islom-instituti@umail.uz | +998-71-227-42-37

Тобеинлар даврида тафсир илми

Агар бирор масалани ҳал қилишда Пайғамбаримиз (с.а.в) дан ва саҳобалардан ривоят қилинмаган далил топилмаса, тобиъийларнинг тафсирларига мурожат қилиб, уланинг сўзларини қабул қилиш мумкин ёки мумкин эмаслиги тўғрисида ислом уламоларининг қарашлари турличадир:

Имом Аҳмаддан икки хил фикр келтирилган. Бир сўзларида қабул қилиш, яна бир сўзларида қабул қилмасликни айтганлар.

Ибн Уқайл, тобиъий сўзини қабул қилмаслик таклифини берганлар.

Шуъба ибн Ал-Ҳажжож нинг айтишича: “Тобиъийларнинг сўзлари қабул қилинмайди, деганлар шундай сабаб кўрсатадилар: “Тобиъийлар бевосита Пайғамбаримиз (с.а.в)дан эшитмаганлар. Шунинг учун уларнинг тафсирини саҳобалар тафсири даражасига кўтариб бўлмайди. Бунинг устига тобиъийлар Қуръоннинг нозил бўлиш ҳолатига, нузул вақтидаги аломатларга шоҳид бўлмаганлар. Шундай экан улар муродни тушунишда хато қилган бўлишлари, далил бўлмайдиган нарса ва ҳолатни далил деб тушунишларит мумкин. Бунинг устига тобиъийларнинг адолати саҳобаларнинг адолати билан тенг деб бўлмайди”.

Бу ҳақда Абу Ҳанифа (р.а) шундай деганлар:

“Пайғамбаримиз (с.а.в) дан келган хабарларни бош ва кўзимиз устига қабул қиламиз. Саҳобалардан келган хабарларни қабул қилишда ихтиёрлимиз; хоҳласак қабул қиламиз, хоҳламасак йўқ. Аммо тобиъийнлардан келган хабарга келсак, улар ҳам, биз ҳам уламолармиз”[1].

Баъзи муфассир уламолар аксинча фикр билдирганлар:

“Тобиъийнларнинг сўзлари тафсирдан олинади, чунки улар аксар тафсирларини саҳобалардан олганлар. Масалан: Мужоҳид эътироф этиб шундай дейди: “Мен Мусҳафни “Фотиҳа” сурасидан охиригача Ибн Аббос ҳузурларида уч марта ўтказдим. Ҳар бир оятдан сўнг тўхтаб, унинг маъносини сўрар эдим”.

Қатода ҳам: “Қуръонда бирор оятни қолдирмасдан маъносини эшитдим”-деган. Шунинг учун баъзи муфассирлар ўз тафсирларида тобиъийнлар ривоятларидан ҳам фойдаланганлар.

Шуъба ибн Ал-Ҳажжож шундай дейди: “Тобиъийнларнинг сўзлари ҳужжат бўлолмайди. Ҳақиқатда ҳам, бир тобиъийннинг сўзи унга мухолиф бўлган тобиъийнга ҳужжат бўлолмайди, мухолифининг сўзини ҳеч ким қабул қилмайди. Шундай экан, тобиъийнлар бир сўзда иттифоқ бўлсалар, бошқа ҳужжат қидириб юрмасдан шу сўзни олинади. Агар тобиъийнлар ихтилофда бўлсалар, уларнинг сўзлари тарк қилинади ва Қуръоннинг, суннатнинг ёки умуман арабнинг луғатига, саҳобийларнинг қавлига қайтилади”.

Демак, Тобиъийнларнинг сўзини тафсирда ҳужжатсифатида олиш жоиз эмас. Хусусан, аҳли китоблардан ривоят қилинган бўлса, ундай сўзлар тарк қилинади.

Аммо уларнинг сўзлари раъй билан ҳам эмас, аҳли китоблардан ривоят қилинган ҳам эмас, балки саҳобийлардан ривоят қилинган бўлса уни олиш мумкин. Тобиъийнлар иттифоқ қилган б0лсалар, уни олиш вожибдир.

Тобиъийнларнинг тафсири бир неча аломатлар билан ажралиб туради:

1.Тобиъийнлар тафсирига яҳудийлар ва насронийлардан қилинган жуда кўп ривоятлар кириб қолган. Бунинг сабаби аҳли китобларнинг кўпчилиги ислом динига кирганлигидир. Уларнинг зеҳнига шарийъат аҳкомларига алоқаси бўлмаган турли хабарлар, масалан: яралишнинг бошланиши, вужуднинг сирлари, коинотнинг яратилиши ва бошқа кўплаб қиссалар ўрнашиб қолган. Бу хабарларни Қуръони карим муфассал эмас, ижмолан баёнини ёки ишорасини қилиб ўтган. Қуръондаги бундай хабарлар, айниқса яҳудийлар ва насронийлар ҳақидаги маълумотларни инсон нафси батафсилроқ билишга, тушунишга қизиқади[2]. Шунинг учун тобиъийнлар аҳли китоблардан эшитган бундай “исроилиётлар”ни таҳрир ва танқид қилмасдан ўқувчига қизиқарли бўлсин, деб ўз тафсирларига қўшиб юборганлар. Исроийлиётларнинг аксари аҳли китоблардан мусулмон бўлганАбдуллоҳ ибн Салом, Каъбул-Аҳбор, Ваҳб ибн Мунаббаҳ ва Абдул-Малик ибн Абдул-Азиз ибн Журайждан ривоят қилинган.

  1. Бу даврдаги тафсир тобиъийнларнинг саҳобалар билан учрашиб, улардан эшитиб, қилган ривоятлари асосида юзага келган. Бироқ, Пайғамбаримиз (с.а.в) замонларида саҳобалар бил-иттифоқ ривоят қилганларидек умумий маънода эмас, балки ҳар бир тобиъий ўз устози-имомидан эшитганини хоссатан ривоят қилган. Масалан: Маккаликлар Ибн Аббосдан, Мадиналиклар Убай ибн Каъбдан, Ироқликлар эса Ибн Масъуддан ривоят қилиб, ўз ривоятларини бошқадан устун қўйганлар.
  2. Бу даврда ихтилофли мазҳабларнинг намояндалари тафсирлардан асосан ўз мазҳабларининг бошқалардан афзал эканлигини, ўз фикрларининг бошқалар фикридан устун эканлигини исботлашда фойдалана бошладилар. Натижада, тафсирлар мусулмонларга Қуръон маъноларини тушунтириб берувчи илмий манба бўлишдан кўра, аксар ҳолларда аҳли илмларнинг мунозара майдонига айланиб қолган эди. Масалан: тобиъийн муфассирлардан Қатода ибн Диъома ўз тафсирида Аллоҳнинг қазо ва қадарини тушунтиришга қаттиқ ружуъ қилгани учун, унинг ҳақида “қадарий” деб гумон қилинган. Натижада, унинг тафсири эътимоддан ва эътибордан қолган.

Ал-Ҳасан ал-Басрий ҳам ўз тафсирида қақдқрни исботлашга уриниб, унга унамаган кишини кофирга нисбат берган. Бунинг оқибатида Ал-Ҳасаннинг тафсиридан қилинган ривоят ҳам баьзи олимлар наздида қимматга эмас, деб саналади[3].

  1. Тафсирда тобеибларнинг ихтилофлари саҳобаларнинг ихтилофларидан кўпроқдир. Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васалламнинг замонларида Қурьони карим тафсирида ихтилоф бутунлай бўлган эмас. Саҳобалар замонида бироз ихтилоф пайдо бўлди. Тобеинлар даврида бу ихтилофлар кучайди. Аммо тобеинлардан кейин муфассирлар асрида, яьни ёзма тафсирлар кўпайгани сайин муфассирлар ўртасидаги бундай ихтилофлар ҳаддан ошиб кетди.

Тафсирда девон тузиш Умавийлар халифалигининг охири, Аббосийлар халифалигининг аввалида бошланди. Бундан олдинги тафсирлар ривоятларга асосланар эди. Саҳобалар Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васалламдан ёки бирлари иккинчиларидан, тобеинлар эса саҳобалардан ёки тобеин иккинчи табеиндан ривоят қилар эди. Тафсирдаги биринчи қадам шу тариқа қўйилган.

Саҳобалар ва тобеинлар асридан сўнг тафсирда иккинчи қадам қўйилди. Бунда асосан Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган ҳадислар мазмунларига қараб бобма-боб тартиб берилган, улар орасидан алоҳида бир боб ажратилиб, бу бобда қурьон оятлари тафсири ривоят қилинар эди. Қурьони каримни бошидан охиригача сурама-сура, оятма-оят ёзилган махсус тафсир йўқ эди. Бу даврда кўплаб уламолар Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган ҳадисларни жамлаш мақсадида турли шаҳарларни айланар ва Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васалламга, саҳобаларга ва тобеинларга нисбат берилган ҳадисларни йиғар эдилар. Язид ибн Ҳорун ас-Суламий(117-ҳижрийда вафот этган), Шуьба ибн Ал-Ҳажжож (160-ҳижрийда вафот этган), ВАкиь ибн Жарроҳ (197-ҳижрийда вафот этган), Суфён ибн Уяйна (198-ҳижрийда вафот этган), Руҳ ибн Убода Ал-Басрий (205-ҳижрийда вафот этган), Абдураҳмон ибн Ҳаммом (211-ҳижрийда вафот этган), Одам ибн Адий Иёс (220-ҳижрийда вафот этган), Абд ибн Ҳамид (249-ҳижрийда вафот этган) ва бошқалар шулар жумласидан бўлиб бу уламолар жамлаган оятларнинг тафсири мустақил тафсир китоби сифатида эмас[4], ҳадис китоби боблари ичида тафсирга ажратилган бир боб сифатида девон қилинган эди. Афсуски, бу қимматли асарлар бизгача етиб келмаган. Шунинг учун улар  ҳақида бир ижобий ёки танқидий фикр айтиш ва қатьий ҳукм чиқариш имкониятига эга эмасмиз.

Тафсирдаги учунчи қўйилган дадил қадам – бу тафсирни мустақил илм сифатида ҳадисдан ажратилиши бўлди. Мусҳафнинг тартибига мувофиқ ҳолда Қурьони каримнинг ҳар бир оятига батафсил тафсир баён қилинди. Бундай хайрли ишга қўл урганлар қаторида Ибн Можжа (273-ҳижрийда вафот этган), Ибн Жарир Ат-Табарий (310-ҳижрийда вафот этган), Абу Бакр Ал-Мунзир Ан-Найсобурий (318-ҳижрийда вафот этган), Ибн Адий Ҳотим (327-ҳижрийда вафот этган), Абу Аш-Шайх ибнҲаббон (329-ҳижрийда вафот этган), Ал-Ҳоким(405-ҳижрийда вафот этган), Абу Бакр ибн Мурдавайҳ (410-ҳижрийда вафот этган) ва бошқа ўнлаб уламолар бор эдилар. Бу уламоларнинг тафсирлари Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васалламга, саҳобаларга, тобеинларга ва табаа тобеинларга мансуб ривоятлардан иборат бўлиб, “тафсиру маьсур”дан деярли фарқ қилмас эди. Фақатгина Ибн Жарир Ат-Табарийнинг тафсири бошқа тафсирлардан кенқроқ эди. Унда турли ривоятлар айтилганидан сўнг, кучлироқ ривоятга алоҳида урғу берар, уни бошқалардан қувватлироқ эканини исботлаб фикр билдирар, зарурат бўлганда эьробин ҳам баён қилар эди, ҳатто баьзи ҳукмларни чиқаришда оятлардан истинбот ҳам оларди. Тафсир илми шу тариқа поғонама-поғона ривожлантирилди.

Хулоса қилиб айтганда, Қурьони каримнинг кўплаб хилма-хил тафсирлари юзага келганки, уларни санаб кўплигидан ва ниҳоятда катталигидан киши ҳаяжонга тушади. Ибн Ҳолкон “Вафаётул аьён ” китобида ёзишича, мўтазилийларнинг шайхи Амр ибн Убайд Ал-Ҳасан Ал-Басрийдан ривоят қилиб Қурьонга жуда ката тафсир ёзган[5].

“Табйийну казибил-муфтарий” китоби муаллифининг ёзишига қараганда, Абул-Ҳасан Ал-Ашьарий “Ал-Мухтазан” номли тафсир ёзган бўлиб унинг ҳажми етмиш мужалладдир. Ибн Арабийнинг ривоятига кўра, “Ал-Мухтазан” беш юз мужалладдир.

Ал-Жувайнийга нисбат берилган тафсир ҳам жуда катта ҳажмда бўлиб, Қурьони каримнинг ҳар бир оятига ўн хилдан маьно берилган.

Ал-Қушайрий ҳам жуда катта ҳажмли китоб ёзган.

Ибн Ал-Анбарийнинг бир юз йигирма тафсирни иснодлари билан ёд билганлиги айтилади.

Абу Ҳилол Ал-Аскарий “Китобул – маҳосин” номли тафсир ёзган, унинг ҳажми беш мужалладдир.

Қурьонга тафсир ёзган уламоларнинг замонлари ва маконлари бир-биридан фарқ қилганига қарамай, тафсир ёзиш услиблари бир бирига мос келгани кузатилади. Масалан мутақаддим олимлардан баьзилари хоссатан, “тафсири маьсур” (ривоятларга асосланган тафсир) ёзган бўлсалар, мутаххир уламоларнинг баьзилари ҳам шу усулда тафсир ёзганлар. Агар мутақаддим олимларнинг баьзилари ўз мазҳабларининг устунлигини исботлашга ва унга даьват қилишга ўз тафсирларида кўпроқ аҳамият берган бўлсалар, бундай усул мутааххир олимларнинг тафсирларида ҳам мавжуддир. Шунинг учун биз замонидан қатьий назар аввал “тафсири маьсур”ларнинг энг машҳурлари ҳақида, ундан кейин турли фирқаларнинг тафсирлари ҳақида, ундан сўнг тасаввуфий тафсирлар ҳақида, ундан сўнгра фалсафий тафсирлар, фиқҳий тафсирлар, ва ниҳоят илмий тафсирлар ҳақида фикр юритамиз.

 

ТИИ Модуль таълим шакли

талабаси Рузибаев Баходиржон

[1] Ибн ал-Жавзий, 1999/1420; Тоҳа Обидин Ҳамад. Ат-Таҳрир фи усул ат-тафсир. – ад-Даммом: Мактаба ал-мутанаббий, 2014 ва б.

[2] Обидов Р. Қуръон ва тафсир илмлари. – Т.: «Тошкент ислом университети» нашриёт-матбаа бирлашмаси, 2003. –Б.23.

[3] Салоҳ Абдулфаттоҳ ал-Холидий. Ат-Тафсир ва-т-таъвил фи-л-Қуръон ал-карим . – Аммон: Дорун нафоис, 2008/1428.

[4] Ҳусайн ибн Али ал-Ҳарабий Қавоъид ат-таржиҳ ъинда-л-муфассирин диросатан назариятан татбиқиятан. – Ар-Риёд: Дор ал-Қосим, 2008/1429.

[5] Муҳаммад Маҳмуд Ҳур. Ат-Тафсир ва рижолуҳу: манҳажун таълими ли-л-маъоҳид ал-Қуръония. – Жидда: Дор нур ал-мактабот, 2003/1424. –Б.23.

305750cookie-checkТобеинлар даврида тафсир илми

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: