islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Қасамлар ва уларнинг турлари

Биз «қасам», деб таржима ишлатадиган ибора арабчада «ямин», деб келган. Умуман олганда, бизнинг тилимиздаги «қасам» ва «онт» сўзлари ўрнига араб тилида «қасам», «ҳалиф» ва «ямин» сўзлари ишлатилади. «Ямин» сўзи Туркияда ҳам арабча маъносида ишлатилади.

«Ямин» сўзи «ўнг томон», «ўнг қўл» маъноларини англатади. Арабларда қасамга «ямин» сўзининг ишлатилишининг сабаби, уларнинг одатлари бўйича, кишилар ўзаро қасам ичишганида бир-бирларининг ўнг қўлидан тутиб туриб, қасам ичишар эканлар.

«Ямин»ни шаръий истилоҳда қуйидагича таъриф қилинади:

«Аллоҳ таолонинг исми ёки У зотнинг сифатларидан бирини зикр қилиш ила муҳтамал–эҳтимоли бор бир ишни таъкид қилиш яминдир».

Биз ўзимизда урф бўлиб қолган сўзларни ишлатавериш мақсадида «қасам» сўзини маъқул кўрдик.[1]

Қасамнинг турлари

Қасам икки қисимга бўлинади. 

  1. Аллоҳ таолонинг исми ёки сифатлари билан қасам ичиш.
  2. Аллоҳ таолонинг исми ёки сифатларидан бошқа нарса билан қасам ичиш.

Энди биринч турдаги қасам Қуръони каримда келадики:

فَوَرَبِّ السَّمَاءِ وَالْأَرْضِ إِنَّهُ لَحَقٌّ مِثْلَ مَا أَنَّكُمْ تَنْطِقُونَ

« Бас, осмону ер Роббиси ила қасамки, албатта, у сиз нутқ қилаётган нарсадек ва ҳақдир» деган. (Заарияат сураса 23-оят)[2]

Ушбу ояти каримада Аллоҳ таолонинг Ўзи қасам ила бандаларига ваъда қилган ризқи худди бандалари нутқ қилиб турган гапларидек ҳақ эканини таъкидламоқда.

Араб тилида қасам турли услублар билан бўлади. Очиқ қасам ичиш маъносидаги сўзлар билан ёки қасам ҳарфлари –жумладан, «вов», «бе», «то» ҳарфлари билан.

Қуръони каримнинг бир қанча суралари қасам билан бошланган. Жумладан, «Ан-Назиат» сураси ҳам. Бу ҳолатда қасам лафзлари ишлатилмайди, балки қасам ҳарфларининг ўзи кифоя қилади. Масалан: «Ван-Назиати» ан-Назиат билан қасам ичаман, дегани. Одатда, бир гапни таъкидлаш ва унга эътиборни жалб қилиш учун, энг муҳим масалаларни баён қилишдан аввал қасам ичилади. Аллоҳ Ўзи яратган нарсалардан баъзиларини қасамда тилга олиши ўша нарсаларнинг аҳамиятини яна ҳам оширади.

Аллоҳ таоло хоҳлаган нарсаси билан қасам ичаверади, бу Ўзининг иши. Лекин бандалар Аллоҳдан бошқа билан қасам ичишга ҳақлари йўқ.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам:

مَنْ حَلَفَ فَالْيَحْلِفْ بِاللهِ أَوْ لِيَصْمُتْ

«Ким қасам ичмоқчи бўлса, Аллоҳ номи билан ичсин, бўлмаса, жим турсин», деган ҳадиси шариф бор.[3]

Бир нарсани қиламан ёки қилмайман, деб қасам ичса, ўша ишни бажармоғи вожиб, агар бажара олмаса, каффорат тўлайди. Яхшиси, ҳар нарсага Аллоҳ таолонинг номини ишлатиб, қасам ичавермаслик маъқул экан.

Яна бир ояти каримада келадики:

فَلَا أُقْسِمُ بِرَبِّ الْمَشَارِقِ وَالْمَغَارِبِ إِنَّا لَقَادِرُونَ عَلَى أَنْ نُبَدِّلَ خَيْرًا مِنْهُمْ وَمَا نَحْنُ بِمَسْبُوقِينَ

«Машриқлар ва Мағриблар Роббиси ила қасамки, албатта, Биз ўринларига улардан яхшироқларини алмаштиришга қодирмиз ва Биз бу ишни қилишдан ожиз эмасмиз», деган («Маъориж» сураси, 40-41-оятлар).[4]

Бу масаланинг тафсилотларини диплом ишимнинг иккинчи бобидаги “Аллоҳ таолонинг исм ва сифатлари” бобида келтирдим.

  1. Аллоҳ таолонинг исми ёки сифатларидан бошқа нарса билан қасам ичиш.

Аждодларига, Анбиёларга, рўзага, намозга, каъбага, ҳарамга, замзамга ва шуларга ўхшаш нарсаларни бирортаси билан қасам ичиш жоиз эмас.

Қасамнинг рукни яъни (Устуни)

Қасам ҳосил бўладиган лафздир.[5]

Аллоҳ таолони зикр қилиб қасам ичиш  уч қисмга бўлинади.

  1. Гъомус (غَامُوسٌ)
  2. Лагъв (لَغْوٌ)

3 Мунъақид (مُنْعَقِدٌ)

  1. «Ғомус» сўзи луғатда «чўмилиш», «кўмилиш» маъноларини англатади.

Шаръий истилоҳда эса, ботил нарса учун қасддан қасам ичишга «ғамус қасам» дейилади. Чунки, ундоқ ботил қасам ўз эгасининг жаҳаннам оловига чўмилишига, кўмилишига сабаб бўлади. Энди Уламоларнинг истелоҳида бўлса:

«Ғамус» у шундай қасамки, ҳозирги ёки ўтган замонда, бир ишни қилганлиги ёки қилмаганлигига ёлғондан қасам ичишга «Ғомус» қасам дейилади.

Бундай қасам ичган инсон қасамида гуноҳкор бўлади ва каффорот тўламасадан унга тавба ва истиғфор айтмоқлик лозим бўлади. Бу қасам тури суннатда ҳам келган:

عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَمْرٍو عَنِ النَّبِيِّ  قَالَ: الْكَبَائِرُ الإِشْرَاكُ بِاللهِ وَعُقُوقُ الْوَالِدَيْنِ وَ قَتْلُ الْنَفْسِ  وَالْيَمِيْنُ الْغَامُوسُ. رَوَاهُ الْبُخَارِي

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Гуноҳи кабиралар: Аллоҳга ширк келтириш, ота-онага оқ бўлиш, одам ўлдириш ва ғамус қасамдир», дедилар». Бухорий ривоят қилган.[6]

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким бир мусулмон одамнинг (ёки ўз биродарининг, дедилар) молини узиб олиш учун ёлғон қасам ичса, Аллоҳга мулоқот бўлганида У зот ундан ғазабланган ҳолда бўлур. Бас, Аллоҳ ўшанинг тасдиғини: «Албатта, Аллоҳнинг аҳдини ва қасамларини озгина баҳога сотадиганларга, ана ўшаларга, охиратда ҳеч насиба йўқдир», деб нозил қилди», дедилар».

Ушбу ҳадисда ровий шакда бўлгани очиқ-ойдин кўриниб турибди. Ровий Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг «мусулмон одамнинг» ёки «биродарининг» деганларини аниқ ажрата олмай қолган. Шунинг учун омонатга хиёнат қилмаслик мақсадида икки лафзни ҳам келтирган.

Бировнинг молини ноҳақдан, меники, деб даъво қилиб, сўнгра, ботил даъвосини тасдиқлаш учун маҳкамада ёлғон қасам ичган одам қиёмат куни Аллоҳ таолога рўбарў бўлганида, Аллоҳ азза ва жалла ўша одамдан ғазабланган ҳолда бўлар экан. Бундоқ ноқулай ҳолдан ҳар бандани Аллоҳ таолонинг Ўзи асрасин!

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу маънони айтиб туриб, ўз сўзларининг тасдиғи учун, «Албатта Аллоҳнинг аҳдини ва қасамларини озгина баҳога сотадиганларга, ана ўшаларга охиратда ҳеч насиба йўқдир», ояти каримасини тиловат қилдилар. Бундан эса, ноҳақдан бировнинг молини олиш учун ёлғон қасам ичишни Аллоҳ таоло қасамни озгина баҳога сотиш, деб атаганини билиб оламиз. Ундоқ одамларнинг охиратда ҳеч қандай насибаси қолмас экан. Бу эса, ўз навбатида, ғамус қасам ўз эгасини жаҳаннам оловига шўнғитишига яна бир ёрқин далилдир.

Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким ёлғондан лозим қилувчи қасам ичса, ўзининг дўзахдаги ўриндиғига ўзи тайёрланаверсин», дедилар».[7]

Ҳадиси шарифдаги «лозим қилувчи қасам» дан мурод бировни бирор ишга ёки маблағ тўлашга мажбур қилувчи, деганидир.

Одатда, бундоқ қасамлар маҳкамада, қозининг ҳузурида ичилиб, ноҳақдан бир одамнинг молини тортиб олиш ёки унинг зиммасига зулм ила мажбурият юклашга сабаб бўлади. Аллоҳ таолодан қўрқмаган баъзи кишилар ўзларига шунга ўхшаш ишни раво кўрадилар. Ана ўшалар бу дунёда бир оғиз ёлғон қасам ила беш кунлик ҳаётнинг озгина арзимаган матоҳига эришиши мумкин, аммо охиратларини ўйламайдиларми?!

Ушбу ҳадисдан ёлғон қасам ичиб эришган нарсанинг катта-кичиклигига қарамай гуноҳкорга дўзах азоби бўлаверишини билиб оламиз. Чунки, бунга ўхшаш ҳолатларда қатъий чора кўрилмаса бўлмайди.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, мусулмон инсон ёлғон қасам ғамус қасамдан худди дўзахга тушишдан қўрққандек қўрқмоғи, унга умуман, яқин йўламаслиги лозим.

  1. Энди иккинчиси “Лағв” қасам бўлиб, у ўтган замонда бир ишни қилганлигига қасам ичади ва албатта у иш айганимдек деб гумон қилади, ваҳоланки у иш айтганини хилофи бўлиб чиқади мана шундай қасамга «Лағв» қасам дейилади.

Масалан  бир киши узоқдан бир шахсни кўради ва айтадики « Аллоҳга қасамки албатта у Зайд дейди ва шундай гумон қилади ваҳоланки у Амр бўлиб чиқади ёки бир қушни кўради ва айтадики «Аллоҳга қасамки бу қарға дейди ва шундай гумон ҳам қилади ваҳоланки у бургут бўлиб чиқади. Бундай қасам ичган одам дунё ва охиратда азоб-уқубатга олинмаслиги умид қилинади.[8]

Қуръони каримда Аллоҳ таоло:

لاَ يُؤَاخِذُكُمُ اللهُ بِاللَّغْوِ فِي أَيْمَانِكُمْ

“Аллоҳ сизларни беҳуда қасамларингиз учун тутмайдиъъ-деб марҳамат қилади…”[9]

Суннатда ҳам келадики:

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا فِي قَوْلِهِ تَعَالَى: }لاَ يُؤَاخِذُكُمُ اللهُ بِاللَّغْوِ فِي أَيْمَانِكُمْ{ قَالَتْ: أُنْزِلَتْ فِي قَوْلِهِ لاَ وَاللهِ بَلَى وَاللهِ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ.

Оиша розияллоҳу анҳодан Аллоҳ таолонинг:

«Аллоҳ сизларни беҳуда қасамларингиз туфайли тутмайди» деган қавли ҳақида ривоят қилинади:

«Бу оят бировнинг «Йўқ! Валлоҳи!» ва «Ҳа! Валлоҳи!» каби гапи ҳақида нозил қилинган».

وَعَنْهَا أَنَّ رَسُولَ اللهِ قَالَ: هُوَ كَلاَمُ الرَّجُلِ فِي بَيْتِهِ كَلاَ وَاللهِ وَبَلَى وَاللهِ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَابْنُ حِبَّانَ وَالْبَيْهَقِيُّ.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «У (беҳуда қасам) – кишининг ўз уйида «Йўқ! Валлоҳи! Ҳа! Валлоҳи!» демоғидир, дедилар».[10] Абу Довуд, Ибн Ҳиббон ва Байҳақий ривоят қилганлар.

Ушбу икки ривоятда «Бақара» сурасидаги:

«Аллоҳ сизларни беҳуда қасамларингиз туфайли тутмайди. Лекин қалбдан касб қилганингизда тутади. Ва Аллоҳ мағфиратли, раҳимли зотдир» ояти каримаси ҳақида сўз кетмоқда. Бу ояти каримада эса, икки хил: беҳуда ва қалбдан касб қилинган қасамлар ҳақида сўз юритилмоқда.[11]

«Беҳуда қасам», деб, ўйламай-нетмай, тил ўрганиб қолганидан ичиладиган қасамга айтилади. Айниқса, арабларда қасам лафзи осон чиқади. Сўз орасида ҳам, валлоҳи, биллаҳи, таллоҳи, деб юборишаверади. Бунда қасам ичиш нияти умуман бўлмаса ҳам тил ўрганиб қолган бўлади.

Туркий халқларда ҳар нарсага, худо урсин, деявериш ҳам шунга ўхшайди.

Бир куни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалардан бирлари билан йўлда юриб борар эдилар. Ов қилишаётган кишилар олдидан ўтиб қолишди. Шунда:

«Аллоҳга қасамки, урдим». «Аллоҳга қасамки, хато қилдим», деган овозлар эшитилди. Пайғамбар соллаллоҳу  алайҳи  васаллам  билан  кетаётган  киши «Қасамхўр бўлишдими?» деб сўради. Пайғамбар алайҳиссалом: «Йўқ, овчиларнинг қасами беҳуда бўлади. Каффорат ҳам, уқубат ҳам йўқ», дедилар.

Демак, беҳуда қасам кечирилгандир, унинг учун ҳеч қандай гуноҳ ҳам, жазо ҳам йўқ. Лекин мусулмонлик одоби кўп қасам ичмасликни тақозо қилади.

Бошқа бир ояти каримада кўп қасам ичиш кофирларнинг иши эканлиги таъкидланган.

«Қалбдан касб қилинган қасам», деганимизни маълум бир ният билан, келажакда бир ишни қилиш ёки қилмасликни қасд қилиб қасам ичиш, деб тушунмоқ лозим. Одатда, оддий қасам, худди шу қасам ҳисобланади. Бундоқ қасам ичган одам қасамига содиқ қолиши лозим. Агар қасамида турмаса, қасамхўр бўлади ва гуноҳ содир этган ҳисобланиб, каффорат бериши вожиб бўлади.

Ҳанафий ва Моликий мазҳаблари бўйича, бир нарсани тўғри, деб гумон қилиб қасам ичса-ю, нотўғри чиқиб қолса ҳам «беҳуда қасам» бўлади. Бу ҳолатда ҳам на гуноҳ ва на каффорат бўлади.[12]

  1. Учинчиси «Мунъақид» қасам бўлиб, келажакда бир ишни қилишлиги ёки қилмаслигига қасам ичмоқлигидур. Энди унининг ҳукми қасамини бузган пайтда каффорот тўламоқлиги лозим бўлади.

       Аллоҳ таоло “Моида” сурасида:

 لَا يُؤَاخِذُكُمُ اللَّهُ بِاللَّغْوِ فِي أَيْمَانِكُمْ وَلَكِنْ يُؤَاخِذُكُمْ بِمَا عَقَّدْتُمُ الْأَيْمَانَ

“Аллоҳ сизларни беҳуда қасамларингиз туфайли тутмайди. Лекин қалбларингиз касб қилган нарсада тутади.  Ва Аллоҳ мағфиратли, ҳалим зотдир[13].” Ва яна Аллоҳ таоло марҳамат қиладики:

Энди мунъақид қасамни сақлашликни вожиблигида тўрта навни ўз ичига олади.

Ўзи ичган қасамида яхшиликни тамомига етказишлик вожиб бўлади. У билан буйирилган тоатни қилишликка ақд қилмоқлиги ёки бир гуноҳ ишни қилишликдан тўсилишга ақд қилмоқлиги. Мана шу иш унга қасам ичишдан олдин ҳам фарз эди.  Масалан: Бир инсон айтсаки «Аллоҳга қасамки беш вақт намозни бир кун ҳам қолдирмайман»- деб қасам ичди мана шу «У билан буйирилган тоатни қилишликка ақд қилмоқлиги» га мисол. Яна бир инсон айтсаки «Аллоҳга қасамки ҳеч ҳам ароқ ичмайман» деб қасам ичди мана шу «Бир гуноҳ ишни  қилишликдан тўсилишга ақд қилмоқлиги» га мисол.[14]

Ичган қасамини сақлашлик жоиз эмас. У- тоатни тарк қилишга қасам ичиши ёки бир гуноҳ ишни қилишга қасам ичиш.[15]

Бирр  ва қасамини бузишлик орасида ихтиёрли бўлади.[16] Қасамини бузишлик «Бирр»дан яхшидир. Қасамида хонис бўлишлик ҳам мустаҳаб қилинди.

Мубоҳ ишларда «Бирр» ва қасамини бузишлик  орасида баробар бўлади. Лекин қасамни сақлашлик авлороқ.

ТИИ Модуль таълим шакли

талабаси Алибаев Ҳакимжон

[1] Шайх Муҳаммадсодиқ Муҳаммадюсуф, “Кифоя” 3-жуз “Шарқ” нашриёти 2011

[2] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, Тафсири ҳилол, Ҳилол нашр, Тошкент, 2008.

[3] Муслим ибн ал-Ҳажжож ал-Қурайший. «Саҳиҳул Муслим», Дорул кутубил илмийя, Байрут, Ливан.

[4] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, Ҳадис ва ҳаёт, Ҳилол нашр, Тошкент, 2008.

[5] Ҳинд уламолари жамоаси “Фатавойи Ҳиндийя” Дарул кутубил илмийя, Байрут, Ливан, 2008.

[6] Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ал-Хотибу ат-Табризий, “Мишкотул Масобийҳ”, Байрут 1995.

[7] Имом Жарир Тобарий, “Тафсир Тобарий”, Дарул кутубил илмийя, Байрут, Ливан, 2008.

[8] “Ҳинд уламолари жамоаси “Фатавойи Ҳиндийя” Дарул кутубил илмийя, Байрут, Ливан, 2008.

[9] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, Тафсири ҳилол, Ҳилол нашр, Тошкент, 2008.

[10] Абу Довуд Сулаймон ибн Ашъас ас-Сижистоний ал-Аздий. Сунани Абу Довуд. Дор ал-маърифа Байрут 2001.

[11] Islom.uz

[12] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, Ҳадис ва ҳаёт, Ҳилол нашр, Тошкент, 2008.

[13] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, Тафсири ҳилол, Ҳилол нашр, Тошкент, 2008.

[14] Абу Бакр ибн Алий Зубайдий, “Ал-Жавҳарот Наййира”, Дарул кутубил илмийя, Байрут, Ливан, 2009.

[15] Абу Бакр ибн Алий Зубайдий, “Ал-Жавҳарот Наййира”, Дарул кутубил илмийя, Байрут, Ливан, 2009.

[16] Ҳинд уламолари жамоаси “Фатавойи Ҳиндийя” Дарул кутубил илмийя, Байрут, Ливан, 2008.

305460cookie-checkҚасамлар ва уларнинг турлари

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: