“Ер – ақлнинг бешиги, лекин инсон бешикда абадий яшай олмайди”.
12 апрель куни бутун дунё Авиация ва космонавтика кунини нишонлайди. Бу унутилмас сана инсоннинг коинотга биринчи парвози, илм-фаннинг мислсиз ғалабаси билан боғлиқ.
Космонавтика куни байрам сифатида собиқ Совет Иттифоқида 1962 йил 9 апрель куни СССР олий кенгаши президиуми фармони билан ташкил этилган ва 1968 йил Халқаро авиация федерацияси конференциясида халқаро мақом олган.
Айтганча, 2011 йилдан буён бу сана бошқа ном билан, яъни Бутунжаҳон авиация ва космонавтика куни сифатида нишонланади.
2011 йил 7 апрелда БМТ Бош Ассамблеясининг навбатдан ташқари ялпи мажлисида Россия ташаббуси билан космосга илк қадамнинг 50 йиллиги муносабати билан фазони тадқиқ қилиш резолюцияси қабул қилинган.
1961 йил 12 апрелда Совет Иттифоқи фуқароси, катта лейтенант Юрий Гагарин дунёда биринчи марта “Восток” космик кемаси саҳнида Ер атрофида орбитал парвозни амалга ошириб, одамнинг космик парвози даврини бошлаб берди.
Атиги 108 дақиқа давом этган парвоз коинотни тадқиқ этишда улкан ютуқ сифатида эътироф этилди. Юрий Гагариннинг номи дунёга машҳур бўлди ва биринчи космонавт муддатидан олдин майор ҳарбий даражасини олди, Совет Иттифоқи Қаҳрамони олий унвони ва Олтин Юлдуз кўкрак нишони билан тақдирланди.
Маълумки, инсон космик кемага чиқишдан олдин унинг тўрт оёқли дўстлари парвозга жўнатилган. 1960 йил август ойида экипажи таркибида “Белка” ва “Стрелка” лақабли икки ит бўлган совет фазовий кемаси кўкка учган.
Космонавтика тарихидаги дастлабки халқаро парвоз 1975 йил ёзда СССРнинг “Союз-19” ва Американинг “Аполлон” ракеталари орқали амалга оширилган.
Инсоният XXI асрга космик технологияларнинг ақл бовар қилмайдиган муваффақиятлари билан бирга кириб келди — ўн минглаб сунъий йўлдошлар Ер атрофида айланиб юрибди. Ҳатто, одамзот қадами Ойга-да етди, у ердан тупроқ намунасини олиб қайтди.
Кейинчалик автоматик зондлар Марс ва Венерага қўнди, бир неча фазо кемаси Қуёш тизими чегараларини ҳам тарк этди.
Шундай қилиб, БМТ Бош Ассамблеяси ушбу байрамни Халқаро космик парвозлар куни сифатида эълон қиларкан, бутун инсоният мулки бўлган коинотни тинч мақсадларда тадқиқ этиш, фазодан фойдаланиш кўламини кенгайтириш, бу борада барча давлатларга тенг имконият, имтиёз берилишини таъминлаш йўлидаги саъй-ҳаракатни давом эттирмоқда.
Ҳар йили мазкур санани инсоният учун космик аср бошланиши (12 апрель)ни халқаро миқёсда нишонлаш таклиф қилинган. Бу фан ва технологиянинг барқарор ривожланишига, фазодан тинч мақсадда фойдаланишга хизмат қилади.
Космонавтларнинг касб байрами 12 апрель космик дастурларда иштирок этадиган муҳандис, олим, техник ва бошқа мутахассислар учун ҳам қадрли кун. Космонавтика куни мамлакатимизда ҳам ўзига ҳос тарзда нишонланади, чунки Ўзбекистон ушбу соҳани ривожлантиришга сезиларли ҳисса қўшган. Қозоғистондаги Бойқўнғир космодроми қурилишида ўзбеклар, хусусан, алоқачиларимиз, қурувчиларимиз ва бошқа мутахассисларимиз фаол иштирок этган.
Ўзбекистон фазогирлари дастлабки кунларданоқ самони тадқиқ этишга муносиб ҳисса қўшдилар. Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани фарзанди, бутун дунёга маълум ва машҳур Владимир Жонибеков фазога беш марта чиққан илк ўзбекистонлик космонавт, икки карра Қаҳрамон, авиация генерал-майори унвони соҳибидир. Қирғизистоннинг Ўш вилоятида туғилиб ўсган ўзбек миллатига мансуб Солижон Шарипов фазода 203 кунни ўтказган, авиация полковниги, “Амир Темур” ва “Буюк хизматлари учун” орденлари билан мукофотланган.
Асарлари халқаро миқёсда тан олинган олимлар орасида Шавкат Аҳадович Воҳидовнинг исмини алоҳида таъкидлаш лозим. Ҳамюртимиз фазовий муҳандислик соҳасини шакллантириш ва ривожлантириш борасида улкан ютуқларга эришган.
Бугунги сана муносабати билан турли мамлакатларда тадбир, кўргазма, конференция, семинарлар бўлиб ўтмоқда, илмий-маърифий маърузалар ўқиляпти, фильмлар намойиш этилмоқда.
2001 йилдан буён Америка космик ишлаб чиқариш бўйича маслаҳат кенгаши ташаббуси билан 12 апрель куни дунёнинг кўплаб мамлакатларида “Юрий кечаси” тадбири ўтказилади.
Ушбу сана икки воқеага бағишланган: одамнинг коинотга илк парвози – 1961 йил 12 апрель, СССР ва “Space Shuttle” дастури бўйича биринчи одам парвози – 1981 йил 12 апрель, АҚШ.
Ушбу акциядан мақсад коинотни ўрганишга жамоатчилик қизиқишини ошириш, ёш авлодни коинот сирларини ўрганишга илҳомлантиришдан иборат.
Улуғбек Маҳмирзаев,
ЎзА