islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Толиби илмлар Диний идора муфтийлари ва Олий маъҳад ректорларини хотирладилар

Бу йил бутун дунё халқларининг фашизим устидан ғалаба қозонганига 77 йил тўлди.

9 май дунёнинг турли нуқталарида “Ғалаба куни” деб номланса-да, юртимизда бу сана, халқимиз қадриятларини ўзида ифода этувчи кун ўлароқ мазмунан бойитилиб “Хотира ва қадрлаш куни” сифатида нишонланади.

1999 йил, бундан 23 йил олдин – Ўзбекистон Республикасида биринчи бор “9 май – Хотира ва қадрлаш куни” деб эълон қилинди.

Тошкентда Ватан озодлиги учун жон фидо этган халқимиз фарзандлари хотирасини абадийлаштириш мақсадида барпо этилган “Хотира майдони”нинг очилиш маросими бўлиб ўтди.

2020 йил 9 май куни Президент Ш.Мирзиёев ташаббуси билан “Ғалаба боғи” ташкил этилди.

Хотира халқимизнинг азалий инсоний қадрияти ҳисобланади. Ватан учун жон берганлар, эл-юрт учун мардонавор хизмат қилиб ўтганлар, вафот этган устозлар, ота-оналар, қариндош-уруғлар, дўстлар ёдга олинади, Қуръон ўқилиб, ҳақларига дуолар қилинади.

Бу кунда уруш фахрийлари, Ватан, эл-юрт хизматида камарбаста инсонлар, фидойилар, устозлар, нуронийлар, беморлар, аёл-қизлар ва болалар ҳар қачонгидан кўра кўпроқ қадрланади, ҳолларидан хабар олинади, моддий-маънавий кўмак берилади.

Тошкент ислом институти ўқитувчи ва талабалари ҳам Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Олий маъҳад ва диний-маърифий соҳада меҳнат қилиб ўтган муфтийлар, ректорлар ва устозларни ёд этиб, ҳақларига дуо қилдилар.

Тошкент ислом институти Ақоид ва фиҳий фанлар кафедраси мудири Соатмурод домла Примов, Ҳадис ва ислом тарихи фанлари кафедраси мудири Баҳодир домла Аъзамов, Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими ходими Абдулҳаким домла Олимов, ўқитувчилар ва 4-курс талабалари Ҳазрати Имом мажмуасидаги Олий маъҳад биносига қўшни бўлган Қаффол Шоший мақбараси, Олмазор туманидаги Ғойиб ота қабристони ва Шайхонтоҳур туманидаги Шайх Зайниддин қабристонига ташриф буюриб, уламоларнинг қабрини зиёрат қилдилар. Қуръон тиловат қилиб, савобларини қабристонда ётганлар ва уламоларнинг ҳақларига бағишладилар.

Қаффол Шоший мақбарасида муҳаддис ва тилшунос Абу Бакр Муҳаммад ибн Али аш-Шоший (904-976), Ўрта Осиё ва Қозоғистон диний назорати биринчи муфтийси Эшон Бобохон ибн Абдулмаждихон (1858-1957), собиқ муфтий, Тошкент ислом институти таъсисчиларидан бири Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон (1908-1982) каби уламоларнинг қабри мавжуд.

Ўрта Осиё ва Қозоғистон диний назорати биринчи муфтийси Эшон Бобохон ҳазратларининг падари бузруквори Абдулмажидхон Эшон ибн Юнусхўжа Эшон (1810-1895) ва у зотнинг эвараси собиқ муфтий Шамсиддинхон Бобохонов ва яна бир муфтий Абдурашид қори Баҳромовнинг қабри Ғойиб ота қабристонида жойлашган.

Шамсиддинхон Бобохонов (1937-2002) Тошкент ислом институтида 1974 йили проректор, 1975-1982 йилларда ректор лавозимида, 1982-1989 йиллар оралиғида Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари идораси раиси вазифасида хизмат қилди.

Собиқ муфтий Абдурашид қори Баҳромов (1953-2011) Тошкент ислом институтини 1979 йили битириб, шу илм даргоҳида дарс берди.

1997-2006 йилларда тўққиз йил мобайнида Ўзбекистон мусулмонлари идорасига раиси, муфтий лавозимида меҳнат қилди.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф 2015 йил 10 март куни шомдан кейин Тошкентда юрак хуружидан вафот этди. Эртаси куни пешинда Кўкча даҳасидаги Шайх Зайнуддин масжидида жанозаси ўқилди. Жанозага мамлакатнинг турли минтақаларидан 200 000 дан ортиқ киши етиб келди. У киши Масжид ёнидаги Шайх Зайнуддин қабристонига дафн этилди.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ 1971-1975 йиллари Олий маъҳадда таҳсил олиб, таълим муассасасининг илк битирувчиси ҳисобланади.

Шайх ҳазратлари Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида:

1981 йилда ўқитувчиси;

1982 йилда ректор муовини;

1984 йилда ректор вазифаларида ишлади;

1981-1989 йилларда Тафсир, Ҳадис, Улумул Қуръон, Ақида фанларидан дарс берди.

1989 йил 6 февралдан 1993 йил июнгача Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси раиси, муфтий лавозимида ишлади.

Аллоҳ таоло барча муфтийлар, ректорлар ва уламоларни Ўз раҳматига олиб, қилиб ўтган солиҳ амаллари учун савобларни кўпайтириб берсин! Толиби илмлардан ҳам мана шундай салоҳиятли уламолар чиқишини Ўзи насиб этсин!

ТИИ Матбуот хизмати

298750cookie-checkТолиби илмлар Диний идора муфтийлари ва Олий маъҳад ректорларини хотирладилар

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: