islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Набавий ҳадисларни тўғри тушуниш учун қандай қоидаларни билиш зарур?

“Май – Ҳадис фани ойлиги” муносабати билан “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси томонидан  Ҳадис илми мактаби профессори, шайх Маҳмуд Абдуллоҳ Абдурраҳмон Абдуҳалимиштирокида “Набавий ҳадисларни тўғри тушуниш қоидалари” мавзусида онлайн конференция ташкил қилинди.

Ҳадиси шарифларни тўғри англаб етмоқчи бўлган одам аввало Қуръони Каримни, унинг таълимотларини, турли иршодларини, ҳукмлари ва кўрсатмаларини яхши тушуниб етган бўлиши керак. Чунки, Қуръони Карим Исломнинг руҳи, унинг асосий баёнчиси, илоҳий дастуридир. Исломнинг асосий таълимотлари, қонун-қоидалари Қуръони Каримда баён қилингандир.

1.Араб тилини яхши билиш. Ҳадиси шарифлар луғавий, балоғат ва фасоҳат ҳамда адабий жиҳатдан Қуръони Каримдан кейин иккинчи ўринда туради. Шунинг учун ҳадиси шарифларни тўғри англаб етиш учун энг аввало араб тилини яхши билиш керак. Араб тили дунёдаги энг нозик ва энг мукаммал тил бўлгани учун ҳам Аллоҳ таоло Ўзининг охирги каломи бўлмиш Қуръони Каримга айнан шу тилни ихтиёр қилган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам арабларнинг энг тили фасиҳ қабиласи Қурайшдан бўлганлар, ўзлари чиройли, фасоҳатли сўзлар устаси бўлганлар. Бунинг устига мўъжизакор Қуръон балоғати ва фасоҳати У зотга ўз таъсирини ўтказган. Шунинг учун ҳам У зотнинг каломлари Аллоҳнинг каломидан кейинги иккинчи ўринга кўтарилган. Ана шундоқ олий мақом каломни яхши тушуниш, нозик маъноларини тўла англаб етиш, уларданги шаръий ҳукм, ваъз-иршод ва ибратларни мукаммал ўзлаштириб олиш учун араб тили, унинг балоғат ва фасоҳатидан яхши хабардор одам бўлиш керак. Бу маънода маълум даражага эришмай туриб, муҳаддисликни даъво қилмаса ҳам бўлади.

2.Ҳадисларни Қуръон таълимотлари асосида англаш. Ҳадиси шарифларни тўғри англаб етмоқчи бўлган одам аввало Қуръони Каримни, унинг таълимотларини, турли иршодларини, ҳукмлари ва кўрсатмаларини яхши тушуниб етган бўлиши керак. Чунки, Қуръони Карим Исломнинг руҳи, унинг асосий баёнчиси, илоҳий дастуридир. Исломнинг асосий таълимотлари, қонун-қоидалари Қуръони Каримда баён қилингандир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннати мутаҳҳаралари эса асосий дастур бўлмиш Қуръони Каримнинг шарҳи, назарий баёни ва амалий татбиқидан иборатдир. Шунинг учун ҳам ҳадиси шарифлар доимо Қуръони Карим маъноларига мос келади. Қуръон таълимотларига мос келмайдиган “ҳадис”лар аслида ҳадис эмас, балки ислом душманлари томонидан тўқилиб, “ҳадис” дея тиқиштирилган гап бўлади. Уламоларимиз Қуръони Каримга солиштириш йўли билан кўплаб ҳадис сақланиб юрилган гапларнинг сохталигини фош этганлар.

Агар ҳадис саҳиҳ (ҳақиқий) ҳадис бўлсаю, маъноси Қуръони Карим таълимотларига зид кўринаётган бўлса, унда сиз билан биз уни тўғри тушунмаётган бўламиз. Бундоқ ҳадиснинг нозик нуқталари бўладики, уни мутахассис олимларгина баён қилиб беради.

3. Бир мавзуъдаги ҳадисларни жамлаб солиштириб кўриш. Агар бирор ҳадис маъносини яхши тушуна олмай қолсак ёки ўша ғайри оддий ҳолатни кўрсак, дарҳол шу мавзуъдаги бошқа ҳадисларни ўрганиб чиқишимиз лозим бўлади. Ана ўшанда умумий солиштириш йўли билан мазкур ҳадисни тўғри тушуниш имконига эга бўламиз. Бу борада уламоларимиз қуйидаги ҳадисни мисол келтирадилар: “Имом Бухорий Абу Амома ал-Боҳилий розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар. У киши омочга қараб туриб: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Мана шу қайси бир қавмнинг уйига кирса, албатта, Аллоҳ таоло ўша уйга хорликни киритади” деганларини эшитдим”, дебтилар.
Сиртдан қарайдиган бўлсак, бу ҳадисдан омоч ва у билан амалга ошириладиган деҳқончилик ишлари хорлик сабаби сифатида кўринади. Мусулмон одам омочни уйига киргизмаслиги, деҳқончилик, боғдорчилик билан шуғулланмаслиги зарурдек туюлади. Ушбу ҳадисни олиб, Ислом деҳқончиликка қарши деб ҳар қанча айюҳаннос солса бўлади.
Ҳақиқатан ҳам шундайми? Бу саволга жавоб топиш учун Исломнинг бу борадаги умумий таълимотларига, бошқа саҳиҳ ҳадисларга назар солишимиз керак.
4. Ҳадиснинг айтилиш сабаби ва мақсадларини яхши тушуниб етиш. 
Қуръони Карим оятларини яхши тушуниш учун ўша оятларнинг нозил бўлиш сабабларини билиш жуда зарурлиги маълум ва машҳур ҳақиқат! Ҳудди шу нарса ҳадиси шарифларга ҳам таълуқлидир. Баъзи ҳадиси шарифларнинг айтилиш сабаблари бор. Ана ўша сабабаларни ўргангандагина ҳадисдан кўзланган мақсадни аниқ англаб етиш мумкин. Шунингдек, баъзи ҳадиси шарифларда маълум бир шахсга, замонга, маконга, шарт-шароитга тегишли муаммолар муолажа қилинган бўлади. Ушбу зикр қилинган ва яна бошқа баъзи зикр қилинмаган сабабларга кўра ҳадиси шарифларни тўғри тушиниш учун етарли илм, дақиқ назар, шариатимиз мақсадларини идрок қилиш, динимиз таълимотларидан тўла хабардорлик зарур бўлди. Ана шундагина ҳадиси шарифларда келган ҳукмларнинг қайси бири умумий, қайси бири маълум шахслар учун хусусий, қайси бири вақтинча, қайси бири доимий, қайси бири жузъий ва қайси бири куллий эканини тушуниб оламиз.
5. Ҳадиснинг собит мақсади ва унга етиш воситаларини ажрата билиш. 
Ҳадиси шарифларни фаҳмлаб етиш, уларга амал қилишда хатога сабаб бўладиган нарсалардан бири ҳадисдан кўзланган мақсад қолиб, кўпроқ мақсадга эришиш йўлидаги воситага эътибор беришдан келиб чиқади.
Мисол учун баъзи ҳадисларда, ким Аллоҳнинг йўлида бир камон ўқини отса, унга савоб бўлади, маъноси зикр этилган. Хўш, Аллоҳнинг йўлида милтиқ, тўппонча, автомат, тўп, ракета отса бўладими, йўқми? Булардан ўқ отган мусулмон савоб оладими-йўқми? Мазкур ҳадиси шарифнинг мақсади мусулмонларни Аллоҳнинг йўлида жиҳодга чорлаш эди. Демак, мадомики камондан бошқа қуроллардан ўт отиш билан ҳам Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилиш мумкин экан, мақсад ҳосил бўлганидан кейин, улардан ўқ отган кишиларга савоб тегаверади.

Имом Бухорий, Имом Насаий, Имом Шофеъийлар Оиша онамиздан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мисвок оғизни тозаловчи ва Роббни рози қилувчидир”-деганлар. Очиқ-ойдин кўриниб турибдики, Ҳадисдан асосий мақсад оғизни тоза тутишга қизиқтириш. Мисвок, деганда бута шохидан, кўпроқ Арок деб аталувчи дарахтдан олинган ёғоч тушунилади. Агар ҳадиснинг лафзини ушлаймиз, десак дунёдаги барча мусулмонларга Арок дарахти ёғочидан мисвок етказиб бериб туриш керак бўлади. Баъзи кишиларда шундоқ тушунишади ҳам. Имом Абу Ҳанифа мазҳабларида оғизни тозалаши мумкин бўлган ҳамма нарса билан, латта ёки панжа билан мисвок қилса бўлаверади, дейилган. Демак, замон ўзгариши билан пайдо бўлган янги тиш тозалаш воситаларини ишлатиш ҳам айни муддао бўлаверади.

Тиб борасида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган ҳадиси шарифнинг кўпида ҳам мазкур маъно бор. У зоти бобаракот соллаллоҳу алайҳи васаллам бунга ўхшаш нарсаларда ўз замонлари ва шароитларидан келиб чиқиб гапирганлар.

6. Ҳадисни тушуниш учун мажоз билан ҳақиқатни ажрата билиш зарурлиги. 
Ҳар бир тилда ўзига яраша киноя, қочирим, ўхшатиш каби услублар ишлатилади. Араб тилида бу нарсалар жуда ривожланган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифлари араб тилининг энг эқори чўққисида бўлгани учун мазкур нарсалар ҳам керагича У зотнинг сўзларига кирган. Буни араб тилида мажоз, дейилади. Баъзи ҳадисларни тушуниш учун мажоздан ҳақиқатни ажрата билиш лозим бўлади.
Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз завжаи мутаҳҳараларига:
“Менинг ортимдан энг тез етадиганингиз–қўли узунингиз”-деганлар. Яъни, бу–қўли узунингиз мендан кейин биринчи вафот этиб, у дунёда менга энг тез қўшиладиганингиз деганлари. Ушбу ҳадисдаги мажозни ҳатто Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёллари–оналаримизнинг ўзлари ҳам тўғри тушинишмаганлар. Улар, бу шарафга қай биримиз ноил бўлар эканмиз, деб қўлларини узунлигини ўлчаб кўрганлар. Сирни эса воқеълик кашф этган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин биринчи бўлиб Зайнаб бинти Жаҳш онамиз вафот этганлар. У зот розияллоҳу анҳо ҳунарманд аёл бўлиб, қўл меҳнати билан топганларидан тез-тез садақа қилар эдилар. Демак, ҳадисдаги қўлнинг узунлигидан мурод–садақани кўп қилиш экан.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ва Имом Насаийлар Жаҳима розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда ёрдамга муҳтож онасини қўйиб жиҳодга рухсат сўраб келган йигитга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Сен У(она)нинг лозим тут, жаннат унинг қадами остидадир”-деганлар.
Албатта, жаннат ўша йигитнинг онаси қадами остида эмас. Балки, гап онасининг қадамини ўпиб бўлса ҳам хизматини қилиб, розилигини олган киши жаннатга сазовор бўлиши ҳақида кетмоқда.

7. Ғойибдаги ва ҳозирдаги нарсаларни ажрата билиш.
Кўпгина ҳадиси шарифларга ғойиб олами ҳақида сўз юритилган. Булар биз яшаётган оламда кўзимизга кўринмайдиган, масалан, фаришталар, жинлар, шайтонлар, иблиснинг лашкарлари, Арш, курси, лавҳул маҳфуз каби нарсалардир. Шунингдек, барзах ҳаётига (ўлим билан қиёмат орасидаги ҳаётга) тегишли, қабрда савол бўлиши, қабр азоби ёки неъмати ҳам ғойиб нарсаларга киради. Ғойиб нарсалар ҳақидаги гаплар асосан охират ҳаётига боғликдир. Қиёмат қоим бўлиши, қайта тирилиш, маҳшарга йиғилиш, қиёмат куни даҳшатлари, улкан шафоат, тарозу, ҳисоб-китоб, Сирот кўприги, жаннат ва унинг неъматлари, дўзах ва унинг азоблари, одамларнинг улардаги даражалари ва бошқа шунга ўхшаш нарсалар ҳам ғойибдандир.
Ўйлаймизки, юқорида зикр қилинган мулоҳаза ва қоидаларни билиш ҳадис ўрганмоқчи бўлган ҳар бир кишига зарурдир. Албатта, ҳадис илми билан шуғулланиб мутахассис бўлмоқни ният қилганлар юзлаб китобларни ўқиб-ўрганишлари керак. Биргина қоидани яхши ўзлаштириб олиши юзлаб ҳадисларни осон ва тез тушунишга сабаб бўлади. Агар бу мулоҳаза ва қоидаларни бир-икки ўқиганда ўзлаштириб олиш имкони бўлмаса, қайта-қайта ўқиш керак.

Ҳадис ва ислом тарихи фанлари кафедраси

кабинет мудири Абдували Қодиров

303850cookie-checkНабавий ҳадисларни тўғри тушуниш учун қандай қоидаларни билиш зарур?

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: