Ҳадис илми тарихида III/VIII аср “олтин асри” ҳисобланади. Хусусан, “ал-Кутуб ас-ситта” – олти энг машҳур ҳадис китоби муаллифлари бўлган имомлар, яъни олти энг улуғ муҳаддис ана шу олтин даврда яшаб камол топган. Шу сабабли ҳам, Имом Абу Исо ат-Термизий ўзининг илмий сафари давомида кўплаб машҳур олимлардан ҳадис илмини ўрганишга муваффақ бўлган. Имом жами икки юз йигирма тўртта муҳаддисдан ҳадис ривоят қилган бўлиб, шулардан “Сунани Термизий” асарида икки юз йигирма бир ва “Китаб ал-Илал ал-кабир” асарида учтасидан ҳадислар ривоят қилган. Абу Исо ат-Термизий устозларидан баъзиларининг вафот этган йили манбаларда келтирилган бўлса-да, бошқалариники номаълум. Уларни қуйидаги тартибда тасниф қилиш мумкин:
– биринчи: 845-853 йиллар оралиғида саккизта устози вафот этган;
– иккинчи: 854-863 йиллар оралиғида саксон саккизта устози вафот этган;
– учинчи: 864-873 йиллар оралиғида саксон иккита устози вафот этган;
–тўртинчи: 874-882 йиллар оралиғида бешта устози вафот этган;
– бешинчи: 893 йилда вафот этган устози Муҳаммад ибн Исмоил ибн Юсуф ат-Термизий бўлиб, бу зот ушбу беш гуруҳда киритилганларнинг энг кеч вафот этганидир;
–олтинчи: вафот этган йили номаълум бўлган устозлари йигирма тўққизтадан иборат.
Кўпчилик муҳаддис олимлар ҳаёти ва илмий фаолияти ўрганилса, дастлаб ўз юртидаги илмларни ўрганиши урф бўлган. Кейинчалик бошқа юртларга илмий сафарлар қилганлар. Хусусан, Абу Исо ат-Термизийнинг фаолияти ҳам ушбу одатга мувофиқ бўлган. Бунга далил қилиб олимнинг устозларидан бири термизлик ўз даврининг йирик олимларидан ҳисобланган Абу Абдуллоҳ Солиҳ ибн Абдуллоҳ ибн Заквон ал-Боҳилий ат-Термизий (ваф. 846 й.)ни келтириш мумкин . Бу олим асли Термиздан бўлса-да, кейинчалик Бағдодга бориб ўша ерда вафот этган. Шу туфайли ҳам, Абу Исо ат-Термизий устозидан Термизда таълим олдими ёки Бағдодда аниқлаш мушкул. Тарихий воқелик қандай бўлганлигига қарамасдан, Абу Исо ат-Термизий ушбу устозидан “Сунани Термизий”да ўн учта ва “Китаб ал-Илал ал-кабир” асарида битта ҳадис ривоят қилган. Жумладан, ушбу ровийдан ривоят қилинган қуйидаги ҳадисни келтириш мумкин:
حَدَّثَنَا صَالِحُ بْنُ عَبْدِ اللَّهِ التِّرْمِذِىُّ حَدَّثَنَا أَبُو عَوَانَةَ عَنْ قَتَادَةَ عَنْ زُرَارَةَ بْنِ أَوْفَى عَنْ سَعْدِ بْنِ هِشَامٍ عَنْ عَائِشَةَ قَالَتْ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ “رَكْعَتَا الْفَجْرِ خَيْرٌ مِنَ الدُّنْيَا وَمَا فِيهَا” .
Таржимаси. Оиша (р.а.)дан ривоят қилинган: Расулуллоҳ (с.а.в.) дедидлар: “Бомдод намозининг икки ракъати дунёдан ва ундаги барча нарсалардан яхшидир”.
Шунингдек, Балхлик ўз даврининг йирик олимларидан Муҳаммад ибн Амр ас-Саввоқ ал-Балхий (ваф. 850 й.)ни келтириш мумкин. Муҳаддис ундан “Сунани Термизий”ида еттита ҳадис ривоят қилган. Бу эса, олимнинг хуросонлик муҳаддислардан ҳам таълим олганлигини билдиради.
Абу Исо ат-Термизий устозларидан учтаси – Имом Муҳаммад ибн Исмоил Абу Абдуллоҳ Ал-Бухорий (810-870), Имом Муслим ибн Ҳажжож Ал-Қушайрий Абул Ҳусайн (819-875) ва Имом Абу Довуд Ас-Сижистоний машҳур муҳаддислардан ҳисобланиб бу уч муҳаддис машҳур асарлари “Олти саҳиҳ асар”лардан ҳисобланади .
Албатта, Абу Исо ат-Термизий имом Муҳаммад ибн Исмоил Абу Абдуллоҳ Ал-Бухорийнинг машҳур шогирдларидан бири бўлиб , ундан нафақат ҳадис илмини , балки йўналиш ва ҳидоятни ҳам ўрганган . Имом Бухорий ўз даврининг ҳадис илми соҳасида етакчи олими ҳисобланган. Шу сабабли ҳам, Абу Исо ат-Термизийнинг илмий фаолиятида унинг ўрни жуда катта бўлган ва “Сунани Термизий”, “Китаб ал-Илал ал-кабир” каби йирик асарларини ҳам устози Имом ал-Бухорий билан учрашганидан кейин ёзган. Бу ҳақида, муҳаддиснинг ўзи “Сунани Термизий” асарида қуйидагича баён этган: “Мен на Ироқ ва на Хуросонда “илал” ва “тарих” маъносини тушунишда ва санадларни билишда Муҳаммад ибн Исмоилдан кўра билимлироқ бирор кишини учратмадим” . Шу сабабли ҳам, Абу Исо ат-Термизий ушбу устозидан “Сунани Термизий” асарида ўнлаб ҳадислар ва “жарҳ ва таъдил”га оид юзга яқин фикрларини ҳам келтириб ўтган.
Шу ўринда Имом ал-Бухорий ўз шогирди имом Термизийни улуғлаб: “Сен мендан баҳра топганингдан кўра мен сендан кўпроқ баҳра топдим”, деб таъкидлаган . Бу эса Имом Абу Исо ат-Термизийга берилган жуда катта баҳо эди.
Ўз навбатида, Имом Бухорий ўз шогирдидан ҳам ҳадис эшитган. Бу ҳақида Абу Исо ат-Термизий бундай ривоят қилади:
عَن أَبي سَعِيدٍ قالَ قالَ رَسُولُ اللّهِ صلى الله عليه وسلم لِعَليَ يا عَلِيّ لا يَحِلّ لأحَدٍ أَنْ يُجْنِبَ في هَذَا المَسْجِدِ غَيْرِي وغَيْرَكَ.
Таржимаси. Абу Саид розиёллоҳу анҳудан ривот қилинган: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Али розиёллоҳу анҳуга “Эй, Али! Бу масжидга жануб томонидан кириш Мен ва сендан ташқари кишиларга ҳалол бўлмайди”, – дедилар.
Ушбу ҳадисни Муҳаммад ибн Исмоил мендан эшитди ва уни ғариб санади .
Абу Исо ат-Термизийнинг машҳур устозларидан яна бири Абул Ҳусайн Муслим ибн Ҳажжож Ал-Қушайрий бўлиб, устозидан ҳадис илмини ўрганибгина қолмай, балки ундан ҳадис ҳам ривоят қилган. Хусусан, “Сунани Термизий”да ушбу устозидан ривоят қилинган қуйидаги ҳадисни келтириш мумкин:
حَدَّثَنَا مُسْلِمُ بْنُ حَجَّاجٍ حَدَّثَنَا يَحْيَى بْنُ يَحْيَى حَدَّثَنَا أَبُو مُعَاوِيَةَ عَنْ مُحَمَّدِ بْنِ عَمْرٍو عَنْ أَبِى سَلَمَةَ عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ أَحْصُوا هِلاَلَ شَعْبَانَ لِرَمَضَانَ.
Таржимаси. Абу Ҳурайра розиёллоҳу анҳудан ривот қилинган: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рамазон учун ҳисобни Шаъбондан бошланглар”, – дедилар.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, олимнинг устозларидан саккизтаси Термизга нисбат берилган бўлиб, “Сунани Термизий” асарида улардан жами қирқ бешта ҳадис ривоят қилинган. Бу эса, Термиз шаҳрининг ўша вақтда ислом илмлари борасида йирик марказларидан бири бўлганини билдиради. Улар қуйидагилардир:
1. Абу ал-Ҳасан Аҳмад ибн ал-Ҳасан ибн Жунайдиб ат-Термизий (864 йилдан олдин вафот этган) ;
2. Абу Довуд Ал-Жоруд ибн Муоз ас-Суламий ат-Термизий (ваф. 858 й.) ;
3. Абу Абдуллоҳ Солиҳ ибн Абдуллоҳ ибн Заквон ал-Боҳилий ат-Термизий ;
4. Абу Абдурраҳмон Муҳаммад ибн Аҳмад ибн ал-Ҳусайн ибн Маддувайҳ ал-Қураший ат-Термизий ;
5. Абу Исмоил Муҳаммад ибн Исмоил ибн Юсуф ат-Термизий (ваф. 893 й.) ;
6. Абу ал-Фазл Мактум ибн ал-Аббос ат-Термизий ;
7. Абу Имрон Мусо ибн Ҳизом ат-Термизий (ваф. 864 й.) .;
8. Абу Абдуллоҳ Ҳурайм ибн Мисъар ал-Аздий ат-Термизий .
Абу Исо ат-Термизий тахминан 845-846 йилларда Ироққа илмий сафар қилган. “Сунани Термизий”да қуйидаги ҳадис ривоят қилган:
حَدَّثَنَا يُوسُفُ بْنُ يَعْقُوبَ حَدَّثَنَا حَفْصُ بْنُ عُمَرَ حَدَّثَنَا شُعْبَةُ عَنْ أَبِى إِسْحَاقَ قَالَ سَمِعْتُ الأَغَرَّ أَبَا مُسْلِمٍ قَالَ أَشْهَدُ عَلَى أَبِى سَعِيدٍ وَأَبِى هُرَيْرَةَ رَضِىَ اللَّهُ عَنْهُمَا أَنَّهُمَا شَهِدَا عَلَى رَسُولِ اللَّهِ فَذَكَرَ مِثْلَهُ.
Таржимаси. Абу Исҳоқ розиёллоҳу анҳудан ривот қилинган: Мен ал-Ағарр Абу Муслимнинг “Мен Абу Саид ва Абу Ҳурайра розиёллоҳу анҳумага гувоҳ бўлганман. У иккиси эса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга гувоҳ бўлганлар”, – деганини эшитганман.
Ушбу ҳадис санадидаги биринчи ровий – Абу Яъқуб Юсуф ибн Яъқуб ибн Абулқосим ас-Саффор ал-Басрий басралик ишончли муҳаддис олимлардан ҳисобланиб, ундан Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Насоий ва Имом Ибн Можалар ҳадис ривоят қилганлар . Лекин, Абу Исо ат-Термизий “Сунани Термизий”да ушбу устозидан фақат бир ҳадис ривоят қилинган . Ушбу муҳаддис олим 846 йили вафот этган бўлиб, ўша пайтда Абу Исо ат-Термизий 22 ёшда эди. Ушбу далил, бир томондан ёшлигиданоқ олимнинг Басрага бориб машҳур олимлардан ҳадис илмини ўрганганига ишора қилса, иккинчи жиҳатдан унинг ёш бўлишига қарамасдан ҳадис ривоят қилганлигини англатади.
ТИИ Модуль таълим шакли
талабаси Қўйсинов Ҳалимжон