Мусулмонларга исломни енгиллик дини қилган Аллҳ таолога беадад ҳамду санолар бўлсин. Бизга ислом шариатини муккаммал қилиб етказган Расули Акрам (соллаллоҳу алайҳи васаллам) га солату саломлар бўлсин.
«Талоқ» сўзи луғатда «моддий ва маънавий тугунни ечиш» деган маънони англатади. Шаръий истилоҳда эса «Талоқ – махсус лафз ила никоҳни кетказиш ёки ҳалоллигини нуқсонга учратишдир». «Махсус лафз»дан мурод «талоқ» ёки унинг маъносини англатувчи лафздир. «Никоҳни кетказиш» эса никоҳ ақдини ечиб, орадаги маънавий боғланишни йўқотиш деганидир. Бу уч талоқ ила юзага келиб, ундан сўнг талоқ қилинган аёл ўзини талоқ қилган кишига ҳалол бўлмай қолади. «Ҳалоллигини нуқсонга учратиш» деганда, бир талоқ қўйса, уч талоқ ҳаққидан битта камайиб, хотиннинг унга ҳалоллиги нуқсонга учраши назарда тутилган.
Ҳозирги зикр қилмоқчи бўлган мазуимиз бугунги кунда долзарб мавзулар сарасига киради десак ўринли бўлади. Ёш оилаларнинг ажрими фоизи кундан кунга ортиб бормоқда. Барчасининг сабаблари турлича. Баъзи сабабларни ҳуснул ечим қилиш имкони бўлиши мумкин. Лекин шундай ўринлар бўладики, ечим ажрим билангина бўлади. Динимизда оиланинг ўрни муқаддас саналиб, у борадаги масалаларга ҳам ибодат даражасида қаралади. Оилада эр аёлини ёки аёл эрини ҳуқуқини поймол қилиши ёки ҳаққини адо қилмаслиги шаръан ножоиз деб қаралиб, уларга ўзига хос жазолар қози томонидан тайинланилади. Биз бундан кўришимиз мумкинки, ислом шариати никоҳ ва инсон ҳуқуқларига катта эътибор қилувчи ҳуқуқ ва қонунлар жамланмаси ҳиссобланади.
Бугунги кунда кўп учраётган ҳолатлардан деб айтишимиз мумкин:
о эрнинг чет элда бўлиши ва шу билан бирга аёлини нафақасиз қолдириши;
о эрнинг бедарак йўқолишида ва шу каби ҳолатларда аёлнинг ажримни сўраши жоиз бўладими?! Бундай масалаларга фиқҳ китобларида келтирилган мазҳаб уламоларининг жавобларни қисқача тарзда келтириб ўтамиз.
Бир аёлнинг эри сафарга кетиб, бедарак бўлиб, на ўлгани, на тириклиги маълум бўлмаса, Ҳанафий мазҳабига биноан, бир ривоятда эрининг тенгдошлари вафот этиб кетгунигача, баъзи ривоятларда тўқсон, баъзиларнинг наздида эса етмиш йилгача кутишига фатво берилган. Аммо аёлнинг ёлғиз ҳолатда иффатини сақлаши, зинога юриб кетмаслигининг тадбирини қилиб, нону нафақасини топишда қийналишини эътиборга олиб, никоҳни бекор қилишга ҳаққи бор. Лекин бунинг учун бир неча шартлар мавжуд:
– Аёл киши муфтий ёки қозининг олдида бир неча вақтдан буён эрининг дараги йўқлиги ҳақида арз қилади. Бу даъвосига иккита гувоҳни келтиради;
– Қози аёлнинг ҳолатини инобатга олиб, унинг эри тўғрисида суриштирув ишларини олиб боради. Агар ҳеч қандай хабар бўлмаса, аёлнинг яна тўрт йил сабр қилиб, кутиши ҳақида ҳукм чиқаради. Агар шу муддат ўтганидан кейин ҳам эридан хабар бўлмаса, қози никоҳни бекор қилиб, у аёлни ражъий талоқ иддасида ўтиришга ҳукм чиқаради. Идда муддати ўтганидан сўнг бу аёл бошқа одамга никоҳланиши мумкин бўлади.
Албатта, бу кутиш аёлга эрининг уйидагилари томонидан бирор нафақа ёки ёрдам бўлиб турган ҳолатлардагина бўлади. Аммо эр ёки қариндош-уруғлари томонидан таъминотнинг иложи бўлмаса ёки эрининг йўқлигида аёлнинг соғлиғига хатар бўлса ёки аёлнинг зинога қўл уриши хавфи кучли бўлса, қози муддатни бир йилга қисқартириши мумкин (ал-Ҳийлатун ножиза).
- Бир киши ўзининг ватанидан кўчиб кетса ва қаерда юргани аниқ бўлса ва у ватанига келмаса, хотинини ҳам олиб кетмаса, нафақасини ҳам адо қилмаса, шу туфайли аёли танг аҳволга тушиб қолса, бутун имомларнинг иттифоқига биноан, эрни хулуъ қилишга чақирилади. Агар эр ҳулуъ қилишга рози бўлмаса, у аёл сабр қилиб, иффатини сақлаб ҳаёт кечиришга қодир бўлса, шундай яшагани афзал. Мабодо қодир бўлмаса, қаттиқ мажбурлиги туфайли Моликий мазҳабига мувофиқ, никоҳини бекор қилдиришига ихтиёр берилади. Бунинг сурати шундай:
Бу аёл қозининг олдига шикоят арзи билан келади. Аввало у аёл:
-ўша кишининг никоҳида эканини исбот қилади
-Сўнгра эрлик ҳаққини, яъни таоми ва нафақасини адо қилмаётганлигига гувоҳлар келтириб, қасам ичади.
Шунда қози ўша кишига хат орқали келиб, эрлик ҳақларини адо этишини ёки ўша ерда туриб, талоқ беришини талаб қилади, агар буларга рози бўлмаса, қозият (қозилар маҳкамаси) томонидан никоҳлари бекор қилинишини эълон қилади. Шунда ҳам эр ушбу шартларни қабул қилмаса, хотиннинг яна бир ой кутиши ҳақида ҳукм чиқарилади. Агар бир ойдан кейин ҳам эрдан бирор жавоб бўлмаса, қозият томонидан улар ўртасидаги никоҳ бекор қилинади. Бунда хотин томонидан никоҳни бекор қилиш даъвоси бўлиши шарт.
- Агар мутлақо бедарак бўлиб кетган шахс никоҳ бекор қилинганидан кейин хотинининг олдига қайтиб келса, агар хотин иддада ўтирган бўлса, никоҳига қайтариб олиши мумкин. Агар иддаси тугаганидан кейин келса, бу ҳолатнинг бир оз тафсилоти бор.
Агар эр аёлнинг даъвоси нотўғри эканини исбот қилса, яъни унга олдиндан катта миқдорда нафақа ташлаб кетганлигини ёки у ердан жўнатиб турганлигини исбот қилса, хотин ўзининг никоҳида қолади, агар у аёл бошқа эрга тегиб, ундан фарзанд кўрган бўлса ҳам. Аввалги эрнинг никоҳи боқий саналиб, у аёлнинг иккинчи никоҳи бекор, деб ҳукм қилинади. Бу ҳолатда аввалги эр никоҳини янгидан ўқитиши, маҳр белгиланиши зарур эмас. Албатта, аёл иккинчи эри билан хилвати саҳиҳа (аҳди никоҳдан кейин эр-хотин бир жойда холи қолиб, уларни жинсий алоқадан тўсувчи ҳиссий, шаръий ва табиий монеликлар бўлмаслиги кўзда тутилади) қилган бўлса, иддада ўтириши вожиб бўлади. Агар эр хотиннинг даъвоси бекорлигини исбот қила олмаса, у аёлнинг қози буюруғига кўра аввалги эридан идда ўтиргандан кейин иккинчи эрга қилинган никоҳи дуруст бўлади. Валлоҳу аълам!
Имом Бухорий номидаги
Тошкент Ислом институти
4-курс талабаси Орифжонова Моҳира