Ислом дини бирор шахс, гуруҳ, мол-дуёга нисбатан ва обрў эътибор топиш учун қилинадиган ҳар қандай мутаассиблик ва фирқаларга бўлинишни қоралайди.
Мутаасиблик-маълум бир мафкура ва қарашларга, айниқса, диний-фалсафий, миллий ва сиёсий соҳаларда ҳаддан зиёд, кўр-кўрона ва ҳиссиётларга берилиб эргашиш ва уларга амал қилишдир. Қандайдир тушунчаларга, эътиқодга ёки дунё қарашга содиқликнинг энг сўнгги даражасидир. Мутаассибликнинг энг кенг тарқалган кўриниши бу-диний мутаассибликдир.
Диний-екстремистик ташкилотлар Қуръон оятлари ва ҳадисларни ғаразли мақсадлари йўлида талқин қилишлари ислом таълимотига бутунлай зид эканини алоҳида қайд этиш зарур. Бу каби хатти-ҳаракатлар Қуръони карим ҳамда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам кўрсатмаларида қаттиқ қораланган. Жумладан, “….Одамларни адаштириш учун илмсизлик билан Аллоҳ шаънига ёлғон тўқиган кимсадан кўра ким ҳам золимроқдир?!. Албатта Аллоҳ золим қавмларни ҳидоят қилмас” (Анъoм, 144).
Муайян гуруҳ, халқ, жамиятни мафкуравий таъсир доирасида тортишга урунишлар ҳамма вақт бўлган. Тарихга назар ташласак, бу жараён жамият ривожлана бориши билан бирга чуқурлашиб борганини, янги техник ва техналогик тизимларнинг юзага келиши натижасида ғоявий таъсир ўтказиш имкониятларининг кенгайиши, услуб ва воситаларининг такомиллашуви содир бўлганини кўрамиз. Хусусан, ҳозирги даврда мафкуравий таъсир ўтказиш ўзининг бир қатор хусусиятлари билан ажралиб туришини кўриш мумкин.
Дарҳақиқат, ҳукуматимиз томонидан фуқороларимизга эътиқод эркинлигини таъминлаш масаласида барча шароитлар яратиб берилди. Бироқ мамлакатимизни яна кимларгадир қарам қилишни истайдиган маккор ва кўпорувчи кучлар, жумладан диний мутаассиб гуруҳлар дунёда бутунлай йўқ бўлиб кетмади. Улар ўз қабиҳ режаларини амалга ошириш йўлида халқимиз, айниқса ёшлар ичида бузғунчи ғояларни тарқатишга уринишмоқда. Сўнгги йилларда ёшларни мутаассиб ғоялардан ҳимоя қилиш долзарб масалага айланди.
Амалиёт шуни кўрсатмоқдаки, бу гуруҳлар фасод ғояларини ёйишда асосан 20-25 ёшдаги йигит ва қизларни танлайдилар. Нега айнан ёшлар ? Шу ерда аниқ статистикага мурожаат қилайлик. Ўзбекистон дунёдаги энг ёш давлатлардан бири бўлиб, ўртача ёш 24 ёшни ташкил этади. Бунда ўсмир ёшларнинг хавфга яқин гуруҳда эканини алоҳида қайд этиш лозим. Ёшларнинг қандайдир масъулиятлари ва ҳаётдаги орзу-мақсадларга мустақил эришиш ҳаракатларининг атайлаб чекланиши натижасида уларда инфантиллик (ўзини ночор, ёрдамга муҳтож ҳис қилиш) хусусияти шакилланади. Ёшларда “олий мақсадлар ҳаётда рўёбга чиқмасада, уларни амалга оширишга интилаётган муайян кишилар ёки жамоа мавжуд”, деган тасаввур пайдо бўла бошлайди. Шунда улар ўз мақсад ва интилишларига яқин кишилар (ёки гуруҳ)ни излашга тушадилар.
Жиддий масъулиятдан озод бўлган ўсмирларда шахсий тажриба етишмайди. Бундай етишмовчилик соддалик ва хаёлпарастлик билан ёнма-ён келади. Атрофда кузатилаётган адолатсизлик натижасида юзага келадиган зўриқишни йўқотишда фақат биргина йўлни – “буюк ғоя”ни ўзида мужассамлаштирган етакчи билан ҳаммаслак бўлишни танлайдилар. Бу йўл ёшларни диний мутаассиб оқимларга етаклаб келади. Турли ахборот манбаларининг доимий таъсири остида бўлган бир пайтда инсон ғайри илмий, сохта диний ғояларни қабул қилишга мойил бўлиб қолади.
Интернет одамлар, айниқса ёш авлод онги ва ҳиссиётларига, тафаккур тарзига, хулқ-атворларига таъсир кўрсатишда катта имкониятларга эга. Интернетнинг бугунги кундаги ривожи ғоявий таъсир ўтказишнинг миқёси ва кўламининг кескин даражада ўсишига олиб келди. Интернет инсон онги ва қалбига таъсир ўтказишнинг шу даражада кутилмаган қудратли воситаси бўлиб чиқдики, унда тарғиб қилинаётган маълумотларнинг афзалликлари ёки салбий оқибатларини бирданига ажратиб олиш жуда қийин масалага айланиб қолди. У бугунги ахборот маконининг муҳим бўғинига айланди.
Инсон ўзида бундай маданиятни тарбиялаши учун у ёки бу ахборотни эшитар экан, ҳеч бўлмаганда “бу ахборотни ким узатаяпти?”, “нима учун узатаяпти?” ва “қандай мақсадда узатаяпти” деган саволларни ўз-ўзига бериши унга асосли жавоб топишга ҳаракат қилиши керак. Шундагина турли ғоялар таъсирига тушиб қолиш, тақдим этилаётган маълумотларга кўр-кўрона эргашишнинг олди олинади. Шаклланган ахборот истеъмоли маданияти миллий манфаатларимиз ва қадриятларимизга зид бўлган хабар, маълумотларга нисбатан ўзига хос қалқон ролини ўтайди, шахс дунё қараши ва хулқидаги собитликни таъминлашга хизмат қилади.
Ёш авлодда бу жиҳатлар шу даражада шаклланган ва қарор топган бўлиши лозимки улар виртуал маконда умуммиллий манфаатга хизмат қиладиган, унинг тараққиётига ёрдам берадиган ахборотни танлай олсин. Фақат шундагина глобаллашув жараёнларида ёшларнинг маълумотларга кўр-кўрона эргашиш, уларни нотўғри талқин қилишининг олди олинади. Ахборот истеъмоли маданиятига эга ёшлар салбий ва нохолис ахборотлар таъсирига тушиб қолмайди, чунки уларда бундай ахборотларга нисбатан мустаҳкам мафкуравий иммунитет шаклланади.
“Кимки ахборотга эга бўлса, у, дунёга эгалик қилади”, деган фикр бугунги кунда барча томондан эътироф этилган. Шундай экан бугунги кунда ёшларда ахборот олами имкониятларидан оқилона фойдаланиш малакасини шакллантириш ҳаётий-амалий аҳамиятга эга.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, қуйидаги йўналишлар бўйича фаолиятни янада ривожлантириш келгусида жамиятимиз ва ёшлар олдида турган муҳим ва устувор вазифаларимиздан эканини таъкидлаш зарур:
• ёшларнинг ахборот муҳитидаги ижтимоий онгини мониторинг қилиш тизимини шакллантириш;
• ўсиб келаётган авлоднинг медиа-саводхонлигини мунтазам ошириб бориш;
• виртуал ахборот ҳудудида ёшларнинг устувор нуқтаи назарлари ва қизиқишларини мунтазам ўрганиш;
• келажак авлоднинг маънавий-ахлоқини ҳимоя қилиш;
• ёшларнинг маънавиятига салбий таъсир кўрсатувчи “оммавий маданият” таҳдиди ва ёт оқимларнинг ҳақиқий моҳиятини фош этувчи маълумотларни етказиш тизимини йўлга қўйиш.
Бу борадаги маънавий-маърифий ва тарбиявий тадбирларни амалга оширишда энг муҳим бўғин бу, аввало, оила. Қолаверса, маҳалла, ўқиш ёки иш жойи. Оила ҳам мактаб, лицей, коллеж, инситут-университетлар, яъни педагогик ишлаб-чиқариш корхоналаридан биридир. Оила тарбиясининг миллат учун фойдаси ҳам, зарари ҳам беқиёс бўлади. Ёш авлодни турли мутаассиб ғоялардан асрашда оилавий саводхонлик ва оиладаги муҳит муҳим аҳамият касб этади.
Маълумки, одамзод ишончга, эътиқодга таяниб яшайди. Унинг эътиқоди ҳам ўзи каби ҳурматга, эъзозга лойиқдир. Соф эътиқодли кишилар қалбига тажоввуз қилишни кўзлаган кишиларнинг интернет орқали тарқатаётган фикрлари сохталикка, юзакиликка ва ғаразли манфаатга асосланганки, шу боис бундай хатти-ҳаракатни ҳеч қандай йўл билан оқлаб бўлмайди.
Тошкент ислом инситути
“Таҳфизул Қуръон” кафедраси ўқитувчиси
Аҳмадҳон Рашидов