islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Ҳадис илмининг таърифи ва келиб чиқиши

“Ҳадис” сўзи луғатда “сўз, хабар, ҳикоя; янги” маъноларини беради.

Ҳадис илми истилоҳида эса “ҳадис” деганда “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан асар бўлиб қолган гап, иш, тақрир, халқий (тана тузилиши), ахлоқий сифатлар ва таржимаи ҳолга тегишли маълумотларга айтилади”.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан айтган сўзлари, қилган ишлари, тақрирлари (кўриб қайтармаган ишлари) ёки у кишига берилган сифатларни ўзида мужассам қилган хабар ва ривоятлар тушунилади.

“Ҳадис” ва “суннат” сўзлари кўпинча ёнма-ён, баъзан эса бир-бирининг ўрнини алмаштириб келади. “Суннат” сўзининг луғавий маъноси – “одат”, “тариқа”, “йўл” бўлиб, истилоҳда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламодатлари, тутган йўли, тақрир (кўриб қайтармаган) ва буюрган ишларига нисбатан ишлатилади. Шунингдек, “хабар”, “асар”, “ривоят” каби сўзлар ҳам баъзан ҳадис сўзига маънодош бўлиб келади.

Даставвал ҳадислар ёзма эмас, оғзаки тарзда сақланган. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръони Карим нозил бўлган вақтларда араб бўлмаган кишиларнинг ҳадисларни Қуръон оятларидан деб ўйлашларидан чўчиб, уни ёзиб боришларига рухсат бермаганлар. Саҳобалар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳадисларни гоҳ оғзаки баён этганлари, гоҳ бирор ишни қилганликлари ёки бирор ишни маъқуллаганларининг шоҳиди бўлишлари асносида ўрганганлар.

Саҳобалар ҳадисларни хотираларида сақлаб, оғзаки тарзда бошқаларга етказганлар. Масалан, Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) зеҳнлари кучлилиги ва Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга кўп ҳамроҳлик қилганлари сабаб минглаб ҳадисларни ривоят қилганлар. Фақат айрим саҳобалар ҳадисларни ёзиб борганлар. Масалан, Абдуллоҳ ибн Амр (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадисда, “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитган ҳар бир нарсани ёдлаш учун ёзиб юрардим. Қурайшликлар менга “Сен Расулуллоҳдан эшитган ҳар бир нарсани ёзиб юрасан, Расулуллоҳ ҳам инсон, у ғазабланганда ҳам, хурсанд бўлганда ҳам гапиради” дейишди. Ёзишдан тўхтадим ва буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эслатганимда “Жоним қўлимда бўлган зот номи билан қасам ичаманки, мендан ҳақдан бошқаси чиқмайди” дедилар”. Бу сўз замирида ҳадисларни ёзишга рухсат берилганини англаш мумкин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хос котибларида саҳифалар, яъни саҳобалар ёзиб юрган варақлар бўлган. Улар кўпчилик кишилар орасида тарқалмаган ҳамда китобга жамланмаган. Саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурида кўп ё кам бўлишларига қараб ҳам у кишининг айтаётган гапларини тушунганлар. Ҳадислардаги носих ва мансух, омм ва хос, мутлақ ва гумон, мужмал ва батафсилни ҳам турлича англаганлар. Агар улар бирор масалада ихтилоф қилсалар, дарҳол Расулуллоҳга мурожаат қилиб, саволларига жавоб олиш имкониятига эга эдилар. Мазкур омиллар илк даврда ҳадиснинг алоҳида илм даражасида ўрганишга эҳтиёж қолдирмаган.

Ҳадис илмининг пайдо бўлишини Пайғамбар алайҳиссаломнинг вафотларидан бир аср ўтгандан кейин бўлган. Чунончи, саҳобалар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаёт вақтларида уларнинг сўзларию қилган ишларини аввал бошда фақат эшитиш ва мушоҳада қилиш билан чегараланган бўлсалар, сўнгра уларни нақл этиб ривоят қила бошладилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳадис эшитган саҳобалар ҳам ҳар-xил шароитда бўлганлар, қай бирлари кўпрок , бошқалари камрок эшитганлар. Бу ҳол эса нақл ва ривоятга эҳтиёжнинг ошишига сабаб бўлган.

Аср бошида Қуръондан бошқа нарсани расмий равишда ёзмаслик давлат сиёсати бўлса, энди ўша вақтдаги омиллар ўзгарган, ҳадис билан Куръон аралашиб кетмасин, деган эҳтиёткорликка ҳожат қолмаган, Қуръони Карим ёд олиниб, ўрганиб бўлинган эди. Лекин, ҳадисларни ёд олган кишилар тобора камайиб бораётгани ҳамда аста-секин улар унутилиб кетиши хавфи пайдо бўлгани, шунингдек инсонлар орасида кўп гаплар ҳадислар орасига кириб қолаётгани учун, халифалар ишонарли ҳадисларни тўплашга фармон бердилар. Биринчи ҳижрий аср охирида халифалик қилган, кўпчилик томонидан бешинчи рошид халифа, деб тан олинган Умар ибн Абдулазиз (ваф. 720 й.) Ибн Шиҳоб аз-Зуҳрийдан ва бошқа муҳаддислардан омма учун ҳадис китоб ёзишни сўради. Ибн Шиҳоб аз-Зуҳрий содда қилиб бир китоб таълиф қилди. Бошқалар ҳам унга эргашдилар. Расмий равишда ҳадис китоблар ёзиш шундан бошланди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан кейин, саҳобалар ислом динига кирган янги-янги ўлкаларга ёйилиб тарқалиб кетгач, ҳадисларни билишга эҳтиёж ва зарурат тобора оша бошлаган. Йиллар ўтиши билан бу эҳтиёж янада кучайиб, хилма-хил шаръий аҳкомларни билиш ва Куръони Карим маъноларини идрок этиб чуқур англашга эҳтиёж кучаяди. Мана шу сабабларга кўра ҳадисларни излаб топиш, уларни аниқлаш талабида турли ўлкаларга ҳар-хил сафарлар ва риҳлатлар кўпайди. Мана шу жараён Мовароуннаҳр ерларида ҳадис илмининг тараққий этиши учун асосий омил бўлиб хизмат қилди.

Араб қўшинлари Мовароуннаҳр ҳудудларида VII аср ўрталаридаёқ пайдо бўлишига қарамасдан, ислом динининг марказий шаҳар Самарқандга кириб келиши бевосита арабларнинг шу ерга кириб келиб, яшаши билан боғлиқ. 60 йил давом этган урушлар (644-704) мобайнида араблар 18 йил Амударё ортига юришлар қилдилар, қолган 42 йил ичида эса ўзаро ички муаммолар ва қабилавий низоларни бартараф этиш билан машғул бўлдилар. Бу даврдаги ҳарбий фаоллик Умавийлар ички сиёсий ҳаёти билан боғлиқ бўлди: Ўрта Осиё учун нисбатан тинч бўлган йиллар араб қабилалари орасидаги ўзаро муносабатларнинг кескинлашган даврига тўғри келса, араб қўшинларининг фаоллашув йиллари эса давлатдаги вазиятнинг барқарор бўлган даврида юз берди.

Мовароуннаҳрга биринчилардан бўлиб кирган халифа Муовиянинг Хуросондаги волийси Абу Усмон Саид ибн Усмон ибн Аффон (ваф. 675 йилдан кейин) Самарқанд дарвозаси олдида турганида унинг ёнига Хуросондан Пайғамбар амакиваччаларидан бўлган Абу Жаъфар Қусам ибн Аббос етиб келди. Саид ибн Усмон уни иззат икром билан қарши олди. Қусам ибн Аббос Самарқандни фатҳ этишда Саидга ҳамроҳ бўлди. Усрушанага етганларида Қусам ибн Аббос вафот этди. Мазкур икки киши манбаларда Мовароуннаҳрга илк кирган саҳоба ва тобиийлардан, яъни ҳадисларни бу ҳудудга олиб келган кишилар сифатида зикр этилади.

Бошқа манбаларда эса Мовароуннаҳрга 674-675 йилда кириб келган тўққиз кишининг номини келтирилади. Улар:

1. Саъид ибн Усмон ибн Аффон;
2. Қусам ибн Аббос;
3. Абулъолийа Руфайъ ибн Миҳрон;
4. Муҳаммад ибн Восиъ;
5. Бард (Молик ибн Анаснинг мавлоси);
6. Даҳҳок ибн Музоҳим;
7. Лайс ибн Аби Сулайм;
8. Зиёд ибн Миҳрон;
9. Хулайд ибн Ҳассон.

Шу сабабли ҳам бу ўлканинг турли жойларидан буюк муҳаддислар етишиб чиқдилар.

ТИИ Модуль таълим шакли

талабаси Каримов Олимжон

304920cookie-checkҲадис илмининг таърифи ва келиб чиқиши

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: