Кубравийя. Ушбу тариқатга мансуб адабиётларни ўрганиш мобайнида шу нарса аниқ бўладики, унда тариқат кирган кишига қўйилган 10та шартлар бор.Ушбу қоидаларни бу тариқатнинг асоси ва истелоҳ даражасида деб айтишимиз мумкин.Улар қуйидагилар:
- Тавба – дунёвий ҳаёти давомида ўз “мен”лигидан халос бўлиш;
- Зуҳд фид-дуня – дунёдан ва молу мулкдан воз кечиш;
- Таваккул алалллоҳ – барча ишда Аллоҳга таяниш ва дунёвий ишлардан юз ўгириш;
- Қанўат – оз, фақат тириклик учун етарли нарсалар билан қаноатланиш;
- Узлат – тўғри ва руҳий маънода ёлғизлик; фақатгина шайх билан мулоқот қилишга рухсат берилган;
- Мулозамат аз-зикр – Аллоҳ номини доимий равишда ихлос билан ёд этиш (зикр), бу зикр қалбни поклайди;
- Таважжуҳ илаллоҳ – бутун борлиқ билан то Аллоҳнинг ягоналигини қалб билан ҳис этмагунича унга юзланиш;
- Сабр – тасаввуф йўлининг қийинчиликларини сабр билан адо этиш;
- Муроқаба – дунёвий истаклардан покланган қалбга мутлақ осойишталик етмагунича ўз ўзини назорат қилиш;
- Ризо – барча жисмоний ҳиссиётлардан, ҳатто ўзининг Аллоҳга бўлган севгисидан қаноатланишдан ҳам халос бўлиш, бундан жисмоний ёки шахсий туйғулар йўқолиб, Аллоҳнинг алоҳида марҳаматига айланади.
Яссавийлик. Яссавий ҳикматларида тасаввуф тушунчаларининг энг машҳурлари ва энг кўп истеъмол қилинадиганлари бу шариъат,тариқат,маърифат ва ҳақиқатдир. Исломнинг илк даврларида тариқат, маърифат ва ҳақиқат лафзлари истеъмолда бўлмаган, балки уларнинг маънолари бўлган. Булар кейинчалик мутасаввиф уламолари томонидан ижтиҳод қилинган атамалар. Яссавийлик таълимотида ушбу истелоҳларга алоҳида урғу берилган. Қуйида шу аматаларни яссавийлик таълимоти асосида ўрганиб чиқамиз.
Шариат – Аллоҳ таоло буюрган амаллар, намоз, рўза, закот, ҳаж ва бошқа шариат қонун – қоидаларни ўргатса, тариқат уларни амалга ошириш кайфиятини ўргатади.
Ушбу атаманинг луғавий ва истилоҳий маънолари ҳақида Яссавийя тариқатидага оид тасаввуфий асарларда кўп фикру мулоҳазалар билдирилган. Уларда шариат асос ва бирламчи экани, тариқат, маърифат ва ҳақиқатларнинг бир-бирига боғлиқ бўлгани қайд этилган. Шариат йўлида мукаммал бўлмаган кишига тариқат, маърифат ва ҳақиқат мартабалари насиб этмайди.
Бежиз эмаски, орифлар: “Шариат бир дарахтдир, тариқат-унинг шохлари, маърифат-япроқлари, ҳақиқат-мевалари. Дарахт бўлмаса навда ҳам, япроқ ҳам, мева ҳам бўлмайди”, дея таълим берганлар.[1]
Орифлар султони Аҳмад Яссавий :“Шариат зоҳирда аъзолар билан амал қилиш, тариқат қалб билан амал қилиш, ҳақиқат эса сир яъни қалбдаги жавҳар, кўнгил билан амал қилишдир”, деганлар.[2]
Яссавийя тариқатига оид китобларда тариқат атамалари, мақомот манзилларини тушунтиришга кўп эътибор берилади. “Тариқат” арабча сўз бўлиб “йўл” деган маънони билдиради. Илоҳий маърифатни эгаллашга бел боғлаган кишининг руҳий-ахлоқий камолот йўли. Тариқатни тасаввуфнинг амалий қисми деб таърифлайдилар. Чунки пир-муридлик қоидалари, одобига риоя этиш, солик бажариши керак бўлган барча йўл-йўриқлар, иродат ва ишорат усуллари шу тариқат ичига киради.[3]
“Маърифат” сўзи арабча “арафа” сўзидан олинган бўлиб, луғатда “билиш”, “таниш” каби маъноларни англатади. Тасаввуф таълимотида эса, “маърифат” тушунчаси, асосан икки қисмга бўлинади. Улар айни пайтда бирлашиб, “маърифат” тушунчасини ҳосил қилади:
1.Маърифатун-нафс [4]
2.Маърифатуллоҳ[5].
Қачонки, “Маърифатун нафс” ҳосил бўлса, бу пайтда “маърифатуллоҳ” ҳосил бўлади. “Маърифатуллоҳ” ни англаган зотлар эса Аллоҳни таниган ҳисобланадилар.
Тасаввуфда тафаккурнинг энг муҳташам, энг завқли ва энг ҳосилдор майдони – илм ва маърифат. Аҳмад Яссавий таъкидлаганидек:
Маърифатни минбарига минмагунча,
Шариатни ишларини билса бўлмас.
Маърифатни минбарини эгаллаш осон иш эмас. Акс ҳолда Хожа Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари, “Тавҳид сиррига етса бўлур. Аммо маърифат сиррига етиш душвордир”, – демаган бўларди.
Ҳақиқатда ҳам тавҳид маърифатнинг юқори, аммо битта “тармоғи” дир. Маърифат Ҳақни ҳаққи билан танишга ғайрат қилишдир.
Хожа Бектоши Валийнинг образли ифодаси бўйича, “Маърифат шундай бир дарахтдурки, унинг боши – тавҳид, танаси – иймон, япроқлари – ислом, туби – қурбат , илдизи – таваккул, бутоқлари – наҳий мункар, суви – хавф ва ражо, меваси – илм, тупроғи – комил инсоннинг кўнглидир. Боши аршдан ҳам баланд бу дарахтнинг беш навдасидан бири – шавқ, иккинчиси – муҳаббат, учинчиси – иноят, тўртинчиси – иродат, бешинчиси эса – қурбатдир”.
Демак, маърифат соҳиби бўлиш ана шунча ҳақиқат ва фазилатларнинг соҳиби бўлиш, маърифат сиррига етиш учун ана шунча ҳақиқат ва хусусиятларнинг асроридан огоҳ бўлиш лозим. Маърифат инсон онги ёки кўнглига ташқаридан олиб кириладиган, яъни зоҳирий бир неъмат ёки қудрат эмас, балки инсоннинг илоҳий мавжудлигидан юзага келадиган фикрий ва руҳий қудратдир. Маърифат – энг аввало, қалб мушоҳадаси ва ўзликни англаш дегани. Маърифат Аллоҳнинг бандасига қилган эҳсони. Фақирлик билан ботинни поклаш, жон-у кўнгил билан Ҳаққа ошиқ бўлиш. Ҳақни таниган бир ориф ҳолига келиш. Тасаввуф таълимоти, маълум бир маънода, нубувват таълимоти ва маърифатга содиқликдир.
Шайх Аҳмад Яссавий: “Ҳақиқат кўнгил билан амал қилишдир”, дейдилар. Демак, ҳақиқатга очилган биринчи ва асосий эшик шариатдир. Унинг аҳкомларини мукаммал бажаришга ҳаракат қилиш лозим. Тариқат-ҳақиқат йўлининг иккинчи эшигидир. Ҳақиқат ҳудудсиз бир дарёдир. Бу дарёда шариат кемаси билан сайр этилади. Фақат ҳақиқат мақомига етишиш учун кемадан чиқиб денгизга ғарқ бўлиш керак.
Шариат ҳақиқатнинг зоҳири бўлса, ҳақиқат шариатнинг ботинидир. Ҳақиқат бир сирдир. Бу мақомга ҳақиқий ошиқ қуллар эришади. Бу мақомда иккилик йўқ. Унда қаҳр ҳам, лутф ҳам баробар. Бу мақом бир шаҳардир. Унинг султони Ҳақдир. Бу мақомга етти нафс мартабаларидан ошган, қалбини салим[6] ҳолатига келтирган, ҳаётини тақво асосига қурган, сиррини ошкор этмаган, “каррамно”[7] тожини кийган инсонларгина ноил бўлади. Ҳақиқатнинг самараси жаннат ва Аллоҳнинг жамолидир. Ушбу тўртта босқич “Мақолот”[8] асарида Қуръон карим ва ҳадиси шарифлар билан батафсил баён қилиб берилган.
Нақшбандия. Ушбу тариқатнинг асосий негизи ва қоидалари бу рашҳалардир.Қуйида уларни ўрганиб чиқамиз:
1.Ҳуш дар дам –“Ҳуш” – ақл, “дам” – нафас дегани. Нафас олиб чиқаришда ҳушёр бўлиш, ғафлатга тушмаслик, ҳар лаҳза Аллоҳни эслаш демакдир.
2.Назар бар қадам – солик қаерда бўлишидан қатъий назар, юраётганида оёқ учига караб юриши керак. Токи қалб кўзи ва назари бўлмағур манзараларга қарашдан халос бўлсин. Бу иш кишини одобли, ҳаёли, тарбияли, камтар бўлиш ва ҳолига шукр қилишни ўзида мужассам этади.
3.Сафар дар ватан – солик одамийликнинг табиатидан сафар қилади, яъни одамийлик сафаридан фаришталар сафарига ўтади. Ёмонлик сифатидан яхшилик сифатига томон ўтади. Бу тамойил мўминни ўз ватанида ҳам мусофирга ўхшаб яшашга ўхшайди.
- Хилват Дар анжуман – зоҳирда халқ билан, ботинда Ҳақ билан бўлиш демакдир. Солик моддий борлиғи билан халққа аралашиб, турли башарий ва ижтимоий фаолиятларда қатнашиб, ҳаёт талаб қилаётган амалларни бажариб, қалбида доимо Аллоҳнинг ҳузурида эканлигини, уни бир лаҳза бўлсада эсдан чиқармаслигидир. Бу ҳол доимий зикр маъносини ҳам билдириб, зикрда эришиладиган энг охирги бос-қичдир. Баҳоуддин Нақшбанд: “Хилват дар анжуман” Нақшбандия тариқатининг тамалини ташкил этади”, деб таъкидлаганлар. Шу боис бу тариқатда халқ билан суҳбат, Ҳақ розилиги йўлида халққа хизмат қилиш муҳим ўрин тутади.
- Ёд кард – эслаш, зикр этиш, яъни Аллоҳни ёд этиб, мосиво[9]дан кўнглини узиш. Бунда мурид ўзини Аллоҳ ҳузурида тасаввур қилиб, кўзи-оғзини ёпади, тилини танглайига ёпиштириб, тишларини бир-бирларига жипслаб, нафас олмай хокисорлик билан қалбан зикр қилади. Тасаввуф йўлининг энг муҳим фаолиятларидан бири ҳам зикр қилмоқдир. Мўмин зикр қила-қила, зикр унинг қалбига ўрнашади
- Боз гашт – зикр қилиб бўлгач, “Илоҳи анта мақсуди ва ризока матлуби”. (“Аллоҳим, мақсадим сенсан, талабим – истагим сенинг розилигингдир”) – дейди. Шу зайлда нафий ва исбот зикрининг маъноси ва файзи қалбга нақш этилиб, кўнгил мосиводан алоқасини узади.
- Нигоҳ дошт – қалбдаги фикр ва хотираларни муроқаба қилиш демакдир. Нафий ва исбот зикрининг маъносини ўйлаб кўнглини ҳар хил фикрлардан халос қилишга ҳаракат қилади.
- Ёд дошт – Ҳақ субҳанаҳу ва таолони доимо завқу-шавқ билан ёдда тутиб, огоҳ бўлиш. Нигоҳ доштнинг бир поғона юқорисидир.
- Вуқуфи замон – солик ҳар лаҳза ўз ҳолидан хабардор бўлиши, вақтидан унумли фойдаланиши, шукр, тавба-истиғфор айтиши, шунга кўра ҳатти-харакаат қилиши демакдир.
- Вуқуфи ададий – мурид шайх берган зикр вазифасининг саноғига риоя қилиши керак. Мурид зикр пайтида саноққа риоя қилса, ўз ҳаёлини идора эта олади.
- Вуқуфи қалбий – қалбнинг Ҳақдан хабардор бўлиши демакдир. Бу мартабада кўнгил Аллоҳдан бошқа ҳеч нарсани ўйламайди. Вуқуфи қалбий айни вақтда зикрнинг энг юқори поғонаси саналади.
Бутун дунёга машҳур Нақшбандия тариқати Хожагон силсиласидан ўниб ўсган. Шу сабабдан уламолар Абдулхолиқ Ғиждувонийга “Сархалқаи силсбилани Нақшбандия”[10] деб таъриф берадилар.[11]
ТИИ Модуль таълим шакли
талабаси Абдиев Сардор
[1].Шайх Нажмиддин Кубро. “Тасаввуфий ҳаёт”. -Тошкент. Шарқ нашриёти. 2004, Б.254-255
[2].Ҳожа Аҳмад Яссавий. “Девони ҳикмат”.-Тошкент. Мовароуннаҳр нашриёти. 2004. Б. 112.
[3].Нажмиддин Комилов. ”Тасаввуф” . – Тошкент. Мовароуннаҳр нашриёти. 2009. Б .2
[4] .Ўзини таниш
[5].Аллоҳни таниш.
[6].Шаҳватдан ва ақидада шубҳадан холи бўлган қалб.
[7].Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири.Шайх Абдулазиз Мансур.-Тошкент.Тошкент ислом университети нашриот-матбаа бирлашмаси.2007.
[8].Ҳожа Бектоши Валий. “Мақолот”. -Тошкент. Шарқ нашриёти. 2000. -Б.22
[9].Аллоҳдан ўзга.
[10]. Нақшбандийя силсиласининг асоси.
[11]. Ҳожи Аҳмаджон Бобомурод. “Нажот йўли”. – Тошкент. Тошкент ислом иснтитути.2014. Б.41-52.