Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Аллоҳ таолога чексиз ҳамду санолар ва севикли Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустофо соллаллоҳу алайҳи ва салламга чексиз салоту саломларимиз бўлсин.
Рамазонда ҳар куни жаннат безатилади. Жаннат ўзи таърифига тил, фикрлашга ақл ожиз даражада гўзал. Аммо Рамазон кунлари у янада безатилар экан. Ҳадисда: «Аллоҳ таоло Рамазонда ҳар куни жаннатини безатади», дейилган (Имом Аҳмад ва Байҳақий ривоят қилган).
Рамазон ризқ-рўзларга барака бериладиган ойдир. Салмон розияллоҳу анҳунинг ҳадисида: «У (Рамазон) мўминнинг ризқи зиёда қилинадиган ойдир», дейилади.
Рамазон саховат ойидир. Рамазонда хусусан садақа ва хайру эҳсонларнинг савоби янада кўп ва ажри улуғ бўлади. Шу боис, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазонда ҳар доимгидан ҳам кўра кўпроқ саховат қилар эдилар, ҳатто, Ибн Аббос розияллоҳу анҳумонинг таъбири билан айтганда, эркин шамолдан ҳам саховатли бўлиб кетардилар. Шунинг учун ҳам мусулмонлар қадимдан закот ибодатини Рамазон ойида адо этишга одатланишган.
Эркин шамол – бу айнан бирор томонга йўналтирилган эмас, балки ҳар тарафга етадиган шамолдир. Бундай шамолнинг баҳраси ҳаммага, учраган кишига тегади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам Рамазонда саховат қилишда худди ўшандай шамолга ўхшаб кетар эдилар, у зот шу қадар қўли очиқ бўлиб кетардиларки, буни оддий сўз билан таърифлаб бўлмаганидан Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо мазкур таъбирни ишлатишни маъқул кўрганлар.
Юсуф алайҳиссаломнинг гўзал иш-ҳаракатларидан бири, у зот ҳеч қачон ёлғиз таом емас эдилар, шунинг учун Аллоҳ таоло у зотни Муҳсин деб номлади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Қайси бир мўминнинг хонадонига меҳмон келса, мезбон меҳмонга кулиб боқса, унинг кўзларига дўзах ўти ҳаром қилинади”.
Иброҳим алайҳиссалом кундузи таом емоқчи бўлсалар, бир ёки икки мил юриб бўлса ҳам, бирга овқатланиш учун бир меҳмон ахтарар эдилар.
Кимки меҳмонни икром қилмаса, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларидан эмас ва Иброҳим алайҳиссалом миллатидан ҳам эмас. Кимки Аллоҳ таоло ризоси учун меҳмонга таом берса, онасидан янги туғилгандек гуноҳлардан пок бўлади.
Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу шундай дедилар: Уйимга меҳмон келди, уйда тоза сув ва қаттиқ нондан бошқа ҳеч нарса йўқ эди. Меҳмонга боримни қўйдим, кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан меҳмоннинг фазилати ҳақида сўрадим. Шунда ул зот менга дедиларки: “Етти қават осмон фаришталари йиғилсалар ҳам, бунинг тавсифини келтира олмайдилар. Ким Аллоҳнинг севикли бандаларидан бўлишни хоҳласа, меҳмони билан бирга таом есин”.
Бир киши: “Бунинг (меҳмонни икром қилишнинг) савоби нима, ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам?”– деб сўради. “Бунинг савоби бир йил нафл рўза тутган, Байтуллоҳни ҳаж ва умра қилган, Аллоҳ йўлида душман билан жанг қилган кишининг савобичадир”.
“Кимки меҳмоннинг гўзал қадам товушларини эшитиб, хурсанд бўлса, унга шаҳидларнинг савоби берилади ва токи жаннатдаги жойини кўрмагунича дунёдан чиқмайди”.
Ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуга айтилди: “Бу дунёда сиз севган нарса нима?”. “Меҳмонга таом бериш, душманга қилич уриш(дўшмандан мурод нафсга қарши кўрашни эътиборга олганлар), ёз кунларида рўза тутиш”, – дедилар.
Осим ибн Ҳамза розияллоҳу анҳу дедилар: “Али ибн Абу Толибнинг розияллоҳу анҳунинг ҳузурларига кирдим, у зотни ғамгин ҳолда кўрдим ва: “Аллоҳ таоло сизга ғам-ташвишни кўрсатмасин!” – дедим. Шунда у зоти шариф: “Етти кундан бери меҳмон уйимга келмаяпди, шу туфайли Роббим мени хор қилмаса деб қўрқаман!” – дедилар…
Рамазон саломатлик ойидир. Қадимда ҳам, ҳозирда ҳам очлик билан даволаш муолажалари табиблар ўртасида энг кенг тарқалган даволаш услубларидан ҳисобланади. Мусулмон бўлмаган мутахассисларнинг таъкидлашларича, инсон жисмонан соғлом юриши учун бир йилда 28, 29 кун ихтиёри оч юриши керак экан. Рамазон ойи эса 29, 30 кун давом этади. Аллоҳ таоло сиз билан биз мўмин-мусулмонларга соғлигимиз гарови бўлган ушбу муолажани ибодат қилиб бериб, улкан ажру савобларни, яхшиликларни ваъда қилган экан.
Иброҳим Нахаъий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Рамазонда бир кун рўза тутиш бошқа вақтдаги минг кундан афзалдир. Рамазонда битта тасбиҳ айтиш бошқа кундаги мингта тасбиҳдан афзалдир”.
Имом Зуҳрий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Рамазондаги битта тасбиҳ айтиш бошқа ойдаги мингта тасбиҳга тенгдир”.
Ибн Ражабнинг “Буғятул инсон фий вазоифи Рамазон” китобидан таржима қилинди
Аллоҳим барчаларимизни бу маълумотларга амал қиладиган муҳсинлардан қилсин.
Соллаллоҳу ъала сайидина ва мавлана Муҳаммадин ва ъала алиҳи ва соҳбиҳи ва саллам.
Саййидимиз ва мавлойимиз Муҳаммад алайҳиссаломга, оилаларига ва саҳобаларига Аллоҳнинг саломи бўлсин.
Юнусобод тумани “Юнусобод оқтепа” жоме масжиди
имом ноиби Уролназар Мустофо тайёрлади.