islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Абу Довуд раҳимаҳуллоҳнинг оиласи ва насаблари

Имомнинг тўлиқ исм-шарифи Сулаймон ибн Ашъас ибн Исҳоқ ибн Башир ибн Шаддод ал-Аздий[1] ас-Сижистоний бўлиб, куняси Абу Довуддир. Имом Абу Довуд ҳижрий 202 (мелодий 817) йилда Сижистон минтақасида дунёга келган. Машҳур “Масобиҳ” китобининг соҳиби фақиҳ олим Бағдоднинг катта ҳофизларидан бўлган Абу Бакр Абдуллоҳ ҳам Абу Довуднинг ўғлидир. Абу Довуд раҳимаҳуллоҳ илмга муҳаббат қўйган ҳолда униб ўсдилар. Ёшликларидан ҳадисларни ёзиб боришни одат қилдилар. У зотнинг икки чўнтаги бўлиб, бири кенг иккинчиси тор эди. Унга: “Аллоҳ сизга раҳм қилсин, бу нима?” дейилганда, у зот: “Кенги китоблар учун, наригисига эҳтиёжимиз йўқ”, деб жавоб бердилар[2].

Имом Абу Довуд раҳимаҳуллоҳ ёшлигидан илмга чанқоқ ва муҳаббатли эди. Унинг энг улкан мақсади ва орзуси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадиси шарифларини ёд олиш ва уни қоғозга тушириш бўлган. У ёшлигидан зеҳни ўткирлиги ва зийраклиги билан тенгқурларидан ажралиб турар ва бу унинг келажакда буюк олим бўлиб етишишини кўрсатар эди[3].

Илмга кириб келишлари

Имом Абу Довуд раҳимаҳуллоҳ етук муҳаддис уламоларга бой ҳижрий учинчи асрда ўсиб-улғайди. Бу аср ҳадис илмининг энг гуркираган даври ҳисобланиб, бошқа асрларга таққослаганда буюк муҳаддис уламоларга бой ва мўътабар ҳадис китоблари ёзилиб, ислом кутубхонасини бойитган аср экани билан ажралиб туради. Бу даврга келиб илм талабида сафар қилиш кенг тус олган эди. Кўпчилик толиби илмлар ўз ватанлари, киндик қони тўкилган ерларини ташлаб, буюк муҳаддис уламолар билан учрашиш, уларнинг илм мажлисларига қатнашиб, улар ривоят қиладиган саҳиҳ ҳадисларни ёзиш, шунингдек, улардан илм ўрганиш мақсадида уламоларга бой Ислом ўлкаларига сафар қилишар эди. Абу Довуд раҳимаҳуллоҳ бошқа ҳадис олимлари каби ҳадис излаб кўплаб шаҳарларга бордилар. Ушбу сафарларида кўплаб улуғ муҳаддис ва ҳофизлар билан учрашиб, улардан кўплаб илмлар ўргандилар.

Абу Довуд раҳимаҳуллоҳ Ироқ, Хуросон, Шом, Миср ва Ҳижоз ўлкаларига сафар қилиб, у ерларда Абу Умар Зорийр, Муслим ибн Иброҳим, Аҳмад ибн Ҳанбал, Абдуллоҳ ибн Муслим Қаънабий, Абдуллоҳ ибн Ражо, Абу Валид Таёлисий, Аҳмад ибн Юнус, Абу Жаъфар Нуфайлий, Абу Тавба Ҳалабий ва Сулаймон ибн Ҳарб Кирмоний каби ўша асрда яшаб ўтган буюк муҳаддис уламолардан кўплаб ҳадисларни ўргандилар.

Мазҳаблари

Буюк муҳаддисларнинг баъзиларини мазҳаблари борасида ихтилофлар мавжуд. Хусусан Абу Довуд раҳимаҳуллоҳнинг мазҳаблари борасида ҳам шундай ихтилофлар бор. Баъзилар у зотни ҳанбалий, яна баъзилар эса шофиий мазҳабида эди, деганлар.

Шайх Абу Исҳоқ Шерозий раҳимаҳуллоҳ “Табақотул фуқаҳо” асарида у зотни “Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳуллоҳнинг соҳибларидан эди”, деганлар.

Шунингдек, Қози ибн Абу Яъло раҳимаҳуллоҳ Абу Довуд раҳимаҳуллоҳни “Табақотул ҳанабила” китобида зикр қилиб ўтганлар.

Аммо Саййид Сиддиқ Ҳасанхон[4] раҳимаҳуллоҳ эса ўзининг “Абжадул улум” китобида Бухорий, Абу Довуд ва Насоий раҳимаҳуллоҳларни шофиийлардан эканлигини айтиб ўтганлар. Лекин “Кашфуз зунун” асарининг соҳиблари эса Абу Довуд раҳимаҳуллоҳ ҳақларида қуйидагиларни келтирадилар: “Унинг мазҳаби унинг учун заиф ҳадис фақиҳлар фикридан кучлироқ эканлигидир”. Бу фикрга уламолардан баъзилари мойил бўлганлар.

Бу фикрларга биноан, Абу Довуд ва Термизий раҳимаҳуллоҳлар Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳуллоҳнинг соҳибларидан бўлсалар-да, лекин мутлақ мужтаҳид эканликлари келиб чиқади.

Яна бу борада Шайх Тоҳир ал-Жазоирий:[5] “Менинг наздимда, Бухорий ва Абу Довуд айнан бир кишига муқаллид эмас. Бироқ, мутлақ мужтаҳид даражасида ҳам эмасдир, балки ўз имомларининг гапларига мойил бўлганлар”, деганлар.

Шайх Аллома Муҳаммад Анваршоҳ Кашмирий[6] “Саҳиҳул Бухорий”нинг шарҳи “Файзул Борий”да: “Насоий ва Абу Довуд ҳанбалий мазҳабида бўлганлар”, деганлар. Лекин ўша шарҳнинг бошқа жойида Абу Довуд раҳимаҳуллоҳнинг ҳанбалий эканликларини қатъий айтганлар. Шайх Ибн Қаюм раҳимаҳуллоҳ “Иъламул муқиъин” китобида: “Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд ва Асрам раҳимаҳуллоҳлар Аҳмад ибн Ҳанбалнинг асҳобларидандир. У зотга эргашувчи муқаллиддирлар” деганлар.

Ибн Абу Яъло раҳимаҳуллоҳ ҳам бу учала Имомларни ҳанбалийлар табақасида санаб ўтганлар.

Аммо Имом Тож Субкий[7] раҳимаҳуллоҳ шофиийлар табақасида Бухорий, Абу Довуд ва Насоийнигина санаганлар.

Ҳанафийлар ва моликийлар эса бу улуғ муҳаддислардан бирортасини ўз табақаларида санамаганлар[8].

Шайх Аллома муҳаддис Муҳаммад Закариё Кондеҳлавий[9] раҳимаҳуллоҳ бу ихтилоф борасида қуйидагиларни зикр қилганлар:

“Аҳли илмлар ҳадис имомларининг фиқҳдаги маслаклари борасида ихтилоф қилиб, баъзилари уларнинг барчасини мужтаҳид десалар, баъзилари эса уларни муқаллид, деганлар. Лекин менинг наздимда, бу ерда қатъий фикр айтиш тўғри эмас. Масалан, Имом Абу Довуд раҳимаҳуллоҳ қатъий ҳанбалий мазҳабида яъни, муқаллиддирлар. Имом Таҳовий раҳимаҳуллоҳ ҳанафий мазҳабида қай даражада муташаддид бўлсалар, Имом Абу Довуд раҳимаҳуллоҳ ҳам, ҳанбалий мазҳабига эргашиш борасида шундай мақомда турадилар. Абу Довуд раҳимаҳуллоҳнинг Сунан асарига диққат-эътибор билан назар солган киши бу ҳақда асло шубҳа қилмайди.”.

Масалан, кўпинча, Абу Довуд раҳимаҳуллоҳ Сунанда машҳур ривоятларнинг хилофи ўлароқ ўз маслакларини қувватлаганликларига ишора қиладилар. Ҳатто маслагининг ҳукмига биноан баъзи бобларни номлаганлар, масалан, “Тик туриб бавл қилиш боби” каби. Аслида, бу масалада Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йўллари ўтириб бавл қилишдир. Ўтирган ҳолда бавл қилиш ҳақида келган машҳур ҳадисларни бу бобда зикр қилмасдан, уларни “Аёлдан қолган пок сув билан таҳорат қилиш” бобида зикр қиладилар. Шундан сўнг, мана шу ишдан қайтариш бобини зикр қилдилар. Гўё мана қайтариқ аёллардан қолган сув билан таҳорат олмасликка ишора қиладилар. Бундай йўл тутишлари ҳам Абу Довуд раҳимаҳуллоҳнинг ҳанбалий мазҳабида эканлигини қўллаб-қувватлайди.

Шунингдек, “Олов теккан нарсадан таҳорат қилиш” номли бобни келтириб, шундан сўнг “Бу нарсада қаттиқ олиш” бобини алоҳида келтирдилар. Бу билан олов теккан нарсадан таҳорат олиш масаласи аввалда енгил қаралган бўлса-да, кейинчалик қатъий олиб бўлмаслик ҳукми ҳадиси шариф билан собит бўлганлигини баён қилган. Бу ҳам Абу Довуд раҳимаҳуллоҳнинг ҳанбалий мазҳабида эканликларига ишора қилади.

Сунан китобига теран назар солган кишига бу нарса яққол намоён бўлади”[10].

Яна бошқа ўринда Муҳаммад Закариё Кандеҳлавий раҳимаҳуллоҳ: “Менинг наздимда Абу Довуд раҳимаҳуллоҳнинг шак-шубҳасиз ҳанбалий эканлиги энг тўғри маслакдир. У зотнинг Сунанларига назар солган киши буни инкор қилмайди. Имом Бухорий эса, мужтаҳид эдилар. Бу нарса имомлар ихтилофини биладиган кишига Бухорийнинг таржимаи ҳолларини чуқур ўрганиш билан равшан бўлади”, деганлар[11].

ТИИ Модуль таълим шакли

талабаси Давлатов Ўктам

[1] Аздий деб насаби Азд ибн Ғавс ибн Набт ибн Молик ибн Зайд ибн Каҳлон ибн Сабаъ ибн Яшжуб ибн Яъруб ибн Қаҳтонга бориб тақалувчи кишига нисбатан айтилади.

[2] Тақийюддин ан-Надавий ал-Музоҳирий. Аъламул ал-муслимийн. – Дамашқ: “Дорул қалам” нашриёти, 1996.

[3] Халил Аҳмад ас-Саҳаронфурий. Базлул-мажҳуд фий ҳилли Сунани Аби Давуд. – Байрут: “Дурул-Башоир ал-Исломия” нашриёти, 2006.

[4] Саййид Сиддиқ Ҳасанхон ибн Али ибн Лутфуллоҳ ал-Ҳусайний ал-Бухорий ( 1248-1307 ҳ.) Тақийюддин ан-Надавий ал-Музоҳирий. Аъламул ал-муслимийн. – Дамашқ: “Дорул қалам” нашриёти, 1996.

[5] Шайх Тоҳир ибн Солий ибн Аҳмад ибн Мавҳуб ас-Самъуний ал-Жазоирий (1268-1338 ҳ.) Тақийюддин ан-Надавий ал-Музоҳирий. Аъламул ал-муслимийн. – Дамашқ: “Дорул қалам” нашриёти, 1996.

[6] Муҳаммад Анвар ал-Кашмирий ваф. 1352 ҳ. Тақийюддин ан-Надавий ал-Музоҳирий. Аъламул ал-муслимийн. – Дамашқ: “Дорул қалам” нашриёти, 1996.

[7] Абдулваҳоб ибн Али ибн Абдулкафий ас-Субкий (727-771 ҳ). Халил Аҳмад ас-Саҳаронфурий. Базлул-мажҳуд фий ҳилли Сунани Аби Давуд. – Байрут: “Дурул-Башоир ал-Исломия” нашриёти, 2006.

[8] Тақийюддин ан-Надавий ал-Музоҳирий. Аъламул ал-муслимийн. – Дамашқ: “Дорул қалам” нашриёти, 1996.

[9] Муҳаммад Закариё Кондеҳлавий (1315-1402). Халил Аҳмад ас-Саҳаронфурий. Базлул-мажҳуд фий ҳилли Сунани Аби Давуд. – Байрут: “Дурул-Башоир ал-Исломия” нашриёти, 2006.

[10] Тақийюддин ан-Надавий ал-Музоҳирий. Аъламул ал-муслимийн. – Дамашқ: “Дорул қалам” нашриёти, 1996.

[11] Халил Аҳмад ас-Саҳаронфурий. Базлул-мажҳуд фий ҳилли Сунани Аби Давуд. – Байрут: “Дурул-Башоир ал-Исломия” нашриёти, 2006.

308170cookie-checkАбу Довуд раҳимаҳуллоҳнинг оиласи ва насаблари

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: