Шу кунларда юртимизда байрам устига байрам, шодиёна устига хурсандчилик…
Бир томонда муборак Рамазон ойи муносабати билан Президентимиз фармонлари беш кунлик дам олиш ҳайит байрамининг оила бағрида, қариндош уруғларнинг ўзаро зиёратлашувлари негизида мароқли ўтган бўлса, бошқа томондан инсонни қадрлашга асосланган давлатимиз сиёсатига ҳамоҳанг хотира ва қадрлаш кунининг кириб келиши халқимизнинг ўзаро меҳр-оқибати мустаҳкамланиши, бир-бировни қадрлаш, миллатимиз равнақи йўлида яшаб ўтиб кетганларимизни хотирлаш каби ҳақиқий умуминсоний фазилатларнинг зийнати билан ҳаётимизга кўрк, умримизга шукуҳ бағишламоқда.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, миллатимизнинг ҳақиқий қаҳрамонлари сифатида ҳаётда чуқур из қолдириб ўтган марҳумларимизни ўзлари лойиқ бўлган яхшиликлар билан эсга олган ҳолда, орамизда яшаб турган фидоий фахрийларимизни ҳам қадрлашимиз, ҳам урф-одатларимизнинг ҳамда устувор сиёсатимизнинг нечоғли инсонпарварлик тамойилларига асосланганини кўрсатади.
Шу муносабат билан, Уйғун домла Ғофуров бошчилигидаги институтимиз раҳбарияти ташаббуси асосида тизимда олдин намунали фаолият кўрсатиб, бугунги кунда нафақада ёки бошқа соҳада ишлаётган қатор юртдошларимиз махсус байрам совға-саломлари билан зиёрат қилинди, муассасамизга сингган меҳнатлари имкон қадар қадрланиб, миннатдорчиликлар билдирилди.
Жумладан, бир неча аёл-қизларимиз умрининг асосий қисмини маъҳад хизматида ўтказиб, шу ердан нафақага чиққан онахонимиз Мавлуда опа Қодирова ҳамда доим тизимда фаолият юритиб, муассасамиз ривожига имкон қадар ўз ҳиссасини қўшган, бугунги кунда нафақада яшаётган тиниб-тинчимас Қундуз ая Усмоновалар уйларида йўқланиб, зиёрат қилинди. Хурсанчилик кунларида уларга совға-саломлар улашилиб, бахтиёр дамларида ҳамнафас бўлишга ҳаракат қилинди. Институтда ўтган кунлар эсга олиниб, кўзларга соғинч ёшлари тўлди.
- Биз буни кутмагандик, тўғриси, – дейди кўзда ёш билан Қундуз ая, – Бизни йўқлаб келибсиз, Аллоҳ сизни йўқласин. Яратган Эгам сизниям хурсанд қилсин!
Қундуз опанинг институтдаги фаолияти ҳақида гапирганлари меҳмонларни тўлқинлартириб, ўз ишларига янада иштиёқ, янада қизиқиш билан давом этишларига туртки бўлган бўлса, не ажаб?!
- Бизнинг бутун ҳаётимиз институт билан боғлиқ. Очиғи, уйимиз яқинлиги ўз йўлига, бир сўз билан айтганда қалбимиз яқин ушбу илм даргоҳига, – дейди Мавлуда опа.
Чоракам бир асрни яшаб қўйган ушбу онахонларимизнинг суҳбатида бўлиш асносида шунга амин бўлдикки, инсон ўз ишини самимий, чин кўнгилдан адо этаркан, Аллоҳ ҳеч қачон унинг меҳнатини зое қилмас экан. Ҳозирда улар ҳам шогирдлари ҳамда фарзанду аржумандлари ардоғида. Уларда ҳалиям чаққонлик, ҳалиям ғайрат-шижоатнинг сўнмаганини кўриб, кишининг кўзи қувнайди.
Зеро, ёши улуғларимиз умримизнинг баракаси кафолатидир.
Инсон қадри – олий қадрият!
Нигора УСМОНОВА,
Тошкент ислом институти мураббияси