islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

“МУТАНАТТИЪУНЛАР”ДАН БЎЛИБ ҚОЛМАЙЛИК!

Аллоҳ томонидан инсонга берилган ва айни вақтда бошқа жонзотлардан ажратиб турадиган энг кaтта неъмат бу тафаккур қилишдир. Ҳар бир инсон ўз фикрини турли воситалар орқали ифода қилади. Бу борада ёндашувлар ҳам турлича бўлади. Шариат бу ёндашувларни меъёрга келтиради. Барчага ибрат бўлиш учун Аллоҳ Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламни инсониятга Пайғамбар қилиб юборди. У зотнинг сийратлари инсоният учун андоза вазифасини бажаради. Мусулмон киши барча ишларда у зотга эргашиши лозим.

Ҳозирги кунда баъзи инсонларни ўз фикрини ифода қилишда ҳаддан ошаётганларига тез-тез гувоҳ бўлиб турибмиз. Икки инсон ўртасидаги тортишув ва ниҳоят адоватга айланиб кетади. Хусусан, жадал яъни баҳс ва мунозара, тортишув илмини ўрганиш борасида уламолар турли фикрларни айтганлар.

Ҳужжатул Ислом Имом Ғаззолий “Иҳёу улум” китобида бу мавзуга батафсил тўхталиб ўтган: “Агар калом ва жадал илмини ўрганиш нужум илми каби қораланган бўлса, уни ўрганиш мубоҳми ёки мандубми?” деб савол берадиган бўлсангиз, аввало шуни билингки, инсонлар бу борада ҳаддан ошганлар ва чегарадан ўтиб кетганлар. Ҳатто: “бу илмни ўрганиш бидъат ва ҳаром, банда Аллоҳга ширкдан ташқари барча гуноҳлар билан йўлиқиши калом илмидан бирор нарса билан йўлиқишидан яхшидир” деган гапларни айтганлар ҳам бор. Яна: “бу илмни ўрганиш фарзи кифоя йўлига кўра ёки фарзи айн йўлига кўра фарз бўлади, бу илм ибодатларни афзали, қурбатларни мукаммали, тавҳид илмини аниқлашга, Мажид Аллоҳ таолонинг дини йўлида курашишга хизмат қиладиган илмдир” деганлар ҳам бор.

Имом Ғаззолий: “Имом Шофеъий, Муҳаммад, Молик, Аҳмад ибн Ҳанбал, Суфён ва салафлардан барча ҳадис имомлари бу илмни ҳаром деганлар” деб, улардан бир қанча гапларни келтиради: “Саҳобалар ҳақиқатларни барчадан яхши билишлари ва сўзлашда бошқалардан кўра фасоҳатли бўлишларига қарамай бу илмдан фақат ёмонлик чиқгани учунгина сукут қилишган. Шунинг учун Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Мутанаттиъунлар ҳалок бўлди” деганлар, яъни баҳсга чуқур киришиб кетувчилар ҳалок бўлди. Ва яна: “агар бу илм диндан бўлганда эди, Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам буюрган нарсаларнинг энг муҳими бўларди, уни ўрганиш йўлларини ўргатган ва бу илм соҳибларини мақтаган бўлардилар” дейдилар. Сўнг уларни қолган далилларини ҳам айтиб ўтган.

Кейин эса, иккинчи томоннинг далилларини айтган. “Агар “сиз қайси томонни ихтиёр қиласиз?” десангиз” деган саволни қўйиб, бу саволга батафсил жавоб бериб айтади: “бу илмда фойда ҳам, зарар ҳам бор. Шундай экан, фойда берадиган вақтда манфаат эътиборидан ўрганиш ҳалол ёки мустаҳаб ёки вожиб бўлади. Зарар келтириш пайитида эса, келтирган зарари эътиборидан ҳаром бўлади. Бу илмнинг зарар келтирадиган томонлари шубҳа уйғотиши, ақидани ҳаракатга келтириши, эътиқодда мустаҳкамликни кетқазишидир. Булар аввал пайдо бўладиган нарсалар. Кейинчалик эса, шубҳали далиллар келтиради, натижада инсонлар оддий масалаларда ҳам ихтилоф қиладилар. Бу зарарлар эътиқодда мустаҳкам кишида бўладиган зарарлари эди. Аммо бидъатчининг эътиқоди ва қалбида мустаҳкамлаб қўядиган зарарларга келсак, ўша бидъатида туриб олишига ундовчи қайсарликларни пайдо қилади. Лекин бу зарар тортишиш оқибатида келиб чиқадиган мутаассиблик сабабидан пайдо бўлади. Бу илмнинг фойдалари ҳақида эса, кишининг ҳузуридаги илмларнинг ҳақиқатини очиб бериш ва уларни қандай бўлса, ўшандай ўрганиш имкониятини беради дейилади. Лекин ҳар доим ҳам бундай бўлиб қолмайди. Бундай улуғ мақсадга калом илми орқали ҳар доим ҳам етиб бўлмайди. Менимча, бу илм ишонч ва иқрорни ортишига хизмат қилишдан кўра кўпроқ адаштириш ва гумонга олиб бориб қўйиши мумкин.

Агар бу гапларни муҳаддисдан ёки қаланғи – қасанғи гапларни айтадиган одамдан эшитсангиз кўнглингизга “инсонлар  билмаган нарсаларини душмани” деган гап келади. Калом илмини ўрганган, кейин ундан юз ўгирган, мутакаллим олимларнинг энг юқори даражасига етган ва калом илмидан бошқа илмларни ҳам чуқур ўрганган, кейин эса, маърифат ҳақиқатларига етишиш бу томондан ёпиқ эканига ишонч ҳосил қилган инсондан эшитинг(яъни ўзларидан): Аллоҳга қасамки Калом илми маърифат ва ҳақиқатлар очилишида бир қанча ишлардагина бўлади. Лекин шу ҳам, жуда оз ўринлардагина бўлади”.

Абул Маъолий Жувайний ҳам: “Эй дўстларим, калом илми билан шуғулланманглар, агар калом илми мени шу даражага олиб келишини билганимда бу илм билан шуғулланмаган бўлар эдим”, деганлар. Вафот этаётган вақтида эса: мен илм денгизига шўнғидим, Ислом аҳли ва уларнинг илмларини ташлаб қўйдим, қайтарилган нарсаларга киришдим. Мана энди, Роббим Ўз раҳматига олмаса, Ибнул Жувайнийга вайл бўлсин. Ҳозир онамнинг ақидасида (ёки Найсобур аҳли кампирларининг ақидасида)  ўлмоқдаман, деганлар.

Имом Ғаззолий ҳам каломий масалаларда охири ҳайрат ва шак шубҳага тушиб қолгани учун умрининг охирида ундан юз ўгириб, Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини ўрганишга киришган ва “Саҳиҳул Бухорий”ни қучоқлаб жон таслим қилган.

“Ҳадис ва ислом тарихи фанлари”

кафедраси ўқитувчиси Р.Махсумхонов

303830cookie-check“МУТАНАТТИЪУНЛАР”ДАН БЎЛИБ ҚОЛМАЙЛИК!

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: