islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Азон ва иқоматга доир масалалар

Фарз намозлари учун адо ва қазо жиҳатидан яъни ўз вақтида ўқилаётган фарз намозлари учун ҳам, вақтида ўқилмай қазоси ўқилаётган фарз намозлари учун ҳам, сафардагилар учун ҳам, шаҳардагилар учун ҳам, жамоат учун ҳам, мунфарид учун ҳам азон ва иқомат айтиш суннатдир. Таъкидланган суннатдир.

Аёллар учун эса азон ҳам, иқомат ҳам макруҳдир. Яъни, аёлларнинг намозга азон ва иқомат айтишлари макруҳ. Чунки, уларнинг ҳоли сатрни тақозо қилади. Азон ва иқомат эса билдириш ва эълон қилиш бўлиб, сатр маъносига зид келади.

Азон луғатда билдириш ва эълон қилиш маъносини англатади. Шаръий истилоҳда эса махсус билдириш демакдир.

Вақт кириши хосларнинг азонидир. Ки, улар азон айтилишидан аввал ҳам намозга ошиқиб турадилар ва намоз вақти киришидан хабардор бўлиб турадилар. Азон эса авомлар учун билдиришдир.

Агар шаҳарда, ўз уйида ўқиса азон ва иқоматни тарк этиш жоиз бўлади. Ривоят қилинишича, Абдуллоҳ ибн Масъуд (разияллоҳу анҳу) ўз уйларида дўстлари билан азон ва иқоматсиз намоз ўқидилар. Ва шаҳарнинг азони кифоя қилади, дедилар (Табароний ал-Кабирда, Муҳаммад Шайбоний китобу-л-Осорда ривоят қилганлар).

Бирор намозни қазо қилса, уни ўқиш учун азон ва иқомат айтади. Агар қазоси ўқилмоқчи бўлган намозлар кетма-кетлиги бирдан ортиқ бўлса, биринчисига азон айтиб, қолганларига иқомат билан кифояланади. Ушбу кўриниш суннатда ворид бўлган. Хандақ ғазотида Набий алайҳиссалом тўртта намозни шу тариқа ўқийдилар. Биринчисига азон айтиб, кейингиларига иқомат такбири билан кифояланадилар.

Шу билан бирга, кетма-кет ўқиётган ҳар бир қазо намози учун азон ва иқомат айтиш ҳам жоиз. Аммо, иқомат ҳар бири учун айтилади. Яъни, бу ҳолатда азонни камайтириб, фақат биринчисига чеклаш мумкин. Аммо, иқоматни ҳар бири учун айтади.

Агар қазо намозини масжидда ўқишга тўғри келса, азонни тарк этади. Чунки, бунда одамларни адаштириб, чалғитиб қўйиш мумкин. Боз устига, масжидда қазо намозларни ўқиш макруҳдир. Чунки, намозларни ўз вақтидан кечиктириш маъсиятдир. Маъсиятни эса ошкор қилинмайди.

Аммо, масжидда масалан, кеч келиб, мунфарид ҳолда вақтли намозни ўқийдиган бўлса, азонни паст товушда фақат ўзига эшитиладиган тарзда айтади.

Муаззин солиҳ ва тақводор бўлиши, суннатларни билиши ва вақтлар кириши бўйича билим ва тажрибаси бўлиши мустаҳабдир.

Азон айтаётганда таҳоратли бўлиши ҳам мустаҳабдир. Жунуб ҳолатда азон айтиш макруҳ. Шунинг учун ҳам жунуб инсон азон айтса, азон қайтадан айтилади. Қайтадан айтиш мустаҳабликка кўрадир, вожибликка кўра эмас.

Аёл киши, маст киши, мажнун ва гўдаклар азон айтмайди. Мабодо айтсалар, бунда ҳам қайта айтиш (яъни азонга лойиқ бўлган кишилар томонидан бошқаттан азон айтиш) мустаҳабдир.

Иқомат айтувчи кишининг таҳоратсиз ҳолда бўлиши макруҳ. Аммо, кимдир шу ҳолатда иқомат айтса, бошқалар намозга бошлайверади. Иқомат қайта айтилмайди.

Ўтирган ҳолда ёки уловга минган ҳолда азон айтиш ҳам макруҳдир. Агар йўлда давом этаётган мусофир бўлса, уловга минган ҳолда азон айтиши макруҳ эмас.

Сафарда азон ва иқоматни баробар тарк этиб қўйиш ҳам макруҳдир. Фатовойи Заҳирийяда келишича, сафарда азоннинг ўзини тарк этиш макруҳ эмас. Иқоматнинг ўзини тарк этиш эса макруҳдир.

Азон ва иқомат айтаётганда муаззиннинг гаплашиши ҳам макруҳдир. Агар бу аснода унга салом берилса, алик олмайди. Зеро, азон ва иқомат ҳам улуғ зикрлар сирасига киради. Шундай экан, азон ва иқомат айтар экан гаплашиш уларни таъзим қилишга футур етказади. Сўзлар тартибини ҳам бузади.

Азон ва иқоматни қиблага юзланган ҳолда айтади. Азон учун овозини гўзал қилади. Бироқ, ашуласифат оҳангларга солиб, нағма қилмайди. Яъни, оҳанг чиройли бўлиши учун ортиқча ҳарф ёки ҳаракат зиёда қилмайди. Оҳанг ва мақомга тўғри келтириш учун сўзлардаги ҳаракат ва эъробларни ўзгартирмайди.

Азон айтишда ҳам, иқомат айтишда ҳам “ҳайя алас-салоҳ”ни айтаётганда юзини ўнг томонга буради. “Ҳайя алал-фалоҳ”ни айтаётганда эса чапга бурилади.

Азон айтиш асносида кўрсаткич бармоқларини қулоғига қўяди.

Азонни айтганда ҳар бир жумласи орасини бироз сукут билан ажратади. Токи, эшитувчилар мутобаат қилиб, ижобат қилишлари осон бўлиши учун. Иқоматда эса ҳадр қилади. Яъни, тезроқ айтгани учун жумлалари орасини васл қилиб, улаб кетади.

Азон ва иқомат орасини васл қилиш, яъни азон айтиб бўлиши билан дарҳол иқомат айтиш макруҳдир. Улар орасини азон айтгач, доим намозга келувчи қавмнинг ҳозир бўлиш муддати миқдорича фасл қилиш мустаҳабдир.

Қадимда одамлар азон айтилганидан сўнг, масжидларга ошиққанлар. Гарчи, бугун аксарият намоз вақтларини билгани туфайли аввалдан масжидда ўтириб намозни кутсада, азон ва иқомат орасида бироз муддат ўтказиш мустаҳаблигича қолади.
Шундай экан, азон ва иқомат орасида муаззин бир муддат ўтирилади.

Илло, шом намози мустасно. Шом намозига айтилган азон билан иқомат орасида ўтирмайди. Бу имом Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ) наздида. Имомайн эса енгил ўтириш мустаҳаб дейдилар.

Шом намозига азон айтилгач, азон билан иқомат орасида учта қисқароқ оят ёки битта узун оят тиловат қилиш миқдорича кутилади. Ёхуд уч-тўрт қадам юриш муддати ўтказилади. Сўнгра иқомат айтилади. Яъни, Шом намозида азон ва иқомат орасидаги вақт шу қадар қисқа бўлади.

Шом намозидан бошқа деярли барча намозларда азон ва иқомат орасидаги мазкур фасл қаблий суннатларни ўқиш билан ҳам ҳосил бўлади. Масалан, Пешин намозига азон айтилгач, унинг суннатларини ўқиб бўлингандан сўнг, дарҳол такбир айтилса ҳам азон ва иқомат ораси рисоладагидек ажратилган бўлаверади.

Намоз вақти киришидан олдин азон айтиш жоиз эмас.

Ҳанафий мазҳабига кўра азон айтган кишининг ўзи иқомат айтиши афзалдир. Ва агар ўзи рози бўлса, бошқа одам иқомат айтишида кароҳат йўқ. Имом Шофеий (р.ҳ) наздида иқоматни муаззиндан бошқа одам айтиши макруҳ ҳисобланади.

Азонга ижобат қилиш

Киши суннатга мувофиқ бўлган азонни эшитса, яъни ашула қилиб, жуда оҳангларга солиб айтилмайдиган, лаҳн ва
грамматик хатолардан холи бўлган, шунингдек, катта таҳоратли (яъни жунуб бўлмаган) эркак киши томонидан айтилаётган азонни эшитса, унга ижобат қилиши суннатдир. Азонга ижобат мазҳабимиздаги бир тоифа уламолар қошида вожиб ҳам дейилган.

Шундай азонни эшитган инсон гаплашишдан, Қуръон тиловат қилаётган бўлса тиловатдан, фиқҳ ва усулул фиқҳдан дарс бераётган бўлса ундан ҳам тўхтаб, азонга ижобат қилади.

Агар масжидда ўтирган бўлса ҳам тиловатдан тўхтаб тургани афзал. Ўз уйида ўтирган бўлсаю уйига энг яқин масжиддан эшитилган азон борасида ҳам ҳукм шундай. Агар кетма-кет кўп жойдан азон эшитилса, биринчисига ижобат қилади.

Азонга ижобат қилишда, муаззин айтган барча нарсани ўзидек қайтаради. Фақат, “ҳайя алас-салоҳ” билан “ҳайя алал-фалоҳ”да “ла ҳавла вала қуввата илла биллаҳ” дейди. Чунки, ҳавқаланинг маъноси маъсиятлардан тийилиб, тоатлар узра қоим бўлиш Аллоҳ берган қувват билан ҳосил бўлишини эътироф этиш демакдир. Маъсиятлардан тўхташ ва нажот ва муваффақият калити бўлмиш Намозда қоим бўлиш инсоннинг ўзига эмас, Аллоҳ берган куч-қудрат ва ҳидоятга боғлиқ. Боз устига, “ҳайя алас-салоҳ” (намозга келинглар!) билан “ҳайя алал-фалоҳ” (нажотга келинглар!) буйруқдир. Амрни такрорлаш гўёки уни истеҳзо қилиш билан баробар. Шундай экан, “ҳайя алас-салоҳ” (намозга келинглар!) билан “ҳайя алал-фалоҳ” (нажотга келинглар!) сўзларини эшитганда ҳавқала айтиш муносиб кўрилди.

Бомдод намозида муаззин “ас-солату хойрун мина-н-навм” (намоз уйқудан яхшидир) деганда “содақта ва барарта ва билҳаққи натоқта” (ҳақ сўзни айтдинг)
ёки “мошоаллоҳ” дейди. Бу ҳам мазкур сўзни такрорлаш орқали гўёки истеҳзо қилаётгандек бўлиб қолишнинг олдини олиш учундир.

Сўнгра, муаззин ҳам, унга ижобат қилган мужиб ҳам васила дуосини ўқийди.

Тасвийб яъни азон ва иқомат орасида намозни бир қур эслатиб қўйиш ҳам яхши амал. Ва у тегишли жойнинг урфида бўлган сўзлар ила амалга оширилади. Масалан, арабларда “ас-солааҳ, ас-солаааҳ я мусоллийн” (намозга туринглар, эй намозхонлар) каби сўзлар билан айтилган. Бугунга келиб, одамлар намоз вақтлари ва уларни қоим қилиш масаласида тасвибга эҳтиёжлари қолмагнлиги учун бу одат деярли урфдан чиқиб кетган.

Алишер Султонхўжаев

287950cookie-checkАзон ва иқоматга доир масалалар

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: