Ҳижрий тақвим – “ҳижрий-қамарий тақвим”, “исломий тақвим” ёки “арабий тақвим” деб ҳам номланади. Ҳиржий тақвим 12 ой, 354-355 кундан иборат. Мусулмонлар ушбу тақвимни, хусусан, рамазон ойини, ҳаж кунларини, закотда йилни ҳисоблашда фойдаланадилар. Бугунги кунда бир қанча араб давлатлари ушбу тақвимдан фойдаланади. Масалан, Саудия Арабистони ва Марокаш давлатлари расмий ишларда ва давлат ҳужжатларини юритишда ҳижрий тақвимдан фойдаланади.
Ҳижрий тақвим ойлари Ойнинг айланиши билан аниқланади.
Ҳижрий тақвим дастлаб Умар розияллоҳу анҳу халифалик даврида жорий этилган. Бу саҳобаларни машварати билан бўлган. Бир киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафот этган йилларини биринчи йил деб ҳисоблашни таклиф қилди. Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбар бўлган йилларини биринчи йил деб ҳисоблашни таклиф қилди. Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳижрат қилган йилларини биринчи йил деб ҳисоблашни таклиф қилди. Ҳижрат ҳақ билан ботилнинг ораси ажрашига сабаб бўлган, деди. Бошқа бирлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туғилган йилларини биринчи йил деб ҳисоблашни таклиф қилди.
Кўпчилик Али розияллоҳу анҳунинг таклифини ёқлаб овоз берди.
Иккинчи масала йил ҳисобини қайси ойдан бошлаш масаласи эди. Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу Ражаб ойини биринчи ой қилиб олайлик, у ҳаром ойларнинг биринчиси, деди. Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу Рамазон ойини биринчи ой қилиб олайлик, у умматнинг шарафли ойи, деди.
Али розияллоҳу анҳу, Муҳаррамни биринчи ой қилиб олайлик, унинг ўзи йилнинг биринчи ойи, деди.
Шу гап ҳаммага маъқул бўлди.
Ҳижрий тақвим ойлари- муҳаррам, сафар, робиул аввал, робиул охир, жумодул аввал, жумодул охир, ражаб, шаъбон, рамазон, шаввол, зулқаъда ва зулҳижжа ойлари.
Аллоҳ таоло Тавба сураси 36-оятда шундай марҳамат қилади:
إِنَّ عِدَّةَ الشُّهُورِ عِنْدَ اللَّهِ اثْنَا عَشَرَ شَهْرًا فِي كِتَابِ اللَّهِ يَوْمَ خَلَقَ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضَ مِنْهَا أَرْبَعَةٌ حُرُمٌ ذَلِكَ الدِّينُ الْقَيِّمُ فَلَا تَظْلِمُوا فِيهِنَّ أَنْفُسَكُمْ
“Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида ойларнинг сони, Аллоҳнинг ҳузурида осмонлару ерни яратган куни ўн икки ой қилиб белгиланган. Улардан тўрттаси (уруш қилиш) ҳаром (ойлар)дир. Мана шу тўғри диндир. У (ой)ларда ўзингизга зулм қилманг”.
Оятда зикр қилинган тўрт ҳаром ой ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадислари бор: Абу Бакра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳажда хутба қилиб: «Албатта, замон Аллоҳ осмонлару ерни халқ қилган кунидаги ҳайъатига қайтди. Бир йил ўн икки ойдир. Улардан тўрти ҳаром ойлардир. Учтаси бирин кетин; Зул қаъда, Зул ҳижжа ва Муҳаррам. Ва Жумоди ва Шаъбон орасидаги Музарнинг Ражаби”,- дедилар.
Ҳижрий йил тақрибан 354 кундан иборат. Аниқроғи, 354.367056 кун. Ойлар эса 29 ёки 30 кун бўлиши мумкин. Чунки Ойнинг айланиши 29.530588 кунга тўғри келади. Шунга кўра, ҳижрий тақвим милодий тақвимдан 11.2 кунга фарқ қилади. Шу сабаб рамазон кириши, ийд кунлари милодий тақвимда ҳар йили ўзгариб боради.
3- курс талабаси Олимжонов Ҳабибуллоҳ