islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Қуръони Карим таърифи

Аллоҳ таоло Ўзининг охирги ва мангу китоби бўлмиш Қуръ­они Каримни бутун оламларни ҳидоят қилиш учун нозил қилган Алийму Хобийр бўлмиш Аллоҳ таолога Ўзининг улуғлига муносиб ҳамду санолар бўлсин.

Ўзларига Аллоҳ томонидан нозил қилинган ва икки дунё саодатини таъминлайдиган Қуръони Каримни умматларига омонат ила етказиб, унга қандоқ амал қилишни кўрсатган содиқул масдуқ Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга мукаммал ва муаттар саловату дурудлар бўлсин.

Ўзларининг севимли Пайғамбарларидан Қуръони Каримни бирор ҳарфини ўзгартирмай ўта аниқлик ила қабул қилиб, унга худди шундоқ аниқлик ва мисли кўрилмаган ихлос ила амал қилган саҳобаи киромларга Аллоҳнинг ризвонлари бўлсин.

Ўзининг муқаддас китоби сифатида Қуръони Каримга иймон келтирган, уни ўргатган, ўрганган ва унга амал қилган ҳар бир мусулмонга Аллоҳнинг раҳмати, хайри баракаси бўлсин.

Барча оламларнинг Роббиси бўлмиш Аллоҳ таоло Ўзи яратган дунёда Ўзи яратган инсон қандоқ ҳаёт кечиришини баён қилиб бериш учун самовий китоблар нозил қилиб туришни ирода қилгани маълум ва машҳур.

Инсоният тараққий этиши жараёнида нозил қилинган самовий китоблар – Забур, Таврот ва Инжилда Аллоҳ таоло мазкур китоблар нозил қилинаётган давр ва шарт-шароитларни эътиборга олгани ҳам маълум. Яъни, мазкур китоблар инсоният тарихидаги маълум бир босқич учун кўзланган эди. Улардан аввал нозил қилингани пайғамбарлар томонидан бандаларга етқазилгандан сўнг ундан юз ўгириб пайғамбарлари ва уларга нозил қилинган китобга амал қилишни ташлаб қўйишгандан кейин Аллоҳ уларга яна бошқа, аммо олдингисини тасдиқловчи бошқа китобни нозил қилар еди. Шу зайлда Аллоҳ таоло китобларни пайғамбарларига ҳар нозил қилганда бандалари унга исён қилиб, уни инкор қилиб, ўзгартиравердилар. Аллоҳ уларга яна бошқа китоб нозил қилаверди.

Аллоҳ таолонинг Ўзига маълум ҳикмат юзасидан мазкур илоҳий китобларга уммат бўлган халқ­лар ўзларига юклатилган масъулиятни муваффақият ила адо эта олмадилар. Улар ўзларига нозил қилинган самовий китобни қандай тушган бўлса, шундай ҳолида сақлаб қола олмадилар. Бу иш ҳам етмаганидек, ўзлари муқаддас китобларга ўзгартишлар киритдилар.

Шунингдек, улар янги самовий китоб келганида эски самовий китоб амалдан қолиши ҳақидаги илоҳий кўрсатмани ҳам буздилар. Баъзи аҳли китоблар ўз дунёвий манфаатларини кўзлаб, ҳасад қилган ҳолда янги самовий китобни инкор этиб, эскисини маҳкам ушлаб олдилар. Улар ўзлари ихтиро этган бу ботилни тўғри қилиб кўрсатиш учун илоҳий китобга ўзгартиш киритишдан ҳам қайтмадилар.

Шу тарзда ҳозирда сақланиб қолган эски илоҳий китоблар ҳақни ботилдан ажратиб бўлмайдиган ҳолга келиб қолди.

Аллоҳ таоло бандаларини ўзи юборган пайғамбарларига нозил қилган китоблари билан тарбия қилиб келган Аллоҳ таоло, инсоният камолга етганида унга энг мукаммал, қиёматгача амалда қолувчи, ҳар замон ва ҳар маконда инсонни икки дунё саодатига бошловчи, ҳамда мангу мўъжиза бўлмиш китоби – Қуръони Каримни охирзамон пайғамбарига нозил қилди.

Ҳакийму Хобийр сифатига соҳиб бўлган Зот – Аллоҳ таоло мазкур китобини нозил этиш учун энг муносиб вақтни, энг муносиб жойни, энг муносиб тилни ва у мўъжизакор китобни биринчи бўлиб қабул қилиб бошқаларга етказадиган энг муносиб халқни ихтиёр қилди.

Энг муносиб вақт деганимизда инсониятнинг камолга етган вақтига қўшимча равишда Қуръони Каримга эҳтиёжи роса тушиб турган вақтни кўзда тутмоқдамиз. Чунки ўша вақтда инсоният батамом жоҳилият ботқоғига ботиб қолган, мавжуд самовий китоблар ўз вазифасини ўтаб бўлган, инсониятни ҳидоятга бошловчи муносиб янги илоҳий таълимотга эҳтиёж роса кучайган бир вақт эди.

Аллоҳ таоло ана шундай бир вақтда ўзининг мукаммал ҳидоят маёғи бўлмиш Қуръони Каримни нозил этди. Энг муносиб жой деганимизда Аллоҳ таоло Қуръони Каримни нозил этиш учун танлаган макон: Маккаи Мукаррама, Мадинаи Мунаввара ва уларга боғлиқ ерларни кўзда тутмоқдамиз.

Бутун олам учун ҳидоят маёғи бўлмиш Аллоҳнинг охирги китобининг айнан шу ерларда нозил қилиниши беҳикмат бўлмаган. Аллоҳ таоло ўз Қуръонини нозил этиш учун ихтиёр қилган жой бир қанча ўта муҳим омиллар қатори Қуръон даъватининг оламшумуллигидан ҳам келиб чиққан эди. Қуръон даъвати Аллоҳ таолонинг охирги ва ҳамма инсоният учун қиёматгача кўзланган бир даъвати эди.

Бундоқ даъватнинг маркази қилиб Маккаи Мукарраманинг танланиши эса, у муқаддас шаҳар қуруқликнинг қоқ марказида жойлашган эди. Бу ҳикматни инсоният Қуръон оятларини ўрганиш жараёнида яқинда англаб етди. Қуръони Каримнинг Анъом сурасидаги:

«Бу – Биз туширган китоб муборакдир, ўзидан олдингини тасдиқловчидир. Уммул Қуро­(шаҳарлар онаси)ни ва унинг атрофини огоҳлантиришинг учундир…[1]» (Анъом сураси 92-оят) оятини илмий равишда ўрганаётган жуғрофия олимлари Уммул Қуро номи ила машҳур бўлган Маккаи Мукаррама ернинг қуруқлик қисмининг қоқ марказида жойлашганини кашф қилдилар.

Демак, бутун ер юзи учун мўлжалланган илоҳий китоб Қуръони Каримни нозил қилишга энг муносиб жой деб ер куррасининг инсон яшовчи қисмининг қоқ ўртаси ихтиёр қилинган экан.

Энг муносиб тил деганимизда, Аллоҳ таоло ўзининг охирги ва мукаммал рисоласи маъноларини ифода этиш учун ихтиёр қилган тилни–араб тилини кўзда тутмоқдамиз.

Дарҳақиқат, Қуръони Каримдек қиёматгача боқий қолиши лозим бўлган илоҳий дастур учун ўзига хос имкониятларга эга бўлган тил керак эди.

Қуръони Каримдек ҳидояти бутун инсониятни қиёматгача икки дунё саодатига бошлаши лозим бўлган илоҳий китоб учун мазкур масъулиятни адо эта оладиган тил керак эди.

Қуръони Каримдек ҳар бир лафзи, ибораси, жумласи ва ояти ҳамда уларнинг маънолари илоҳий мўъжиза бўлган китоб учун алоҳида хусусиятларга эга тил керак эди[2].

Ана ўша тил–араб тили эди. Қуръони Карим нозил бўлгандан ҳозирги лаҳзагача барча илмий баҳсларда Аллоҳнинг охирги ва мукаммал каломининг баёни учун фақатгина араб тили муносиб тил экани қайта-қайта таъкидланмоқда.

Энг муносиб халқ деганимизда ўша, Қуръони Карим нозил бўлиши даврида Арабистон ярим оролида яшаб турган арабларни кўзда тутмоқдамиз. Дунёдаги барча халқлар қатори ўша вақтдаги арабларнинг ҳам яхши ва яхши бўлмаган томонлари бор эди. Аллоҳ таолонинг ҳикмати ила Ул Зот Қуръони Каримни биринчи бўлиб қабул қилиб олишга танлаган халқнинг–арабларнинг яхши сифатлари ҳам, яхши бўлмаган сифатлари ҳам Қуръони Карим учун хизмат қиладиган бўлди.

Араблар ўша даврнинг энг жоҳил, энг илмсиз, энг урушқоқ, энг тартибсиз халқи эди. Улар Қуръони Карим нозил бўлганидан сўнг қисқа муддат ўтиши билан энг маданиятли, энг билимдон, энг одобли ва энг тартибли халққа айландилар. Бу эса, Қуръони Каримнинг мўъжизаларидан бири эди.

Агар Аллоҳ таоло ўзининг охирги китобини ўша даврнинг энг билимдон, энг маданиятли ва қадимдан етакчилик қилиб келаётган халқига нозил қилганида мазкур мўъжиза юзага чиқмас эди. Кишилар бу халқ азалдан илмли, маданиятли, интизомли ва одобли бўлиб келган, энди бизга илоҳий калом тушди, деб даъво қилишмоқда, холос, дер эдилар.

Арабларнинг Қуръони Каримнинг қабул қилиб олишлари учун хизмат қилган яхши сифатларидан бири, уларнинг ёдлаш қобилиятларининг кучлилиги эди. Улар ўқиш-ёзишни билмаганларидан ҳамма нарсани–тарихни, насабларини, турли қасидаларни ёдлаб олиб, авлоддан-авлодга ўтказиб келишар эди.

Албатта, Аллоҳ таоло ўз Қуръонини арабларга бевосита туширавергани йўқ. Балки уларнинг ичидан, нафақат арабларнинг ичидан, балки бутун инсоният ичидан энг афзалини–Муҳаммад ибн Абдуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни танлаб олиб, ўша зотга нозил қилди.

У зот эса, ўз умматларига омонат ила Аллоҳнинг каломини етказдилар. Чунки Аллоҳ таолонинг бу борадаги одати шу эди. Ана ўша урф бўлиб қолган одатга биноан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга илоҳий каломни Жаброил алайҳиссалом келтириб турдилар.

Олам тарихидаги энг муҳим ҳодиса Ҳиро ғорида рамазон ойининг ўн еттинчи кунида содир бўлди. Ўша куни тарихдаги энг улуғ иш–Аллоҳ таолонинг охирги ва мукаммал китоби нозил бўла бошлади.

ТИИ Модуль таълим шакли талабаси Ҳолматов Достон

[1] Шайх Муҳаммад содиқ Муҳаммад Юсуф. Тафсири Ҳилол китоби. –Тошкент: Ҳилол нашр нашриёти, 2007-2022-йил.-Ж. 6. – Б. 3806.

[2] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. “Ҳадис ва Ҳаёт” китоби. “Қурьони Карим” . -Тошкент: Ҳилол нашр нашриёти, 2012-йил. -Ж. 30. -Б. 320.

304550cookie-checkҚуръони Карим таърифи

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: