Республикамизда фаолият кўрсатаётган барча масжид имомлари қайта тикланган қадриятларимиз ҳақида кўпроқ мавъиза қилиб, ҳозирги кунда оммавий маданиятнинг замонанинг илҳғор техник воситаларидан фойдаланган ҳолда тарқатилаётган турли найранглари ва улар ҳақида маълумотлар бериш билан бирга турли ғаразли мақсадларда чиқаётган оқимларнинг қора ниятларини баҳоли қудрат тушунтириб бормоқда.
Дин аҳлларининг – имомларнинг диний ва дунёвий илмларини, ошириш, ғаразли ниятли кишиларнинг халққа тушутириш ва ёшларни тўғри тарбиялаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йили ПҚ – 2855 сонли Қарори ва унга кўра, Имом ал-Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, 2019 йили Имом Термизий илмий тадқиқот маркази, 2020 йили Имом Мотуридий илмий тадқиқот марказининг ташкил этилгани бўлди. Мазкур Қарорда асосий мақсад ва вазифалар сифатида Қуръони карим ва ҳадис илмининг мазмун-моҳиятини, ҳадисшунослик мактабининг илмий-маънавий асосларини, Имом ал-Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий ва юртимиздан етишиб чиққан бошқа алломалар ва муҳаддисларнинг меросини ҳар томонлама теран ўрганиш, халқ оммаси, хусусан, ёшлар орасида кенг тарғибу ташвиқ қилиш, юксак инсоний ғоялар ва муқаддас қадриятларимизни ўзида ифода этган манбаларни тизимли асосда тадқиқ этиш, улардан диний таълим, маънавий-ахлоқий тарбия ишларида кенг кўламда фойдаланиш мақсадида зарур дарслик ва ўқув қўлланмаларини тайёрлаш, илмий-амалий тавсиялар юзасидан доимий иш олиб бориш, руҳий-маънавий муҳит ва бетакрор мерос асосида диний диний ходимларнинг билим ва тажрибаси, касб малакасини ошириш бўйича ўқув-услубий ишларни амалга ошириш кабилар белгилаб берилган. Энг муҳими, бу Қарорга биноан алломаларимиз меросини нафақат республикамизда, балки бутун дунё бўйлаб кенг кўламда тарғибу ташвиқ қилиш кўзда тутилган.
Қарорда Ватанимиз равнақи ва жамият манфаатлари учун яна бир муҳим масала – республикамиздаги жомеъ масжидларда фаолият кўрсатаётган имом-хатибларнинг малакасини ошириш ўқувларида ўн бир давра машғулотлари якунланиб, улардан таҳсил олган 660 нафардан ортиқ имом-хатибларимиз ўз доимий иш жойларида амалий фаолиятларини самарали давом эттирмоқдалар.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Имом Бухорий халқаро марказини ташкил этиш тўғрисидаги ушбу Қарори, ҳеч шубҳасиз, жамиятимизда илм-фан равнақи, нафақат Имом Бухорий,балки Имом Термизий, Имом Мотрудий, Бурҳониддин Марғиноний каби юртимиздан етишиб чиққан кўплаб буюк алломаларнинг меросини чуқур ўрганиш, уларни халқ оммаси орасида тарғибу ташвиқ қилиш борасида олиб борилаётган кенг кўламдаги ишларни тизимли асосда йўлга қўйишга хизмат қилади. Мазкур Қарорнинг яна бир муҳим жиҳати Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида иш олиб борадиган имом-хатибларимизнинг кенг халқ оммаси, айниқса, ёшларимиз онгига ислом динининг инсонпарварлик, бунёдгорлик, бағрикенглик каби умуминсоний ғояларини сингдириш, уларни тўғри талқин қилиш орқали ватанимиз ва жамиятимиз равнақи учун зарур бўлган маънавий комил инсонларни тарбиялашдек муҳим ишларда самарали фаолият кўрсатишларида алоҳида аҳамиятга эгалигида, деб ҳисоблаймиз.
Буюк мутафаккир ва алломаларимизнинг ислом маданиятини равнақ топтиришга қўшган бетакрор ҳиссаси тўғрисида сўз юритганда, энг аввало ҳақли равишда мусулмон оламида “муҳаддислар султони” дея улкан шуҳрат қозонган Имом Бухорий бобомизнинг муборак номларини ҳурмат-эҳтиром билан тилга оламиз. Бу мўътабар зот меросининг гултожи бўлмиш энг ишончли ҳадислар тўплами “ал-Жомиъ ас-Саҳиҳ” китобида ислом динида Қуръони каримдан кейинги иккинчи муқаддас манба бўлиб, аҳли ислом эътиқодига кўра, у башарият томонидан битилган китобларнинг энг улуғи ҳисобланади. Мана ўн икки асрдирки, бу китоб миллионлаб инсонлар қалбини иймон нури билан мунаввар этиб, ҳақ ва диёнат йўлига чорлаб келмоқда.
Аждодларимиз бизга мерос сифатида ўнлаб маданият ва маънавият марказлари, минглаб фалсафий, адабий ва дунёвий ва илмий асарлар қолдирганлар. Бу бойликларни юзага чиқариш, инсоният олдида ўзбек халқининг ҳақиқий қиёфасини кўрсатиш ва меросимизни тиклашнинг таркибий қисми ҳам бўлиб, жамиятда динимиз ва миллий қадриятларимиз софлигига раҳна солувчи ҳар қандай “оммавий маданият”дан ҳимоя қилувчи қалқон вазифасини ўтайди.
Дин қадим-қадимдан аксарият маънавий қадриятларни ўзида мужассам этиб келади. Миллий ва диний қадриятларнинг асрлар оша безавол яшаб келаётгани ҳам уларни бир-бирлари билан яқин муштарак мақсадларга эгалигидадир. Чунки дунёдаги динларнинг барчаси эзгулик ғояларига асосланади, яхшилик, тинчлик, дўстлик каби фазилатларга таянади. Одамларни ҳалоллик ва поклик, меҳр-шафқат ва бағрикенгликка даъват этади. Ҳозирги заминда бу ғоя эзгулик йўлида, нафақат диндорлар, балки бутун жамият аъзоларининг ҳамкорлигини назарда тутади, тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашнинг муҳим шарти ҳисобланади. Масалан, азал-азалдан диёримизда турли диний таълимотлар ёнма-ён яшаб келган. Асрлар давомида йирик шаҳарларимизда масжид, черков, хонақоҳларнинг мавжуд бўлиши, турли миллат ва динга мансуб қавмларнинг ўз диний амалларини эркин адо этиб келаётгани бунинг тасдиғидир.
Тарихимизнинг энг мураккаб, оғир даврларида ҳам улар ўртасида диний асосда можаролар бўлмагани халқимизнинг динлараро бағрикенглик ғоясига амал қилиб яшаб келганларидан далолат беради.
Тарихимизнинг ҳар қайси даврида дин доимо одамларда яхши хислатларни кўпайтириб, ёмонларидан халос бўлишга чорлаган. Юксак умуминсоний қадриятларга асосланган. Бугунги кунда маънавий ва диний жабҳаларда кечаётган мураккаб жараёнда барча миллат ва дин вакиллари бир-бирларига нисбатан ҳамжиҳатлик, бағрикенглик ва ўзаро ҳурмат тамойилларига амал қилишлари доимий барқарорликнинг муҳим омилларидан биридир.
Болтаев Шермуҳаммад,
Шовот тумани Юсуф Ҳамадоний
жоме масжиди имом-хатиби