«Қуръон» сўзининг таржимаси ва таърифи билан аввал танишиб ўтганимиз учун гапни бевосита «таржима» сўзининг маъноси ҳақида сўз юритишдан бошлаймиз.
Бу ҳақда машҳур «Сиҳоҳ» номли луғат китобида шундай дейилган:
«Гапини бошқа тилда баён қилган одам гапини таржима қилган бўлади», яъни таржима – бу бир гапнинг бошқа тилда баён қилинишидир».
«Ал-Мисбаҳул-Мунир» номли луғат китобида қуйидагилар келган: «Фалончи каломини таржима қилди» дегани «уни баён қилди ва равшанлаштирди» деганидир. «Бошқанинг каломини таржима қилди» дегани «Сўзловчининг тилидан бошқа тилга ўгирди» деганидир.
Таржима икки хил бўлади:
Ҳарфий таржима.
Бунда матн бир тилдан бошқа тилга унинг барча услубий хусусиятлари ва луғавий омиллари ила ўгирилади. Унинг ичида назмнинг аломатлари ҳам бўлади.
Тафсирий таржима.
Бунда матннинг умумий маъноси бир тилдан бошқа тилга ўгирилади.
Уламолар Қуръони Каримнинг таржимаси ҳақида жуда кўп тортишганлар. Улар бу масалада турли фикрларни олға сурганлар. «Қуръони Каримни таржима қилиш мутлақо мумкин эмас», дейишдан «Қуръони Каримни таржима қилиш вожибдир», дейишгача етганлар.
Аммо ҳаммалари бу борада бир овоздан айтган гап – Қуръони Каримни ҳарфий таржима қилиш мумкин эмаслигидир. Уни таржима қилса бўладими ёки йўқми, деган маънодаги тортишувлар эса тафсирий таржима, яъни Қуръони Каримнинг маънолари таржимаси ҳақидадир. Бу тортишувнинг келиб чиқишининг ўз тарихи бор[1].
Авваллари Ислом етган жойларнинг аҳолиси араб тилини ўрганиб, ўша тил орқали Аллоҳ таолонинг Китоби билан танишган бўлса, кейинчалик мусулмонлар заифлашиб, янги мусулмонларга араб тилини ўргатиш у ёқда турсин, ўзлари ҳам у тилни керакли даражада ўргана олмай қолдилар.
Вақт ўтиши билан «Араб тилини билмайдиган мусулмонлар Қуръони Карим маъноларини қандай ўрганадилар?» деган савол пайдо бўлди. Гап таржимага бориб тақалди. Лекин уламолар бир овоздан «Қуръони Каримни таржима қилиб бўлмайди», деб туриб олдилар. Уларнинг фикрларича, Қуръони Карим илоҳий, мўъжиза калом бўлиб, унга ўхшаш арабча калом келтириш имкони бўлмаганидан кейин унинг мақсадини бошқа тилда, айни шаклда баён қилиш имкони ҳам йўқ эди. Қуръони Карим савиясида бўлмаган нарсани Қуръон деб аташ эса мутлақо мумкин эмас. Энг муҳими, Қуръони Карим таржимаси, деган даъво билан кишиларни ҳақиқий Қуръондан узоқлаштириш хавфи туғилиши мумкин эди.
Ушбу ва шунга ўхшаш мулоҳазалар асосида «Қуръони Карим таржимаси мумкин эмас» деган қатьий қарор чиқди. Шунинг учун ҳам қадимда бошқа тилларда Қуръони Каримга ёзилган тафсирлар ёки тушунтиришларни учратамиз-у, аммо Қуръони Карим оятларининг бевосита таржималарини деярли учратмаймиз.
Ушбу ҳолатнинг ёрқин намуналаридан бири ўтган милодий асрнинг биринчи чорагида бўлиб ўтган. Ислом ва Қуръонга хайрихоҳ бўлмаган тарафлардан бири ўз тилида Қуръони Каримга битта тафсир ва битта таржима ёзилишига буюради.
Ўша пайтнинг етук кишиларидан бирлари тафсир ва яна бирлари таржима ёзишга ихтиёр қилинадилар. Таржимон ишни бир оз юриштирганидан сўнг Мисрга боради. Мисрлик уламо лар у кишига қилинаётган таржима Қуръони Каримнинг муҳофазаси учун хизмат қилмаслигини, аксинча, ўта хатарли иш бўлиб, шу таржима воситасида катта бир мусулмон халқни ҳақиқий Қуръони Каримдан узоқлаштириш нияти ҳам йўқ эмаслигини англатадилар. У киши юртига қайтиб бориб, қилган таржимасини куйдириб ташлаб, «Мен Қуръони Каримни таржима қила олмас эканман», деб айтади[2].
Демак, милодий йигирманчи асрнинг бошларигача Қуръони Каримнинг таржимасига расмий рухсат берилмаган. Яъни исломий сиёсатда бу иш марғуб иш ҳисобланмаган. Уламоларимиз бу ипши жоиз, деб фатво бермаганлар.
Замон ўзгариб, турли халқлар орасидаги алоқалар ривожланиши асносида Ғарб халқлари ҳам мусулмонлар билан борди-келди қилишга ўтдилар. Мазкур борди-келдилар мустамлакачилик асосида бўлгаюшги ҳаммага маълум. Бу омил барча алоқаларга ўз соясини солиб туриши ҳам сир эмас.
Худди ўша омил юзасидан Ғарб халқлари Қуръони Каримни ўз тилларига таржима қилишни бошладилар. Мусулмон халқлари ичида мустамлакачилик сиёсатини олиб борувчилар учун Қуръони Каримнинг маъноларини билиш жуда ҳам зарур эди.
Шунинг учун ҳам Қуръони Карим маънолари асосан Ғарб мустамлакачилигининг содиқ аскарлари – шарқшунослар томонидан таржима қилинганини кўрамиз. Улар мазкур таржималарни ўзларича, ҳавои нафслари хоҳлаганича қилдилар ва уларни Қуръон деб номладилар. Улар кўпроқ асл арабча матндан эмас, бошқа тилларга қилинган таржималардан ўз тилларига ўгирганлари ҳам сир эмас.
Ана шу таржималарни нафақат мустамлакачилар, балки уларнинг тилини биладиган баъзи мусулмонлар ҳам ўқий бошладилар. Чунки ҳар бир мусулмонда Қуръони Карим маъноларини билиш орзуси бўлиши турган гап. Шунингдек, ҳар бир мусулмон ҳам араб тилини билмаслиги ҳам аниқ гап.
Ушбу омиллар ва Қуръони Карим таълимотларини, Ислом динини бутун дунёга тарқатиш масъулияти уламоларимизни Қуръони Карим маъноларини таржима қилиш масаласини қайта кўриб чиқишга мажбур қилди[3].
Авваллари айнан Қуръони Карим муҳофазаси йўлида, асл Қуръон қолиб, унинг маънолари таржимасига суяниб қолинмасин, таржималардаги ихтилофлар Қуръон ҳақидаги ихтилофларга олиб бормасин, одамлар таржимага суяниб, араб тилини ўрганмай қўймасин каби мулоҳазалар ила Қуръони Карим маънолари таржимасига расмий рухсат берилмаган эди.
Энди эса шароит тамоман ўзгарган эди. Аллоҳ таоло томонидан нозил этилган араб тилидаги асл Қуръон муҳофазаси собит бўлган эди. Одамларнинг маънолар таржимасига суяниб, асл матнни унутишлари хавфи ҳам кўтарилган эди. Араб тилини биладиган мусулмонлардан кўра у тилни билмайдиган мусулмонлар кўпайиб кетган эди. Уларнинг барчасига Қуръони Каримни тушунадиган даражада араб тилини ўргатиш қийинлиги ҳам аён бўлган эди.
Бунинг устига, дунёнинг мусулмон бўлмаган халқларини ҳам Исломга даъват қилиш керак эди. Энг муҳими, Қуръони Карим маъноларини бошқалар нотўғри таржима қилиб, тарқатмоқда эдилар. Бу ўзига яраша катта хатар эди. Ана шу омилларни эътиборга олган уламоларимиз Қуръони Карим маъноларининг исломий таржимаси зарурлиги ҳақида фатво чиқардилар ва бундай таржима учун керакли шартларни ҳам баён қилдилар.
Мазкур шартлар «Қуръони Карим маънолари таржимаси унинг тафсиридек нарсадир», деган тушунча асосида қўйилгани учун биз юқорида зикр қилиб ўтган, тафсир ва тафсирчи учун қўйилган шартларнинг айни ўзи эди.
Шу билан бирга, маънолар таржимасига қўшимча шартлар ҳам қўйилди. Улардан баъзилари қуйидагилар:
Таржимон араб тилини ўта яхши билиши билан бирга, таржима қилинаётган тилни ҳам жуда яхши билиши шартлиги.
Таржимани «Қуръон таржимаси» эмас, балки «Қуръони Карим маънолари таржимаси» деб аташ ва тушуниш лозимлиги[4].
Чунки Қуръони Каримни айнан ўзидек таржима қилиш умуман иложи йўқ нарсадир. Нафақат таржима, балки араб тилида ҳам Қуръони Каримнинг комил матни у ёқда турсин, бирор оятига ўхшаш матнни келтириш ҳам амримаҳол экани собит ҳақиқатдир.
Мазкур маънолар таржимасидан фақат Қуръони Карим маъноларини тушунишда ёрдамчи сифатида фойдаланиш мумкинлиги. У маънолар таржимасини ибодатда қироат қилиш, улардан ҳукм чиқаришга ҳаракат қилиш, таржималар атрофида ихтилофлар қилиш мутлақо мумкин эмаслиги.
Қуръони Карим маънолари таржимасини ёзганда, албатта, арабча оятлар билан бирга ёзиш шарт. Биринчидан, бунда асл матннинг қудусияти балқиб туради. Қолаверса, таржиманинг аниқлигини ҳар доим текшириш имкони бўлади.
ТИИ Модуль таълим шакли
талабаси Мадумаров Баҳодир
[1] Раҳматуллоҳ Обидов. Қуръон мавзуларининг маънавий-тарихий аҳамияти. –Тошкент: “Тошкент ислом университети” нашриёт матбаа бирлашмаси, 2006. –Б.25.
[2] Раҳматуллоҳ Файзуллайев. Меҳробдан таралган садолар. –Тошкент: “Ношир”, 2021. –Б.56.
[3] Алоуддин Али ибн Муҳаммад ибн Иброҳим ал-Бағдодий ас-Суфий аш-Шофиий. “Лубобут-таъвил фи маонит-танзил” тафсири. –Истанбул нашри. 1324 ҳ.ж.
[4] Абу Муҳаммад ал-Ҳусайн ибн Масъуд ибн Муҳаммад ал-Фарро ал-Бағавий аш-Шофиий. “Маолимут-танзил” тафсири. –Байрут нашри. 1321 ҳ.й.