islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Дуонинг маъноси ва фазилати ҳамда дуо қилишнинг шартлари

 Дуо – араб тилида “ دعا” феълидан олинган бўлиб, “чақириш”, “сўраш” маъноларини англатади.

Кўпинча дуо билан бир нарсани талаб қилиш маънолари билан аралашиб кетади. Шунинг учун талаб нима-ю дуо нима эканини аниқ билиб олиш алоҳида маъно касб этади.Талаб сўровчи нутқ қиладиган лафзнинг васфидир, менга тилаган нарсамни бергин кабидир.

Истилоҳда – дуо Аллоҳ таолога сўз билан илтижо қилган ҳолда Унга юзланиш  ҳолатидир.  Дуо – Аллоҳ билан бандани боғловчи восита, Аллоҳга боғланиш, унга илтижо қилиш эҳтиёжи эса инсоннинг фитратида бор. Мўминлар учун дуо ҳаётларининг ажралмас қисми ва табиий эҳтиёжи. Баъзилар учун дуо жуда мушкул аҳволда қолганда, қийинчиликлар билан юзма-юз келганда эсга олинадиган ибодатдир. Албатта, бу Аллоҳга хуш келмаган ҳолат. Аллоҳга мақбул бўлгани осончиликда ҳам, ҳам қийинчиликда ҳам бирдек дуода бардавом бўлишдир. Қуръонда самимият билан дуо қилиш йўллари атрофлича баён қилинган.

Қуръони Каримда дуо билан боғлиқ икки юз атрофида ояти карима бор. Булардан бир қисмида инсонларга дуо қилишлари амр этилса, бир қисмида пайғамбарлар ва солиҳларнинг дуолари нозил бўлган[1]

وَإِذَا سَأَلَكَ عِبَادِي عَنِّي فَإِنِّي قَرِيبٌ أُجِيبُ دَعْوَةَ الدَّاعِ إِذَا دَعَانِ

فَلْيَسْتَجِيبُواْ لِي وَلْيُؤْمِنُواْ بِي لَعَلَّهُمْ يَرْشُدُونَ

“Агар бандаларим сендан Мени сўрасалар, Мен, албатта, яқинман. Дуо қилгувчи дуо қилганда, ижобат қилурман.  Бас, Менга ҳам ижобат қилсинлар ва иймон келтирсинлар. Шоядки, тўғри йўлни топсалар.”  [2]

Дуонинг аҳамияти Қуръонда:

قُلْ مَا يَعْبَأُ بِكُمْ رَبِّي لَوْلَا دُعَاؤُكُمْ فَقَدْ كَذَّبْتُمْ فَسَوْفَ يَكُونُ لِزَاماً

“Агар дуо-илтижоларингиз бўлмаса, Роббим сизларга ҳеч қиймат бермас”[3] ояти орқали баён қилинган. Аллоҳга дуо қилишда, унга яқин бўлишда ҳеч қандай чегара йўқ.

« Дуо ёмонликларни даф бўлишига ва мақсаднинг ҳосил бўлишига сабаб бўладиган энг қувватли нарсадир. Лекин, кўпинча дуонинг натижаси руёбга чиқмайди, бЎнга сабаб, дуонинг шартлари тўла адо қилинмаганидадир. Хусусан, қалбдаги ишончнинг заиф бўлиши, ҳаром ейиш, зулм қилиш, қалбни гуноҳлар қоплаб, нафрат ва нафсу ҳаво эгаллаб олган бўлиши кабилар дуони тўсувчи сабаблардир.» [4] 

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Аллоҳга дуо қилинглар  ва дуонинг қабул бўлишига ишонинг! Билингларки,  Аллоҳ ғофил  қалбнинг дуосини қабул қилмайди».[5]

   “Дунёнинг туриши тўрт нарса билан:

   1.Олимларнинг илми.

   2.Амирларнинг одиллиги.

   3.Бойларнинг саховати.

   4.Фақирнинг дуоси.

   Агар олимлар бўлмаганда, жоҳиллар аниқ ҳалок бўлишарди. 

   Амирнинг адолати бўлмаганда, инсонлар бир-бирини  ҳуди бўри қўйни еб кўйганидек ер эди.

   Бойларнинг саховати бўлмаганда, фақирлар ҳалок бўларди.

   Агар фақирнинг дуоси бўлмаганда, еру – осмон ҳалокатга юз тўтган бўлар эди.”[6]

Инсон Аллоҳнинг ожиз, Унинг ёрдамига доимий муҳтож бандаси эканлигини билиб яшаса, ҳар доим Аллоҳнинг у билан бирга эканлиги, қалбида яширинган заррадек туйғуларидан ҳам бохабарлиги, орзу-ниятларини Аллоҳ юзага чиқараётганини юрак-юракдан ҳис қилади. Шу сабабли инсон мудом Аллоҳга самимият билан гуноҳларини, хатоларини эътироф этиши, Ўзидан ёрдам сўраб қалбан юзланиши лозим. Бунинг аксини қилган кимсалар Аллоҳга қарши кибрланган ҳисобланиб, Қуръонда бунинг жазоси абадий жаҳаннам эканлиги баён қилинган. Ҳозирги кунда айрим тоифа одамлар орасида диққатимизни тортадиган бир ҳолат бор. Бу – дуони бошқа ибодатлар каби тарк этилган, эскирган бир анъана сифатида баҳолашдир. Исломий илмлар ҳақида сўз кетганда уларни биргина эскича сўзи билан алмаштириб ишлатишади. Бундай тор фикрлаш Аллоҳга эҳтиёжи йўқ, ўзини ҳамма нарсага қодир деб билувчи кимсаларга хос. Инсонларнинг кўп қисми ҳаётларининг бошидан то охирига қадар бўлаётган воқеаларни ўзлари ва атрофларидаги одамларнинг назоратида юз беради деб ўйлайдилар. Шу сабабли ўлим билан юзма- юз қолмагунча ёки бирор фалокатга учрамагунча ўзларича Аллоҳга дуо қилишга эҳтиёж сезмайдилар. Ваҳоланки бу жуда янглиш фикрлаш. Аслида инсонларнинг бари дуога эҳтиёж сезадилар. Фақир ва ночор аҳволда яшаётган инсоннинг бадавлат инсонга қараганда дуога кўпроқ эҳтиёж сезади деб ўйлаш, дуо ҳақида нотўғри тушунчага эга кишиларнинг фикри. Ҳамма нарсаси бор, барча мақсадларига етишган кишининг дуога ҳеч эҳтиёжи йўқ деб ўйлаш ҳам нотўғридир. Чунки бундай ҳолда дуо қилишнинг ягона сабаби дунёвий орзуларга эришиш бўлиб қолади. Ваҳоланки мўминлар ҳам дунё, ҳам охиратлари учун дуо қиладилар. Дуо қилувчи юзага келган ҳар қандай ҳолатни, ҳар қандай воқеаларни коинотнинг яратувчиси ва ҳокими бўлган Аллоҳга ҳавола қилади. Муаммоларнинг ечимини топиш учун интилиш, Аллоҳга дуо қилиш, ишларининг хайрли якунини Аллоҳга ҳавола этиш билан бирга , сабр қилиш ҳам роҳат манбааидир.

Дуо уламолар наздида икки хил:

  1. Дуои ибодат: Намоз, рўза, ҳажга ўхшаш.
  2. Дуои масъала.

Арафа кунида қилинган дуо Қуръон тиловат қилишдан афзал, фарз намозларидан кейин ворид бўлган зикр ва дуо билан машғул бўлиш Қуръонни тиловат қилишдан авлодир.»

«Фуқаҳолар, муҳаддислар, жумҳур уламалар, салафу ҳалафларнинг барчаси дуо мустаҳабдир, дейишган. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда марҳамат қилади:

وَقَالَ رَبُّكُمُ ادْعُونِي أَسْتَجِبْ لَكُمْ إِنَّ الَّذِينَ يَسْتَكْبِرُونَ عَنْ عِبَادَتِي سَيَدْخُلُونَ جَهَنَّمَ دَاخِرِينَ

Роббингиз: «Менга дуо қилинг, сизга ижобат қилурман. Албатта, Менинг ибодатимдан кибр қилганлар жаҳаннамга хору зор ҳолларида кирурлар», деди.

Аллоҳга банда томонидан қилинадиган дуо, ибодат луғатда бир хил маънони билдиради. Дуо ва ибодат хоҳ сўздан иборат бўлсин, хоҳ амалдан, банда томонидан Аллоҳ таолонинг розилигини излашдир, иймон ила У зотнинг розилигини сўрашдир.

Дуо ва ибодат банданинг Аллоҳ таоло ҳузурида ҳожатманд эканини эътироф этишидир. Ўзининг ночорлигию ожизлигини тан олишидир. Бу ишни фақат иймони борларгина, қалб кўзлари очиқларгина, ўзининг кимлигини англаб етганларгина, инсоф қилганларгина, қалбида Аллоҳга нисбатан кибру ҳаво бўлмаганларгина қиладилар. Буни бандага Аллоҳнинг Ўзи буюргандир.

«Менга дуо қилинг, сизга ижобат қилурман».

Менга ибодат қилинг, қабул этаман, менга илтижо қилиб, ҳожатингизни сўранг, сўраганингизни бераман, дейди Аллоҳ таоло.

Ожизлигини, ҳожатмандлигини эътироф этиб, дуо қилаётган зотнинг жалолига муносиб одоб-ахлоқ билан сўрашлик банданинг иши. Қолгани эса, Аллоҳ таолонинг Ўзига ҳавола. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу: «Мен ижобат ташвишини чекмайман, мен дуо ташвишини қиламан. Менга дуо қилиш илҳом этилса, ижобат ҳам қилинади», дер эканлар. Ҳа, Аллоҳ Ўзига иймон билан дуо қилганларнинг дуосини ижобат этади, ибодатларини қабул қилади. Аммо шу билан бирга:

«Албатта, Менинг ибодатимдан кибр қилганлар жаҳаннамга хору зор ҳолларида кирурлар», деди».

Аммо ўзини билмаганлар, Аллоҳга дуо қилишдан, ибодат этишдан кибр ила ўзларини юқори кўрганлар, қалб кўзи кўр бўлганлар жаҳаннамга кирадилар. Кирганда ҳам, хору зор бўлиб кирадилар.

Агар улар Аллоҳнинг неъматларига ибрат билан қараганларида, У зотнинг нақадар буюклигини англаб етган бўлар эдилар. Зинҳор Аллоҳнинг ибодатидан кибру ҳаво қилмасдилар. Ўйлаб кўринглар, эй одамлар![7]

ТИИ Модуль таълим шакли

талабаси Исаков Бахромжон

[1] Mustafa Çağırıcı. “TDV İslam Ansiklopedisi” –İ: Danışma Kurulu, 2013. Дуо боби, –Б.536.

[2] Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. “Тафсири Ҳилол” –Т: Ҳилол-нашр, 2017 1-ж, Бақара, 186-оят,–Б.161.

[3] Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. “Тафсири Ҳилол” –Тошкент: Ҳилол-нашр, 2017. 4-ж, Фурқон, 77-оят.

[4] Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Ат-Табризий. “Мишкотул Масобийҳ”. –Байрут, 1996. –Б.295.

[5] Абдулазиз Мансур. Минг бир ҳадис. –Тошкент: Шарқ, 1991. –Б. 204, 365-ҳадис.

[6] Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Ат-Табризий. “Мишкотул Масобийҳ”. –Байрут, 1996. –Б.694.

[7] Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. “Тафсири Ҳилол” –Т.: Ҳилол-нашр, 2017. 5-ж, Ғофир 60-оят, –Б.272.

308080cookie-checkДуонинг маъноси ва фазилати ҳамда дуо қилишнинг шартлари

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: