islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Хайбар воҳаси

Хайбар (خَيْبَر) — Саудия Арабистонининг Мадина шаҳридан 153 километр шимолда жойлашган воҳа. VII асрда Ислом пайдо бўлгунга қадар бу ҳудудда араб яҳудий қабилалари истиқомат қилган. 628 йилда Хайбар жанги бўлиб, воҳа Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бошчилигидаги мусулмон қўшинлари қўлига ўтди.
Милодий VII асрда Ислом пайдо бўлгунга қадар, маҳаллий араблар билан бирга яҳудийлар бир вақтда Хайбар аҳолисини ташкил қилган, аммо яҳудийлар Шимолий Арабистонга қачон келиб жойлашгани номаълум. 567 йилда Хайбар ғассонний қабиласидан бўлган араб насроний шоҳи Ҳорис ибн Жабала томонидан босиб олинган.
VII асрнинг охирларида ҳам Хайбарда яҳудийлар истиқомат қилар эди. Улар воҳада хурмо етиштириш, шунингдек, савдо-сотиқ ва ҳунармандчилик орқали катта бойлик тўплаб, тирикчилик қилганлар.


Воҳа учта ҳудудга бўлинган: ал-Натат, ал-Шикк ва ал-Катиба. Ал-Натат қояли тепаликлари билан асосан чўлли ҳудуд бўлган Хайбардан табиий жиҳатдан ажралиб турган. Ушбу ҳудудларда уйлар, омборлар ва отхоналар жойлашган бир нечта қалъалар ёки қўрғонлар мавжуд эди. Ҳар бир қалъани алоҳида оила эгаллаб, атрофи экин майдонлари ва хурмозорлар билан ўралган. Мудофаа қобилиятини яхшилаш учун яҳудийлар қалъаларни тепаликлар ва қоялар устига қура бошладилар.

Фадак ғазоти

627 йилда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Фадак ғазотига мусулмон аскарларни жўнатиб, Бану Саъд қабиласига ҳужум қилишни буюрди, чунки Пайғамбар алайҳиссалом бу қабила Хайбар яҳудийларига ёрдам беришни режалаштираётгани бўйича разведка маълумотига эга эди. Юришда қавм бошлиғи мусулмонлар томонидан асирга олинди, қолган қабила аъзолари қочиб кетди.

Хайбар жанги

Хайбар жанги 628 йилнинг май-июн ойларида бўлиб ўтди. Ўзини Ҳорун алайҳиссаломнинг авлоди деб ҳисоблайдиган мадиналик яҳудий Бану Назир қабиласи Хайбар ерларига эга бўлиб, у ерда қалъалар, работлар ва ўз қуролли аскарларига эга эди.
625 йилда мусулмонларга хиёнат қилган Бану Қайнуқоъ ва Бану Назир яҳудийлари Мадинадан чиқиб Хайбарга жойлашган эди. Уларнинг раҳбарлари арабларнинг Ғатафон қабиласи билан иттифоқ тузиб Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга қарши урушга тайёргарлик кўриш ва Мадинаи мунавварага ҳужум қилиб, мусулмонларни йўқ қилиб ташламоқчи эдилар. Хайбарга бир минг тўрт юз саҳоба чиқди. Хайбар жангида мусулмонлар яҳудийлар устидан ғалаба қозонди. Аҳоли пунктлари ва қалъаларининг бир-биридан узоқлиги, жанговар кучлар ўртасида мувофиқлаштирувчи етакчи йўқлиги, қавм бошлиғи Салом ибн Мишкамнинг ўлими яҳудийлар мағлубиятига сабаб бўлди. Мусулмонлар қалъалардаги яширин тунеллардан бирига кирдилар. Бу тунел ва ўтиш йўллари уруш даврида қамалда қолганларни қалъа ташқарисидаги сув манбаларига олиб чиққан. Жангда 18 гача мусулмон ва 93 яҳудий ўлдирилган.
Мусулмонлар ғалабасидан сўнг, Муҳаммад алайҳиссалом Хайбар ерларининг қаровсиз қолишини олдини олиш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг Мадинага етказилиши тўхтамаслиги учун яҳудийлар билан шартнома тузиб, аҳолиси ўз ерларида қолиб, ҳосилнинг ярмини мусулмонларга тўлаши лозимлигини йўлга қўйди. Тарихчилар шартномада яҳудийлар Хайбар ерларига тўла эгалиги ёки эга эмаслиги қайд қилинмаган, дейдилар. Лекин уламоларнинг қайд этишича, хурмо ҳосилини ярмини мусулмонларга тўлаш қарорига кўра, ижара асосида ерга эгалик қилиш ҳуқуқи яҳудийларга берилган. Шартномада “…Лекин қачон сизларни бу ердан чиқариб юборишни истасак, чиқариб борамиз”, деган шарт ҳам бор эди. Манбаларда ёзилишича, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам қамал пайтида қўлга киритилган Таврот нусхаларини яҳудийларга қайтариб берган.
Ислом қонунларига кўра зиммийлардан, яъни мусулмон бўлмаганлардан жизя деб номланувчи солиқ ундирилади.
Кўп асрлар давомида Хайбар воҳаси муҳим карвон тўхташ маркази бўлган. Марказ атрофида ёмғир сувларини тўплайдиган бир қатор қадимий тўғонлар мавжуд эди. Сув ҳавзалари атрофида хурмо дарахтлари етиштирилган. Бунинг натижасида Хайбар муҳим хурмо ишлаб чиқарувчи марказга айланган. Минтақада етиштирилган хурмолар асосан Мадинага экспорт қилинарди.

Халифа Умар розияллоҳу анҳу (634–644) даврида 642 йили Хайбар яҳудий жамоаси Нажрон насроний жамоаси билан бирга Сурия ва Ироқнинг янги босиб олинган ҳудудларига кўчирилди.

ТИИ Ҳадис ва ислом тарихи фанлари

кафедраси катта ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев

284880cookie-checkХайбар воҳаси

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: