Тафсири ҳилол.– Тошкент: “Шарқ” нашриёт –матбаа аксиадорлик компанияси бош таҳририяти, 2012. Жуз 1, – б. 151.
[4]Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Тафсири ҳилол.– Тошкент: “Шарқ” нашриёт –матбаа аксиадорлик компанияси бош таҳририяти, 2012. Жуз 1, – б. 152.
[5]Доктор Ваҳба аз-Зуҳайрий Тафсирул мунир. – Дамашқ: Дорул фикр -2009 Жуз 1. –б 443.
[6] Муҳаммад Алий Собуний. Роваиул баён.Лубнон.Дорул қалам.– 1990. – Жуз 1. б 155.
[7] Муҳаммад Тақий Усмоний. Буҳус фи қозоя фиқҳийя муасиро.– Дамашқ Дорул ақлам 2003.–б. 384.
[8] Тошкент ислом институти ўқитувчиси Зиёуддин Бегматовнинг “Жонлиқ сўйиш ва ов китоби, қўлёзма ҳуқуқи асосида” асври ёрдамида тузилди.