islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Рўза ва унинг фарз бўлиши

Рўза ва унинг фарз бўлганлиги ҳақида нималар биласиз?

Аллоҳ таоло Еру Осмонларни яратиб, Қуёш ва Ойни йил ва ой-кунларни ҳисоб-китоб қилиш асоси қилиб белгилаганида ойларни ўн иккита бўлишини ирода қилди. У Зот бу ойлар ичидан Ўзи истаганини бошқалардан афзал қилди ва айримларини маълум ибодатлар учун танлади. Ана шундай танлаб олинган ойларнинг гултожиси – бу Рамазон ойидир.

“Рамазон” сўзи арабча сўз бўлиб, луғатшуносларнинг айтишларича, у “қаттиқ иссиқ”, “жазирама”, “қизиб чўғ бўлиш”“куйдириш” маъноларини англатувчи калимадан олинган. Бу ойнинг айнан ушбу ном билан олиш сабаби ҳақида турлича фикрлар бор. Жумладан, аллома Жавҳарий: “Айтишларича, араблар ойларнинг номларини эски тиллардан ўгиришганида ойларни ўша пайтда тўғри келган вақтига кўра номлашган. Ўшанда ушбу ой иссиқнинг энг жазирамасига тўғри келган экан”, дейди.

Иккинчи бир фикрга кўра, “Рамазон ойи гуноҳларни куйдириб ташлагани учун шу ном билан аталган. Зотан, бу ой жоҳилият даврида “Нотиқ” деб аталар эди”. Бошқалар айтишадики, “Бу ойдаги ибодат – рўза кишиларни ташналикдан ичини қиздиргани учун ой Рамазон деб номланган”.

Рўза тутмоқлик эса араб тилида “совмун” ёки “сийамун” деб юритилади. Луғатда бу сўз “бирон феъл ёки сўздан ўзини тийиб туриш” маъносини англатади.

“Лисанул-араб” луғатида “сийамун” сўзи шаръий истилоҳда “таом, ичимлик, жинсий яқинлик ва фойдасиз сўзлардан тийилиш” мазмунига эга экани айтилган. Шундан ҳам билиш мумкинки, рўза фақат овқат, ичимлик ёки бошқа ейиладиган нарсалардан сақланишгина эмас, балки рўза аввало номаъқул ишлар, ножоиз ҳатти-ҳаракат ва қайтарилган сўзларни тарк этишни ҳам ўз ичига олади. Рўзани фақат моддий тарафлама тушиниш нотўғри. Аслида рўзадан кўзланган мақсад – банданинг руҳий покланишидир.

Рамазон сўзини араблар қадимдан келаётган луғатларидан олганлар. Ҳижрий тақвимнинг 9-ойи бўлмиш Рамазон илк бор шиддатли жазирама иссиқ кунларига, куйдирадиган ҳароратли кунларга тўғри келгани учун “Рамазон” деб аталган. Жазирама иссиқда қолган қўйлар куйиб, қорайиб, ўлиб қолар экан. Шунинг учун мазкур ойда рўза тутган одамнинг гуноҳлари куйиб, йўқ бўлади, айбу-нуқсонлари Рамазоннинг савоблари жилоланиб турган муборак қуёшида ўлиб кетади, деган тушунча пайдо бўлган.

Рамазон рўзаси Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага ҳижрат қилганларининг иккинчи йилида Шаъбон ойидан икки кеча ўтганидан сўнг душанба куни фарз қилинди. Бу милодий 623-йили 7-февралга тўғри келса керак, валлоҳу аълам.

Шаъбон ойи тугаши билан Пайғамбар алайҳиссалом раҳбарлигида  мусулмонлар илк Рамазон рўзасини тута бошладилар. Бу кунлар жуда иссиқ бўлган эди. Айтганимиздек, Рамазон ҳам “жуда иссиқ”, “куйдирадиган иссиқ” деганидир. Шояд, Рамазонда рўза тутганларнинг гуноҳлари куйиб йўқ бўлса!

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам 9 йил Рамазон рўзасини тутганлар. Рамазон ойларнинг саййиди, хожасидир. Унинг бошқа ойлардан фазилатли жиҳатлари бор. Улар қуйидагилар:

* Рамазонда Қуръони карим нозил бўлди. Қуръони карим Рамазон ойи Лайлат ул-қадр кечасида Лавҳ ул-маҳфуздан дунё осмонига нозил қилинди. Кейинчалик Қуръони карим Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга 23 йил мобайнида бўлиб-бўлиб нозил этилди. Аллоҳ таоло:

“Рамазон ойи – одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир”-деди. (Бақара сураси, 185-оят).

* Рамазон ойининг рўзаси Исломнинг бешта арконлардан биридир. Имом Бухорий ва Имом Муслимлар Ҳазрати Ибн Умар разийаллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда бундай дейилади: “Ислом беш рукнга бино бўлгандир: Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига, Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг элчиси эканлигига гувоҳлик бериш; намозни барпо қилиш; Рамазон рўзасини тутиш, закотни бериш, Байтуллоҳни тавоф қилишдир”.

* Рамазон ойида қилинган садақалар, хайр-эҳсонлар бошқа ойлардан кўра афзалдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари табиатан сахий эдилар, Рамазон кириши билан эса саховатлари, яхшиликлари оммавий, узлуксиз бўлиб кетар эди. Рамазон ойида қилинган яхшиликлар бошқа ойлардагидан етмиш баробар ортиқ бўлиши ҳақидаги ҳадиси шариф (Байҳақий ривоятида) ворид бўлган. Иброҳим Нахаъийдек тобиъин: “Рамазонда бир марта тасбиҳ айтиш бошқа ойларда минг марта айтишдан яхшироқдир”, деган эканлар.

*  Рамазонда минг ойдан яхшироқ бўлган бир кеча бор. У Лайлат ул-қадр, яъни Қадр кечасидир. Мазкур кечанинг минг ойдан яхшироқ эканлигини Аллоҳ таолонинг ўзи ҳам, Расулуллоҳ алайҳиссалом ҳам таъкидлаганлар.

 * Рамазонда бошқа ойлардан фарқли ўлароқ кечалари намоз билан қоим бўлиш суннат қилинган. Таровеҳ намозларини масжидларда жамоат бўлиб ўқиш, дуо қилишлар файзу футуҳини ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмайди!     *Рамазоннинг охирги ўн кунлигида масжидларда эътикоф ўтиришлар суннати муаккададир. Жаноби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, аҳли аёллари ва асҳоблари билан эътикоф ўтиришни канда қилмаганлар. Ҳатто ул зоти шариф умрларининг охирги йилида йигирма кун эътикоф ўтирганлари нақл қилинган. Эътикоф эса ибодатларга шўнғиш, Аллоҳга астойдил бандалик қилиш демакдир!

* Рамазон Қуръон ойидир. Қуръони каримни ўқиш ва ўрганиш ойидир. Қуръон ўқишни кўпайтириш, Қуръон дарсларини зиёда қилиш бу ойда мустаҳабдир. Зотан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам Жаброил алайҳиссалом билан Қуръон дарсларини Рамазони шарифда ҳамманинг кўз ўнгида қилар, кўпайтирар эдилар. Ўтган салафи солиҳийн, ота-боболаримиз ҳатто мадраса дарсларини, ўзларининг илмий ишларини Рамазонда тўхтатиб, фақатгина Қуръони карим билан шуғулланганлари маълум. *Рамазонда бошқа ойларда бўлмайдиган ифторликлар бор. Бу хурсандчилик, каттаю кичикнинг дили шод бўладиган бир тадбирдир. “Кимки бир рўзадорни ифтор қилдириб, қорнини тўйдирса, унинг савобидан камайтирилмасдан унга ҳам берилади”, деган маънодаги ҳадиси шариф ворид бўлган.

*Рамазонда қилинган умра ибодати бошқа вақтда қилинганидан савоби ортиқдир. Рамазонда қилинган умра фарз ҳаж амали билан тенглиги айтилган ҳадис ҳам бор.

Демак, Одам алайҳиссаломдан тортиб Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламгача бўлган Пайғамбарларнинг умматларига ўзига яраша рўза фарз қилинган экан. Баъзи умматларнинг рўзаси 50 кун бўлган.

Мусулмонларга ҳали Рамазон рўзаси фарз қилинмасдан аввал Ашуро куни рўза тутишга буюрилган эди. Рамазон рўзаси фарз қилингандан сўнг эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Рамазон рўзасини тутиш Китоб, Суннат ва Ижмоъ билан собит бўлган фарздир. Аллоҳ таолонинг Китобига келадиган бўлсак, унда Бақара сурасининг Рамазон рўзасининг фарз қилиниши Бақара сурасининг 183-185-оятларида ўз аксини топган. Жумладан, унда қуйидагилар баён этилган: “Эй, имон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз”. (Бақара сураси, 183-оят).

“Рамазон ойи – одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир. Бас, сизлардан ким бу ойда (ўз яшаш жойида) ҳозир бўлса, рўзасини тутсин”. (Бақара сураси, 185-оят).

Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Ислом беш устунга бино қилинган: Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад Аллоҳнинг расулидир, деб гувоҳлик келтирмоқлик; намоз ўқимоқлик; закот бермоқлик; Рамазон рўзасини тутмоқлик; Байтуллоҳни ҳаж қилмоқликдир”, деган маънодаги ҳадиси шарифлари машҳурдир. Уммати Муҳаммадий рўзанинг фарз эканлигига ижмоъ қилганлар. Чунки у Исломнинг асосий устунларидан биридир, диннинг зарурий амаллари сирасидандир.

     РЎЗА АРКОНЛАРИ

Рўзанинг саҳиҳ бўлиш шарти унинг икки рукнига боғлиқ. Улар: ният – қалбда Аллоҳга бўйсуниш ва Унга яқинлашиш мақсади билан рўза тутишга азму қарор қилиш, субҳ-тонг киргандан то қуёш ботгунча еб-ичиш ва жинсий алоқадан тийилиш.

РЎЗАНИНГ СУННАТЛАРИ

1. Саҳарлик қилиш. Ундан мурод саҳар пайти туриб, кундузи рўза тутиш ниятида еб-ичишдир.Саҳарликнинг энг ками бирон нарса еб олишдир. Бир қултум сув ичиб олинса ҳам, саҳарлик қилган ҳисобланади. «Саҳарлик қилингиз, саҳарликда барака бордир», деганлар Набий алайҳиссалом.
2. Саҳарликни тонгга яқин қилиш. Саҳарлик қанчалик тонгга яқин қилинса, шунчалик афзал бўлади. Фақат тонг кириб қолгунга қадар кечикгирмаслик керак. Кечроқ саҳарлик қилган киши кўпроқ ажр олади, кундузи ҳам тўқроқ юради. Еб-ичиб ўтирган киши тонг кириб қолганини сезса, еб-ичишни тўхтатади ва рўзасини тутаверади. Вақт жуда кам қолганини билатуриб, ўзини ғафлатга солиб, еб-ичиб ўтириш узр бўлмай қолиши мумкин.
3. Ифторни эртароқ қилиш. Қуёш ботгани аниқ бўлганидан кейин дарҳол оғиз очиш лозим. Пайғамбар алайҳиссалом бу ҳақда шундай деганлар: «Одамлар ифторни эртароқ қилар эканлар, мудом яхшилик устида бўладилар». Анас (р.а.) айтадилар: «Пайғамбар алайҳиссалом сув билан бўлса ҳам, оғиз очмагунларича шом намозини ўқимас эдилар» (Термизий ривояти).
4. Ифтор маҳали дуо қилиш. Пайғамбар алайҳиссалом оғиз очганда қуйидагича дуо қилар эдилар: «Чанқоқ қонди, томирлар ҳўлланди ва ажр собит бўлди, иншааллоҳ» (Имом Бухорий ривояти).
Ибн Умар розияллоҳу анҳу эса шундай дердилар: «Эй Аллоҳим, мен Сендан ҳамма нарсадан кенг бўлган раҳматинг билан сурайманки, гуноҳларимни кечир» (Ибн Можа ривояти).

Рўза кони фойда экани, рўза  тутмасдан соғлиқни сақлаш мумкин эмаслиги, рўза кўплаб касалликларнинг давоси эканлиги исбот қилинди. Энг қизиғи, бу илмий кашфиётларнинг ҳаммаси мусулмон бўлмаган кишилар томонидан қилинди ва қилинмоқда.

Мазкур илмий тажрибаларнинг натижалари Ислом динида бундан ўн беш аср илгари рўза тутишни фарз қилиниши илмий мўъжиза бўлганига далолат сифатида қабул қилинмоқда. Ёки бошқача қилиб айтадиган бўлсак, Аллоҳ таолонинг: “Рўза тутмоғингиз сиз учун яхшидир”, деган ояти ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: Рўза тутинглар, саломат бўласизлар”, деган ҳадислари ўзининг исботини топмоқда.

Тиббий илмий изланишлар оқибатида рўзанинг турли жисмий ва руҳий касалликлардан ҳимоя қилиш, уларнинг олдини олишда фойдаси борлиги маълум бўлди. Жумладан:

  1. Рўза инсондаги касалликларга қарши қобилият (иммунитет)ни кучайтиради. Чунки рўза тутган одамда ушбу мақсадга хизмат қилувчи ҳужайралар ўн марта кўпайиши илмий равишда собит бўлган.
  2. Рўза тутган одамда семизликка қарши монелик пайдо бўлади. Чунки одатда семизлик ғизони ҳазм қилишдаги нуқсондан, атроф-муҳитдаги нафсоний ва ижтимоий таъсирлар орқали келиб чиқади.

Гоҳида руҳий изтироб ҳам ғизони нотўғри таъсир қилишга олиб бориши    мумкин. Рўза тутган одам руҳий, ақлий истиқрорга эга бўлади. Чунки рўзадор одам имоний муҳитда кўп ибодат, зикр ва Қуръон тиловати қилиб вақт ўтказади. Рўзадор аччиқланиш, асабийлашиш ва уруш-жанжаллардан йироқ бўлади.

  1. Рўза буйракда тошлар йиғилишидан сақлайди. Чунки рўза тутган одамнинг қонида сода кўпайиб, калий тузлари тўпланишини маън қилади. Шунингдек, рўзадор сийдигида сийдик йўлларидаги тузларни тўпланиб қолишини йўқотадиган модда кўпайиши ҳам илмий равишда исбот этилган.
  2. Рўза инсон жисмини унинг тўқималарида тўпланиб қоладиган турли зарарли моддалардан тозалашда ёрдам беради. Маълумки, озиқ-овқат, дори-дармон ва ҳаво орқали инсон жисмига кўплаб зарарли моддалар кириб, тўпланиб қолади. Ана ўша моддалар фақат рўза тутиш орқали чиқиб кетади.
  3. Рўза жинсий мойилликнинг кучини қирқади. Бу эса, айниқса ёшлар учун жуда ҳам фойдалик бўлиб, жисмни турли асабий ва жисмоний изтироблардан сақлайди. Бу ҳолат ҳам илмий тажрибалар орқали исбот қилинган.
  4. Рўза саратон ва юрак касалликларини олдини олади.
  5. Рўзатутиш мўмин кишига кўплаб ухровий ҳамда руҳий-маънавий фойдалар келтиришидан ташқари инсон соғлиги учун муҳим бўлган тиббий фойдаларга ҳам эга. У жисмдаги заҳарли моддалар (токсинлар)ни бартараф қилишга ёрдам беради.

Рўза соғлом овқатланишга бўлган иштиёқни ҳам кучайтиради. Рўза устида олиб борилган илмий тадқиқотлар шуни кўрсатадики, рўза тутиш соғлиқли овқатланишга бўлган рағбатни кучайтириб, сунъий озуқалар ва фастфуд каби овқатларга бўлган иштиёқни камайтирар экан. 

Организм рўза ойида ўзига таниш бўлган табиий нарсаларга интилади. Ва бу табиий равишда рўй беради. Ифторлик пайтида гамбургер ёки пицца унча кетмайди. Балки, хурмо, сув, бир тилим қази, тил, зайтун, пишлоқ, кўк сомса, юпқа, қуймоқ каби сифатли, табиий, оқсилга бой ва органик маҳсулотларга талаб кучаяди.

  1. Рўза тутиш туфайли инсон жисмида рўй берадиган ортиқча ёғларнинг эриши, организмдаги заҳарлардан халос бўлиш, жигар, буйрак ва юрак устини қоплайдиган висцерал ёғларнинг эриши, қонда глюкоза миқдорининг камайиши каби бир қатор ижобий ҳодисалар рўй беради. Мазкур ижобий ҳодисалар ўз навбатида организм ҳимоя тизимининг мустаҳкамланишига олиб келади. Жигар, буйрак ва юрак устидаги ёғларнинг эриши мазкур органларнинг яхшироқ ишлашига замин яратади. Натижада инсон жисми ёшаради ва қувватланади. Организмда янгиланиш рўй беради. Метаболизм тезлашади.

Лекин, рўзанинг жисмимизга кўрсатадиган ижобий фойдалари мукаммал бўлиши учун унинг руҳига зид бўлган ишларни қилмаслик керак бўлади. Баъзилар ифтор вақти кирганда уриб-тиқиб нарса ейдилар. Бу рўзадан кўзланган мақсадга зиддир. Оғиз очарда оз-оздан сифатли нарсалардан тановул қилиш мақсадга мувофиқ.

Масалан, ёнғоқ, майиз, хурмо, пишлоқ ва гўштли нарсалардан меъёрда ейиш фойдали. Хамир овқатлардан тийилиш мақсадга мувофиқ. Ифтор ва саҳарлик орасида бир дона банан меваси ейиш ҳам фойдадан холи эмас. Шунингдек, бу орада суюқлик кўп ичиш керак.

Саҳарликда гўшт, парранда гўшти ва балиқ каби оқсилга бой таом бўлгани афзал. Чунки, инсон оқсил истеъмол қилмаган ҳолда оч юриб, вазн йўқотса нафақат ёғ балки, мушаклардан ҳам кетади. Яъни, у ортиқча ёғ билан биргаликда керакли гўштлардан ҳам айрилади. Оқсилга бой озуқа билан таомланиш бу ҳолатнинг олдини олади.

“Тиллар“ кафедраси катта ўқитувчилари Ерназаров Фахриддин

ва  Юлдашев Иззатуллоҳ томонидан маълумотлар тайёрланди.

291060cookie-checkРўза ва унинг фарз бўлиши

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: