Қуръон Карим Аллоҳ томонидан бандаларига нозил қилинган илоҳий дастури ва икки дунё саодатининг калитидир. Қуръон–тиловат қилиш, ўрганиш ва амал қилиш учун Аллоҳ томонидан юборилган. Уни тиловат қилиш ва ўрганиш юксак даражаларга етказади.
Қуръонга амал қилиш улуғ мартабаларга етказади.
Бас, шундай экан, Қуръон тиловат қилмайдиган мусулмон бўлиши мумкинми?
Энди инсоф билан айтайлик, ичимиздан неча фоизимиз Қуръон ҳарфларини таниймиз?
Неча фоизимиз Қуръон тиловатини биламиз?
Неча киши Қуръонни аввалидан охиригача тўғри тиловат қила олади?
Неча киши Қуръоннинг маъноларини, ҳукмларини дарс қилиб ўқиган ёки ўқимоқда?
Ушбу саволларга жавобимизга қараб ўзимизнинг қандай мусулмон эканимизни билиб олишимиз мумкин.
Нима учун Қуръон ўқимаймиз, уни ўрганмаймиз?
Нима учун устимизга сакийна–хотиржамлик тушишини хоҳламаймиз?
Нима учун ўзимизни Аллоҳнинг раҳмати ўраб олишини истамаймиз?
Нима учун бизни фаришталар қуршаб олишини хоҳламаймиз?
Нима учун Аллоҳ бизни ўзига муқарраб зотлар билан бир қаторда зикр қилишини истамаймиз?
Бу аҳволимиз ўта ачинарли ҳолдир.
Мусулмонман, деган ҳар бир кишига Қуръон тиловат қилиш, уни ўрганиш фарз эканини тўлиқ тушуниб етишимиз керак[1].
Ҳар бир мусулмон ўзининг илоҳий дастурини ўқиб-ўрганиши лозим.
Бу ишда масжидлардан кенг фойдаланиш керак. Зотан масжиднинг бош вазифаларидан бири ҳам шу!
Ҳадиси шарифда масжидда тўпланиб Қуръон тиловат қилиб, уни ўрганётган қавм ҳақида сўз кетмоқда.
Авваллари алоҳида дарсхоналар, мадрасалар бўлмаган. Ҳамма нарса масжидда амалга оширилган.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам саҳобаларга Қуръони Каримни масжидда ўтириб ўргатганлар. Кейинги авлодлар ҳам шундоқ қилганлар.
Ҳозирда ҳам мусулмон ўлкаларда Қуръон таълими асосан масжидларда бўлади. Агар шундоқ қилсак, Аллоҳ хоҳласа, аста-секин диний саводсизликка барҳам беришимиз мумкин бўлади.
عَنِ النَّبِيِّ قَالَ: يُقَالُ لِصَاحِبِ الْقُرْآنِ اقْرَأْ وَارْتَقِ وَرَتِّلْ كَمَا كُنْتَ تُرَتِّلُ فِي الدُّنْيَا فَإِنَّ مَنْزِلَتَكَ عِنْدَ آخِرِ آيَةٍ تَقْرَأُهَا. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ وَصَحَّحَهُ.
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қуръон соҳибига: қироат қилиб кўтарилавер. Дунёда қандоқ тартил қилган бўлсанг, худди шундоқ тартил қил. Албатта, сенинг манзилинг охирги қироат қилган оятинг маконидан бўладир, дейилади», дедилар»[2].
Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.
Бу ҳадиси шарифда васф қилинаётган кўриниш қиёмат куни жаннатда бўлади. Бу дунёда Қуръон ўқиган одам жаннатга кирган. Энди унга жаннат мартабаларидан ўзига яраша мартаба бериш керак. Ана шунда:
«Қуръон соҳибига, қироат қилиб кўтарилавер», дейилади. Яъни, жаннат ишларини юритиб турган фаришталар Қуръон соҳибига жаннат мартабалари зинасини кўрсатиб, қироат қилиб кўтарилавер,
«Дунёда қандоқ тартил қилган бўлсанг, худди шундоқ тартил қил. Албатта, сенинг манзилинг охирги қироат қилган оятинг маконидан бўладир», дейдилар[3].
Қуръони Каримни тартил қилиш секин, шошилмай, дона-дона қилиб қироат қилишдир. Демак, Қуръон соҳиби бу дунёда Қуръони Каримни қандоқ ўқиган бўлса ўшандоқ ўқиб, мартаба зинасидан кўтариб бораверади. Агар у Қуръони Каримни тўлиқ ёдлаган бўлса, мартаба зинасининг энг юқори чўққисига чиқади. Озроқ ўқиган бўлса, мартабаси ҳам озроқ бўлади. Хуллас, унинг манзили зина бўйлаб кўтарилаётиб охирги ўқиган ояти тугаган ерда бўлади.
Бас, шундоқ экан, жаннатдаги мартабамизни баланд бўлиши учун ҳаракат қилайлик.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ t عَنِ النَّبِيِّ قَالَ: يَجِيءُ الْقُرْآنُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ فَيَقُولُ يَا رَبِّ حَلِّهِ فَيُلْبَسُ تَاجَ الْكَرَامَةِ ثُمَّ يَقُولُ يَا رَبِّ زِدْهُ فَيُلْبَسُ حُلَّةَ الْكَرَامَةِ ثُمَّ يَقُولُ يَا رَبِّ ارْضَ عَنْهُ فَيَرْضَى عَنْهُ فَيُقَالُ لَهُ اقْرَأْ وَارْقَ وَتُزَادُ بِكُلِّ آيَةٍ حَسَنَةً. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ بِسَنَدٍ صَحِيحٍ.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қуръон қиёмат куни келиб: «Эй Роббим, унга сарпо бер», дейди. Бас, унга каромат тожи кийдирилади. Сўнгра у яна: «Эй Роббим, зиёда қил» дейди. Шунда унга каромат сарпоси кийдирилади. Сўнгра у яна: «Эй Роббим, ундан рози бўл» дейди. Бас, У зот ундан рози бўлади. Сўнгра унга: «Қироат қил ва кўтарилавер. Сенга ҳар бир оят учун бир ҳасана зиёда қилинади», дейилади»[4].
Термизий ривоят қилган.
Ушбу ҳадиси шарифда бошқа ҳадиси шарифларда айтилган Қуръони Каримнинг ўзини ўқиган қорига шафоат қилишининг тафсилотларидан бири баён қилинмоқда.
Ҳа, Қуръони Карим қиёмат куни ўз қорисига каромат тожи кийдирилишига, каромат сарпоси кийдирилишига, Аллоҳ таолонинг ундан рози бўлишига ва жаннат мартабаларида кўтарилишга ёрдам берар экан.
Шунинг учун ҳам Қуръони Каримни иложи борича кўпроқ ўқишга, кўпроқ ёд олишга, кўпроқ ўрганишга ва унга кўпроқ амал қилишга ҳаракат қилмоқ лозим[5].
وَلأَبِي دَاوُدَ: مَنْ قَرَأَ الْقُرْآنَ وَعَمِلَ بِمَا فِيهِ أُلْبِسَ وَالِدُاهُ تَاجًا يَوْمَ الْقِيَامَةِ ضَوْءُهُ أَحْسَنُ مِنْ ضَوْءِ الشَّمْسِ فِي بُيُوتِ الدُّنْيَا لَوْ كَانَتْ فِيكُمْ فَمَا ظَنُّكُمْ بِالَّذِي عَمِلَ بِهَذَا.
Абу Довуднинг ривоятида:
«Ким Қуръонни ўқиса ва унда бор нарсага амал қилса, унинг отасига қиёмат куни зиёси бу дунёдаги уйларда бўлган қуёшнинг зиёсидан ҳам яхшироқ бўлган тож кийдирилади. Энди бунга амал қилганга нима бўлишини ўзингиз билиб олаверинг», дейилган[6].
Яъни, Қуръони Каримни ўқимаган отага шунчалик такрим ва ташриф бўлса, Қуръони Каримни ўқиган ва унга амал қилганнинг ўзига қанчалар такрим ва ташриф бўлишини ҳар ким ўзи билиб олаверсин.
Шундоқ бўлганидан кейин ҳар бир ота-она ўзининг ҳар бир боласига Қуръони Каримни ўқитишга ўцин.
Шундоқ бўлганидан кейин ҳар биримиз Қуръони Каримни ўқишга ва унга амал қилишга ўтайлик.
عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا عَنِ النَّبِيِّ قَالَ: إِنَّ الَّذِي لَيْسَ فِي جَوْفِهِ شَيْءٌ مِنَ الْقُرْآنِ كَالْبَيْتِ الْخَرِبِ.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ичида Қуръондан бирор нарса бўлмаган одам хароба уйга ўхшайди», дедилар»[7].
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръондан ҳеч нарсани ёдламай юрган одамни ажойиб ўхшатиш ила сифатлабдилар. Хароба уйга ўхшатибдилар.
У ҳам сиртидан уйга ўхшаб кўринади. Девори бор, яна уйда бўладиган баъзи нарсалари ҳам бор. Аммо аслида у тўлақонли уй эмас. Хароба. Ичига назар солган одам ундан ҳазар қилади. Унинг ичи ифлос, қаралмаган, турли ахлатлар билан тўлган[8].
Қуръондан бирор нарса ёдламаган одам ҳам сиртидан одамга ўхшайди. Аммо ичи….
Хароба уйга ўхшаб қолмаслик учун Қуръони Каримдан ёд олишимиз керак. Ундан қанча кўп ёд олсак, ичимиз шунча обод ва гўзал бўлиб бораверади.
عَنْ عَبْدِ اللهِ t عَنِ النَّبِيِّ قَالَ: مَنْ قَرَأَ حَرْفًا مِنْ كِتَابِ اللهِ فَلَهُ بِهِ حَسَنَةٌ وَالْحَسَنَةُ بِعَشْرِ أَمْثَالِهَا لاَ أَقُولُ الـم حَرْفٌ وَلَكِنْ أَلِفٌ حَرْفٌ وَلاَمٌ حَرْفٌ وَمِيمٌ حَرْفٌ.
Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким Аллоҳнинг китобидан бир ҳарф ўқиса, унга бир савоб бўлур. Ҳар бир савоб эса ўн мислига кўпайтирилур. Алиф лаам мийм бир ҳарф демайман. Лекин алиф бир ҳарф. Лаам бир ҳарф. Мийм бир ҳарф», дедилар»[9].
Бу ҳадиси шарифда Қуръони Каримнинг қироати битмас-туганмас савоб манбаси экани баён қилинмоқда. Қуръони Карим ўқиган одамга ҳар бир ҳарф учун алоҳида савоб берилар экан. Умумий қоидага биноан ҳар бир савоб ўнга кўпайтирилиб бериларди. Бундан Қуръони Каримнинг ўқиган одам учун ҳар бир ҳарф ўқиганига ўн савоб берилиши келиб чиқади. Бунинг ҳаммаси Қуръони Каримнинг чексиз фазлга эга бўлганидан.
Бас, шундоқ бўлганидан кейин бир ҳарф бўлса ҳам Қуръони Каримни ўқишга ҳаракат қилмоғимиз зарур[10].
عَنْ أَبِي سَعِيدٍ عَنِ النَّبِيِّ قَالَ: يَقُولُ اللهُ تَعَالَى مَنْ شَغَلَهُ الْقُرْآنُ وَذِكْرِي عَنْ مَسْأَلَتِي أَعْطَيْتُهُ أَفْضَلَ مَا أُعْطِي السَّائِلِينَ وَفَضْلُ كَلاَمِ اللهِ تَعَالَى عَلَى سَائِرِ الْكَلاَمِ كَفَضْلِ اللهِ عَلَى خَلْقِهِ.
Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳ таоло кимни Қуръон ва менинг зикрим мендан (нарсаларни) сўрашдан тўсган бўлса, унга сўровчиларга берган нарсамдан афзалини берурман. Аллоҳнинг каломининг бошқа каломлардан фазли худди Аллоҳнинг ўз махлуқотларидан фазлига ўхшайдир, дейди», дедилар»[11].
Бу ҳадиси қудусий ҳисобланади. Чунки унда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз иборалари билан Аллоҳ таолонинг айтган гапларини нақл қилмоқдалар.
Бир одам Қуръони Карим қироати билан ва Аллоҳ таолонинг зикри билан бўлиб, ўз ҳожатларини сўраб дуо қила олмай қолди.
Унинг ҳожати бор эди. Аммо Қуръони Карим тиловат қилиш билан овора бўлиб, ёки бўлмаса, зикруллоҳ билан овора бўлиб ўша ҳожатини Аллоҳ таолодан сўрай олмади.
Ана ўша одамга Аллоҳ таоло ўзидан ҳожатини ёлбориб сўраб илтижо қилганларга бергандан кўра афзал нарсаларни берар экан.
«Аллоҳ таоло кимни Қуръон ва менинг зикрим мендан (нарсаларни) сўрашдан тўсган бўлса, унга сўровчиларга берган нарсамдан афзалини берурман», дейди.
Бундай афзалликнинг сабаби бор. Чунки
«Аллоҳнинг каломининг бошқа каломлардан фазли худди Аллоҳнинг ўз махлуқотларидан фазлига ўхшайдир».
Тасаввур қилиб кўринг-а! Аллоҳ таоло билан У зот яратган махлуқотларнинг орасида қанчалар фарқ бор! Буни тасаввур қилиш қийин. Аллоҳ таоло Олий Зот. Махлуқотлар арзимас нарсалар.
Аллоҳ таолонинг каломи бўлмиш Қуръони Карим ҳам бошқа каломларга нисбатан ана шундоқ юқори ва олий. Уни тасаввур қилиш ҳам қийин. Ана шундоқ олиймақом каломни ўқиш бахтига сазовор қилгани учун мўмин-мусулмонлар Аллоҳ таолога ҳар қанча ҳамду сано айтсалар шунча оз.
Бас, шундоқ бўлгандан кейин Аллоҳ таолонинг каломи бўлган Қуръони Каримни иложи борича кўп ўқиб-ўрганиб, ёдлаб ва унга амал қилмоғимиз зарур[12].
عَنْ عَلِيِّ t عَنِ النَّبِيِّ قَالَ: مَنْ قَرَأَ الْقُرْآنَ وَاسْتَظْهَرَهُ فَأَحَلَّ حَلاَلَهُ وَحَرَّمَ حَرَامَهُ أَدْخَلَهُ اللهُ بِهِ الْجَنَّةَ وَشَفَّعَهُ فِي عَشَرَةٍ مِنْ أَهْلِ بَيْتِهِ كُلُّهُمْ وَجَبَتْ لَهُ النَّارُ.
Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким Қуръонни ўқиса ва ёд олса, у ҳалол қилган нарсани ҳалол билса, у ҳаром қилган нарсани ҳаром билса, Аллоҳ уни жаннатга киритади ва ўз аҳлидан ўн кишига шафоатчи қилади. Ҳолбуки, уларнинг ҳаммасига дўзах вожиб бўлган эди», дедилар»[13].
Қуръони Каримни ёдлаб унга амал қилган ва Қуръони Карим ҳалол қилган нарсани ҳалол билиб, ҳаром қилган нарсани ҳаром билган одам катта шарафга эга бўлар экан.
Аввало, у Қуръони Карим шарофатидан ўзи жаннатга кирар экан.
Қолаверса, ундоқ киши дўзахга тушишлари аниқ бўлган ўнта қариндошига шафоатчи бўлиб, уларни ўзи билан жаннатга олиб кирар экан.
Аллоҳ таоло ҳар кимга ҳам бунга ўхшаш катта имконни ваъда қилган эмас. Шундан ҳам Қуръони Каримни ёдлаш ва унга амал қилиш қанчалар улуғ иш эканини билиб олаверсак бўлади.
Бас, иш шундоқ бўлгандан кейин Қуръони Каримни ёд олайлик ва унга амал қилайлик[14].
عَنْ أَبِي أُمَامَةَ عَنِ النَّبِيِّ قَالَ: مَا أَذِنَ اللهُ لِعَبْدٍ فِي شَيْءٍ أَفْضَلَ مِنْ رَكْعَتَيْنِ يُصَلِّيهِمَا وَإِنَّ الْبِرَّ لَيُذَرُّ عَلَى رَأْسِ الْعَبْدِ مَا دَامَ فِي صَلاَتِهِ وَمَا تَقَرَّبَ الْعِبَادُ إِلَى اللهِ بِمِثْلِ مَا خَرَجَ مِنْهُ يَعْنِي الْقُرْآنَ.
Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳ ҳеч қачон бандага у ўқиган икки ракъат намозда қулоқ солганидек қулоқ солмайди. Модомики банда намозда экан, унинг бошидан яхшилик сочилиб турур. Бандалар Аллоҳга ундан (Қуръондан) чиққанда бўлгандек қурбатда бўлмайдилар», дедилар»[15].
Бу ҳадиси шарифда банданинг Аллоҳ таолога энг яқин бўладиган ҳолатлари ҳақида сўз кетмоқда.
«Аллоҳ ҳеч қачон бандага у ўқиган икки ракъат намозда қулоқ солганидек қулоқ солмайди».
Шунинг учун ҳам банда намозда Аллоҳ таолодан сўрайдиган нарсасини сўраб олмоғи керак. Айниқса, саждада бўлган ҳолдаги дуо жуда ҳам мақбулдир.
ТИИ Модуль таълим шакли
талабаси Ҳолматов Достон
[1] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. “Ҳадис ва Ҳаёт” китоби. “Қурьони Карим” . -Тошкент: Ҳилол нашр нашриёти, 2012-йил. -Ж. 30. -Б. 320.
[2] Имом Термизий Муҳаммад ибн Исо . “Жомиуъл Кабир”. –Байрут: Дорул қалам нашриёти, 2015-йил.
[3] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. “Ҳадис ва Ҳаёт” китоби. “Қурьони Карим” . -Тошкент: Ҳилол нашр нашриёти, 2012-йил. -Ж. 30. -Б. 320.
[4] Имом Термизий Муҳаммад ибн Исо . “Жомиуъл Кабир”. –Байрут: Дорул қалам нашриёти, 2015-йил.
[5] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. “Ҳадис ва Ҳаёт” китоби. “Қурьони Карим” . -Тошкент: Ҳилол нашр нашриёти, 2012-йил. -Ж. 30. -Б. 320.
[6] Имом Абу Довуд Сулаймон ибн Ашаъс. “Сунану Аби Довуд”. – Қоҳира: Дарур Ройян лит Турос.
1988-йил. – Ж. 4.
[7] Имом Термизий Муҳаммад ибн Исо . “Жомиуъл Кабир”. –Байрут: Дорул қалам нашриёти, 2015-йил.
[8] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. “Ҳадис ва Ҳаёт” китоби. “Қурьони Карим” . -Тошкент: Ҳилол нашр нашриёти, 2012-йил. -Ж. 30. -Б. 320.
[9] Имом Термизий Муҳаммад ибн Исо . “Жомиуъл Кабир”. –Байрут: Дорул қалам нашриёти, 2015-йил.
[10] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. “Ҳадис ва Ҳаёт” китоби. “Қурьони Карим” . -Тошкент: Ҳилол нашр нашриёти, 2012-йил. -Ж. 30. -Б. 320.
[11] Имом Термизий Муҳаммад ибн Исо . “Жомиуъл Кабир”. –Байрут: Дорул қалам нашриёти, 2015-йил.
[12] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. “Ҳадис ва Ҳаёт” китоби. “Қурьони Карим” . -Тошкент: Ҳилол нашр нашриёти, 2012-йил. -Ж. 30. -Б. 320.
[13] Имом Термизий Муҳаммад ибн Исо . “Жомиуъл Кабир”. –Байрут: Дорул қалам нашриёти, 2015-йил.
[14] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. “Ҳадис ва Ҳаёт” китоби. “Қурьони Карим” . -Тошкент: Ҳилол нашр нашриёти, 2012-йил. -Ж. 30. -Б. 320.
[15] Имом Термизий Муҳаммад ибн Исо . “Жомиуъл Кабир”. –Байрут: Дорул қалам нашриёти, 2015-йил.