islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Неъматларга шукр қилиш уни зиёда қилади

Ўтганлар ҳаётида иймон учун кураш қандай борганини, оқибати нима бўлганини билиш келажак авлод учун ибрат бобида ниҳоятда муҳим. Шу боисдан ҳам Қуръонда пайғамбарлар қиссаларига алоҳида эътибор берилади. Қуръони Карим қиссалари фақат ўтмишни эслаш учун эмас, балки улардан ибрат олиб, ҳаётда фойдаланиш учундир. Қуръони Карим ҳидоят китоби, унда келтириладиган қиссалар ҳам кишиларни ҳидоят қилиш ишига ҳисса қўшади.

Аллоҳ таоло «Юсуф» сурасида қуйидагиларни айтади:
«Батаҳқиқ, уларнинг қиссаларида ақл эгалари учун ибрат бор эди. Бу (Қуръон) тўқима гап эмас, лекин ўзидан олдин келганни тасдиқлаш ва ҳар бир нарсани батафсил қилиш, ҳидоят ҳамда иймон келтирганлар учун раҳматдир».

Хусусан, Сулаймон алайҳиссалом ҳақидаги қиссада унга берилган неъматларга шукр қилиш, бу бандасига Аллоҳ томонидан берилган фазл экани алоҳида таъкидланади. Сулаймон алайҳиссалом ва чумоли воқеасида бир кичик ҳашарот унинг Аллоҳ берган неъматларга шукр қилишига сабаб бўлиши эътиборга молик.

“То улар чумолилар водийсига етганларида, бир чумоли: «Эй, чумолилар! Уяларингизгакирингиз, яна Сулаймон ва унинг лашкарлариўзлари сезмаган ҳолларида сизларни эзибкетмасинлардеди. (Сулаймон) унинг сўзидан кулиб, табассум қилди”  (Намл сураси, 18-19-оятлар).

Чумолининг сўзини фаҳмлаган Сулаймон алайҳиссалом кулиб, табассум қилди. Чумолининг ўз қавмига нисбатан меҳр-шафқатли эканини кўриб, у ва унинг лашкаридан гўё узр сўраган ҳолда, одоб сақлаб айтган гапидан таажжубланиб, беихтиёр табассум қилди. Сулаймон алайҳиссалом ушбу ҳолатдан таъсирланиб, Аллоҳ таоло томонидан унга ато этилган неъматларга шукр қилди. Шунча имконият, қувват, илм, фаҳм, мулк, пайғамбарлик барча-барчаси учун Аллоҳ таолога шукрона келтирди.

“Эй, Раббим! Менга ва ота-онамга инъом этган неъматингга шукр қилишга ва Ўзинг рози бўладиган яхши амалларнигина қилишга мени муваффақ этгин ва мени Ўз фазлинг билан солиҳ бандаларинг қаторига киритгин!” (Намл сураси, 19-оят).

Сулаймон алайҳиссалом унга берилган барча неъматларни фақат яхшилик йўлида ишлатишга эришиш билан унинг шукри адо бўлишини билади. Шунинг учун мазкур дуони қилмоқда. Бу дуо Аллоҳ таолонинг берган беҳисоб неъматларига шукр қилишни хохлаган ҳар бир солиҳ банданинг дуосидир.

Берилган неъматларга шукр қилувчиларга ўз неъматини зиёда қилишни Аллоҳ ваъда бериб айтади: Раббингиз эълон қилган (бу сўзлар)ни эслангиз: «Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман. Бордию, ношукрчилик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир(Иброҳим сураси 7-оят)

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га бирор хурсандчилик иш бўлса ёки хабар беришса Аллоҳга шукр қилиб сажда қилар эдилар.

Неъматларга шукр қилиш ҳақида улуғлардан кўп ривоятлар келагн. Бакр ибн Абдуллоҳ раҳимаҳуллоҳ юк кўтариб кетаётган ҳаммолни кўриб қолдилар. У устида юки билан “Алҳамдулиллаҳ”, “Астағфируллоҳ” деб кетаётган эди. Бакр ҳазратлари уни бироз кутиб турдилар. У юкларини ерга қўйгандан сўнг ундан: “Бундан бошқа ҳасанотларни ҳам бажарасанми?” деб сўрадилар. У “Ҳа, албатта, бажараман. Кўп яхши амаллар қиламан, Аллоҳнинг Китобини ўқийман. Лекин банда неъмат ва гуноҳ ўртасида бўлади-да. Шунинг учун Аллоҳ таолонинг менга берган неъматларига ҳамд айтиб, гуноҳларимга истиғфор айтаман” деб жавоб берди. Бу гапни эшитган Бакр ибн Абдуллоҳ раҳимаҳуллоҳ: “Ҳаммол Бакрдан фақиҳроқ экан” дедилар.

Банданинг шукр қилиши мол-мулкнинг ҳисобига, неъматнинг кам-кўплигига боғлиқ эмас экан. Шукрнинг моҳияти бирон неъматни Аллоҳ берганини тан олиб, У Зотга ҳамду санолар айтиш ва Аллоҳ берган ўша неъматларни фақат Ўзи рози бўладиган жойларга ишлатишдир.

Шукрли банда Парвардигори неъматларини эътироф этиб, Холиқига туну кун мақтовлар айтади, қалби, тили ва тана аъзолари билан Аллоҳга шукр қилади.

Нодирхон МАЛЛАЕВ,

Имом Бухорий номидаги

Тошкент Ислом институти талабаси.

306000cookie-checkНеъматларга шукр қилиш уни зиёда қилади

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: