islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Тобеинлар хаёти, Урва ибн Зубайр

Урва ибн Зубайр

Урва ибн Зубайр Умар Ал-Форук розияллоҳу анҳунинг халифалик даври тугашига бир йил қолгани да обрў-эътиборли мусулмон оиласида дунёга келган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хос саҳобаларидан бири Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу унинг отаси эди. Тириклигидаёқ жаннатийлиги башорат қилинган ўн саҳоба орасида бу фидойи инсон ҳам борлиги маълум. “Зоти нитоқайни” (Икки белбоғ эгаси) лақабини олган Асмо бинту Абу Бакр Урванинг онаси эди. Бу аёл ҳижрат чоғи белбоғини иккига бўлиб, Пайғамбаримиз алайҳиссаломга берган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир бўлаги билан озиқ-овқатларини, иккинчи бўлаги билан эса ичимлик идишларини туяларига боғлаб олганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг халифалари ва ғордаги дўстлари Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу она тарафидан Урванинг бобоси бўлади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аммалари Сафия бинту Абдулмутталиб розияллоҳу анҳо Урвага ота томонидан момо ҳисобланади. Мўминлар онаси Ойиша розияллоҳу анҳо эса, унинг холасидир.

Урва роҳматуллоҳи алайҳ Каъбаи Муаззама ёнида қилган ниятларига биноан ҳаётларини илмга бағишладилар. У Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кексайиб қолган саҳобалари уйларига борар, улар билан бирга намоз ўқир ва мажлисларида иштирок этар эдилар. Натижада Али ибн Абу Толиб, Абдураҳмон ибн Авф, Зайд ибн Собит, Абу Хурайра, Абдуллоҳ ибн Аббос, Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳум сингари зотлардан ҳадислар ривоят қилдилар.

Айниқса, холаси – мўминлар онаси Ойиша розияллоҳу анҳодан жуда кўп нарса ўргандилар. Шундай қилиб, Урва Мадинадаги машҳур етти фақиҳнинг бири бўлиб етишдилар.

Урва ибн Зубайр раҳматуллоҳи алайҳ илмига тўла амал қилгувчи инсон эди. Жазирама ёзнинг узун кунлари ҳам рўза тутарди, тунлари тинимсиз намоз ўқирди. Ҳар доим Аллоҳга ҳамду сано айтар, айниқса, Қуръони каримни тиловат қилишни жуда хуш кўрар эдилар. Кундузи Қуръони каримнинг тўртдан бир қисмини ўқир, тунги ибодатида эса уни ёддан тиловат қилар эдилар. Ўспиринлик чоғлариданоқ шунга одатланган Урва то умрларининг охиригача бу одатларига содиқ қолдилар. Фақат қуйироқда ҳикоя қилинадиган бир нохуш воқеа сабабли умрида бир мартагина уни тарк этишга мажбур бўлдилар.

Урва ибн Зубайр розияллоҳу анҳу намозда роҳатланиб, қалби қувончга тўлар ва ўзини ер юзидаги жаннатда юргандек ҳис қилар эди. Ибодатда ҳар бир амални пухта бажариб, жойнамоз устида узоқ қолиб кетарди. Ривоят қилинишича, бир куни Урва намозини енгилгина, апил-тапил ўқиб олган бир кишини ёнига чорлаб, шундай деган экан: «Эй биродар, бунча шошилмасанг, Аллоҳ таолодан сўрайдиган бирон ҳожатинг йўқми? Аллоҳга қасамки, мен намоздан сўнг Парвардигоримдан ҳамма нарсани сўрайман, ҳаттоки тузни ҳам».

Валид ибн Абдулмалик халифалиги пайтида Аллоҳ таоло Урва ибн Зубайрни имтиҳон этишни хоҳлади. Бу синовнинг азоб-уқубатига имони мустаҳкам инсонгина бардош бериши мумкин эди.

Халифа Урва ибн Зубайрни Дамашқ зиёратига чақирди. Урва рози бўлиб, катта ўғлини ҳам бирга олиб борди. Меҳмон жуда яхши кутиб олинди, иззат-ҳурмат кўрсатилди.

…Урванинг ўғли отларга қизиқиб, халифанинг отхонасига кирди. Отлардан бири бехосдан болани тепиб ўлдирди. Ўғлини қабрга жойлаб-жойламай ғамга ботган отанинг бир оёғига қорасон дарди ёпишди. Оёқ кун сайин шишаверди, оғриқ зўраяверди. Халифа даволаш учун энг машҳур табибларни чорлади. Улар касалликни ҳар хил усуллар билан муолажа қилишга уриндилар. Аммо фойдаси бўлмади. Алал-оқибат шиш бутун танага ёйилиб кетди. Ўлимга сабаб бўлмасидан олдин оёқни кесиш лозим, деган қарорга келишди. Урва иложсиз рози бўлди. Жарроҳ ишга тайёргарлик кўрди, асбобларини олиб келди.

– Оғриқ сезилмаслиги учун бир қултум мускир (маст қилувчи ичкилик) ичасиз, – деди жарроҳ.

– Йўқ, йўқ, мутлақо. Соғлиқни деб ҳаром ишлатишни истамайман.

– Бўлмаса, афюн истеъмол қиласиз.

– Йўқ. Аксинча, оғриқни сезиб турганим яхши. Бунинг учун эса, Аллоҳдан савоб умид қиламан.

Жарроҳ кесиладиган жойни чамалади ва Урванинг ёнига бир неча кишини бошлаб келди.

– Бу яна нимаси? – деб сўради Урва ҳайратланиб,

– Оғриқ кучайиб кетса, оёқни қимирлатиб юборсангиз, сизга зарар етади. Булар сизни қимирлатмай ушлаб туришади, — деб жавоб қилди жарроҳ.

– Уларга рухсат бергин, кетаверишсин. Ҳеч зарурати йўқ. Тасбеҳ ва зикрнинг ўзи етарли бўлади, деб ўйлайман, – деди Урва.

Табиб ишга киришди. Аввал оёқ гўштларини юлиб олди, суякка етгач, аррани ишга солди. Жарроҳ бир маромда ишлар, Урва эса: «Ла илаҳа иллаллоҳ, Аллоҳу акбар», дея таҳлил ва такбир айтар эди.

Оёқ кесиб ташланди. Сўнгра қонни тўхтатиш учун қиздирилган ёғга ботирилди. Урва ҳушидан кетди, узоқ вақт ўзига келмай ётди ва ўша куни Қуръони каримни ўқий олмади. Доимий одати умрида бир марта мажбуран тарк этилди. Соғайгач, кесилган оёқни сўради. Келтиришди. Урва уни қўлига олиб, айлантириб кўрар экан, айтди:

— Аллоҳга қасамки, у Зот мен ҳеч қачон ҳаром йўлга юрмаганимни билади, албатта, – деди.

Сўнгра мадиналик шоир Маън ибн Авснинг қуйидаги байтларини ўқиди:

Шубҳали нарсаларга чўзмадим мен кўлимни, Оёкларим фаҳшдан тўсиб қўйди йўлимни. Қулоғу кўзларим ҳеч бузуқликни хушламас, Фикр ҳамда хаёлим ифлосликка бошламас. Менга келган мусибат фақат менга келганми? Аввал ўтган инсонлар мусибат кўрмаганми?

Валид ибн Абдулмалик азиз меҳмонининг бошига тушган мусибатдан маҳзун бўлди, чунки бу улуғ меҳмон аввал ўғлидан, сал ўтмай бир оёғидан ажралган эди. Аммо мусибатларга сабр этди.

Бир куни Авс қабиласидан бир неча киши халифа ҳузурига келди. Улар орасида кўзи кўр бир кимса ҳам бўлиб, халифа ундан:

– Кўзингга не бўлди? – деб сўради.

– Эй мўминлар амири, – деди ҳалиги киши, – менинг мол-дунёим, аёлим ва бола-чақаларим кўп эди. Қабиланинг энг бойи эдим. Мол-дунё ва аҳли аёлимни олиб, қавмим яшайдиган жойдан четроқдаги бир водийга бордим. Ўша ерда яшамоқчи эдим. Аммо даҳшатли сел келиб, бор нарсамни оқизиб кетди. Биргина туям ва эндигина туғилган чақалоғим омон қолди, холос. Туя ҳам қоча бошлади. Боламни ерга қўйиб, туяни тутмоқчи бўлдим. Узоқ кетмаган эдим, бола чинқиргандек бўлди. Қарасам, чақалоқнинг бошини бўри ғажиётган экан. Уни қутқариш амримаҳол эди. Туянинг изидан кетдим, энди етиб борганимда юзимга бир тепди. Афтим қонга беланди, кўр бўлиб қолдим. Хуллас, бир кечада хотин, бола-чақасиз қолдим, мол-дунёим сувга оқди, кўзим кўр бўлди. Халифа хизматкорига буюрди:

– Бу кишини меҳмонимиз Урва ибн Зубайрнинг олдига олиб бор. Унга бошидан кечирганларини сўзлаб берсин. Урва ибн Зубайр Мадинага қайтди. Уйига кирибоқ, ўз ҳолатига ишора этиб:

– Қўрқманглар, қўрқманглар, – деди аҳли аёлига, – Аллоҳ таоло менга тўртта бола берган эди, бировини олиб кўйди, учта қолди. Шунга ҳам шукр. Парвардигорим менга икки оёқ берган эди, бирини олди, бири қолди, шунисига ҳам шукр. Аллоҳга қасамки, ул зот мендан озгина нарсани олиб, кўпини қолдирди. Бир марта дард бериб, узоқ вақт танамни саломат қилди. Урва ибн Зубайрнинг уйига қайтганини эшитиб, Мадина халқи кўнгил сўраш учун селдай оқиб кела бошлади. Иброҳим ибн Муҳаммад ибн Талҳа Урвага ҳамдардлик билдира туриб, шундай ажойиб сўзларни айтди:

– Эй Абу Абдуллоҳ, сиз хурсанд бўлинг. Чунки аъзоларингиздан ва болаларингиздан бири сиздан олдинроқ жаннатга киради. Аллоҳ хоҳласа, бутун қисмга эргашгусидир. Аллоҳ таоло бизга сизнинг илмингизни қолдирди. Биз шунга муҳтожмиз, бошқа нарсамиз етарли. Парвардигор бу мусибат туфайли сизга ҳам, бизга ҳам фойда келтирсин. Савоб берувчи ҳам, ҳисоб-китоб қилувчи ҳам Аллоҳнинг ўзидир.  Урва ибн Зубайр умр бўйи мусулмонларни тўғри йўлга бошлади, уларга ёрдам берди ва яхшиликка чақирди.

Урва ибн Зубайр раҳматуллоҳу алайҳ етмиш бир йил умр кўрди. Унинг ҳаёти хайрли ишлар ва яхшиликларга тўла, тақвога кўмилган бир ҳаёт эди. Ажал етиб келган кунда ҳам Урва ибн Зубайр розияллоҳу анҳу рўзадор эди. Оила аъзолари унга рўзасини очиб, ифторликка ундаганларида, рози бўлмади. Чунки у жаннатда хурлар келтирган олтин косадаги кавсар суви билан оғиз очишни ният қилган эди.

Мўдул таълим 3-курс талабаси Қаюмов Абдуҳалим

305590cookie-checkТобеинлар хаёти, Урва ибн Зубайр

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: