Имом ал-Уструшаний ва унинг илмий мероси
Ўзбекистон алломалар юрти эканини бугун барча билади ва бутун дунё тараққийпарвар аҳли тан олади. Қадимий тамаддун ўчоқлари сифатида юртимизнинг Бухоро, Самарқанд, Термиз, Хоразм, Фарғона, Шош каби шаҳарлари жаҳон бўйлаб машҳур. Бугун уларнинг таркибига Жиззах воҳаси, яъни Уструшана минтақаси ҳам киритилмоқда. Жиззах заминининг шундай табаррук масканлардан бири бўлганидан кўпчилик юртдошларимиз то ҳануз бехабар бўлишлари мумкин. Аслида Уструшана қадимдан Ғарб ва Шарқни бир-бирига боғловчи Буюк Ипак йўлида жойлашган тараққий этган макон бўлган. Маждуддин Муҳаммад Уструшаний Жиззах заминидан етишиб чиққан фақиҳлардан биридир. Тўлиқ исми Абулфатҳ Маждуддин Муҳаммад ибн Маҳмуд ибн Ҳусайн ибн Аҳмад Уструшаний бўлган аллома XII асрнинг охири XIII асрнинг биринчи ярмида Мовароуннаҳрда яшаб, юксак илмий салоҳияти билан фиқҳ илмининг ривожига муносиб ҳисса қўшганлардан биридир. Олим Уструшанада туғилиб, кейин оиласи билан Самарқандга кўчиб ўтади ва шу ерда ижодий фаолият олиб боради. Уструшанийнинг ҳаётлик вақти Самарқанд фиқҳ мактаби ривожининг сўнгги даври ва мўғуллар истилосининг дастлабки босқичига тўғри келади.
Жаҳон фани учун Мовароуннаҳрда фаолият олиб борган олимлар қаторида фақиҳларнинг меросини ўрганиш ҳам катта аҳамиятга эга. Бугунги кунда ислом ҳуқуқи тарихий-маънавий мерос сифатида баҳоланиб, уни илмий ўрганиш жараёни бошланган. Шунинг учун мовароуннаҳрлик фақиҳларнинг жаҳон ҳуқуқий тафаккури тараққиётига қўшган ҳиссасини нечоғлик аҳамиятли эканини атрофлича чуқур тадқиқ қилиш давр талабидир. Бу борада Марказий Осиёдаги фақиҳлар фаолияти, ҳанафий мазҳабининг юртимизда ривожланиш тарихи ҳамда уни ўрганишга бағишланган айрим комплекс ишларни кўрсатиб ўтиш мумкин.
Ҳақиқатан ҳам, фақиҳларнинг ҳуқуқий қарашлари фақат улар яшаб ижод этган давр учунгина хос бўлиб қолмасдан, ҳозирги даврда ҳам ўз илмий қийматини йўқотмаган. Мовароуннаҳрлик фақиҳлар ислом оламининг бошқа минтақаларида ҳам эътироф этилган бўлиб, улар томонидан таълиф этилган фиқҳий асарлар ҳозирги кунда ислом оламининг нуфузли илм даргоҳларида ҳуқуқшунослик бўйича асосий қўлланма вазифасини ўтамоқда. Бу эса, ўз навбатида, Мовароуннаҳр фиқҳ илмининг юзага келиши, ривожланиш босқичлари, йўналишлари, ўзига хос жиҳатлари ва анъаналарини ўрганишга жиддий ёндашув лозимлигини кўрсатади.
Асосий қисм
Юртимизда фиқҳ илми ривожланган марказларни минтақавий жиҳатдан тадқиқ этиш ўзига хос бир йўналиш бўлса, йирик фақиҳлар ҳаёти ва илмий меросларини махсус ўрганиш яна бир бошқа сермаҳсул ёндашув ҳисобланади. Мовароуннаҳрлик йирик фақиҳлардан бири Маждуддин Уструшаний (577-637/1180-1240 йилдан кейин)нинг ҳаёти, ижоди ва аллома яшаган даврни илмий ўрганиш долзарб масалалардан биридир.
Мовароуннаҳр минтақасида фиқҳ илми тарихи ва фақиҳлар фаолияти бўйича Ўзбекистонда ва хорижий давлатларда қатор илмий тадқиқотлар олиб борилган. Минтақанинг нуфузли марказларидан бири бўлган Самарқанддаги мазкур илм ривожини ёритишда, асосан, унинг кўзга кўринган вакили Бурҳониддин Марғиноний ҳаёти ва ижодига эътибор қаратилади. Унинг шогирди Маждуддин Муҳаммад ибн Маҳмуд Уструшаний фаолияти ва илмий мероси ҳам тадқиқотчилар эътиборидан четда қолмади. Бир қатор олимлар фақиҳнинг таржимаи ҳолини тарихий-биографик асарлар маълумотларига таянган ҳолда бироз ўрганганлар. Аммо Маждуддин Уструшанийнинг ўз асарларида берилган қимматли автобиографик маълумотлар эса, тадқиқотчилар эътиборидан четда қолиб келган.
Маждуддин Уструшанийнинг илмий-маънавий меросини «Китоб ал-фусул», «Жомиъ аҳком ас-сиғор», «ал-Фатово», «ал-Қуруз ва-д-дуюн» ва «ал-Асъила вал-ажвиба» каби асарлари ташкил этади. Мазкур асарларидан биргина «Жомиъ аҳком ас-сиғор» чоп этилган бўлса-да, у ҳозиргача етарлича тадқиқ қилинмаган эди. Шуни ҳам айтиш лозимки, унинг нашрларни амалга оширишда маълум текстологик хато ва камчиликларга йўл қўйилган. Бир гуруҳ саудиялик тадқиқотчилар алломанинг «Китоб ал-фусул» асаридан муайян бўлакларни илмий жиҳатдан чегараланган, фақат замонавий шариат илмлари доирасида таҳлил этиб, тадқиқот олиб бордилар.
Мовароуннаҳр фиқҳ илми тарихига бағишланган умумий хусусиятдаги тадқиқотларда Маждуддин Уструшаний ҳаёти ва баъзи асарларигина зикр этиб ўтилади. Аммо Уструшанийнинг илмий меросини ўрганиш орқали мўғуллар истилосидан кейинги дастлабки йиллар жамиятда фақиҳларнинг ўрнини белгилашга тааллуқли масалаларга ойдинлик киритишга имкон яратилади.
Мусулмон Шарқида яратилган табақот туркумидаги манбаларда Маждуддин Уструшаний илмий-маънавий мероси ҳақида умумий маълумот бериб ўтилган. Жумладан, Абдулқодир ибн Аби-л-Вафо ал-Қураший (ваф. 775/1373 й.), Ҳожи Халифа (ваф. 1067/1657 й.), Муҳаммад Абдулҳай ал-Лакнавий (ваф. 1304/1886 й.) ва Хайруддин аз-Зириклий каби биографларнинг асарларида Маждуддин Уструшанийнинг таржимаи ҳоли ва икки асари ҳақида маълумотлар келтирилган. Туркиялик Аҳмед Узел ўз тадқиқотида Маждуддин Уструшаний илмий мероси тўғрисидаги қисқа маълумотларни баён этган. Яна бир туркиялик олим Холит Унал эса алломанинг қисқача таржимаи ҳолидан ташқари «ал-Фатово» асари бўйича дастлабки маълумотларни келтирган.
Хорижий Шарқ мусулмон мамлакатлари замонавий тадқиқотчилари Абдулҳамид Абдулхолиқ ал-Байзалий, Абу Мусаб ал-Бадрий ҳамда Маҳмуд Абдурраҳмон Абдулмуним кабилар Маждуддин Уструшанийнинг «Жомиъ аҳком ас-сиғор» асари матнини нашр қилганлар. Саудиялик Фаҳд ибн Носир ибн Фаррож ал-Фаридий, Абдурраҳмон ибн Усмон ал-Муршид, Сулаймон ал-Хамис каби тадқиқотчилар алломанинг «Китоб ал-Фусул» асари асосида тадқиқот иши олиб борганлар.
Тадқиқотчи А.Мўминов ўзининг номзодлик диссертациясида Муҳаммад ибн Маҳмуд Уструшанийнинг илмий меросига қисқача тўхталиб ўтган. Ўзбекистонлик тадқиқотчи олимлардан М.Комилов, О.Қориев, А.Ш. Жўзжоний, Н.Ж.Юсупова кабилар ҳам ўз тадқиқотларида Маждуддин Уструшанийнинг отаси ҳақида қисқа маълумот берганлар.
Аммо юқорида зикр этилган ишларда Муҳаммад ибн Маҳмуд Уструшанийнинг ҳаёти ва унинг илмий мероси ҳар томонлама тадқиқ қилинмаган. Бундай изланишларда алломанинг исмигина зикр этилган бўлиб, уларнинг бош илмий мақсади асарлари матнини нашр этишдан иборат бўлган.
Европалик шарқшунослар томонидан Маждуддин Уструшаний ҳаёти ва илмий меросига оид тадқиқотлар амалга оширилмаган. Фақат биргина Карл Броккельман (Германия) Маждуддин Уструшанийнинг илмий мероси ҳақида умумий тарздаги мухтасар маълумотларни келтириш билан кифояланган, холос.
Кўриниб турибдики, Маждуддин Уструшаний ҳаёти ва мероси ҳақидаги маълумот етарли эмас. Тадқиқот жараёнида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида сақланаётган қўлёзмалардан бирида олимнинг замона илмий жамоатчилиги эътиборидан четда қолиб келаётган «ал-Асъила вал-ажвиба» («Саволлар ва жавоблар») асари мавжудлиги аниқланди. У ҳанузгача ҳеч бир табақот жанрига оид асарларда қайд этилмаган. Асар бизга аллома ҳаёти ҳақида тамомила янги маълумотларни берди. Натижада аллома ҳақидаги айрим фикр-мулоҳазалар бир томондан ойдинлашса, иккинчи томондан, янада чигаллашди. Гап шундаки, мавжуд манба ва тадқиқотларда Маждуддин Уструшаний 632/1234-35-йилда вафот этган, деб қайд этилиб, туғилган йили эса зикр этилмаган. Аммо олимнинг ўзи «ал-Асъила вал-ажвиба» асарининг хотима қисмида шундай ёзган: «…Лекин кунлар 60 ёшли оқсоқ кампир сингари ўз ёпинчиғига ўралиб, мендан юз ўгириб кетди. …Китобни тамомлаш тонги ҳижрий 637 сананинг Зулқаъда ойининг олтинчи куни, пешиндан олдинроқ ёришди».
Агар мазкур ахборот инобатга олинса, олим 637/1240 йилда ҳали ҳаёт, ёши эса 60 да бўлгани ҳақида хулоса чиқариш мумкин. Демак, Маждуддин Уструшанийнинг бошқа мавжуд манбаларда кўрсатилган 632/1234-35 йилдаги вафоти нотўғри бўлиб чиқади. Агарда олим ушбу асарини 637/1240 йил 28 майда 60 ёшида тугатган бўлса, демак, унинг туғилган санасини 577/1180 йил атрофида деб фараз қилиш мумкин. Яъни асар ёзиб тугатилган санадан 60 ёшни чегириб ташланса, олимнинг туғилган йили ойдинлашади. Аммо олимнинг вафот санаси номаълумлигича қолмоқда. Биз юқоридаги маълумотларга таяниб, Маждуддин Уструшаний тахминан 637/1240 йилдан сўнг вафот этган дейишимиз мумкин.
Аллома ўзининг ёшлик йиллари ҳақида шундай дейди: «Ўзимни мураккаб масалаларни мутолаа қилишга ва дақиқ (нозик) далилларни мушоҳада этишга ўргатиб, тасниф этилган ажойиб китоблардан баҳраманд бўлишга ва аҳком соҳасида таълиф этилган ҳалол ва ҳаром нималиги баён қилинган асарлардан тўғри йўл излаб топишга ҳимматимни жалб қилдим».
Олим илмий дунёқараши шаклланишида оилавий муҳитнинг аҳамияти салмоқли бўлган. Олим бир неча авлод фақиҳлар сулоласининг давомчиси бўлган, дейиш мумкин. Зеро, манбалар унинг бобоси Маждуддин Ҳусайн ибн Аҳмад Уструшаний ўқимишли ва зиёли оилада тарбия топганлиги ҳақида гувоҳлик беради. Аллома XII асрда Уструшанада яшаб, фиқҳ илмининг ривожига муносиб ҳисса қўшган. Отаси Маҳмуд ўз замонасида «Жалолуддин» («Диннинг улуғлиги») деган шарафли унвонга сазовор бўлади. Амакиси Бурҳониддин Аҳмад ибн Ҳусайн ибн Аҳмад Уструшаний ҳам фақиҳ бўлиб, «Китоб ал-фатово» номли фиқҳий асар таълиф этган. Аллома ўзининг амакиси ҳақида «Китоб ал-фусул» ва «ал-Асъила вал-ажвиба» асарларида маълумотлар келтиради. Муаллиф ўз асарларида амакисининг фикрларидан кенг фойдаланган.
Онасининг бобоси «Шамс ал-аимма» («Имомлар қуёши») шарафли унвонга ва тоғаси Муҳаммад ибн Аҳмад эса «Шамсуддин» («Дин қуёши») лақабига эга бўлганлари ҳақидаги маълумотлар манбалар асосида аниқланди. Шунингдек, Муҳаммад ибн Маҳмуд Уструшанийнинг ўзи муфтий бўлган ва ўз замонасининг мужтаҳид олимларидан ҳисобланган.
Олимнинг илк устози – ўз отаси фақиҳ Маҳмуд ибн Ҳусайн ибн Аҳмад Уструшаний бўлган. Мавжуд манбаларда унинг исми «Соҳиб ал-фусул»нинг отаси ёки Бурҳониддин Марғинонийнинг шогирди сифатида зикр этилиши, унинг шаънига қисқача мадҳ битиш талабга айлангани унинг илм аҳли орасида катта обрў-эътибор ва ҳурматга сазовор бўлганидан дарак беради. Маҳмуд Уструшанийнинг «ал-Фавоид» номли фиқҳий асар ёзганлиги маълум.
Тадқиқотчи О.Қориев «Ал-Марғиноний – машҳур фиқҳшунос» рисоласида алломага қуйидагича таъриф беради: «Жалолуддин Маҳмуд ибн Ҳусайн Уструшаний Фарғона вилоятида таваллуд топган. Фиқҳ илмида Бурҳониддин Марғинонийдан таълим олган. Кейинчалик ўзи ҳам Шайхулислом, Жалолуддин ва Бурҳониддин каби шарафли номларга эга бўлган». Тўғри, Маҳмуд Уструшаний фиқҳ илмида Бурҳониддин Марғинонийдан таълим олган. Лекин Фарғонада эмас, балки Уструшанада таваллуд топган.
Аллома ҳақида А.Ш. Жўзжоний, Н.Ж. Юсупова «Бурҳониддин Марғиноний: ҳаёти ва илмий мероси» рисоласида Маҳмуд Уструшаний Бурҳониддин Марғинонийнинг авлодларидан бўлган, деб таъриф берилган. Аммо манбаларда Маҳмуд ибн Ҳусайн Уструшаний Бурҳониддин Марғинонийнинг фақат шогирди сифатида тилга олинади, холос.
М.Комилов ўзининг «Мовароуннаҳрда фиқҳ илмининг ривожи ва фақиҳ Алоуддин ас-Самарқандий» тадқиқотида «Мовароуннаҳр фақиҳи Бурҳониддин Маҳмуд ибн Ҳусайн Уструшаний вафоти тахминан XII аср» деб таъриф беради.
Маҳмуд Уструшаний ҳақида аниқ маълумотни унинг ўғли қаламига мансуб «Жомиъ аҳком ас-сиғор» асарининг хотимасидан олиш мумкин: «Отам Шайх ал-имом ал-муттақий Жалол ал-милла ва-д-дин муфтий ал-умма Маҳмуд ибн шайх ал-имом ал-ажал ал-кабир мажид ал-милла ва-д-дин ал-Ҳусайн ибн Аҳмад, отамнинг умрини узоқ қилсин ва отасини раҳмат қилсин…».
Юқоридаги маълумотга таяниб, Маждуддин Уструшанийнинг бобоси Ҳусайн ибн Аҳмад Уструшаний олим бўлиб, ўз китобини ёзиб тугатганида вафот этган, отаси Маҳмуд ибн Ҳусайн эса ҳаёт бўлган, деб хулосалаш мумкин.
Муаллиф «Жомиъ аҳком ас-сиғор» асарининг тугалланган санасини асарнинг хотима қисми сўнгида ёзиб қўйилган: «Ушбу китоб таълиф ва таҳриридан 625 ҳижрий йил шаъбон ойининг 24-кунида фориғ бўлдим. Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло билгувчироқдир ва Унинг ҳузурига қайтиш ҳақдир».
Демак, Маждуддин Уструшаний ушбу асарини 625/1228 йил 28-июлда тугатган вақтида бобоси Ҳусайн ибн Аҳмад Уструшаний вафот этган ва отаси Маҳмуд эса ҳаёт бўлган. Юқоридаги маълумотларга таяниб, Маҳмуд ибн Ҳусайн 625/1228 йилдан кейин Самарқандда вафот этган, деб хулоса қилиш мумкин.
Маждуддин Уструшанийнинг оиласи Самарқандга қачон кўчиб келгани тадқиқотчиларнинг назаридан четда қолган. Ушбу масала ҳақидаги муҳим маълумотни Ҳожи Халифа ўзининг «Кашф аз-зунун» асарида қуйидагича келтиради: «аш-Шайх ал-имом аз-зоҳид Жалолуддин «Фусул» ва «Жомиъ аҳком ас-сиғор» муаллифининг отаси Маҳмуд ибн шайх Маждуддин Ҳусайн ибн Аҳмад Уструшаний Носируддин Муҳаммад ибн Юсуф ал-Ҳусайний ас-Самарқандий (ваф. 556/1161 й.)нинг «Мултақот фи ал-фатово» асарини 603/1207 йилда Уструшанада тажнис қилиб (яъни тартибга солиб қисмга ажратмоқ), 616/1219 йилда Самарқандда имло қилди».
Бу маълумотдан шундай хулоса қилиш мумкинки, Уструшанийлар оиласи 603/1207 йилгача Уструшанада яшаган. Самарқандга эса 603/1207 ва 616/1219 йиллар орасида кўчиб келиб, шу ерда муқим яшай бошлаган. Бу вақтда Муҳаммад ибн Маҳмуд Уструшаний 27-39 ёш оралиғида бўлган.
Алломанинг устоз ва шогирдлари: Маждуддин Уструшаний олим сифатида ҳанафий мазҳаби илмий муҳитида шаклланган. Кўпчилик тарожим асарларида Уструшанийнинг икки ёки уч узтози зикр этилади, холос. Бунга сабаб, балки, олимга кўпроқ таҳсил берган устозларини зикр этиш билан кифояланиш бўлса керак. Аммо унинг асарларида ўз давридаги кўплаб олимларнинг сўзлари, ривоятлари келтирилган.
Маждуддин ал-Уструшаний ўсиб, шаклланган илмий муҳит асосан ҳанафий мазҳаби олимлари таъсирида бўлган. Кўпчилик тарожум асарларида унинг икки устози зикр этилади. Олим уларни ўз асарларида зикр этган.
Манбалар Бурҳонуддин ал-Марғиноний Маҳмуд ва унинг ўғли Муҳаммад ал-Уструшанийларнинг устози бўлганлигини тасдиқлайди. Марғинонийнинг яшаган даври Шарқ уйғониш даврининг биринчи босқичи бўлмиш IX–XII асрларга, яъни Марказий Осиёда жамият тараққиёти учун фиқҳ илмига катта зарурат туғилган бир даврга тўғри келди. Олим ёзган асарлар, айниқса, «ал-Ҳидоя» асари ўша давр ҳуқуқий муаммоларини ечиб беришга қаратилган эди.
Буюк аллома умрининг охирларида Самарқандда яшаб, ижод этиб, 593/1197 йили ўша ерда дунёдан ўтган. Аш-Шомийнинг «Дурр алмухтор» асарида ёзишича, улуғ фақиҳ Самарқанддаги 400 га яқин Муҳаммад отли фақиҳлар дафн этилган Муҳаммадилар қабристони «Турбат алМуҳаммадиййин» ёнида дафн этилган.
Фиқҳ илмининг аҳамиятини чуқур тушунган Бурҳонуддин ал-Марғинони ўз фарзандларини ҳам ушбу соҳада тарбиялаб камолга етказган. Олиб борилган изланишлар асносида ал-Марғинонининг тўртта ўғли борлиги ҳақидаги маълумотлар аниқланди. Табақот жанридаги барча манбаларда эса, унинг учта фақиҳ ўғли ва битта фақиҳ невараси бўлгани таъкидланади. Ўғиллар исмида ҳам чалкашликлар борлиги аниқланди:
1. Муҳаммад ибн Али ибн Аби Бакр ибн Абдулжалил Абу-л-Фатҳ Жалолуддин ал-Фарғоний.
2. Умар ибн Али ибн Аби Бакр ибн Абдулжалил Шайхулислом Низомуддин ал-Фарғоний. Унинг «ал-Фавоид» ва «Жавоҳир ал-фиқҳ» номли фиқҳий асарлари бор. Аммо Маждуддин ал-Уструшаний Умарга мурожаат қилганида уни юқоридаги манбалардагидек «Шайхулислом Низомуддин» эмас, балки «Шайх ал-имом ал-ажал Бадруддин» деб мурожаат қилади. Олимнинг «Шайхулислом Низомуддин» шарафли исми билан аталувчи яна бир ўғли бор бўлиб, унинг исми ал-Ҳасан эканлиги маълум бўлди. Шунинг учун ҳам Бурҳонуддин ал-Марғинонийнинг куняси Абу-л-Ҳасан эканлиги ойдинлашди.
3. Ал-Ҳасан ибн Али ибн Аби Бакр ибн Абдулжалил Шайхулислом Низомуддин ал-Фарғоний.
4. ‘Имодуддин ибн Али ибн Аби Бакр ибн Абдулжалил ал-Фарғоний етук фақиҳ ва шеър ёзиш истеъдодига эга бўлган.
5. Ал-Марғинонийнинг невараси Абу-л-Фатҳ Жамолуддин ибн Имодуддин ал-Фарғоний Самарқандда яшаб, илмий ишлар билан шуғулланган. Манбаларда ёзилишича, у 651/1253 йил Самарқанд шаҳрида қозилик маҳкамаларига доир «ал-Фусул ал-имоди» номли фиқҳий асар ёзган.
Юқоридаги маълумотлардан шундай хулоса қилиш мумкинки, Бурҳонуддин ал-Марғиноний ва унинг фарзандларининг фиқҳ илмига қўшган ҳиссалари беқиёс бўлган. Муҳаммад ибн Маҳмуд шундай буюк фақиҳнинг шогирди бўлганидан юксак илмий чўққиларга эришгани бежиз эмас.
Маждуддин ал-Уструшанийнинг устозларидан яна бири ўз замонасининг мужтаҳид олимлари қаторида тилга олинган «Носируддин» шарафли унвон соҳиби Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Юсуф ал-Ҳусайний ас-Самарқандийдир[11]. Бу аллома «ал-Фиқҳ ан-нофиъ», «ал-Жомиъ фи-л-фатово», икки жилдлик «Масобиҳ ас-субул», «Аймон ан-навозил», «Китоб ал-ахсоф», «Маaл ал-фатово», «ал-Мултақат фи-л-фатово», «Хулосат ал-муфти» каби фиқҳга оид қатор асарлар тасниф қилган. Олим 556/1161 йилда Самарқандда қатл этилган. Маждуддин ал-Уструшани Носируддин ас-Самарқандини ўзининг ғоявий устозларидан бири ҳисоблаган ва унинг асарларидан унумли фойдаланган.
Ўз замонасининг етук алломаларидан бири Заҳируддин Муҳаммад ибн Аҳмад ибн ‘Умар ал-Бухори (ваф. 619/1222) ҳам Маждуддин ал-Уструшанининг устозларидан бири бўлган. Унинг «ал-Фатово аз-заҳирийа» ва «ал-Фаво’ид аз-заҳирийа» номли фиқҳий асарлари маълум. Маждуддин ал-Уструшани «Жомиъ аҳком ас-сиғор» асарида алломанинг «ал-Фатово аз-заҳирийа» асарига 13 марта мурожаат қилган.
Ўз навбатида Маждуддин ал-Уструшани кўплаб шогирдлар ҳам тарбиялаб етиштирган. Шулардан бири фақиҳ, муҳаддис ва муфассир Муҳаммад ибн Усмaн ибн Муҳаммад ал-Алиободи ас-Самарқандидир. Ўз даврида «Ҳусомуддин» деган шарафли лақабга сазовор бўлган. Бу алломанинг «Комил ал-фатово», «Матлаъ ал-маони ва манбаъ ал-мабони фи-т-тафсир ал-Қуръон» («Қуръон тафсири ҳақидаги дастлабки маънолар ва асосий манбалар») ва «ал-Фавоид» каби асарлари мавжуд.
Маждуддин ал-Уструшанийнинг устоз ва шогирдлари ҳақидаги маълумотлар унинг фиқҳ илми ривожига улкан ҳисса қўшганини тасдиқлайди. Уструшанининг ёшлик даврида Самарқанд Мовароуннаҳрнинг энг йирик маданият марказларидан бири бўлганлиги тасдиқланди. Шу сабабли ҳам Уструшанининг фаолияти мазкур илм маркази илмий муҳити билан бевосита боғлиқ ҳолда ривожланган. Олим минтақадаги умумий илмий-маънавий ҳолатдан ҳар томонлама бохабар бўлган, унинг маҳсули ва кўзгуси ҳисобланади.
Алломанинг илмий мероси: Муҳаммад ибн Маҳмуд ибн Ҳусайн Уструшанийнинг илмий-маънавий меросини «Китоб ал-фусул», «Жомиъ аҳком ас-сиғор», «Қуррат ал-айнайн фи ислaҳ ад-дорайн», «ал-Фатово», «ал-Қуруз ва-д-дуюн» ва «ал-Асъила вал-ажвиба» каби фиқҳий асарлари ташкил этади.
Китоб ал-фусул: Имом Уструшанийнинг ушбу илк асари қозиларнинг амалиётдаги ишларини енгиллаштириш мақсадида ёзилган. Мазкур асар ўз даврига оид кўп маълумотларни ўзида мужассам қилган. Уни биринчилардан бўлиб тадқиқ қилган олим Бадруддин Маҳмуд ибн Исроил ал-Ҳанафий (ваф. 823/1420 йил)дир. У «Китоб ал-фусул»ни Абул-Фатҳ Жамолуддин ибн Имодуддин ал-Фарғоний томонидан 651/1253 йил ёзилган 40 фаслдан иборат «ал-Фусул ал-имоди» асари билан қиёсий ўрганиб, ўзининг «Жомиъ ал-фусулайн» асарини 814/1411 йил 20 июнь куни ёзиб тугатган.
«Китоб ал-фусул» асари араб давлатларида қозилик ишларини ўз мазҳаблари назаридан қиёсий тадқиқ этиш учун ўрганилган. Жумладан, замонавий тадқиқотчилардан саудиялик Фаҳд ибн Носир ибн Фаррож ал-Фаридий, Абдурраҳмон ибн Усмон ал-Муршид, Сулаймон ал-Хамислар шу асарни тадқиқи этишган. «Китоб ал-фусул» ёки «Фусул ал-Уструшаний» асари ўттиз фаслдан иборат бўлиб, олимнинг биринчи таълиф қилган асарлари сирасига киради.
«Китоб ал-фусул»нинг ўнта қўлёзма нусхаси мавжуд бўлиб, уларнинг тўрттаси Тошкентда ва олтитаси хорижий мамлакатларнинг қўлёзма фондларида сақланмоқда.
Маждуддин Уструшанийнинг фиқҳ илмидаги асосий хизмати шундан иборат бўлганки, аллома ўз замонасигача ёзилган назарий асарларда келтирилган фиқҳий масалаларни амалиётга татбиқ этишга хизмат қилган.
Ушбу асарнинг яратилишига тўхталиб, аллома ёзади: «Асаримни «Китоб ал-фусул» деб номладим. Уни ёзишга мени ундаган нарса илму фазлимни ортиб кетгани эмас, балки уни ўзим учун латиф бир манба сифатида тайёрладим. …умримнинг навқиронлик йилларини мазкур уламоларнинг мумтоз тўпламлари ва дурдона мавзуларини кўриб чиқишга сарф этдим. Уларнинг бу соҳада чуқур ва чиройли иш қилиб, латиф ва нафис из қолдирганларини кўриб, бу хазинадан бир ҳамён олиш ва бу илм денгизидан бир дона гавҳарни ўзлаштириб, улардан мазкур илмлар йўлига бошловчи усуллар, улар юрган изларга етакловчи фаслларни бир китобга жамлаб қўйишга азму қарор этдим. Уларнинг асарларидан қозилик ва даъвогарликка доир масалаларни танлаб, фатво китобларидан шу мавзуга доир фатволарни ҳам уларга қўшдим».
Умуман олганда, ўз замонасида фатво чиқариш ҳуқуқига эга бўлган олимлар сафидан муносиб ўрин эгаллаган алломанинг юздан ортиқ машҳур мужтаҳид ва фуқаҳоларнинг китобларидан фойдаланган ҳолда ёзилган «Китоб ал-фусул» асари ўз даври қозиларининг ишини енгиллаштириш ва уларга илмий жиҳатдан ёрдам кўрсатиш мақсадида амалий қўлланма сифатида тайёрланган, дейиш мумкин.
Мазкур асар 625/1228 йилда мўғул истилочилари Самарқандни босиб олган даврда ёзилган. Мўғуллар босқини оқибатида Мовароуннаҳр аҳолиси жуда катта моддий ва маънавий талофатлар кўрган, халқ катта мусибатга учраган, масжид ва мадрасалар ёқилган, кўпчилик уламолар ўз Ватанини ташлаб чиқиб кетишга мажбур бўлган эди.
«Китоб ал-фусул» асари ҳақида шундай хулосага келиш мумкинки, у қозиларнинг ишини ислоҳ қилиш ва уларга илмий жиҳатдан ёрдам кўрсатиш мақсадида юздан ортиқ машҳур мужтаҳид ва фақиҳларнинг асарларидан фойдаланган ҳолда тайёрланган. Асарни таҳлил қилиш орқали шундай хулосага келиш мумкинки, қозихоналарда ибодатга тааллуқли масалалар кўрилмаган, балки жамиятдаги мавжуд ижтимоий, иқтисодий ва ҳуқуқий муаммолар кўриб чиқилган ва ҳал қилинган. Шаклан ўзгача бўлса ҳам, моҳият ва мазмун, кўзланган адолат нормалари бир хил бўлгани боис фақиҳларнинг фаолияти ҳозирги замон судлари фаолиятига ўхшаб кетади.
Маждуддин Уструшаний маҳаллий фақиҳларнинг асарларини ўрганиб, минтақа қозилик маҳкамалари учун мукаммал қўлланма сифатида «Китоб ал-фусул» асарини яратди. Шу билан, нафақат ўз даври, балки кейинги давр Мовароуннаҳр қозихоналари ишини енгиллаштиришга ва уларнинг фаолиятини такомиллаштиришга беқиёс ҳисса қўшган.
Маждуддин Уструшанийнинг ўрта асрлар фиқҳ илми ривожига қўшган ҳиссаси «Китоб ал-фусул» ҳамда «Жомиъ аҳком ас-сиғор» асарлари билан белгиланади. Биринчиси қозилик ишларини тизимлаштиргани, уларни тартиблаштиргани, жамият ҳаёти билан узвий боғлашга ҳаракат қилганлиги билан жуда қадрли манбалардан бирига айланган. Шу билан бирга, замонавий аҳамияти, унда ўрта асрлар фиқҳ илми ва фақиҳларга оид жуда катта фактик материаллар борлиги билан белгиланади. Шунингдек, асарда ижтимоий ва иқтисодий муаммоларнинг қозилар томонидан қандай ҳал этилганлиги масалалари ҳам кенг муҳокама этилган.
Асарнинг бир нечта қўлёзма нусхалари мавжуд. Улардан тўрттаси Тошкентда бўлиб, учтаси ЎзР ФАШИда ва биттаси Алишер Навоий номли Адабиёт музейининг қўлёзмалар фондида сақланмоқда. Шунингдек, «Китоб ал-фусул» асарининг олтита қўлёзма нусхалари чет эл кутубхоналарининг фондларида ҳам сақланмоқда.
Ал-Уструшанийнинг иккинчи асари – “Жомиъ аҳком ас-сиғор”дир. Мусулмон оламида Маждуддин Уструшанийдан кейин болалар ҳақ-ҳуқуқларига тааллуқли фиқҳий асар деярли ёзилмади. Аммо болаларга тааллуқли ҳадислар тўплами мавжуд бўлиб, у Имом Шамсуддин Муҳаммад ибн Аби Бакр ибн ал-Қаййим ал-Жавзия (691-751/1292-1350 й.)нинг «Туҳфат ал-мавдуд би аҳком ал-мавлуд» асаридир. Бу асар 17 бобдан иборат бўлиб, унда Аллоҳдан бола сўрашнинг мустаҳаблиги, қиз болалардан ғазабланишнинг макруҳлиги, фарзанд хушхабарини етказиш, чақалоқ қулоғига азон ва иқомат айтиш, болани таҳник қилиш, ақиқа ва унинг ҳукмлари ва у ҳақидаги ихтилофлар, бола сочини олиш ва соч оғирлигича садақа бериш, исм қўйиш вақти ва мажбурийлиги, болани хатна қилиш ва унинг ҳукмлари, қулоқ тешиш ҳукми, болаларнинг овқат ейиш одоблари, эмизикли боланинг сўлагига доир ҳукмлар, болаларни ўпиш, уларга одоб ва илм бериш, болаларни тарбиялашдаги бошқа фойдали масалаларни ўз ичига олган мухтасар асардир.
«Жомиъ аҳком ас-сиғор»да фиқҳга оид юздан ортиқ китоблардан болаларга тааллуқли шаръий фатволар йиғиб, тизимлаштирилган ва батартиб жамланган. Бу асар дунёга келиши учун Маждуддин Уструшаний ҳанафий мазҳабининг ўз давригача яшаб, ижод этган 120 дан ортиқ фақиҳларининг фикрларини мужассам қилган. Шу жиҳатлари билан бу мукаммал асар ҳозирги замон исломшунос ва ислом ҳуқуқи тарихи билан шуғулланувчи мутахассислар учун муҳим манба ҳисобланиши билан бир қаторда замонавий ҳуқуқшунослик учун ҳам тарихий аҳамият касб этади.
«Жомиъ аҳком ас-сиғор» ислом ҳуқуқшунослигига оид қимматли манба бўлгани боис, унинг қўлёзма нусхалари дунёнинг турли мамлакатларига кенг тарқалган. АҚШнинг Принстон университети (№ 1704), Ироқнинг Бағдод шаҳридаги «Ироқ миллий музейи» (№ 9626/1) ва Марказий вақфлар (№ 3741/1, №7460/1) ҳамда Мосул шаҳридаги «ал-Аҳмадийя» марказий вақф (№ 9/7) кутубхоналарида сақланаётган 5 та қўлёзма улар қаторига киради.
Умуман олганда, «Жомиъ аҳком ас-сиғор»нинг ўн битта қўлёзма нусхаси мавжуд бўлиб, улардан чет эл кутубхоналарининг фондларида сақланувчи олти нусхаси илмий адабиётда яхши маълум. Аммо асарнинг Тошкентдаги №6245, 9634, 10409, 8955 ва 12723/II рақамлари остида сақланаётган бешта нусхаси илмий жамоатчилик эътиборидан четда қолиб келган, аммо мазкур нусхаларнинг ҳам илмий аҳамияти юқоридир.
Бугунги кунда халқаро майдонда бола ҳуқуқлари билан боғлиқ муаммолар, хусусан, ҳомиланинг қачондан бошлаб инсон ҳисобланиши кенг мулоҳазаларга сабаб бўлмоқда. Асарда «Тирик мавжудотнинг ҳаёти қачон бошланади?», «Бола қачондан бола ҳисобланади?» каби ҳозирда ҳам долзарб бўлиб қолаётган саволларга тўлиқ жавоб берилган. Унда бола туғилмасидан аввал ҳам, туғилгандан кейин ҳам инсон ҳисобланиши, болалар жисмонан, ақлан ва ижтимоий жиҳатдан вояга тўлиқ етмагунга ва мустақил бўлмагунга қадар алоҳида ғамхўрлик ва ҳимояга муҳтожлиги алоҳида таъкидлаб ўтилган.
Хулоса қилиб айтганда, «Жомиъ аҳком ас-сиғор» асарида ҳаётнинг асосий манбаи бўлган оила, унинг ширин меваси бўлмиш фарзандлар тарбияси, уларнинг оиладаги, жамиятдаги ҳақ-ҳуқуқлари аниқ ва тўлиқ баён этилган. Энг муҳими, ислом динининг болалар ҳуқуқлари хусусидаги қарашлари бу соҳадаги замонавий қарашлар билан ҳамоҳангдир.
Манбаларда олимнинг «ал-Фатово» деб номланган яна бир фиқҳий асари номи қайд этилади. Муаллиф мазкур асари хусусида ўзининг «Жомиъ аҳком ас-сиғор» китобининг хотима қисмида шундай таъриф беради: «… биринчи асаримни «Китоб ал-фусул» деб номладим. … иккинчисини «Жомиъ аҳком ас-сиғор» … ва учинчисини «ал-Фатово» деб номлайман, деган умиддаман».
Асарда кундалик ҳаётда учрайдиган масалаларнинг фиқҳий ҳукмлари содда ва тушунарли бир услубда қисқа жумлалар билан ёритилган. Мавзулар кўпроқ ҳадиси шарифлар, мужтаҳид ва мутасаввифларнинг сўзлари билан изоҳланган. Мазкур фиқҳий асар 633/1236 йилда ёзилган.
Асар қирқ фаслдан иборат бўлиб, унда диннинг моҳияти, одоб-ахлоқ нормалари, илмлар таснифи, амри-маъруф ва наҳий мункар қилиш одоблари, Қуръонни кўчириш ва уни ўқиганга ҳурмат кўрсатмоқ, салом бериш одоблари, касал зиёрати, ҳайвонларни боқиш ва улардан фойдаланиш тартиблари, қуш боқиш, шахмат ва бошқа ўйинлар ўйнамоқ, никоҳ тўйида дўмбира чалдириш, кийиниш одоби, ўқувчиларга имтиҳондаги ҳолатига кўра фарқли баҳо қўйишнинг жоиз бўлиши каби кундалик ҳаётда кўп учрайдиган муаммоли саволларга ҳанафий мазҳаби нуқтаи назаридан жавоблар берилган.
Алломанинг «ал-Қуруз ва-д-дуюн» («Қарз турлари») номли тўртинчи асарининг мавжудлиги муаллифнинг «ал-Асъила вал-ажвиба» китобида қайд этилган. Аммо ушбу асарнинг қўлёзма нусхаси топилмади. Дунё қўлёзма хазиналаридан алломанинг мана шу асари топилса, ҳозирги кундаги пул, молия, банкларда кредит бериш ва олиш масалаларига доир шаръий жавоблар мажмуасига эга бўлар эдик.
Манбаларда «Қуррат ал-айнайн фи ислоҳ ад-дорайн» («Икки дунё саодати учун кўз қувончи») алломанинг асари деб кўрсатилган. Бу асарнинг ягона қўлёзма нусхаси Миср миллий кутубхонасида I/340 рақам остида сақланади. Лекин аллома ўзининг бошқа асарларида бу китоб ҳақида ҳеч қандай маълумот қолдирмаган.
Алломанинг яна бир асари «ал-Асъила вал-ажвиба» («Саволлар ва жавоблар») деб номланган. Асарда XII асрнинг иккинчи ярми ва XIII асрнинг биринчи ярмида Мовароуннаҳрдаги ижтимоий ва иқтисодий ҳаёт, урф-одатларга оид қимматли маълумотлар келтирилган. Мазкур асар 637/1240 йил 28 майда ёзиб тамомланган]. Бу асари XIII асргача ижод қилиб ўтган ҳанафий уламо ва фуқаҳолардан турли мавзуларда сўралган фиқҳий саволларга берган жавоблар, асосан, араб, баъзан форс тилларида нақл қилинади. У таҳорат, намоз, закот, рўза, ҳаж каби ибодатга доир ҳамда никоҳ, талоқ, қасам, жиноят ва жазо, тижорат, ҳалол-ҳаром каби ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий мавзулардаги савол ва жавоблар мажмуидир. Ислом оламида шуҳрат топган юздан ортиқ фуқаҳо ва мужтаҳидларнинг берган фатволари саралаб олиниб, нақл қилинган. Демак, бу асарнинг ёзилишига ўша даврдаги диний, ижтимоий, сиёсий ва ҳуқуқий соҳалардаги зарурат сабаб қилиб кўрсатиш мумкин. «Ал-Асъила вал-ажвиба» асари XIII асрнинг биринчи ярмида ёзилганлиги сабабли унга Мовароуннаҳрда мўғуллар истилоси даврида фиқҳ тарихини ўрганиш бўйича муҳим ҳуқуқий манбалардан бири, деб қаралиши мумкин.
Хулоса
Маждуддин Уструшанийнинг илмий мероси, унда илгари сурилган ғоялар ҳозирги кунда ҳам ўз долзарблигини йўқотмаган. У турли ақидапараст, динни ниқоб қилиб, сиёсий мақсадларда фойдаланишга уринаётган гуруҳларга қарши ғоявий курашда, ёшларимизни исломнинг маърифий тамойиллари, инсонпарварлик ва ватанга садоқат руҳида тарбиялашда бебаҳо манба бўлиб хизмат қилиши табиийдир.
Маждуддин Муҳаммад ибн Маҳмуд ал-Уструшаний ҳазратлари яшаган XII асарнинг иккинч ярми XIII асрнинг биринчи ярмида дунё юзини кўрганининг аниқ ижтимоий-тарихий сабаблари мавжуд. Ўша вақтда мўғуллар истилоси содир бўлган: босиб олинган ҳудудларда етим болалар, ночор оилалар, боласини боқолмган аёллар кўпчиликни ташкил қилган. Суронли ва нотинч даврнинг ўзи болага бўлган муносабатни кун тартибининг тўрига чиқариб қўйган.
Мамлакатимиз тарихида содир бўлган иккита ренессанс ғоясининг негизида мустаҳкам илмий асос ётади. Жумладан, бола ҳуқуқлари муҳофазаси кафолатларига оид Мовароуннаҳрда шаклланган қарашлар юртимизнинг умумбашарий аҳамиятга молик ва цивилизацион характердаги марказ бўлганининг ишончли исботларидан биридир. Ушбу ҳодисанинг тарихий Уструшана заминида чуқур илдиз отган цивилизацион марказ сифатида тарғиб этиш учун асос бўлиб хизмат қилади. Ўрта асрларда бу юртда юздан ортиқ фақиҳлар самарали фаолият олиб борган.
Муслим АТАЕВ,
Ўзбекистон халқаро ислом
академияси докторанти,
ЎзА