islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Оила ошиёни ўзаги – аёл, жамият биноси тиргаги – аёл!

Куни кеча, яъни 2022 йил 3 мартда Имом Бухорий номли Тошкент ислом институтининг ишчи-ходима аёллари ҳамда талаба қизлари иштирокида  “Оила ошиёни ўзаги – аёл, жамият биноси тиргаги – аёл!” деб номланган навбатдаги илмий-маърифий, ижодий кеча бўлиб ўтди.

Тадбирга халқимизнинг ардоқли фарзанди, бетакрор шеърлар муаллифи, ўзига хос омма тилидаги ижоди билан танилган миллий шоирамиз Марҳабо Каримова ташриф буюрди.

Мазкур давра суҳбатида шоирамиз ҳақни халқ тилида сатрларга тўкиш, халқ ичида улардан бири, яъни инсонлар аро оддий инсон бўлиш сирлари, жамиятдаги, оиладаги муаммолар негизида кўпроқ кимларнинг ётиши, аёлнинг ҳаётда ўз ўрнини қай йўсинда топиши, аёл кишини оиласи, қавм-қариндошлари ва яшаб турган жамиятида юксалтирувчи сифатлар, ҳақиқий аёл портретига чизгилар ҳақда сўз юритиб, барча аёллар учун ўта муҳим ҳақиқатларни содда тилда очиб ташлади.

– Нақшбандия таълимоти давомчиларидан тавозе ҳақида гапириб, “Мен нимагаки эришган бўлсам, оддийлигим ва соддалигим орқали эришдим, инсон нимаики йўқотадиган бўлса, манманлиги ва кибри сабабли йўқотади”, дейдилар, – деди Марҳабо опа, – Демак, камтарлик инсон хулқининг энг юқори чўққисидир. Оддийлик жуда катта фазилат аслида.

Марҳабо опа ҳақиқий ўзбек қизи, ўзбек аёлилиги билан алоҳида ажралиб туради. Унинг ижтимоий муаммоларга жўнгина, енгилгина ечимларни улашишини назмий ижодида ҳам бевосита кузатишимиз мумкин. Шоиранинг ижодида оддий халқнинг баён услуби сезиларли даражада юқори эканлигини эътироф этмасдан иложимиз йўқ. “Тўй бола, той бола”, “Мен ўзимни севаман, менга ўзим ёқади” жумлаларингизнинг ҳар бир инсон суҳбатида ишлатилиб, оммалашиб кетиши ҳам бежиз эмас, албатта.

Бугунги кунда кўпчилигимиз адабиётдан анча узоқлашиб қолдик, десак ҳам бўлаверади. Аслида, инсоннинг ички олами, хаёлот дунёсининг инъикоси-ку адабиёт, шундай эмасми? Бу жуда катта йўқотиш бўлса керак, албатта. Шу боис, меҳмондан адабиётнинг инсон, айниқса, аёл-қизлар ҳаётидаги аҳамияти ҳақида ҳам атрофлича тўхталиб ўтди.

– Адабиёт бу “одобиёт”, яъни одобни ўрганиб-ўргатадиган соҳа, – дедилар Марҳабо опа, – Ўз вақтида адабиёт жамиятдаги одоб-ахлоқ нормаларини тартибга солиб турувчи асосий унсурлардан. Қизларнинг адабиётдан узоқ бўлиши жуда ачинарли. Ҳолбуки, аёл киши нозик хилқат, таъсирчан қалб соҳибасидир.

Статистик маълумотларга кўра, охирги йиллар давомида никоҳли оила қуришлар сони камайиб, ажрашишлар тобора ошиб бормоқда. Жумладан, 2021 йил декабр ойи таҳлилларига кўра, 4 ой давомида 12 806 та оилавий ажрашиш кузатилган. Бу ўтган даврга нисбатан 4897 тага кўп. Марҳабо опа ижодида оилавий масалалар, қайнона-келин, эр-хотин масалалари, улар орасидаги ҳаётий-табиий муаммоларнинг ажойиб, содда ва осонгина ечимлари, хуллас, жамиятнинг негизи ҳисобланмиш оила муассасасини емирувчи иллатларни даволаш рецептлари салмоқли ўрин эгаллайди.

– Сизнингча, жамиятдаги, оиладаги муаммолар негизида кўпроқ кимлар ётади, аёлларми ёки эркаклар? – деб сўрадик суҳбат асносида меҳмондан.

– Оилада ўзи бор йўғи иккита шахс, икки жинс вакили бор: эркак ва аёл, – таъкидлади шоира, – Мана шу икки киши баъзан бир умр бир-бирини танимай яшаб ўтиб кетади. Аёл эркарни “эр” деб танийди, “эркак” деб эмас, ўз навбатида эркак ҳам аёлни “хотин” деб, болаларимнинг онаси, деб  қарайди, тўла маънода “аёл” деб эмас. Ҳамма муаммолар негизида асосан мана шу қараш, мана шу тўлиқсиз критерийлар ётади, назаримда.

Маълумки, Қуръони Каримда Одам билан Шайтоннинг қиссаси келтирилиб, улардан иккаласининг хатоси таҳлил қилинади. Одам нафсига алданиб хато қилади ва тавба қилиши натижасида кечирилади. Шайтон эса кибрланиб, ўзини бошқалардан устун кўрган ҳолда туғёнга кетади ва абадий тавқи лаънатга мубтало бўлади. Марҳабо опа ижодида ҳақиқий оқкўнгил мўминга хос тавозе, ўзбекка хос ҳокисорликни кузатишимиз мумкин. Тадбир давомида кибр ҳақида узоқ мунозаралар бўлиб, аёл кибри ҳаётда қай тарзда ўз аксини топиши, айниқса, муслималар, илм аҳллари кибри каби мавзулар ҳам долзарб муаммолардан эканлиги кўтарилда. Бу масалаларда ҳам Марҳабо опа ниҳоятда ҳаётий ва одмигина ечимларни тақдим этиб, барчани лол қолдири.

Муборак ҳадиси шарифда, аёлга ўхшашга уринган эркак ҳамда эркакка ўхшашга уринувчи аёллар шахсан Расули Акрам саллоллоҳу алайҳи васаллам томонларидан лаънатлангани, ҳаммамизга маълум. Шунингдек, ҳозирги кескин глобаллашиб бораётган шиддатли давримизда, айниқса, маданиятлар интеграциялашувининг юқори суръатга чиқиши, миллий қадриятлар қадрсизланиб, ижтимоий тармоқларда фаҳшнинг кенг тус олиши, маданиятларнинг оммалашуви жараёнлари фонида нафақат ёшлар, балки каттаю кичикни тийиб туриш жуда қийин бўлиб қолгандай, назаримизда. Бу каби масалаларда миллат зиёлилари, хусусан, халқимиз ардоғидаги ижод аҳлининг фикри биз учун ўта муҳим. Шоира Марҳабо Каримова, аёл кишини оиласи, қавм-қариндошлари ва яшаб турган жамиятида юксалтирувчи сифатлар, ўз қарашларидаги ҳақиқий аёл портретига чизгилар ҳақида қатнашчиларга муҳим маълумотларни етказди.

Тадбир ниҳоясида меҳмонимиз эндигина қоғозга тушган асарларидан ўқиб, ҳамммани шод этди. Шунингдек, муассасамиз ходим ва ходималари ҳамда талабаларини узоқ дуо қилиб, келажак ворислари ҳисобланмиш ёшларга ўз тавсиялар берди.

 Қизиқарли ва ҳаяжонли тадбир ниҳоясида қатнашган барча иштирокчилар шуурида, “Дарҳақиқат, оила ошиёни ўзаги – аёл, жамият биноси тиргаги – аёл!” экан, деган тушунча шаклланди, деб умид қиламиз. Дарвоқе, аёл эртанги кун қурувчиларини дунёга келтирувчи ҳамда уларга илк ҳаётий тамойилларни бевосита сингдирувчи шахсдир!

 

Талаба қизлар куратори Нигора Усмонова

285010cookie-checkОила ошиёни ўзаги – аёл, жамият биноси тиргаги – аёл!

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: