islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Ўзбекистон Халқаро ислом академиясининг фаолияти таҳлили (фото)

Ўзбекистон Халқаро ислом академиясининг фаолияти таҳлили (фото)

Дунёдаги етакчи олий таълим ва илмий-тадқиқот марказлари орасида ўз нуфузига эга бўлиб бораётган Ўзбекистон халқаро ислом академияси дастлаб 1999 йил 7 апрелда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Тошкент ислом университети сифатида ташкил этилган. 

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 16 апрелдаги «Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони асосида ушбу университет ва Ўзбекистон ислом академияси негизида Ўзбекистон халқаро ислом академияси ташкил этилди.

Фото: Рисолат Махсимова

Ўтган 2021 йилда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан Ўзбекистондаги олий таълим муассасалари Миллий рейтинги эълон қилинди.

Унга кўра, Ўзбекистон халқаро ислом академияси Олий таълим муассасалари Илмий салоҳият рейтингида – 4-ўринни, Ижтимоий-гуманитар соҳа бўйича ОТМлар рейтингида – 5-ўринни, Олий таълим муассасаларининг умумий рейтингида 7-ўринни эгаллади.

Бугунги кунда Ўзбекистон халқаро ислом академиясида 1 минг 670 нафар талаба таҳсил олади. Жумладан, академияда Россия, Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжон ва Афғонистон давлатларидан жами 39 нафар (33 та бакалавр, 2 та магистрант, 4 та докторант) хорижий талаба таҳсил олмоқда.

Фото: Рисолат Махсимова

Халқаро миқёсда ҳам ўрни тобора ошиб бораётган академиядаги таълимий, илмий ва маърифий жараёнлар ҳақида мақола тайёрлашни режа қилгандик. Шу мақсад билан академия Матбуот котиби Баҳодир Жовлиев билан суҳбат уюштирдик. Қуйида тўплаган маълумотларимиз асосида тайёрланган материалимизни эътиборингизга ҳавола қилмоқдамиз.

Р.Махсимова:

— Баҳодир ака, аввало таклифимизни қабул қилганингиз учун ташаккур. Демак, дастлаб Халқаро ислом академияси нечта давлат билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйгани ва Ҳамкор университетлар сони қанча экани ҳақида маълумот берсангиз.

Б.Жовлиев:

— Сизга ҳам таклиф учун раҳмат. Саволингизга тўхталсак, ҳозирда Ўзбекистон халқаро ислом академияси Европа, Африка ва Осиёдаги 14 мамлакатнинг 37 та нуфузли олий таълим, илмий-тадқиқот муассасаси ва халқаро ташкилотлари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатган. Таъкидлаш жоиз, мазкур ҳамкорлик алоқалар тўғрисидаги ҳужжатларнинг 32 таси академия халқаро мақомга эга бўлгач имзоланган.

Фото: Рисолат Махсимова

Хусусан, ўтган қисқа муддатда Миср Араб Республикасининг Ал-Азҳар университети, Россия Фанлар академияси Шарқ қўлёзмалари илмий-тадқиқот институти, Россия ислом институти, Қозон Федерал университети халқаро муносабатлар институти, Татаристон Республикаси Фанлар академияси Исломшунослик тадқиқотлар маркази, Болгар ислом академияси, Германиянинг Лейбнис замонавий шарқшунослик маркази (ZМО), Берлин Эркин университети, Мюнстер университети, Буюк Британиянинг Кембриж Марказий Осиё форуми, Саудия Арабистонидаги Ислом тадқиқот ва таълим институти (IRTI), Япониянинг Аичи санъат университети, шунингдек, Туркиянинг 5 та, Индонезиянинг 3 та, Малайзиянинг 4 та, Қозоғистоннинг 3 та дунё рейтингида етакчи олий ўринларни эгаллаган таълим ва илмий-тадқиқот марказлари билан мустаҳкам илмий-педагогик ҳамкорлик ўрнатилган. Шу ўринда Inha университети ҳамда М.В.Ломоносов номидаги Москва давлат университети амалий математика ва информатика факультетининг Тошкент шаҳридаги филиаллари билан илмий алоқалар ўрнатилганини ҳам айтиб ўтиш зарур.

Айни пайтда Озарбайжон илоҳиёт институти, Болгар ислом академияси (Россия), Салжуқ, Истанбул ва Анқара (Туркия), Малайзия ислом илмлари (Малайзия), Аичи санъат (Япония), Нур-Муборак Миср маданияти, Султон Шариф Қосим RIAU (Қозоғистон), Ислом тарихи, санъати ва маданияти тадқиқотлари маркази (IRCICA), Ислом тараққиёт банки, ICESCO, UNESCO, TIKA, KOIKA, ЛCА каби халқаро ташкилотлар билан ҳам ҳамкорлик алоқалари мунтазамлик касб этиб улгурди.

Р.Махсимова:

— Шу ўринда қўшимча қилсангиз, айнан мана шу ҳамкорликлар доирасида Ислом тарихини ўрганиш бўйича қандай ишлар амалга оширилмоқда?

Б.Жовлиев:

— Академиянинг халқаро ҳамкорлиги доирасида нуфузли хорижий ташкилотлар билан бирга кафедралар ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, 2019 йилда иккита — «Араб тили ва адабиёти Ал-Азҳар» ҳамда «Ислом тарихи ва манбашунослиги IRCICA» кафедралари ташкил қилинди.

Бунга қадар эса «Диншунослик ва жаҳон динларини қиёсий ўрганиш UNESCO кафедраси» ва «Исломшунослик ва ислом цивилизациясини ўрганиш ICESCO кафедраси» фаолият юритиб келаётган эди. Аҳамиятлиси, мазкур кафедра тўлиқ ICESCO томонидан замонавий жиҳозлар билан таъминланди.

Фото: Рисолат Махсимова

Ҳозир мазкур кафедрада республикамиз араб тили ўқитувчилари учун маҳорат дарслари ташкил этиб келинмоқда. Ушбу кафедраларнинг халқаро ташкилотлар томонидан берилган хорижий илмий адабиётлар билан таъминлангани эса, ёшларнинг дунё илмий манбаларидан фойдаланиб, ўз илмий-тадқиқотларини бойитишга қулайлик яратган.

Р.Махсимова:

— Академияда дарс берадиган чет эллик мутахассислар тўғрисида ҳам маълумот берсангиз?

Б.Жовлиев:

— Академиянинг илмий салоҳиятини ошириш мақсадида хорижлик профессор-ўқитувчиларни ўқув жараёнига жалб этиш ишлари мунтазам амалга ошириб келинмоқда.

Ўзбекистон халқаро ислом академияси ташкил этилгандан сўнг 2018-2021 йилларда Мисрнинг Ал-Азҳар, Туркиянинг Анқара, Малайзиянинг ислом илмлари, Германиянинг Мюнстер университетлари, Россиянинг Болгар ислом академияси, Россия ислом институти каби исломшунослик фани бўйича етакчи олий таълим ҳамда илмий тадқиқот муассасаларининг жами 100 нафардан ортиқ хорижий профессор-ўқитувчи ва мутахассислари таълим жараёнига жалб қилинди.

Шу билан бирга, Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг ҳам 70 нафар профессор-ўқитувчиси хорижий ОТМларда ўз маърузаси билан иштирок этган.

Р.Махсимова:

— Талабалар учун алмашинув дастурлари ҳам амалга ошириладими?

Б.Жовлиев:

—Юқорида таъкидлаб ўтганимдек, Ўзбекистон халқаро ислом академияси хорижнинг кўплаб нуфузли олий таълим муассасалари, илмий-тадқиқот марказлари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиб келмоқда. Шу боис, Академия ҳамда хориж таълим муассасалари ўртасида талабалар, ёш илмий тадқиқотчилар, профессор-ўқитувчиларнинг ўзаро алмашинувини йўлга қўйиш мунтазамлик касб этган.

Ана шундай ҳамкорлик натижалари туфайли жорий 2022 йилда Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг 4 нафар иқтидорли талабаси Ўмон Султонлигининг Султон Қобус институтида араб тили бўйича ўқув курсларига грант асосида қабул қилинди.

Академиянинг тиришқоқ ва истеъдодли талабалари Асад Азамов, Абдуллоҳ Бахтиёров, Отабек Икромбеков, Саидсултон Саидов жорий 2022 йилнинг 23 январдан 17 мартигача араб тили дарсларида иштирок этишди. Улар ўз билим ва кўникмаларини янада ривожлантириб, мумтоз ва замонавий араб тилидан сабоқ олишди.

Р.Махсимова:

— Биламиз, Халқаро ислом академияси ҳузурида «Зиё» медиа маркази фаолият юритади. Ушбу марказда академия талабаларнинг ўрни ва иштироки қандай?

Б.Жовлиев:

«Зиё» медиа маркази мамлакатимизда диннинг асл инсонпарварлик моҳиятини, аждодларимизнинг ислом ва жаҳон цивилизациясига қўшган бой диний-илмий меросини кенг тарғиб қилувчи, диний-маърифий ҳаётдаги янгиликларни жамоатчиликка етказувчи асосий медиа тузилма сифатида шакллантириб борилмоқда.

Фото: Рисолат Махсимова

Марказ томонидан тайёрланаётган кўрсатув ва эшиттиришлар, лавҳа ва махсус репортажлар, видеороликларнинг ҳар бирида мамлакатимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар кенг ёритилиб, жаҳон ва ислом цивилизациясига муносиб ҳисса қўшган аждодларимиз меросини кенг тарғиб қилиш, ислом динининг асл моҳиятини очиб бериш, бағрикенглик ва тинчликсеварлик хислатларини улуғлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Тайёрланаётган барча материалларда Академия талаба-ёшлари фаол иштирок этмоқда. Жумладан, «Зиё» медиа маркази мунтазам эфирга узатиб келинаётган «Имом Бухорий сабоқлари», «Эътиқод мустаҳкамлиги йўлида», «Маърифат зиёси», «Имом Бухорий ўгитлари», «Зиё чашмаси» рукнларида теле ва радиомаҳсулотларини тайёрлаш жараёнида талабалар қатнашмоқда. Буюк аждодларимизнинг илмий-маънавий меросини кенг тарғиб қилиш борасидаги саъй-ҳаракатлари ҳам шулар жумласидан.

Р.Махсимова:

— Келинг, шу ўринда Академия кутубхонасига тўхталсак. Хусусан, кутубхонанинг таркиби, ҳажми ва қамрови ҳақида маълумот берсангиз.

Б.Жовлиев:

— Ўзбекистон халқаро ислом академияси талабалар қамрови йилдан-йилга кўпайганлиги сабабли Ахборот-ресурс марказида  271 ўринли ўқув зали ташкил этилган. Талабаларга қулай шароитлар яратиш мақсадида бадиий адабиётлар бўлими 56 ўринли Боок-cафе кўринишида ташкил қилинди. АРМ фондида 6939  номда 67330  нусхада ўқув адабиётлари мавжуд.

Фото: Рисолат Махсимова
Фото: Рисолат Махсимова

Шундан, илмий адабиётлар 1276 номда  11175 нусхада. Дарсликлар 1429 номда 19302 нусхада, ўқув қўлланмалар 1118 номда  27715 нусхада, бадиий адабиётлар 2971 номда 6836 нусхада, бошқа адабиётлар 89 номда 1394 нусхада ва 9828 дан ортиқ тўлиқ матнли электрон ресурслар ҳам мавжуд. 2021 йил давомида 523 номда ва 5137 нусхада адабиётлар олинди. 2021 йилда 18 номда 48 нусхада  рўзнома, 24 номда 93  нусхадаги ойномаларга обуна ташкил қилинган бўлиб, улардан 7 номдаги ойнома Россия Федерациясида томонидан чоп этилган ойномалардир.

Фото: Рисолат Махсимова

Бундан ташқари, коронавирус пандемияси даврида талабаларга қулайлик яратиш, уларнинг таълимдан узилмаслигини таъминлаш мақсадида академия Ахборот-ресурс марказининг ягона электрон кутубхона тизими ишга туширилди. Ушбу тизимда Ахборот-ресурс марказидаги барча электрон ресурслар тизимга кетма-кетлик асосида жойлаштирилмоқда.

Тизимга Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги таълим муассасалари ҳам фойдаланиши ва мавжуд электрон ресурсларини ушбу тизимга жойлаштириш имконияти яратилди.

Ахборот-ресурс марказида book.iiau.uz web сайти 2021 йил апрель ойидан ишга туширилди.

Library дастурига ҳозирги кунга қадар 5731 та электрон ва 1540 та аудио адабиётлар жойлаштирилди. 4200 та электрон китоблар махсус фондда сақланмоқда. Мавжуд адабиётларга бўлган эҳтиёж ўрганилиб, фойдаланишда талаб юқори бўлган адабиётлар сканер қилинмоқда.

Фото: Рисолат Махсимова

Book.iiau.uz дастури орқали электрон кутубхонага аъзолик тизимли амалга оширилмоқда. Бугунги кунда 1605 нафар талаба электрон аъзо қилинган. Будастур  орқали талабалар мустақил  масофадан туриб ўзлари  АРМга аъзоликни амалга оширишларига кўмаклашувчи видео ролик телеграм каналда жойлаштирилган.

Бугунги кунга қадар Ахборот-ресурс маркази томонидан 60070 нусхада адабиётлар махсус штрих код билан таъминланди. Архив фондидаги шунингдек, янги қабул қилинаётган адабиётлар штрих код билан таъминлаш ишлари олиб борилмоқда.

Шунингдек, имконияти чекланган талабалар учун 52 номда аудио дарсликлар, 56 номда 738 нусхада брайл алифбосида шундан, 47 номда 700 нусхадаилмий адабиётлар ҳамда  9 номда ва 38 нусхада бадиий адабиётлар  жорий қилинди ва талабалар турар жойида 2 та, ўқув залида 2 та компьютерларга NVDIA (кўзи ожиз талабалар учун) дастури ўрнатилган.

Фото: Рисолат Махсимова

АРМда ҳозирги вақтда умумий 27 та компьютер мавжуд, шундан 20 таси АРМ ўқув залида, 7 таси талабалар турар жойида. Бундан ташқари АРМда принтер қурилмаси 2 та, сканер 1та, нусха кўчириш мосламаси 2 та мавжуд.

Симсиз тармоқ орқали компьютерлар интернет билан тўлиқ таъминланган. Интернет тезлиги 11Мбпс (оҳирги олинган маълумот бўйича, маълумот фаст.cом сайтидан олинди). 11.19 Мбпс юклаб олиш, 3.21 Мбпс юклаш («spped.test.net»дан олинган маълумот).

Фото: Рисолат Махсимова

Р.Махсимова:

— Халқаро ислом академиясининг битирувчилари қайси соҳаларда фаолият олиб бормоқда?

Б.Жовлиев:

— Ўзбекистон халқаро ислом академияси талабалари 100 дан зиёд муассасаларда малакавий амалиёт ўтайди ҳамда меҳнат фаолиятини олиб боради. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон Мусулмонлар идораси, Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Термизий халқаро илмий тадқиқот марказлари, «Вақф» фонди, ЎзР ФА Шарқшунослик институти, ЎзРФА Тарих институти, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республика Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги жазони ижро этиш Бош бошқармаси, Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратура академияси, Республика маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети ҳузуридаги Ахборот-коммуникацион технологиялар илмий-инновацион маркази, Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлигида академияни тугатган мутахассислар намунали фаолият юритиб келмоқда.

Бундан ташқари, вилоят, шаҳар ва туман ҳокимликлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази ва бошқа бир қатор нуфузли вазирлик, ташкилотларда Академия талабалари малакавий амалиёт ўтайди ҳамда меҳнат фаолиятини давом эттириш имкониятига эга бўлади.

Р.Махсимова:

— Суҳбатимиз якунида академиянинг илмий ютуқлари борасида гаплашсак. Ўйлашимча, бу мавзу ўқувчилар учун ҳам қизиқ.

Б. Жовлиев:

— Ҳозирда Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг илмий салоҳияти 65 % ни ташкил қилмоқда.

Илмий фаолият самарадорлигини ошириш мақсадида Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузурида таъсис этилган ихтисослашган илмий кенгашда мазкур йил  мобайнида 2 та фан доктори, 17 та фалсафа доктори илмий даражаларини олиш учун диссертациялар ҳимояси амалга оширилди. Мутахассисликдан 29 та малакавий ҳамда қўшимча имтиҳонлар ўтказилди.

Фото: Рисолат Махсимова

Бундан ташқари, талабаларимиз турли миллий ва халқаро танловларда, фан олимпиадаларида ҳам муваффақиятли иштирок этиб келмоқда. Жумладан, «Учинчи ренессанс – ёшлар нигоҳида» номли танловнинг 3 та йўналиши бўйича таянч докторант ва магистрларимиздан ташкил топган Академия жамоаси республика  босқичида «Аждодлар меросини ўрганиш ва тарғиб қилишда инновацион ёндашув» йўналиши бўйича  креатив жамоа номинацияси бўйича  ғолиб бўлди.

Шу ўринда таъкидлаш жоиз, Ўзбекистон халқаро ислом академияси халқаро Times Higher Education (THE) рейтинг агентлигининг 2021 йилги «Impact Rankings» рейтингида дунёдаги етакчи 1000 та олий таълим муассасаси рўйхатидан ўрин олди. Келгусида эса бу натижани яхшилаш мақсадида илмий-амалий фаолиятимизни янада яхшилашни режалаштирганмиз.

Рисолат Махсимова тайёрлади

291820cookie-checkЎзбекистон Халқаро ислом академиясининг фаолияти таҳлили (фото)

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: