islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Абу Бакр Жассос Розийнинг ҳаёти ва фаолияти

Абу Бакр Аҳмад ибн Али Розий Ҳанафийдир. У киши Жассос лақаби ила машҳур. Ҳижрий 305-йилда туғулиб, 370 санада вафот этган.[1]

Тарихий манбалар ва мўъжам жанрида ёзилган асарларда Абу Бакр Жассоснинг турли илм соҳаларида улкан мувоффақиятларга эришгани таъкидланади. Буни олимга берилган лақаб ва унвонлардан ҳам билиб олиш мумкин. Тарихчилар Абу Бакр Жассосни муфассир, ҳофиз, муҳаддис, фозил ва зоҳид каби бир қатор унвонлар билан ёдга оладилар. Алломанинг асарлари илмий теранлиги ва мураккаб услубга эгалиги билан фарқланиб туриш билан бир қаторда фиқҳий мазҳаблар, хусусан, ҳанафийлик мазҳабининг сир-асрорлари, ўзига хос дақиқ жиҳатларини аниқ ёритиши ва мазҳабга тегишли масалаларнинг чуқур илдизларини таҳлил қилиши билан диққатга сазовордир. Айниқса, олимнинг фиқҳ илми бўйича эришган ютуқлари ҳамда унвонлари алоҳида аҳамият касб этади. У зот имомлардан эдилар. Бу унвон илм ва тақвода пешқадам бўлган алломалар учун берилган. Барча муаррих ва олимлар Абу Бакр ал-Жассоснинг имом эканини бир овоздан таъкидлаганлар. Жумладан, Ибн Касир ҳам ал-Жассоснинг имом даражасидаги олим эканини таъкидлайди: “Аҳмад ибн Али Абу Бакр ар-Розий ҳанафий мазҳаби фақиҳи бўлиб, Абу Ҳанифа асҳобларининг имомларидан бири саналади”.[2]

Тарихчилардан ал-Хатиб ал-Бағдодий ўз асарида Абу Бакр ал-Жассос ҳақида шундай деган: “У ўз вақтида асҳоби райънинг имоми бўлган”.

Мутааххир олимлар Абу Бакр ал-Жассосни улуғ имом сифатида тилга оладилар. Жумладан, Тақийюуддин ал-Иззий ал-Ҳанафий олим ҳақида “ал-Жассос лақаби билан танилган шаъни улуғ имом бўлиб, ҳанафий мазҳаби ҳамда тарихга оид китобларда унинг номи кўп тилга олинади”, дея зикр этган. Абдулҳай ал-Лакнавий олимни таништирар экан, уни қуйидагича таърифлаган: “У ал-Жассос номи билан машҳур бўлиб, ўз асрининг шаъни улуғ имомидир”[3].

Абу Бакр ал-Косоний ўзининг “Бадоиъ ас-саноиъ” асарида Абу Бакр ал-Жассосни ҳужжатулислом (ислом дини ҳужжати) дея эътироф этган. Бу атама ноёб лақаблардан бўлиб, камдан-кам олимларга насиб этган. Мазкур лақаб сўзлари ва фатволари динда ҳужжат даражасида қабул қилинадиган олимга нисбатан қўлланилган. Шубҳасиз, ҳанафий мазҳабига оид мўтабар манбаларда Абу Бакр Жассоснинг сўзлари ҳужжат, яъни сўнгги хулоса сифатида келтирилади.

Шубҳасиз, Абу Бакр Жассос ҳам усул ал-фиқҳ, ҳам фуруъ ал-фиқҳни мукаммал эгаллаган етук олим бўлган. Шу боис у манбаларда фақиҳ сифатида тилга олинади. Жумладан, Ибн Касир ҳам Абу Бакр Жассоснинг имом даражасидаги олим эканини таъкидлаб, унинг ҳанафий мазҳаби фақиҳи эканини “Ҳанафий мазҳаби фақиҳи Аҳмад ибн Али Абу Бакр Розий” ибораси билан ифодалаган. Абу Бакр Жассос фиқҳ илмида кўпроқ шуҳрат қозонган. Буни Хатиб Бағдодийнинг ҳам Абу Бакр Жассосни фақиҳ олим сифатида таништириб айтган қуйидаги сўзларидан ҳам билиб олишимиз мумкин: “У фиқҳни Абул Ҳасан Кархийдан ўрганди ва фиқҳ илми билан мунтазам шуғилланиб, бу борада риосат – етакчиликни қўлга киритди. Ҳатто фақиҳлар фиқҳ илмини ўрганиш мақсадида унинг ҳузурига оқиб кела бошладилар”. Шунингдек, Саймарий Абул Ҳасан Кархий ҳақида шундай дейди: “Ундан кейин Бағдодда мударрислик Абу Бакр Аҳмад ибн Али Розийга ўтди ва ундан дарс олишга турли давлатлардан талабалар оқиб кела бошлади”.  “Тарихи Бағдод” асарида: “Ўз вақтида асҳоби райнинг имоми, зуҳд ва тақвоси билан машҳур бўлган” дейилган. Ибн Касир: “У ўз даврида ҳанафий мазҳабининг улуғи бўлган ва турли тарафлардан талабалар ундан фиқҳ ўрганиш учун Бағдодга сафар қилиб келар эдилар”, деб айтган. Абдулҳай Лакнавий шундай ёзади: “Бағдод фақиҳлари фиқҳни Абу Бакр Жассосдан олишар эди”.[4]

Абу Бакр Жассоснинг мужтаҳид ёки муқаллид олим эканлиги борасида турли қарашлар мавжуд. Шамсуддин Заҳабий Абу Бакр Жассосни мужтаҳид аллома сифатида зикр қилган. Бу ерда учинчи табақадаги фақиҳлар, яъни мазҳаб ичидаги мужтаҳид назарда тутилмоқда. Мазҳабда ижтиҳод қиладиган олимлар табақасига Хассоф, Таҳовий, Кархий, Сарахсий, Паздавий, Фахруддин Қозийхон ва бошқа шу каби фақиҳлар киради. Улар мазҳаббошига усулда ҳам, фуруъда ҳам тобеъ бўладилар, лекин усул қоидаларига асосан шаръий далил келмаган баъзи масалалар юзасидан ҳукм чиқара оладилар. Мазкур табақа вакиллари Абу Ҳанифага баъзи фаръий ҳукмларда ихтилоф қилсалар-да, лекин асос қоидаларда унга тақлид қиладилар. Дарҳақиқат, Абу Бакр Жассоснинг илмий мероси унинг мазҳаб мужтаҳидлари табақасидан эканлигига далолат қилади. Доктор Абдуллоҳ Назир Аҳмад ўз татдиқиқотида Абдулҳай Лакнавийнинг “Шарҳ ал-Жамиъ ас-сағир”га ёзган “Ан-нафиъ ал-кабир” номли муқаддимасидан иқтибос келтириб, шундай хулоса беради: “Шунинг учун ҳам мунаққид ҳанафий олимлари Ибн Камол Пошшо Ҳанафийнинг хулосаларини қаттиқ танқид остига оладилар. Чунки у Абу Бакр Жассосни тўртинчи табақадаги олимлар қаторида санаб, шундай деган: “Бу табақа Розий ва бошқа шу каби муқаллидлардан бўлган тахриж соҳиблари табақасидир. Чунки бу табақа олимлари ижтиҳод қилишга асло қодир эмаслар, аммо улар усулни яхши ўзлаштирганлари ва манбаларни тўлиқ забт этганлари боис мазҳаб соҳиби (Абу Ҳанифа) ёки унинг асҳобларидан ривоят қилинган икки эҳтимолли сўзларни усулдаги ўз қарашлари ва фикрлари билан ҳамда фуруъдаги шунга ўхшаш масалаларга қиёс қилиш орқали баён қилиш ва бу борада ҳукм чиқаришга қодирдирлар”. Баъзи мутааххир ҳанафий олимлар мазкур тақсимотни заиф санайдилар. Жумладан, “Ал-Фаваид ал-баҳийя” муаллифи Абдулҳай Лакнавий “ат-Таълиқот ас-суннийя ала ал-фаваид ал-баҳийя” деб номланган асар ҳошиясида ушбу масалага танқидий ёндошган. Шунингдек, Шиҳоб Маржоний мазкур тақсимот олимга нисбатан ҳурматсизлик эканини таъкидлаб, шундай дейди: “Бу – Абу Бакр Жассосга қилинган катта зулм. Бу – уни баланд мартабасидан тушириш, пасайтириш ва унинг илмдаги шаънини нақадар улуғлиги, фиқҳда қўли узунлиги, усулда тўпиғи баландлиги, қадамининг шахдамлиги, назар ва истидлол маъракаларида одимининг мустаҳкамлиги ва зарбасининг кучлилигидан очиқ-ойдин ғафлатда қолишдир.[5]

Абу Бакр Жассоснинг асарлари ва ундан нақл қилинган сўзларни чуқур ўрганган одам шунга амин бўладики, Ибн Камол мужтаҳидлар қаторида санаб ўтган Шамсулаимма каби олимлар, шунингдек, улардан кейинги учинчи табақа олимларининг барчаси Абу Бакр Розийга муҳтождирлар. Уни шундай улуғ мартабадан қандай қилиб пастга тушириш мумкин?!” Шунингдек, Имом Абу Заҳра ҳам Абу Бакр Жассосни учинчи табақа фақиҳларидан санаб, шундай деган: “Баъзи олимлар тўртинчи табақадан санаган Абу Бакр Розий Қозийхон, Кархий ёки шу каби учинчи табақадаги фақиҳлардан кам эмас. “Аҳкам ал-Қуръан” асари олимнинг фазли ва етук илмидан дарак беради”. Дарҳқақиқат, олимнинг китоблари ўз вақтида кўп кўчирилган, хусусан, фиқҳ ва тафсирга оид “Аҳком ал-Қуръон” асарининг қўлёзмалари дунёнинг кўплаб кутубхоналарига етиб борган. Қолаверса, устози Имом Кархийдан сўнг унинг ўрнига ўтириб, илмий мажлисларни бошқарганлиги ҳам Абу Бакр Жассоснинг ижтиҳодда моҳир бўлганлигидан дарак беради. Олимнинг ижтиҳодий қарашларига пешин намозининг тугаш вақти ҳақидаги масала яққол мисол бўла олади. Абу Бакр Жассос бу масалани шундай ёритади: “Абу Ҳанифа бу борада шундай ривоят бор: “Пешин вақтининг охири ҳар бир нарсанинг сояси ўша нарсага нисбатан икки баробар бўлишига яқинлашгунча ва аср вақтининг аввали соя ўша нарсадан икки баробар катта бўлган пайтдир”. Мазкур сўзлар шозз (қоидага хилоф равишда кам учрайдиган) ривоят бўлиб, пешин намозининг вақти аср вақти кирмаган пайт бўлишлиги ҳақидаги келган ҳадис ва ривоятларга хилоф ҳисобланади”.

Абу Бакр Жассос ҳанафийлик мазҳаби ривожига ўзининг шарҳлари ва бир қатор асарлари билан катта ҳиссасини қўша олдики, бу асарлар у яшаган даврда ушбу мазҳаб фиқҳи ва усулига тегишли масалаларнинг нозик қирраларини очиб беришда ишончли ва мўътабар манбалардан ҳисобланади. Унинг илмий мероси олимнинг теран тафаккури, ўткир заковатига далолат қилиб, фиқҳий масалаларни талқинида ортиқча тафсилотлардан тийилиши билан бошқа манбалардан ажралиб туради. Чунки алломанинг ўз асарларида муайян тартиб, тизимлилик, дақиқлик ва муаммоларни маҳорат билан очиб беришга катта эътибор қаратиши унинг ҳанафийлик мазҳабини асослаш ҳамда мазҳабга тегишли масалаларни далилларга асосланган ҳолда чуқур илмий таҳлил этиши борасидаги хизматлари беқиёс эканини кўрсатади. Бу эса олимнинг барча асарларида ҳнафийлик мазҳабини турли ҳужжат ва далилларга таянган ҳолда асослашга ғоят катта эътибор қаратганини англатади. Шуларни инобатга олган ҳолда, Абу Бакр Жассосни ҳанафийлик мазҳаби мужтаҳидларидан бири, аниқроғи, учинчи табақа мужтаҳиди мақомида эътироф этиш муболаға бўлмайди.

ТИИ Модуль таълим шакли

талабаси Каримов Олимжон

[1] Нуридин Ит. Ал-Имом АТ-Термизий-Истанбул. Доруссалом. 2009.-Б21-22

[2] Аллома Анваршох Кашмирий. Арфуш Шазий-Байрут-Лубнон. Дорул Ихя ад-Дурос ал-арабияйя. Ж.1-Б.7.

[3]  Шамсиддин Муҳаммад ибн Ахмад ибн Усмон  Заҳабий Сияр-аъламун-нубало Байрут Муассаса ар-рисола 1992 Ж-13.-Б.271

[4] Аллома Анваршох Кашмирий. Арфуш-шазий. -Б.7.

[5] Ибн Хажар Ал-Асқалоний. Тахзийб ат-Тахзийб.-Қоҳира: Дорул-фикр .2009.Ж.9.-Б.389.

304870cookie-checkАбу Бакр Жассос Розийнинг ҳаёти ва фаолияти

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: