Бугун Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази Халқаро илмий ҳайъатининг навбатдаги онлайн мажлиси бўлиб ўтди.
Нуфузли тадбирни Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори, доктор Жамолитдин Каримов табрик сўзи билан очиб бераркан, Халқаро илмий ҳайъатнинг барча аъзолари билан кўришиб турганидан миннатдор эканини таъкидлади. Ҳайъат мажлиси ишига ривож тилаб, Имом Мотуридий ва мотуридийлик таълимотини ўрганиш йўлида олиб борилаётган саъй-ҳаракатларга муваффақият билдирди.
Мажлисда Халқаро илмий ҳайъатга янги раис тайинлаш, 2021-йилда Марказ томонидан амалга оширилган ишлар, 2022-йил 26-май куни ўтказилиши режалаштирилаётган “Мотуридийлик таълимоти ва ҳозирги замон” мавзуидаги ИИ халқаро онлайн илмий-амалий симпозиумга тайёргарлик кўриш, мотуридийлик таълимотига оид замонавий тадқиқотларни саралаш, ўзаро ҳамкорликда илмий семинар ва ўқув курсларини ташкил этиш, ходимлар алмашинувини йўлга қўйиш, мусулмон мамлакатлари университетларида Имом Мотуридий номида кафедралар очиш каби муҳим ва долзарб масалалар муҳокама қилинди.
Мажлисда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназаров ҳазратлари ҳайъат аъзолари томонидан бир овоздан Халқаро илмий ҳайъатнинг янги раиси этиб сайланди. Муфтий ҳазратлари ушбу масъулиятли вазифани қабул қилиб олар экан, Халқаро илмий ҳайъат аъзолари бўлган етук олим ва мутахассислар билан битта мақсад йўлида фаолият олиб бориш ўзи учун юксак шараф экани, Ҳайъат Имом Мотуридий ва мотуридийлик таълимотини ўрганиш ҳамда кенг тарғиб қилишда улкан муваффақиятларга эришишига қатъий ишонишини таъкидлаб ўтди.
Халқаро илмий ҳайъат аъзолари таркибида Малайзия Ислом фанлари университети профессори Камолуддин Маржуний, Туркиядаги Ибн Халдун университети профессори Ҳамза Бакрий, Босния собиқ муфтийси Мустафо Черич, афғонистонлик исломшунос олим Абубакр Муттақий, Мармара университети профессори Ҳуля Алпер, мисрлик илоҳиётшунос олим Аҳмад Даманҳурий, ИРCИCА ташкилоти бўлим бошлиғи профессор Аширбек Мўминов, ал-Азҳар Мажмуаси Ислом тадқиқотлари академияси бош котиби Муҳаммад Назир Айяд, Татаристон Республикаси Фанлар академияси илмий ходими Рамил Адигамов, Ўш давлат университети доктори Зайлобидин Ажимаматов, ўзбекистонлик исломшунос мутахассислар доктор Давронбек Махсудов, доктор Саидмухтор Оқилов, доктор Хабибулло Сагдиев, доктор Жамолитдин Каримов, доктор Абдуллатиф Аллоқуловлар қатнашиб, ўз фикр-мулоҳазаларини ўртоқлашдилар.
Шунингдек, мажлисда сўзга чиққан ал-Азҳар мажмуаси Ислом тадқиқотлари академияси бош котиби доктор Муҳаммад Назир Айяд бугунги кунда Имом Мотуридий ва мотуридийлик таълимотини ўрганиш ва тарғиб қилиш юзасидан ҳамкорлик қилиш, жумладан, анжуманлар, илмий семинарлар, давра суҳбатлари, ўзаро тажриба алмашинувини йўлга қўйиш, мусулмон мамлакатлари университетларида Имом Мотуридий номи билан аталган кафедраларни ташкил этиш зарурати ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди.
– Мажлиснинг кун тартибига киритилган масалалар билан яқиндан танишиб чиқдим. Ўйлайманки, ушбу масалалар Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказининг келгусидаги истиқболи учун муҳим аҳамиятга эга ҳисобланади. Ушбу марказ бутун дунёга мотуридийлик таълимотини кенг тарғиб қилувчи етакчи илмий-тадқиқот муассасаларидан бирига айланишига ишончим комил, – дейди Малайзия Ислом илмлари университети профессори Камолуддин Нурдин Маржуний.
Ўз навбатида, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази Мотуридийлик таълимоти тадқиқотлари бўлими бошлиғи Абдуллатиф Аллоқуловнинг таъкидлашича, Марказ томонидан энг салмоқли иш сифатида Имом Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳнинг “Таъвилоту аҳли ас-сунна” (“Суннат аҳлининг изоҳлари”) асарининг таржимаси устида иш олиб борилганини кўрсатиш мумкин.
Мажлисда Марказ томонидан амалга оширилган ишлар Халқаро илмий ҳайъат аъзолари томонидан таҳсинга сазовор деб эътироф этилди ва юксак баҳоланди. Шунингдек, ушбу ишларни янада жадаллаштириш ҳамда янги босқичга олиб чиқиш юзасидан истиқболли режалар кўриб чиқилди. Халқаро ҳайъат аъзолари томонидан келгусида ўзаро илмий ҳамкорликни янада кенгайтириш, ҳайъат йиғилишини доимий тарзда ўтказиб бориш зарурати алоҳида таъкидланди.
Ўзбекистон халқаро ислом академияси
Матбуот хизмати